Қайднома

Қидирув

Ишонқирамай қараш фойдаси...

Ишонқирамай қараш фойдаси...

  06.02.2021 02:50
  0
  449
Ишонқирамай қараш фойдаси...

«Омад кучлиларга кулиб боқади» - бу хулосани кўп эшитганмиз. Айни чоғда омад у қадар кучли саналмаганлар ёнини олишига ҳам неча-неча марта гувоҳ бўлган футбол аҳли. Тўғри, ўта юқори рақобат руҳида кечадиган жаҳон чемпионати ўйинларида кутилмаган натижалар қайд этилиши жуда қийин. Лекин Европа чемпионатида Дания ва Греция термалари каби ўртамиёнадан пастроқ дружиналарнинг ғолиб чиққани кучсизлар кўнглида умид-омад оловини ёқиб туради ҳамиша. ОЧЛ жаҳон чемпионати финал босқичи эмаски, унда «Пахтакор»нинг ғолиб чиқиши учун шарт-шароит ва кутилмаган вазият туғилмаса?! «Шерлар»нинг гуруҳ босқичидаги рақиблари бизни шундай мулоҳаза юритишга ундамоқда. Рақибларнинг савияси ўтган йилгига нисбатан «шундайроқ» экани яққол кўриниб турибди. Агар «шерлар» гуруҳ босқичида ғалаба наърасини торта олишса, шу шашт билан «плей-офф»­да ҳам муваффақиятли иштирок этишга ўзларида куч топишади. Назорат учрашувида «Зенит» ёки «Спартак»дан учралган мағлубият бу каби хулоса чиқаришга халақит бермайди асло.

Тақдир «Пахтакор» ишини ўнг­лаяпти чоғи. Воқеалар тасаввуримиздаги каби ривожланса, «Пахтакор» Шота Арвеладзе ёки Жалолиддин Машариповсиз ҳам ОЧЛда ғолиб чиқишни уддалайди. «Югурганники эмас, буюрганники!» деймиз ўшанда. Азиз Тур­ғунбоевнинг қадами қутлуғ келса, не ажаб. Ахир не-не мураббийлар «Челси» билан ЕЧЛда ғолиб чиқишолмагач, камтаргина Роберто ди Маттео бу ишни секингина маромига етказиб қўйгани ҳамон эсимизда-ку!

Питер Хюистрани ундан кам жойи борми? Қолаверса, «Пахтакор» - ЕЧЛ эмас, балки ОЧЛ иштирокчиси. Бу турнирда эса кучсизроқ бўлиб ҳам ниманидир уддалаш мумкин. Фақат бунинг учун тақдирнинг кутилмаган туҳфалари талаб этилади. Дастлабки ҳолатда, яъни гуруҳ босқичида тақдир «Пахтакор» тарафда. Албатта, «шерлар» тақдир туҳфаларига ишониб, қўл қовуштириб ўтиришмайди. Ёш «шерлар» худди Симба каби қийин вазиятларда ўзларини кўрсатишларига ишончимиз комил. Зеро, улар жамоада Жалолиддин Машарипов каби узоқ вақт қолиб кетишни исташмайди. Ҳозирги йигитлар учун хорижга йўл ОЧЛдан бошланади. Истеъдодли ёш футболчилар буни аллақачон англаб улгуришди. Вақтни бой бермаслик мақсадида улар гуруҳ босқичидаги қулай вазиятдан унумли фойдаланишга интилишади астойдил. Тақдир ҳар доим ҳам имконият эшикларини очавермайди. Терма жамоамиз 2 гол фарқи туфайли мундиал йўлланмасини қўлга киритолмаганида ёки Жалолиддин Машарипов «қизил» карточка олиб, «Пахтакор» ОЧЛ­даги юришини якунлаганида, тақдир тайёрлаган «тарсаки»лар ҳақида ўйлаб кўрмагандик. Чунки савия ва таркиблар бизни ғалабаларга ишонтириб юборганди. Нидерландия терма жамоаси шундай ортиқча ишонч ортидан жаҳон чемпиони бўлолмаганини мухлислари жуда яхши билишади. Таркиб кучли, савия ҳар қанча юқори бўлмасин, турли омиллар таъсирида ишонч оқланмайди. Рууд Гуллит, Рональд Куман, Марко ван Бастен авлоди жаҳон чемпионати чўққисига чиқишолмагани каби Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Максим Шацких каби кучли футболчиларимиз мундиалдан қуруқ қолишгани - факт!

Тақдирдан қочишнинг иложи йўқ. Янги мавсум олдидан мухлисларимизда бошқача кайфият ҳукм­рон. Яъни мавсумга қизиқиш кучли, лекин «Пахтакор»нинг ОЧЛ­да омадли иштирокига ишонч камроқ, барибир. Ҳамма гап шунда. Ишонч пасайган паллада таваккал қилиб отни қамчиламоқ даркор. «МЮ» ғалабалар оғушида яйраб яшнаётган ва бечора «Шеф­филд»ни янчиб ташлаши кутилганди. Бошқача айтганда, «Шеффилд»нинг дуранг қайд этиши ҳам тасаввурга сиғмасди «қизил иблислар»нинг бундай порлоқ дамларида. Оқибат нима бўлгани барчага маълум. «Реал» ҳам юқоридаги каби омиллар туфайли «Леванте» қаршисида бош эгди. Шундай экан, ишончсизликнинг «Пахтакор» фойдасига хизмат қилиши эҳтимолини асло унутмайлик. Ҳа, йил бошидан қатор башорат-тахминларни айт­моқдамиз. Кўрамиз, улар қанчалик ҳақиқатга айланади?

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz