Қайднома

Қидирув

Пепнинг термадаги «олтин»и

Пепнинг термадаги «олтин»и

  05.02.2021 04:40
  0
  342
Пепнинг термадаги «олтин»и

1992 йили Хосеп Гвардиола Испания термаси билан Олимпиада чемпиони бўлган, энди эса Каталония мустақиллиги учун овоз бермоқда. Пеп ҳозир 50 ёшда. У ҳақда қандайдир янгилик ёзиш - алоҳида мавзу, ахир у билан боғлиқ деярли барча маълумотлар чоп этилган. Буюк мураббий - «тики-така» муаллифи, футболчилик даврида ўнлаб совринлар ютган. Унинг мукофотлари биографиясида бирхиллик кўзга ташланади - барча ғалабалар клублар даражасида қўлга киритилган. Гвардиола терма жамоаларда ҳали ишлаганича йўқ, ўйинчилик даврида эса Испания термаси билан ЖЧ-94 ва Евро-2000 чорак финалига чиққан. Унинг миллий жамоадаги ягона муваффақияти - Олимпиада-92даги «олтин». Ушбу ютуқ, тақдир тақозоси билан, унинг учун қадрдон бўлган Барселонада қайд этилган. Бугун Пепнинг айнан шу бироз ёддан кўтарилган ғалабаси ҳақида гаплашсак.

Бу ажойиб жамоа эди. Унга Висенте Миера (60-йиллардаги буюк «Реал»нинг асосий ҳимоячиси) мураббийлик қилган, майдонда эса Гвардиоладан ташқари Примеранинг бўлажак юлдузлари - Луис Энрике, Феррер, Абелардо, Кико, Амависка, Альфонсо ҳам тўп суришганди. Гарчи Олимпиаданинг ўша пайтлардаги қоидаси (қайдномага фақат 23 ёшдан катта бўлмаган футболчилар киритилган)га қарамай, ажойиб жамоа шаклланганди. Айнан шу тартиб туфайли ҳам кўпчилик Олимпиадага топ-турнир сифатида қарамасди. Масалан, буюк Валерий Лобановский собиқ иттифоқ термасининг Сеул-88даги зафаридан кейин олимпия ўйинларини «сартарошлар турнири» деб атаганди.

Испанлар 1992 йилги мусобақа мезбони бўлишгани ҳолда, саралашдаги иштироксиз тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишган. Уларнинг таркибида ўша йили тарихий ғалабага эришиб улгурган икки футболчи бор эди. Олимпиа­да бошланишидан икки ой аввал Круиффнинг «Барселона»си Чапи Феррер ва Пеп Гвардиола билан илк марта Чемпионлар Кубогини қўлга киритганди. 21 ёшли Хосеп «Сампдория»га қарши кечган финалда 112 дақиқа тўп суриб, Рональд Куманнинг ғалаба голидан сўнг майдонни тарк этганди.

Тушунарлики, ўша олимпия термасида сардор Солособаль, Феррер ва Абелардо билан биргаликда Пеп ҳам етакчилардан бири ҳисобланган, майдонда «фурия»ни ортидан эргаштирган. Унчалик тезкор бўлмаган, шунга қарамай, креатив фикрлайдиган, ақлли марказий ярим ҳимоячи сифатида ҳужумларнинг асосий дирижёри саналган.

Испанлар гуруҳ босқичини Валенсияда ўтказишди, учта ўйинда умумий 8:0 ҳисобида ғалаба қозонишди - мезбонлар навбатма-нав-бат Колумбия (4:0), Миср (2:0) ва Қатар (2:0) термаларини мағлуб этишди. Колумбияликларга қарши баҳсда Пеп ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилган, эркин зарбадан узатилган тўпни тўрга йўллаганди. Чорак финалда эса испанларга Италия термаси тўқнаш келди - бу турнирдаги дастлабки жиддий синов эди. Чезаре Мальдини бошқарган «скуадра адзурра»нинг қаршилиги «Кадис» форварди Киконинг ягона голи эвазига синдирилди. Ярим финалда Гана 2:0 ҳисобида таслим этилди. Шу тариқа «фурия» финалгача дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Финал Олимпиада финишидан бир кун аввал «Камп Ноу»да ўтказилди. Гвардиола учун қадрдон бўлган стадионда 95 минг мухлис тўпланди. Ҳамма ғалабани аввалдан испанларга топшириб улгурганди, бироқ Польша термасига қарши кечган баҳс анча асабий руҳда кечди - 90-дақиқада ҳисоб 2:2 бўлиб турганди (Пеп Абелардонинг голига ассистентлик қилганди). Якунда яна Кико майдон эгаларига зафар келтирувчи голни ўз ҳисобига ёздирди - андалусиялик форвард ҳакам томонидан қўшиб берилган «овертайм»­ларда тўп киритиб, «дубль» қайд этганди.

Чемпионларга медаллар Хосе Каррерас ва Сара Брайтман ижросидаги «Amigos Para Siempre» («Умрбод дўстлар») таронаси остида топширилди. Бу Олимпиада «олтин»лари Испания термаси учун 44 йил - Евро-64дан Евро-2008гача бўлган даврдаги ягона муваффақият саналарди.

Икки ойдан сўнг ЖЧ-94 саралаш босқичи доирасида Белфастда Шимолий Ирландияга қарши баҳсда миллий термада дебют қилган Гвардиоланинг ўша ёрқин дамларни эслайдиган яқинлари етарлича. Ахир Олимпиада унга миллий жамоалар даражасидаги ягона совринидан ташқари, энг яхши дўстларидан бирини ҳам туҳфа қилганди.

Испаниялик афсонавий ватерполчи Мануэль Эстиарте (расман Каталониянинг XX асрдаги энг яхши спортчиси деб тан олинган) учун Барселонадаги Олимпиада фаолиятидаги тўртинчи бўлган, бироқ дўсти Пепдан фарқли равишда соврин ютолмаганди. Гвардиола ўшанда оғайнисига ҳазил қилганди: «Сен тўртинчи Олимпиадада қатнашиб, ҳеч нима ютолмадинг. Мен эса бу турнирда илк марта иштирок этиб, «олтин»ни қўлга киритдим». Бу гаплар Мануэлни ранжитганди: «Пепнинг айтганлари кўнглимга оғир ботди, аммо кейинчалик унинг феъл-атвори шунақалигини тушундим - у ҳар доим барча билан мусобақалашишга мойил, етарли мотивацияга эга». Дўстлар тезда ярашиб олишди.

Яна тўрт йилдан сўнг «сувдаги Марадона» тахаллусини олган Эстиарте Атлантадаги турнирда Олимпиада чемпионлигини нишонлади. Гвардиола билан Барселонадаги Ўйинларда вужудга келган дўстлиги ҳақида у автобиографиясида алоҳида ёзган: «У билан кўп жиҳатларимиз ўхшашлиги ҳайрон қолдирарди. Гўёки, қадрдон кишимни топгандек эдим». Ваҳоланки, улар ўртасида 10 ёшлик фарқ бўлган. Гвардиола ҳам ўз асарларида дўсти ҳақида алоҳида қайдлар қолдирган: «Сен мен учун худди нажот фариштасидексан». Пеп Италияда допинг истеъмол қилиш билан боғлиқ можарога ўралашиб қолганда, Эстиарте унга жуда кўп ёрдамлашганди. Албатта, кейинчалик футболчи оқланганди.

«Валенсия» афсонаси, Олимпиа­да-92даги захира дарвозабони, Испания термасининг кейинги йиллардаги биринчи рақамли посбони бўлган Сантьяго Каньисарес интервьюларининг бирида ўша муваффақиятни ёдга олганди. Унинг айтишича, чемпионларнинг «Ватсап»да алоҳида чатлари бор, унда «олтин терма»нинг барча ўйинчилари бор, фақат... Гвардиоладан ташқари. «Эҳтимол, айни пайт барчамиздан машҳурроқ бўлгани учун гуруҳга қўшилмагандир. У биз билан гаплашадиган даражада аҳмоққа ўхшамаяпти», - дея ҳазил аралаш гапирганди Каньисарес.

Лекин Пеп яқинда бу ҳазилга ўзига хос тарзда жавоб қайтарди: «Кечирасан, Каньисарес, ахир сизлар мени бу чатга қўшмадинг­лар-ку. Мазкур ҳолатда муаммо менда эмас». Гвардиоланинг наз-дида унинг Каталония мустақиллигини қўллаб-қувватлаётгани чемпион шерикларига ёқмаган. Ўз нав­батида, Пеп Олимпиада-92 ҳақида илиқ фикрлар билдирди: «Биз чиндан ҳам қойилмақом жамоа тузишга муваффақ бўлгандик».

Кўрамиз, эҳтимол, бу йигитлар бир неча йиллардан сўнг ярашиб олишар.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz