Қайднома

Қидирув

Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамнинг жинси эмас, малакаси муҳим»

Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамнинг жинси эмас, малакаси муҳим»

  06.02.2021 06:33
  0
  278
Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамнинг жинси эмас, малакаси муҳим»

Ҳакамлар мавзусида гап очилганида, биринчи нав­батда кўпчилик кўз ўнгида беихтиёр италиялик собиқ рефери Пьерлуижи Коллина гавдаланади. Дейлик, France Football яқинда уни футбол тарихидаги энг яхши ҳакам сифатида эътироф этди. Италиянинг нуфузли наш­ри - Corriere della Sera эса, шу баҳона Коллинани суҳбатга чорлади.

- Жаноб Коллина, France Football сўровида ғолиб чиққанингиздан кейин нималарни ҳис этдингиз?

- Шуҳрат ва соғинчни. Бу эътироф ўз-ўзидан севимли ишим билан шуғулланган ёрқин даврни эслатди. Ҳакамликда ҳар қандай соврин одамлар сиздан янада кўпроғини кутишларини англатади. Эсимда, фаолиятим давомида бир ҳафта ичида «МЮ» - «Реал» ўйини ортидан «В» серия баҳсини ҳам бошқаргандим. Бундай ҳолатда ҳакам «Хайрият, бугун ўйинни бироз хотиржам ўтказиш имкони бор» қабилида ўйлаши мумкин. Бироқ у асло бундай қилолмайди. Манманлик - ҳакамликка мутлақо зид хислат.

- Фаолиятингиздаги энг мураккаб учрашув қайси, айнан ўзингиз учун?

- Агар муҳимлик нуқтаи назаридан айтсак, ЕЧЛ-1999 ва ЖЧ-2002 финаллари «мураккаб»лик даражаси ўта юқори ўйинлар ҳисобланади. Лекин ўйин моҳиятига боғлиқ қийинчиликни назарда тутсак, гоҳида ҳаваскорлар ўртасидаги баҳс­лар ҳам ЖЧ финалидан-да оғирроқ ўтган. Бундан ташқари, техник жиҳатдан мураккаб учрашувлар ҳам бор. Мисол учун, Земан бошқарган «Фоджа» клуби хотирамга муҳрланган. Бу жамоа ўзига хос услубга таянарди: дарвозабон тўпни кучли зарба билан олдинга йўллайди ва 3 нафар футболчи тезкор қарши ҳужумни амалга оширади. Бундай ўйинда воқеаларни яқин масофадан кузатиб боришнинг иложи йўқ.

- 2020 йили аёл рефери Стефани Фраппарнинг эркаклар турниридаги дебютига гувоҳ бўлдик. Бу ҳакамнинг омадими ёки замона зайли?

- Шахсан мен ҳамма барчасини қонуний ўзгариш сифатида қабул қилишини истардим. Керакли малакага эга ҳакам ўз вазифасини талаб даражасида уддаласа, бас. У эркакми ёки аёл - фарқи йўқ. Реферилар ҳақида уларнинг жинсига эътибор бермаган ҳолда, гапириш мақсадга мувофиқ. Яқин келажакда «Фраппар»лар сафи кенгайишидан умидворман. Шунингдек, бу ҳолатни сенсация эмас, одатий ҳол ўрнида кўриш керак, менимча.

- Охирги икки мавсумда ўйин қоидаларга кўплаб ўзгаришлар киритилди. Аммо тузатилиши зарур қоидалар ҳам йўқ эмас. Бу масалада нима дея оласиз?

- Сезиларли ўзгаришлар: 1 - дарвозадан йўлланган тўпни жарима майдони ичида ўйнаш мумкинлиги; 2 - гол урилиши арафасида қўлнинг тўпга тегиб кетишини жазога лойиқ ҳаракат ҳисобланиши. Дейлик, қўл текканидан кейин урилган гол бу қоида қабул қилинишидан аввал ҳам мухлисларга ёқмасди. Умуман, қўл билан ўйнаш ва ўйиндан ташқари ҳолат ҳозир ҳам чигал жиҳатлигича қолмоқда.

- Айниқса, қўлнинг тўпга ата­йин ёки тасодифан тегиши...

- Айримлар бу борада «қасддан қилинган» тушунчаси йўқлигини таъкидлашади. Бироқ бу алдамчи таассурот. Аввалги қоидага кўра, қўл билан ўйнаш «атайин ҳаракат» сифатида қабул қилинган ва тасодифий тегинишлар ҳам жазоланган. Бунга бир қатор мисоллар келтириш мумкин. Масалан, ЖЧ-2018дан ўрин олган Россия - Испания учрашувида Пике билан юз берган воқеа. Ҳимоячи тўпни кўра-била туриб, қўлини ишга солганини қачон кўришимиз мумкин? Деярли ҳеч қачон. Қоидабузарликларнинг аксария­тига ўйинчи қўлларининг нотабиий ҳолатда эканлиги сабаб бўлади.

- Аммо ҳимоячининг пингвин каби сакрашини кўрганингизда, ўзингизни кулгидан тиёлмайсиз...

- Ҳа, ўйинчи пингвиндек ҳаракатланмаслиги лозим. Бироқ бу қўлларни қўйиб олиши мумкинлигини англатмайди. Якуний баҳо ҳакамга боғлиқ. У ўйинчи қўллари ҳаракат жараёнининг табиий натижасими ёки йўқлигини ажрата олиши керак. Баъзан 30 сантиметрга очиқ турган қўл ҳолати ҳам табиий бўлиши мумкин, ахир.

- Миллиметрли офсайд туфайли голни инобатга олмаслик адолатданми?

- Минимал даражадаги офсайд хусусида тўхталсак, бу борада олдинга интиляпмиз. Ҳозирча голни аниқлаш тизимида 6 миллиметр­гача хатолик бор. Аммо қарорни одамлар қабул қиладилар. Буни унутмаслик керак.

- Айтишларича, баъзан VARнинг муайян қарор қабул қилиши кўп вақт олар экан...

- Мухлислар эътирозининг асосий сабаби шуки, авваллари видеотакрорлардан фойдаланмасдик. Бошқа спорт турларида танаффуслар кўп бўлсада, мухлислар буни муаммосиз қабул қилишади. Ҳозир муҳокама вақтини қисқартириш устида ишлаяпмиз, лекин тезлик ва аниқлик - мантиқан муроса қилолмайдиган мезонлар. Энг муҳими, адолатли қарор чиқариш.

- 2020 йили спорт Марадона ва Брайантдек чемпионларни йўқотди...

- Бу иккиси бир-биридан кескин фарқланадиган буюк афсоналар. Кобенинг салобати - ноёб иқтидор билан ҳар қандай икир-чикирга жиддий эътибор билан ёндашув самараси. Марадона эса аксинча: у нима бўлишидан қатъий назар, фақат буюкликка интиларди ва бунга эришди ҳам.

- Янги йилдаги орзу-тилакларингиз.

- 2020 йилни ФИФАнинг бирор мусобақасисиз тамомладик. Ниҳоят, тез орада Қатарда Клублар ўртасидаги ЖЧ бошланади. Мусобақага ҳакамларни саралаб олиш - аввалги «нормал» ҳаётга қайтиш босқичидир. 2020 йили қандай кун кечирганимизни унутмаган ҳолда, янгиси «нормал» ҳаёт бағишлашидан умидворман. Тўғри, ҳозир нормал ҳолатни бемалол ғайритабиий, деб ҳисоблаш мумкин...

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz