Қайднома

Қидирув

«Монца» - «В» серия фаворити

«Монца» - «В» серия фаворити

  04.02.2021 05:00
  0
  395
«Монца» - «В» серия фаворити

Одатда, асосий эътибор «А» серияга қаратилиши туфайли Италиянинг қуйи дивизиони диққат марказидан четда қолаётгандек туюлади, бироқ бу мавсум ушбу турнирни кўздан қочирмаслик тавсия этилмоқда. У ердаги иштирокчилар рўйхатига назар солинг: кимдир «А» сериядан тушиб, яна қайтишга интилмоқда, айримлар эса «паст»дан чиқиб, «В» сериядан транзит сифатида фойдаланишмоқчи (сўнгги йилларда бунақаси кўп учрамоқда), учинчи тоифа - ниҳоят, «плей-офф»да ғолиб чиқишни ўйламоқда. Оромларни ўғирлаган бош жамоа сифатида Милан яқинидаги шаҳарда асос солинган, ўтган мавсумни «С» серияда ўтказган «Монца» кўрилмоқда. Ушбу клуб ҳозиргача элитада иштирок этмаган, анча муддат «В» серияга чиқишни ҳам уддалай олмаган, аммо ҳозир тарихида илк бор даражасини юксалтиришга яқин турибди. Унинг таркибига эса «А» сериянинг манаман деган жамоалари ҳавас қилишса арзийди. Football.ua тақдим этаётган қуйидаги мақола айнан «Монца» ҳақида.

Берлускони ва

Галлиани

Бундай қудратга эга бўлиш сабабчилари - футбол ихлосмандларига номи таниш бўлган хўжайинлардир: Сильвио Берлускони ва Адриано Галлиани (аслида, клубни Сильвионинг укаси Паоло Берлускони бошқаради). Улар «Милан» билан катта ютуқларга эришиб, жамоани тарк этишганди, бироқ футболдан кетишни ўйлашмади. Монца - улар учун янги тарих яратиш воситасига айланди. Берлускони яна бир бор ўзини оммага эслатишни истаётган бўлса, Галлиани Монцадан чиққан шахс сифатида маҳаллий жамоага мухлислик қилишини ҳеч қачон яширмаган.

2018 йилнинг сентябрида «Монца» ушбу функционерлар қўлига ўтди. Дастлабки қадамлар ўсмирларни кашф этишга қаратилди: Берлускони таркибга фақат итальянлар жалб этилиши, футболчиларга зирак тақиш, татуировка чиздириш ва ноодатий соч турмакларини тақиқлади. Дастлабки босқичда ушбу тартибга амал қилинди, вақт ўтгани сайин натижалар биринчи даражага чиқди. Мавсум-2018|2019да «Монца» «миссия»ни уддалай олмади, лекин бир йилдан сўнг «С» серияда ўз гуруҳида ғолиб чиқди, етакчиликни эгаллади, асосий рақобатчисини 16 очко фарқ билан ортда қолдирди.

Муваффақиятлар замирида фаол трансфер сиёсати ётганди. «Монца» ҳар йили ёзда таркибини янгилади, тажрибали футболчилар (дарвозабон Ламанна, ҳимоячи Палетта, ярим ҳимоячи Ригон) чақирилди. «В» серия мавсум арафасида сарфлар ошди, бозорда 15,7 млн. ҳаражат қилинди. «Осиек»дан 4,5 млн. эвазига Марич олиб келинди, «Коринтианс»дан 4 млн.га Карлос Аугусто жалб этилди - соф итальянлардан таркиб тузиш ғояси ўз ўрнини заруратга бўшатди.

Брокки ва фахрийлар

Мураббийликда ишлаётган шахс хўжайинларга «Милан»даги фаолиятлари орқали яхши таниш. Кристиан Брокки - «россонерилар» тарбияланувчиси, қадрдон клубида 6 мавсум ўйнаган, сўнгра ёшлар жамоаларига устозлик қилди. Михайлович истеъфога чиқарилганидан сўнг Брокки маълум муддат «Милан»нинг асосий таркибини ҳам бошқарди, аммо муваффақиятга эришолмади. Кейинчалик мавсум-2016|2017да «Брешия»да ҳам ишлари юришмади.

Фарқ шундаки, янги иш жойида Броккига ишонишади. Жорий мавсумни жамоа қаторасига тўртта дуранг билан бошлади, 5-турда эса «Кьево»га ютқазди. Албатта, кўпчиликка таниш баҳоналар ўз ўрнида ишлатилди: мавсум бошида «Монца»нинг 8 футболчиси коронавирусга чалинди, натижаларнинг қониқарсизлиги шундан эди. Шунга қарамай, Берлускони ва Галлиани хулоса чиқаришга шошилмадилар.

«Монца»нинг асосий «кўзири» мудофаа чизиғи бўлиб, унда кўпчиликка таниш номларни учратиш мумкин. Марказий ҳимоячи Габриэль Палетта 34 ёшда, «Парма», «Милан» клублари сафида «А» серияда 191та ўйин ўтказган, Италия термасига чақирилган. Унинг позициядаги шериги - Жузеппе Беллуши: 31 ёшда, «А» серияда («Катанья», «Эмполи» сафида) 135та ўйин ўтказган. Ҳимоянинг чап қанотига Марко Сампиризи масъул: 28 ёшда, «А» серияда («Женоа», «Кротоне»да) 81та ўйин. Ўнгда - 30 ёшли Жулио Донати. Унинг Италия элитасида ўйинлари сони (34та) нисбатан кам, шунга қарамай, 6 йил Германия Бундеслигасида тўп сурган, «Байер» таркибида Чемпионлар Лигасида (15та ўйин) тажриба орттирган. Бундай мудофаа билан «Монца»нинг «В» серияда ҳаммадан кам гол ўтказиб юборганини тўғри тушуниш мумкин.

6-турдан ғалабалар ҳам кела бошлади. Дастлабки ютуқлар пенальтилар ҳисобига қўлга киритилган бўлса, кейинчалик нав-бат ишончли зафарларга келди. «Монца» мустаҳкам «Фрозиноне»ни мағлубиятга учратди (2:0), худди шу ҳисоб билан Венециядаги рақобатчиларини енгди, аутсайдер «Энтелла»га эса умуман имконият қолдирмади (5:0). Энг асосийси - янги йил арафасида дивизион етакчиси бўлиб турган «Салернитана» дарвозасига жавобсиз 3та тўп йўлланди. «Реджина»га 0:3 кўринишида имкониятнинг бой берилиши йўналишга ортиқча таъсир кўрсатмади: жамоа ишончли тарзда мақсади сари илдамламоқда.

Ўтган вақт ичида Брокки 4-3-1-2 тактикасини 4-3-3га ўзгартиришга ҳам улгурди. Марказий ярим ҳимоячилар учлигини алоҳида тилга оламиз: тажрибали Андреа Барберис ва Антонино Барилла, шунингдек, Италия ёшлар термаси аъзоси Давиде Фраттези. Қишда ўрта чизиқ собиқ «пармачи» Маттео Скоццарелла ҳисобига кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, бу позицияда ҳам ажойиб футболчилар тўпланган.

Боатенг ва Балотелли

«Монца»нинг асосий юлдузлари ҳужум чизиғида тўп суришади. Жамоа қийин аҳволга тушиб қолмаслиги учун голлар уриш айнан уларнинг вазифаси ҳисобланади. Бу икки йигитни Европанинг исталган нуқтасида яхши танишади, ҳар иккиси Миланга алоқадор: Кевин-Принс Боатенг ва Марио Балотелли.

Боатенг «Барселона»даги ўхшамаган фаолиятидан сўнг «Фиорентина» ва «Бешиктош»да ҳам ўзини кўрсатолмади - мартда у 34 ёшга тўлади. Кевин-Принс янги клуб излаётганда, «Монца» варианти пайдо бўлди. «В» серияда Боатенгга ажойиб техникаси ва улкан тажрибаси қўл келмоқда. У қисқа муддатда формасини тиклади, 4та гол уришга эришди (албатта, «Реджина» билан ўйинда пенальтидан фойдалана олмаганини ҳам эслатиш ўринли), шерикларининг учта голига ҳаммуаллифлик қилди. Кевин-Принс дастлаб марказий ҳужумда ўйнади, кейин эса ўнг томонга ўтди.

Балотелли - «Монца» умидига айланган форвард. Супер Марио «Брешиа» билан можароли тарзда хайрлашгач, иш қидираётганди. «А» сериянинг ҳеч бир жамоаси уни ўз сафига қўшишни истамади, хориждан ҳам таклифлар бўлмади, натижада эркин агент мақомида қолиш жараёни июндан декабргача чўзилди. Италиянинг яқин ўтмишдаги энг яхши ҳужумчиларидан бирининг олдида иккита вариант қолганди: экзотик мамлакатга саёҳат ёки ўз юртидаги қуйи дивизионда тўп суриш - умуман, «Монца» билан унинг элитага қайтиш эҳтимоли бор. «Балотелли бу сўнгги имконият эканлигини айтди», - деганди Галлиани. Марио узоқ вақтни формасини тиклашга қаратиб, ҳозирча «Монца»да атиги битта ўйин ўтказди, лекин у муваффақиятли кечди: «Салернитана» (ўша пайтдаги дивизион етакчиси) билан ўйиннинг 4-дақиқасида қанотдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлаб, йирик ғалабага дебоча ясади. Тўғри, Балотелли кейинги тур арафасидаги машғулотда жароҳат орттириб олди.

Курашнинг асосий қисми ҳали олдинда. Айниқса, «А» серияга тўғридан-тўғри чиқиш ҳуқуқини берувчи юқори икки ўрин қадрли (3-8-ўринларни эгаллаган жамоалар ўзаро «плей-офф» учун яна бир йўлланма эгасини аниқлашади). «Монца» ҳозир етакчи «Эмполи»дан 6 очко ортда қолган ҳолда 4-ўринни эгаллаб турибди. 2-поғонадан камтарона, аммо мус-таҳкам «Читтаделла» жой олган, монцаликларни бу жамоадан атиги 2 очко ажратиб турибди. Албатта, яқинда элитани тарк этган СПАЛ ва «Лечче» (мос равишда 3 ва 6-ўринлар) билан бўладиган рақобат энг хавфлиси ҳисобланади, жадвалнинг ўртасида мураббийлар алмашувидан азият чеккан «Брешиа» бор. Хуллас, бу йил рақобат жиддий. Фаворит сифатида эса айнан юлдуз футболчилар ва афсонавий хўжайинларга эга «Монца»ни кўрсатиш мумкин.

Қолганлар-чи?

Бонус сифатида «В» серияда тўп сураётган бошқа машҳур футболчиларга тўхталсак.

Альберто Бриньоли. «Беневенто» сафида «Милан» дарвозасини ишғол қилган ўша кипер. Унинг ишлари чакки кетмаяпти, «Эмполи»да биринчи рақамли посбон, мавсум бошида «Монца» билан ўйинда 0:0 ҳисоби ҳисоби қайд этилишида унинг катта ҳиссаси бор.

Эмануэле Жаккерини. Евро-2016 қаҳрамонларидан бири «радар»лардан йўқолиб қолди. Унинг ёши 35да, «Кьево»да ўйнаяпти. Ёзда жиддий жароҳат олиб, тикланишга узоқ вақт сарфлади, йил охирида асосий таркибга кириб, гол уришни пайсалга солмади. Мавсум якунлангач, қадрдон «Чезена»сига кетиб, ўша ерда фаолиятини якунламоқчи.

Мирко Вальдифьори. Бир вақтлари Маурицио Саррининг ёқимтойи бўлган плеймейкер (кейинчалик бу мақом Жоржиньога ўтди) «Пескара»да 10-рақамда ўйнайди, аммо жамоасининг ҳозирча ишлари яхшимас, жадвалнинг қуйи қисмига жойлашган.

Жереми Менез ва Кайл Лафферти - «Монца»даги жуфтликка муносиб рақобатчилар. Ушбу тандем «Реджина» шарафини ҳимоя қилади. Менез мавсумни ажойиб тарзда бошлаганди, икки ўйинда иккита гол урди, ноябрь ойи охирларида эса мушакдаги муаммолар сабаб сафдан чиқди. Лафферти ҳам жисмоний тайёргарлиги маромида бўлмагани боис, ҳамма ўйинларда ҳам қатнашавермаяпти. «Реджина» эса шунчаки лига ўртамиёналаридан.

Бундан ташқари, «А» серияни тарк этган жамоалар ўтган йилги таркибдагиларнинг аксариятини сақлаб қолишган. Масалан, «Брешиа» Йессе Йоронен ва Биркир Бьярнасон, СПАЛ - Федерико Ди Франческо ва Альберто Палоски билан фахрланишлари мумкин. «Лечче»да Филиппо Фалько ва бошқа таниқли ярим ҳимоячилар (Майер, Тахцидис) қолишган, олдинги чизиқда янгилардан Массимо Кода порламоқда, 10та гол билан тўпурарлар рўйхатини бош­қармоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz