Қайднома

Қидирув

Ханс-Дитер Флик: «ЖЧ ғолиблиги – «Бавария» учун торт устидаги олча каби»

Ханс-Дитер Флик: «ЖЧ ғолиблиги – «Бавария» учун торт устидаги олча каби»

  07.02.2021 07:44
  0
  342
Ханс-Дитер Флик: «ЖЧ ғолиблиги – «Бавария» учун торт устидаги олча каби»

Агар «Бавария» Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонишни уддаласа, бир мавсум давомида имкони бор 6та совринни ҳам қўлга киритган тарихдаги иккинчи жамоа (биринчиси - 2009 йилги «Барселона») бўлади. Қисқа вақтда Мюнхен клуби қиёфасини буткул ўзгартириб юборган бош мураббий Ханс-Дитер Флик шундай тиғиз ҳолатда ҳам (ахир кўпчилик жамоадан Қатарда тарихий натижа расмийлаштиришини кутмоқда) ортиқча босим сезмаяпти. «Бавария» устози ҳамиша мавсум иложи борича самарали кечишини хоҳлайди. Тушунарлики, ички турнирлар ва евроареналардаги ғалабалардан сўнг табиий равишда Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига назар ташлайсиз. Ҳозирги вазиятда яна нимадир ютиш имкониятига эгамиз. Демакки, бўлажак турнирни сабрсизлик билан кутяпмиз», - деди Флик ФИФА расмий сайтига Клублар ўртасидаги ЖЧ юзасидан берган интервьюсида.

Германия чемпионати рекордчиси 8 февраль куни Қатар пойтахтидаги «Аҳмад бин Али» стадионида навбатдаги юришини бошлайди. Аниқроқ айтсак, Мюнхен жамоаси Клублар ўртасидаги ЖЧ финали йўлида турнир мезбони «Ал-Дуҳайл» (Қатар) ва Африка ЧЛ ғолиби «Ал-Аҳли» (Миср) ўртасидаги чорак финал баҳси ғолибига қарши майдонга тушади: «Бўлажак турнир ғолиблиги биз учун худди торт устидаги олча кабидир. Тўғри, Қатарда осон бўлмаслиги тайин. Ҳозирга қадар клублар мундиали ҳақида ким билан гаплашмайин, ҳар бир суҳбатдошим турнирни мақтади. Шундай экан, бўлажак мусобақани сабрсизлик билан кутяпмиз. Албатта, барчаси биз учун муваффақиятли тус олишидан ҳам умидворман».

Фликнинг ҳозирги жамоасида бунга қадар Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба нашидасини сурган 4 нафар футболчи бор: сайёрамизнинг амалдаги энг яхши дарвозабони Мануэль Но­йер, жаҳон чемпионати ғолиблари Томас Мюллер ва Жером Боатенг ҳамда австриялик Давид Алаба. «Бавария» 2013 йили Марокаш мезбонлик қилган турнир финалида Тьяго Алькантара ва Данте урган голлар эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган пайт клуб Хосеп Гвардиола бошқарувида эди. Фликнинг сўзларига кўра, 7 йил олдинги муваффақиятни такрорлаш вақти келди: «Ўшанда шоҳсупага кўтарилган футболчиларимиз ҳам, жамоа мураббийлар штабида ишлаган Герман Герланд ҳам клублар ўртасидаги ЖЧ шунчаки, ажойиб воқелик эканлиги, унда қатнашиш жуда қизиқарли, шунинг баробарида улкан тажриба бўлишини айтишди. Мақсадимиз - 2013 йилги зафарни такрорлаш. Агар буни уддаласак, шу билан бирга турнир қизиқарли тус олиб, биз учун ўзига хос тажриба мактабига айланса, демак, мавсумга тўлиқ ҳолда юқори баҳо бериш имкони туғилади».

Албатта, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати маълум бир қитъа эмас, балки бутун дунёнинг энг кучли клубларини бирлаштиради. Бошқача айтганда, турнирда сайёрамизнинг энг сара футболчилари тўпланишади. «Бавария» устози буни яхши тушуниб турибди: «Терма жамоада ишлаш қандайлигини ўз тажрибамдан яхши биламан. Умуман олганда, Европа терма жамоалари ва клублари қитъа миқёсидаги турнирларда фақат ўз ҳудудидаги рақибларга қарши ўйнайди. Шунинг таъсиридами, Жанубий Америка, Осиё ёки Африка вакилларига қарши кечадиган ўйинлар рақиблар менталитети жиҳатидан бошқача кечади, албатта. Бу бир томондан яхши. Зеро, сиз бошқа­ча фикрлаш услубларию, футболчиларнинг ўзига хос ёндашувларига дуч келасиз. Бу эса янги тажрибадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, турнир нималарни таклиф қилишини кўриш ва таҳлил онларини орзиқиб кутяпман ва катта эҳтимолки, Қатардан янги ғоялар билан қайтаман. Қолаверса, ҳар қандай мусобақага чуқур ёндашиш, дунёнинг энг кучли футбол ғояларига муносиб қаршилик тақдим этиш ҳам жуда муҳимдир».

«Бавария» УЕФА вакили сифатида турнирга ярим финалдан қўшилади. Табиийки, кўпчилик Бундеслига ва ЧЛ ғолибига бош фаворит сифатида қарамоқда. Умуман, Клублар ўртасидаги ЖЧда зафар қучган клублар рўйхатига назар ташлаб ҳам, «кўҳна қитъа» вакилларининг анча устун эканликларини кўриш мумкин. Дейлик, мусобақада ғолиблик охирги марта 2012 йили бошқа қитъа клубига насиб этганди. Ўшанда Бразилиянинг «Коринтианс» жамоаси Японияда «Челси»ни мағлубиятга учратган эди. Шундан кейинги мавсумларда европаликлар бош совринни қўлма-қўл қилишга тушдилар: «Бавария» (2013 йил) - «Реал» (2014 йил) - «Барселона» (2015 йил) - «Реал» (2016, 2017, 2018 йиллар) - «Ливерпуль» (2019 йил). «Бавария» 11 февраль куни Education City стадионида бўлиб ўтадиган финал баҳсида ғалаба нашидасини суриб, ушбу тенденцияни давом эттиришдан умидвор. «Албатта, бўлажак мусобақадан чемпион мақомида қайтишни хоҳлаймиз ва бор эътиборни шу вазифа ижросига қаратамиз. Лекин аввало, рақибларга тўғри ёндашишимиз талаб этилади, - дейди Флик. - Демоқчиманки, биринчи навбатда, ярим финал тўсиғидан ўтишимиз керак. Қисқаси, ҳозирча бош мақсад - финалга чиқиш. Умуман, амбицияларимизни рўёбга чиқариш учун жиддий тайёргарлик кўрамиз, қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Аммо такрор айтаман, аввало, ўз ишимизни сифатли бажаришимиз шарт. Шунда мукофотга нақадар лойиқ эканлигимиз ўз-ўзидан кўринади».

КЛУБЛАР ЎРТАСИДАГИ ЖЧ-2020

Турнир иштирокчилари

УЕФА - «Бавария» (Германия), ярим финалдан

КОНМЕБОЛ - «Палмейрас» (Бразилия), ярим финалдан

КОНКАКАФ - «Тигрес» (Мексика)

ОФК - «Ульсан Хюндай» (Жанубий Корея)

АФК - «Ал-Аҳли» (Миср)

Мезбон - «Дуҳайл» (Қатар)

Океания вакили «Окленд Сити» турнирда қатнашмайдиган бўлди.

Турнир таҚвими

Чорак финал

4 февраль (пайшанба)

«Тигрес» (Мексика) - «Ульсан Хюндай» (Жанубий Корея)

«Дуҳайл» (Қатар) - «Ал-Аҳли» (Миср)

Ярим финал

7 февраль (якшанба)

«Палмейрас» (Бразилия) - «Тигрес»|«Ульсан Хюндай»

8 февраль (душанба)

«Дуҳайл»|«Ал-Аҳли» - «Бавария» (Германия)

Финал

11 февраль (пайшанба)

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz