Қайднома

Қидирув

Қаҳратоннинг қайноқ баҳслари

Қаҳратоннинг қайноқ баҳслари

  05.02.2021 06:06
  0
  173
Қаҳратоннинг қайноқ баҳслари

Қишнинг қоқ ярмида топ-чемпионатлар вакиллари фақат ғалабани кўзлаган ҳолда фидо-йилик билан тўп суришмоқда. Натижада об-ҳавонинг инжиқликлари, коронавирус ва жароҳат туфайли юзага келаётган муаммолар ҳам учрашувларнинг муросасиз ва шиддатли тарзда кечишига тўсиқ бўла олмаяпти.

Англия. Мантиққа зид муроса

«Эмирейтс»га пешқадам мақомида ташриф буюрган «МЮ» билан «Арсенал» ўртасидаги беллашув бундан 3-4 ҳафта муқаддам нисбатан тенг кучли жамоалар тўқнашуви мезонидан йироқ эди. Янги йил арафасида Артета шогирдлари муаммолар гирдобида қолишган ва шу кетишда 15-ўриндан аутсайдерлар сафига тушиб кетишлари тахмин қилинганди. Бироқ кейинги 6 учрашувли мағлубиятсиз серия жамоани 9-поғонага кўтариб, еврокубоклар йўлланмаси учун курашиш имкониятини тақдим этди.

Сульшер жамоаси эса ўзаро баҳсга 2-ўринда етиб келди ва фаворит мақомига ҳақли эди. Уларнинг совриндорлар сафида эканликларидан ташқари, рақиб таркибидаги йўқотишлар ҳам меҳмонлар имкониятининг юқори баҳоланишига сабаб бўлди. Яъни, «тўпчилар» сафида Сака ва Обамеянг майдонга туша олмадилар. Айниқса, бу турга қадар 8та гол урган габонлик ҳужумчининг йўқлиги мезбонлар учун жиддий йўқотиш бўлди. Бундан ташқари, жамоа Киран Тирни хизматидан ҳам фойдалана олмади.

Норвегиялик мураббий ўз шогирдлари позицияларини ўзгартириш орқали испаниялик касбдошига ўзига хос жумбоқ тайёрлаган бўлса, ажабмас. Жумладан, Поль Погба кутилмаганда ярим ҳимоя чизиғининг сўл қанотидан жой олди, Маркус Рашфорд эса қарама-қарши қанотни эгаллади. У Тирнининг йўқлигидан унумли фойдаланиб, шотландиялик Соа-решга кучли босим ўтказиши режалаштирилганди. Биринчи бўлим охирида айнан Маркусда дарвозани ишғол этиш имконияти юзага келди. Бироқ у зарба йўллашда сусткашликка йўл қўйди.

Умуман, танаффусга қадар ўйин меҳмонлар устунлигида ўтди. Мезбонлар учрашувни фаол бошлаган бўлишсада, тез орада ташаббус «қизил иблислар» томонига ўтди. Майдон эгалари эса асосий эътиборни ҳимояга қаратишди. Фақат енгил жароҳат олган Мактоминей майдонни тарк этганидан кейин «Арсенал» яна прессинг қўллашни бошлади.

Иккинчи бўлим вазиятга сезиларли ўзгариш кирита олмади. Захирадан туширилган Виллиан эвазига мезбонлар ўйинида жонланиш кузатилди. Лекин у тез орада жароҳат олгач, аввалгидек фаол ўйнай олмади. Де Хеа дарвозаси олдидаги чинакам хавфли вазият 65-дақиқада юз берди - Ляказетт­нинг жарима зарбасидан кейин тўпни дарвоза тўсини қайтарди.

Меҳмонлар эса бир неча бор ҳисобни очиш имкониятига эга бўлишди, аммо ҳар гал озгина омад етишмади. Жумладан, Кавани 2та 100 фоизли вазиятдан фойдалана билмади. Хуллас, аввалги турда ўз майдонида «Шеффилд»дан енгилган манкунианлар Лондондаги ёрқин дуранг эвазига сафар учрашувларидаги мағлубиятсиз серия бўйича АПЛ рекордини (18) ўрнатдилар. Жамоа сафардаги охирги мағлубиятини (0:2) ўтган йилнинг 19 январида «Ливерпул»дан қабул қилганди.

Аввалги турда «Арсенал»ни енга олмаган (1:3) «Саутгемптон» бу гал «Астон Вилла»га имкониятни бой берди - 0:1. Натижада «Вилла» «тўпчилар»ни қувиб ўтди.

Қўшалоқ турни Лондонда ўтказган «Ливерпуль» аввал «Тоттенхэм»дан, кейин «Вест Хэм»дан бир хил - 3:1 ҳисобида устун келди ва 3-ўринга чиқиб олди.

Тақвим ҳукмига кўра, «Вест Бромвич» майдонида йирик ғалабани (5:0) расмийлаштирган «Манчестер Сити» «Иттиҳод»да «Шеффилд» дарвозасини бир бор ишғол этиш билан кифояланди ва етакчига айланди.

Испания. Наҳотки шоҳсупа барвақт эгалланади?

Ла Лиганинг 21-тури амалдаги чемпион учун омадсиз келди - ўртамиёна «Леванте» «Сантьяго Бернабеу»да иродали (2:1) ғалабани расмийлаштирди. Ваҳоланки, «Қироллик клуби» Асенсионинг тезкор голи эвазига 13-дақиқада олдинга чиқиб олганди. Қизиғи шундаки, ҳисоб очилишидан 4 дақиқа аввал Милитао қизил карточка билан жазоланган ва мезбонлар озчилик бўлиб қолишганди. 32-дақиқада Моралес Куртуани доғда қолдириб, мувозанатни тиклади. Майдон эгаларининг ҳужумлари эса самара бермади.

Танаффусдан кейин меҳмонлар сон жиҳатидан устунликни ҳисобда акс эттириш мақсадида ҳужумкорликни оширишди. Уларнинг бирида майдон эгалари жарима майдончаси чизиғи устида ўйин қоидасини бузишди ва ҳакам «Реал» дарвозаси томон пенальти белгилади. Мадридликлар бахтига, Марти ўзига хос дуэлда Куртуани енга олмади. Лекин ўйин ниҳоясига яқинлашиб қолган паллада гол уриб, ўз айбини ювди. «Леванте» футболчилари қолган дақиқаларни ғалабани сақлаб қолишга сарфладилар, майдон эгалари эса мувозанатни тиклашга улгурмадилар.

Шу куни «Севилья» Эйбар сафаридан ишончли (2:0) ғалаба билан қайтди ва «Реал»га яқинлашиб олди.

Якшанба оқшомида «Атлетико» сафарда «Кадис»дан устун (4:2) келди ва «Реал»дан 10 «қадам»га олислади. «Барселона» эса ўз майдонида «Атлетик»-ни 2:1 ҳисобида таслим этди. Натижада «Реал» тўплар нисбатига кўра бир поғона пастлашга мажбур бўлди. «Атлетико» ҳисобида «Эльче»га қарши ўйин борлигини инобатга олсак, чемпионликни барвақт расмийлаштириш учун яхши имкониятга эга бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.

Германия. Марказий

тўқнашувда камтарин ҳисоб

Бундеслиганинг марказий беллашувида турга 2 ва 3-поғоналарда етиб келган «РБ Лейпциг» ва «Байер» ўзаро куч синашдилар. Маълумки, бу икки жамоа навбати билан етакчилик гаштидан баҳраманд бўлишган, лекин тез орада очколар йўқотиб, гегемон «Бавария»ни олдинга ўтказиб юборишганди. Қисқаси, учрашув арафасида уларни 3 очко ажратиб турганди.

Таъкидлаш жоизки, баҳсни томонлар таркибдаги жиддий йўқотишлар билан бошладилар. Нагельсманн 6, Бос эса 7 нафар шогирдлари хизматларидан фойдалана олмасди. Шунга қарамай, «доришунослар» тўп назорати бўйича етакчилардан бири эканликларини исботлаб, ўйиннинг асосий қисмида биринчи рақам остида тўп сурдилар. Аммо бундан самара чиқара олмадилар. Қатъий прессинг ва тезкор рейдларга таянган мезбонлар зарбалар сони (16га 8) бўйича устунликка эга бўлдилар ва 13-дақиқада ҳисобни очдилар. Бироқ ҳакам Забитцернинг голини ўйиндан ташқари ҳолатда урилган, деган қарорга келди. «Лейпциг» таркибида Анхелиньо, Ольмо, Нкунку учлиги фаоллиги билан ажралиб турди. Трио йўллаган 10та зарбанинг биттаси ниҳоят голга айланди. Қолган вақт давомида томонларда ҳисобни ошириш ёки ғалабани бой бериш вазиятлари юзага келган бўлсада, таблодаги ҳисоб ўзгармади.

Шу оқшом «Бавария» «Альянц-Арена»да «Хоффенхайм»га (4:1), «Боруссия» Дортмунд «Аугсбург»га (3:1) имконият қолдиришмади. «Герта»ни 3:1 ҳисобида енгган «Айнтрахт» ва «Фрайбург» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллаган «Вольфсбург» «Байер»дан ўзиб кетишди.

Италия. Тегишли хулоса самараси

19-турдаги омадсизликдан тўғри хулоса чиқара олган Милан клублари ҳисобот турида навбатдаги ғалабаларини расмийлаштирдилар. Етакчи Болоньядан 3 очко билан қайтди - 2:1. Ибрагимович пенальтидан унумли фойдаланганида, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш оларди. «Интер» эса ўз майдонида «Беневенто»ни 4 марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этди. «Ювентус» «Сампдория»ни, «Наполи» «Парма»ни 2:0 ҳисобида енгишди. Рим грандлари бу турда ўз рақибларини бир хил - 3:1 ҳисобида маҳв этишди: «Рома» «Верона»ни, «Лацио» «Аталанта»ни. Қадрдон жамоамизга айланиб улгурган «Женоа» сафарда «Кротоне» пос­бонини 3 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Франция. Квартет фарқни оширмоқда

Лига 1нинг 22-турида «Лорьян»­дан енгилган (2:3) «ПСЖ» ўз ўрнини «Бордо»ни қўшимча вақт эвазига маҳв этган (2:1) «Лион»га бўшатиб берди. «Лилль» ўз майдонида «Дижон»ни камтарона ҳисобда (1:0) таслим этиб, якка пешқадам бўлиб олди. Нантда қимматли 3 очкони қўлга киритган «Монако» ўз мавқеини мустаҳкамлади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz