Қайднома

Қидирув

Яхшилар орасида ёмони ёки тасодифий ношудлар

Яхшилар орасида ёмони ёки тасодифий ношудлар

  27.01.2021 17:37
  0
  448
Яхшилар орасида ёмони ёки тасодифий ношудлар

9 январь оқшоми Бундеслига 15-турида «Хоффенхайм» билан куч синашган «Шальке» ниҳоят, жорий мавсум ҳисобилан дастлабки ғалаба (4:0)ни расмийлаштирди. Бунга қадар 4та дуранг ва 10та мағлубиятга имзо чеккан жамоа яна бир омадсизлик қайд этганида, ички чемпионатда 56 йилдан буён сақланиб турган антирекордни такрорларди. Хуллас, !қуйидаги мақола Европанинг кучли лигалари антирекордчилари ҳақида.

Бундеслига - «Тасмания»

Аввалги мавсумнинг якуний босқичида қаторасига 16та ўйинда ғалаба нималигини билмаган «Шальке» янгисида яна 14та турда устун келолмади. Шу тариқа Гельзенкирхен дружинасининг ғалабасиз серияси 30та ўйинга етди. Муҳими, «Шальке» омадсиз юришни вақтида тўхтатди, акс ҳолда, чемпионат антирекордчиларидан бирига айланарди. Гап шундаки, Берлиннинг «Тасмания»си 1965/66 йиллар мавсумида қаторасига 31та учрашувда ғалаба кўчасига киролмаганди. Шу ўринда муҳим бир маълумот: ўша мавсум бошланиши арафасида пойтахтнинг «Герта»си элит дивизиондан четлатилгач, Бундеслига мутасаддилари олдида унинг ўрнини /арбий Берлин жамоаси билан тўлдириш зарурати туғилганди. Бироқ шошилинч тарзда элитага жалб этилган «Тасмания»нинг кучли рақобатга тайёр эмаслиги тезда маълум бўлади. Жамоа 31та ўйиндан иборат ғалабасиз сериядан ташқари, яна бир қатор антирекордлар ўрнатади: 28та мағлубият, энг ёмон голлар нисбати (15-108), энг кам мухлис (827) иштирокидаги ўйин, ўз майдонида қайд этилган энг йирик ҳисобли мағлубият (0:9 - «Майдерих», ҳозирги «Дуйсбург»дан). Хуллас, гельзенкирхенликлар шундоққина антирекорд бўсағасида серияга нуқта қўйишди.

 

АПЛ - «Дерби Каунти»

Туманли ўлканинг ғалабасиз серия бўйича антирекорди (32та ўйин) ҳозирча «Дерби Каунти»га тегишли. 2007/2008 йиллар мавсумининг 6-турида «Ньюкасл» устидан қозонилган ғалаба жамоа учун мавсумдаги ягона зафар бўлиб қолди. Қолган 32та учрашувда ғалаба нималигини билмаган «Дерби Каунти» йўл-йўлакай АПЛнинг яна бир антирекорди муаллифига айланди: жамоа мавсумни атиги 11 очко билан якунлади. кунлади.

 

Ла Лига - «Спортинг»

Испания чемпионатида энг узун ғалабасиз серия «Спортинг» томонидан қайд этилган. Хихон клуби мавсум-1996/1997даги охирги ғалабасидан кейин қаторасига 24та ўйинда рақибларга очко улашади. Қолаверса, жамоа кейинги мавсум атиги 13 очко жамғаради - бу ҳам Ла Лигада кузатилган энг паст кўрсаткич.

 

«А» серия - «Анкона» ва «Варезе»

Италияда ғалабасиз одим бўйича антирекорд 2та клубга тегишли. 2003 йил сентябрь - 2004 йил апрель оралиғида чемпионат доирасида 28 марта майдонга тушган «Анкона» бирорта ғалабага эришолмади, якунда мавсумга атиги 13 очко билан хотима ясаб, таназзулга юз тутди ва бир йўла тўртинчи дивизионга тушиб кетди. «Варезе» 28та ўйинга чўзилган ғалабасиз одимни 1971/1972 йиллар мавсумида қайд этганди. Ўша вақт «А» серияда 16та жамоа иштирок этарди. Дарвоқе, «Варезе» бутун мавсум давомидаги ягона ғалабасини охирги тур арафасида нишонлаганди.

 

Лига 1 - «Арль-Авиньон»

«Арль-Авиньон» элитадаги дастлабки ва ҳозирча охирги мавсумини чемпионат-2010/2011да ўтказди. Дебютант стартда қаторасига 7та ўйинда фақат мағлубиятга учради. 8-турда эса илк ғалабасини нишонлади, кейин унга кетма-кет 23та ўйинда зафар қучиш насиб этмади. 2-ғалабасини эса Лига 1дан тушиб кетиши аниқ бўлиб улгурганидан сўнг нишонлади. Охир-оқибат, «Арль-Авиньон» 2015 йили ҳаваскор жамоа мақомини олди.

Қизиқарли факт. «Форт Уильям» (Шотландия) Буюк Британиядаги энг ёмон профессионал клуб сифатида эътироф этилади. Жамоа нақ 700 кундан кўпроқ вақт давомида ғалабага эришолмади. Хуллас, «Форт» 73та (!) ўйинга чўзилган ғалабасиз сериясига яқиндагина, 2019 йили чек қўйди. Дарвоқе, «Форт Уильям» 2018/2019 йиллар мавсумида маррага 34та ўйинда 245та гол қўйиб юборган ҳолда -7 очко билан етиб келди.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz