Месут Озил «канонирлар» сафини тарк этиб, Туркиядан қўним топди. Ушбу футболчининг «тўпчилар» таркибидаги сўнгги мавсумлари қандай кечганлиги ва «Арсенал»ни тарк этиши қанчалик ажабланарли бўлмасин, бир нарса аниқ - лондонликлар Микель Артета даврида футбол майдонида креативлик етишмаслигидан анча жабр чекишди. Бундан ташқари, энди ортга назар ташлашнинг ҳожати йўқ. «Арсенал» келажакни кўра билиши ва ҳозирги кун билан яшаши лозим. Жамоанинг ҳозирги кундаги энг яхши футболчиларидан бири - сўнгги ойларда асосий ролга даъвогарлик қилаётган иқтидорли ярим ҳимоячи Эмил Смит-Роу. Қуйидаги таҳлилий мақола ушбу вундеркиндга бағишланди.
Ўйини, статистикаси ва профили
Эмил Смит-Роу — Кройден шаҳарчасида туғилган 20 ёшли англиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи. Ушбу йигитча «Арсенал»нинг машҳур «Хейл-Энд» футбол академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Қизиғи, Эмил «тўпчилар» таркибидаги дебютини 2018 йилнинг сентябрида ўтказилган Европа Лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги Украинанинг «Ворскла» жамоасига қарши баҳсда (4:2) нишонлаганди. Смит-Роу 2000 йил ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилар ўртасида «канонирлар» таркибида гол урган илк футболчига айланди. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Эмил Германиянинг «РБ Лейпциг» (2019), Англиянинг «Хаддерсфилд Таун» (2020) жамоаларида ижара асосида тўп сурган.
Аммо жорий мавсум старти арафасида «Арсенал» устози Микель Артета Смит-Роуни яна «канонирлар» таркибига қайтарди ва маҳоратли ярим ҳимоячи Англия Премьер-лигаси баҳсларида мунтазам иштирок этишидан олдин асосан Европа Лигаси ўйинларида майдонга тушди. Қаҳрамонимиз майдонда худди Озил сингари классик «ўнлик» функциясини бажаради. Шунингдек, Артета ундан қанотларда ҳам фойдаланмоқда. Унинг жорий мавсумдаги ўйини ҳақида асосан қуйидагиларни келтириш мумкин: Смит-Роу чизиқлар орасида боғловчи вазифасини ҳам бажаради. Рақиб ҳимоячилари ортидан ҳужум уюштириш илинжида майдонда жуда оқиллик билан зоналар қидиради. Ҳаракат ҳажмига кўра, Смит-Роу жамоадошлари учун мунтазам равишда бўшлиқлар яратади.
Юқоридаги маълумотлардан англаш мумкинки, 20 ёшли иқтидор эгасининг асосий кучли тарафи - интеллект, майдонни ажойиб тарзда кўра билиши ҳамда техникаси. Ушбу хислатлар Смит-Роунинг Микель Артета «Арсенал»дан талаб қилаётган концепциясига мос келади, уни аъло даражадаги плеймейкерга айлантиради.
Смит-Роунинг статистикасига нигоҳ ташлашдан олдин «Арсенал»нинг бошланғич таркибида энди мунтазам равишда майдонга тушишни бошлаганини инобатга олиш даркор. Шу боис, унинг «канонирлар» таркибида майдонда ўтказган дақиқалари унчалик кўп эмас - бор-йўғи 730 дақиқа. Улардан 409 дақиқасини эса Эмил АПЛ баҳсларида ўтказган. Шундай бўлса-да, иқтидорли футболчи ушбу чекланган вақт давомида ҳам майдонда жамоаси ўйинига ижобий таъсир ўтказа олди.
Смит-Роунинг шу қисқа вақт ичида амалга оширган голлари ва ассистлари эса самаралидир. Жорий мавсумнинг барча мусобақаларида Эмил 2та гол урган ҳолда, 3та голга ассистентлик қилди. Мазкур кўрсаткични 90 дақиқа ҳисобида оладиган бўлсак, бу 0,25 гол|90 ва 62 ассист|90га тўғри келади. Бу албатта, ажойиб кўрсаткич. 20 ёшли маҳоратли футболчининг хG ва xA кўрсаткичлари мавсум давомида тегишлича 1,32 ҳамда 1,63ни ташкил этмоқда. Демак, Эмил яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда, жамоадошлари учун ҳам анча имкониятлар яратиб бермоқда.
Рақамларга чуқурроқ назар ташлаб, шуни англаш мумкинки, Эмил келажакда ундан кутилганидек имкониятлардан самарали фойдаланиш эмас, балки, уларни яратишда кўпроқ иштирок этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жорий мавсум Эмил 90 дақиқада ўртача 0,86та зарба бермоқда. Шунингдек, Смит-Роу зарбаларни дарвозага қулай позициялардан йўлламоқда. Унинг бу борадаги ўртача кўрсаткичи эса хGга 0,19та зарбани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, 90 дақиқа мобайнида у рақиб жарима майдончаси ичида ўртача 3,7 марта тўпга эгалик қилади, яъни ўз вақтида чаққон ҳаракат қилган ҳолда, жарима майдончаси ичида яхши ҳужум уюштира олади. Эмилнинг узатмаларига тўхталадиган бўлсак, майдонда 90 дақиқа ичида ўртача 3,21та, жарима майдончаси ичида эса 2,47та пасни ташкил этмоқда.
Тўғри, булар бир қарашда жуда юқори кўрсаткичлардек кўринмаслиги мумкин. Лекин ушбу фактлар яна шуни ҳам исботлайдики, Эмил доимо хавфли вазиятларни яратишга интилиб, тўпни олдинга узатишга интилади. Асосийси, буни жуда яхши амалга оширмоқда. Таъкидлаш жоизки, Эмилнинг қарийб 20 фоиз узатмалари олдинга йўналтирилади. Бу эса, одатда, кўплаб жамоадошлари ортида ҳаракат қиладиган «ўнлик» эгаси учун яхши ҳолат ҳисобланади. Қолаверса, Смит-Роу кучли дриблёр ҳисобланмайди. Унинг 90 дақиқа давомида амалга оширган дриблинглари бўйича кўрсаткич 2,84ни ташкил этмоқда. Бу эса 44 фоиздан кам деганидир.
Барибир, 20 ёшли ярим ҳимоячининг асосий кучи шундаки, у баъзи пайтлар жарима майдончаси ичида хавфли ва ҳал қилувчи узатмаларни амалга оширгани ҳолда, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида боғловчилик вазифасини ҳам бажаради. Айнан жарима майдончаси ичида бўшлиқларни топиш салоҳияти юзага чиқади, яъни у тез-тез чизиқлар орасидаги позицияларни эгаллаган ҳолда, «Арсенал» хавбекларининг тўпни рақиб дарвозаси ва хавфли ҳудудларга йўналтиришларига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Смит-Роу шунингдек, тезкорлиги эвазига тўпни ўзига ажойиб тарзда қабул қилиш хусусиятига эга. Бу Эмилга рақибларини орт-да қолдирган ҳолда, тезликни ошириш, шунингдек, тезда «девор» услубида ўйнаш имкониятини тақдим этади.
Тунги соат 3:00да уйғониб, футбол томоша қиладиган «Арсенал» мухлислари Смит-Роуни мазкур хислатлари эвазига Томаш Росицки, Санти Касорла ва Месут Озил сингари футболчилар қаторида эътироф этишмоқда. Эмилнинг футболчилик хислатларига яна шуни қўшимча қилиш лозимки, у ҳимояда ҳам ўзининг энг яхши сифатларини намойиш эта олади. Бу эса Артетанинг ўйин тизимига хос уйғунлик ҳисобланади.
Жорий мавсум 20 ёшли маҳоратли футболчи 90 дақиқа давомида 3,82 марта тўпни рақиблардан олиб қўйди. Ушбу кўрсаткич Эмилнинг контрпрессингларда анча фойдали иш бажариши, умуман олганда эса, Артета барча шогирдларидан талаб қилаётгани, яъни ҳимояда ҳам иштирок эта олиши мумкинлигини англатмоқда.
Эмилнинг жорий мавсумдаги статистикаси шундан иборат. Энди унинг асосий сифатларини янада яққолроқ акс эттирувчи бир нечта ўйинлардан мисоллар келтирсак.
Ҳаракат
Таъкидлаганимиздек, Смит-Роунинг энг кучли жиҳатларидан бири - тўпсиз яхши ҳаракат қила олишидир. «Арсенал» академияси тарбияланувчиси майдон маркази ёки қанотларда кичик босим остида тўпни қабул қилишда мунтазам ҳаракатда бўлади. Ушбу ҳаракатлар унга ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, мабодо, қандайдир босим бўлса, тезлик билан «девор» услубида ўйин намойиш этиб, бўш ҳудудни тезлик билан эгаллаш имкониятини тақдим этади.
Албатта, айрим вазиятларда Эмилнинг ўзи ҳам рақиб ҳимоячилари билан яккама-якка вазиятда қолган ҳолда, кураш олиб боришига тўғри келади. Аммо бу ҳар доим ҳам юз беравермайди. Кўплаб ҳолатларда маҳоратли ярим ҳимоячи тўпни жамоадошларига оширишни маъқул деб билади. Смит-Роунинг шундай ҳаракатларидан бирини мисол келтирадиган бўлсак: жамоадоши Давид Луис чапда турган Эйнсли Мэйтленд-Найлзга тўпни оширади. У эса ҳимоячилар ортида турган Эмилнинг тезлигини оширишга имконият беради. Бундан ташқари, тўпга яқин ҳудуд, яъни бўшлиқ пайдо бўлган зонага Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам етиб келади. Худди шу пайт Эмил «Кристал Пэлас»нинг ҳимоя чизиғига ёриб кириш мақсадида, олдинга интилади. Букайо Сакада эса керакли жойда пайдо бўлган жамоадоши Смит-Роуга пас узатиш учун яхши имконият юзага келади.
Бир қарашда бу оддий эпизодга ўхшаб кўринади. Бироқ рақиб ҳимоячиларининг бетартиб жойлашишлари, шунингдек, жамоадошларининг ҳаракатлари давомида бўшлиқни топиш, шунингдек, энг керакли вақтда тезлик олиш барча тахмин қилганидек, оддий иш эмас. Буни ҳар бир креатив ярим ҳимоячи ҳам амалга ошира олмайди. Ўша ўйиндан яна бир ёрқин эпизодни ёдга оладиган бўлсак, Эмил бўш қолдирилган майдон ҳудудига марказий зонадан яна бир марта югуради. «Кристал Пэлас»нинг ҳар икки футболчиси рақиб (Гранит Жакага) ва тўпга ўз эътиборларини қаратишлари Смит-Роуга имконият яратиб беради. Ўша вазиятда орқа планда рақиб ҳимоячиси Шейку Куяте жамоадошларидан бирига у Эмилга қаршилик кўрсатишини уқтираётганлигини ҳам кузатиш мумкин. Лекин рақибнинг ушбу уриниши муваффақиятсиз якунланди.
Позиция танлаши
Эмил Смит-Роунинг тўпсиз ҳаракати билан боғлиқ хусусияти чизиқлар орасидаги бўшлиқларни топишга уста эканлиги билан ҳам боғлиқ. Ушбу йигитчанинг ўйинини кузатиш асносида Эмил атрофида бўш ҳудуд ва яқинида уни тезда ўраб, босим ўтказишга интиладиган рақиб жамоа аъзолари йўқлигида тўп билан қандай муомала қилишига тез-тез гувоҳ бўлиш мумкин.
Смит-Роунинг ўзига шундай қулай шароит яратиб олишига интеллект билан боғлиқ ҳаракатлари ҳам ёрдам бериши шубҳасиз. «Ньюкасл» билан бўлган ўйин эса Эмилнинг чизиқлар ўртасидаги бўшлиқни қандай топишига ёрқин мисолдир. Ўша баҳсдаги яна бир эпизодни эсга олсак, Эмил тўпни қабул қилиб олганидан сўнг ажойиб тарзда очилди ва қарор қабул қилиши учун етарлича имкониятга эга бўлди. Боиси, рақиб футболчиларидан ҳеч бири унга қаршилик кўрсатмади.
Доимо шундай вазиятларни яратиш ва жамоадошларидан тўпни талаб қилиш учун футболчида етарлича жасорат ва ўз кучига ишонч бўлиши лозим. Смит-Роу эса ушбу хислатларга эга ва бу унинг «Арсенал»да ўйин савиясини янада ошириши учун муҳим аҳамиятга эга. Боиси, эндиликда «канонирлар»нинг ижодий ўйин борасида Эмилга суянишлари тобора ойдинлашмоқда.
Улуғбек УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20