Қайднома

Қидирув

Майдонда – журналист!

Майдонда – журналист!

  02.02.2021 04:30
  0
  190
Майдонда – журналист!

Англия кубогининг 1|32 босқичи сюрпризларсиз ўтадигандек туюлганди. АПЛнинг барча етакчи клублари кейинги босқичга чиқдилар, фақат... кўпчиликни ҳайрон қолдирган битта натижа барибир кузатилди. Премьер-лиганинг жорий мавсумдаги энг жозибали жамоаси - «Лидс» камтар «Кроули Таун»га имкониятни бой берди (0:3). Сиз бу клуб ҳақида деярли эшитмагансиз, чунки у 2-лига (Англиянинг даража жиҳатидан тўртинчи дивизиони)да қатнашади. Кроули шаҳри Лондон жанубида жойлашган ва 110 минг аҳолига эга.

34 йилдан бери биринчи марта АПЛ жамоаси Англия кубогида учта гол фарқи билан қуйи лига вакилига ютқазди. Умуман олганда, бу мусобақа тарихида иккинчи марта кузатилмоқда: 4-лига жамоалари 1958 йилдан буён Англия кубогида иштирок этишни бошлаганлар. Бунгача фақат «Олдершот» 1987 йилнинг январида «Оксфорд Юнайтед»ни худди шу ҳисобда ютганди. Айтганча, бу ерда эътиборга олиш лозим бўлган бир жиҳат борки, «Лидс» таркибида етакчи футболчилар ўйнашмади. Жумладан, асосий дарвозабон Меслье, бош тўпурар Бэмфорд ва бошқа бир қатор ўйинчиларга дам берилди. Шунга қарамай, «Лидс» таркибида асосий футболчилар ҳам бор эди. Улар орасида сардор Лиам Купер ва ёзда 30 миллион еврога харид қилинган ҳужумчи Родриго борлигини ҳам эслатиш жоиз.

Якунда эса бутун таркиби 2 миллион еврога нархланадиган жамоа ғалаба қозонди. Бироқ энг асосий ажабтовур нарса бу эмас. Ўйин охирида «Кроули» журналист Марк Райтни майдонга қўйиб юборишга жазм этди. У «Вест Хэм», «Арсенал» ва «Тоттенхэм» мактабларида таҳсил олган бўлсада, ҳеч қачон профессионал даражада тўп сурмаган. Марк 2011 йилгача қуйи дивизион клубларида бироз ўйнаган (жумладан, 2006|2007 йилларда «Кроули»да).

Райт 2011 йилдан бери журналистлик фаолиятига эътибор қаратди ва бу йўналишда шуҳрат қозонди. Бир ойча олдин у «Кроули»га ВВC учун жамоа ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш мақсадида қайтиб келганди. Журналистга футболка топширилди, аммо улар расмий шартнома тузмадилар. Яъни, Райт «Кроули»да маош ҳам олмайди, гарчи у клуб қайдномасига киритилган бўлса ҳам.

Жамоага қайтишдан олдин Райт икки ой давомида машғулотларда қатнашди ва ҳаттоки, «Кроули»да битта ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказди. Мухбирнинг таъкидлашича, у 13 йил олдин тарк этган жамоасида футболчилик фаолиятини давом эттиришга умид қилмоқда. Айтганча, Марк бутун фаолияти давомида чап қанот ҳимоячиси бўлган. «Лидс»га қарши ўйинда футболчи 91-дақиқада майдонга тушди. Ҳисобни эътиборга олган ҳолда, ўша пайт нега Райт ва атрофдагилар табассум қилишганини тушуниш мумкин.

Ҳиссиётлар Райтнинг «Тоттенхэм» мактабига борганлиги ва ҳатто уни тарк этганидан кейин йиғлаганини тан олганлиги билан боғлиқ эди. Шунингдек, у ҳаётда кўп хатоларга йўл қўйгани, ичкиликка ружу қўйгани ва шунинг учун ҳам фаолияти ривожланмаганлигини айтди.

Шундай қилиб, таниқли телебошловчи 33 ёшида «Лидс» тор-мор этилган ўйинда 4-дивизион жамоаси таркибида тўп сурди. Афтидан, ҳужжатли фильм учун яхшигина сюжет тайёр.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz