Қайднома

Қидирув

49 нафар ҳужумчи учун 250 «лимон»!

49 нафар ҳужумчи учун 250 «лимон»!

  07.02.2021 04:41
  0
  352
49 нафар ҳужумчи учун 250 «лимон»!

«Вест Хэм»нинг жорий мавсумдаги ишлари зўр, бироқ ҳозир бу ҳақда эмас. Дэвид Салливан ва Дэвид Голд 2010 йилнинг январида «Вест Хэм» акцияларидан 50 фоизини, май ойида эса, яна 10 фоизини сотиб олишди. 2013 йилнинг ёзига келиб, Салливан яна 25 фоиз улушни ўзлаштирди. Энди диққат қилинг, Daily Mail маълумотига кўра, «Вест Хэм» ўша 2010 йилнинг қишидан буён фақат ҳужумчилар харидига 223 миллион фунт стерлинг (тахминан 250 миллион евро) сарфлади. Жами 49 нафар футболчи трансферига! Gol.ru порталининг қуйидаги мақоласи айни шу самарасиз харидлар ҳақида. Голеадор-ҳужумчи қидириш миссияси айнан кимдан бошланган эди? «Вест Хэм» 2010 йилнинг январь ойида «Мидлсбро»дан Аҳмад Мидони ижара келишуви асосида олди. Бу вақтда мисрлик футболчи аллақачон ижара «саёҳат»ларини бошлашга улгурганди. «Вест Хэм»даги фаолияти на унга ва на клубга ҳеч нарса олиб келмади - атиги 9та ўйин, боз устига, голсиз! Қолаверса, ўша мавсум «Вест Хэм»нинг АПЛдан тушиб кетишига сал қолди...

**Трансфери тўлиқ сотиб олинган дастлабки ҳужумчи - Бенни Маккарти. Тўғри, клуб уни ўз сафига қўшиб олиш йўлида атиги 2,6 миллион евродан воз кечди, бироқ факт шуки, «арзимас» маблағ бутунлай беҳуда кетди. Ҳар ҳолда, Бенни «болғачилар» сафида 1та ҳам гол уролмади ва ҳафсаласини йўқотган ҳолда, ўз юрти - ЖАРга равона бўлди.

**Рўйхатдаги энг қимматбаҳо ҳужумчи - Себастьен Аллер. «Вест Хэм» унинг учун «Айнтрахт»га нақ 50 миллион евро тўлади. Шов-шувли трансфер самараси - 54та ўйин, 14та гол. Хуллас, Лондон клуби атиги 6 ойдан сўнг футболчини «Аякс»га сотди, фақат сарфлаган маблағидан ярмини ҳам қайтаролмади.

**Энг самарали харид - Майкл Антонио. «Болғачилар» сафида 5 йил тўп сурган бу ҳужумчи жами 42та голга муаллифлик қилди. Лондонликлар унинг трансферига 10 миллион евродан камроқ сарфлашган эди.

**Ижобий рақамлар кетма-кетлиги: Энди Кэрролл - 34та гол, Диафра Сако - 24та гол, Марко Арнаутович - 22та гол, Хавьер Эрнандес (Чичарито) - 17та гол. Чичарито шунинг баробарида АПЛдаги юбилей - 50-голини айнан «Вест Хэм»да нишонлади ва Англия чемпионатида бу маррани забт этган мексикалик дастлабки футболчи бўлди.

**Рикарду Важ Те ҳисобида 19та гол мавжуд. У энг муҳим голини 2012 йилги Чемпионшипнинг «плей-офф» босқичи финалида, «Уэмбли»да, 78000 мухлис қаршисида урди. Шу аснода «Вест Хэм»нинг АПЛга қайтишини таъминлади.

**Бошқа машҳур футболчилардан Андре Айю (12та гол), Валенсия (10та гол) ва Мауро Сарате (7та гол) эсда қолишди.

**«Локомотив» (Москва)да ўйнаган Виктор Обинна Россияга айнан «Вест Хэм»да 8та гол урганидан кейин йўл олганди. «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйин (4:0)да 3та голга ассистентлик қилгани - унинг учун энг ёрқин хотира. РПЛда тўп сурган «Вест Хэм»нинг яна бир собиқ футболчиси - Эммануэль Эменике. «Бол­ғачилар» уни 2016 йили «Фенербахче»дан 6 ой муддатга ижара асосида олишди. Эменике кубок ўйинида «дубл»га эришгани билан ёдда қолди, холос.

**Ҳозир «Вест Хэм»да Андрей Ярмоленко бор. Лондонликлар  украиналик футболчи трансфери учун Дортмунд «Боруссия»­сига 20 миллион евро санаб беришди. Ўтган мавсум стартида Андрейнинг ишлари анча юришаётганди. Ҳар ҳолда, дастлабки 4та ўйинда 3та гол урди. Ҳозирги ҳолатга эса унинг ҳисобида 10тагина гол бор.

**4 нафар таниқли футболчи атиги 2та гол маррасида тўхтади - Эменикедан ташқари, Робби Кин, Жон Карью ва Никица Йелавич.

**«Вест Хэм»да гол қувончини туймаган энг машҳурлар - Маруан Шамах, Младен Петрич, Марко Боррьелло, Симоне Заза. Булардан ташқари, Мидо ва Маккарти.

**Унча таниқли бўлмаган Тони Мартинесга ачиниш мумкин. У «Валенсия» ўринбосарлар жамоаси сафида ёшлар ўртасидаги ЧЛда ёрқин таассурот қолдириш эвазига «Вест Хэм» назарига тушди. Тони Лондонда ҳам чакки бошламади: U-23 жамоасининг 29та учрашувида 25та гол. Аммо янги босқичга сира мослашолмади - асосий жамоа учун кубок баҳсида ўйнади, лекин гол уролмади. Ке­йин ижара сафарлари бошланди. Мартинес айни пайт «Порту»да.

**Кутилмаган эффект ҳам йўқ эмас - кўпчиликка нотаниш Фредерик Пикьон «Вест Хэм» учун 11та гол урди. Демак, унинг натижаси Маккарти, Петрич ёки Заза каби машҳурларникидан 11 карра яхши.

Таҳлил учун олинган вақтда харид қилинган 49 нафар ҳужумчи 2020 йил якунига қадар жами 289та гол урган. Аниқроқ айтганда, шунча гол улардан 28 нафари ҳисобига ёзилган. Оддий ифода этганда, 2010 йилдан кейин сотиб олинган нақ 21 нафар ҳужумчи «болғачилар» учун бирорта гол урган эмас. Хуллас, қўпол ҳисоб-китобларга кўра, «Вест Хэм» бу даврда ҳар бир гол учун 800 минг еврони қуртдек санаб берган бўлиб чиқмоқда...

С.РАҲМОНОВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz