«Челси» ўз афсонаси Фрэнк Лэмпардни бош мураббий лавозимидан бўшатди. Кутилганидек, унинг ўрнига яқиндагина «ПСЖ»дан ҳайдалган германиялик Томас Тухель тайинланди. Лондон клубининг кескин қадам ташлагани - жуда ажабланарли ҳолат. Бинобарин, Фрэнк Лэмпард ва Томас Тухель мураббий сифатида - икки дунё. Яъни улар бир-бирларига мутлақо зидлар. Ўртада нақадар катта фарқ борлигини gol.ru сайти маълумотлари асосида тайёрланган мақола орқали ҳам тушуниш мумкин. Мана, ўзингиз қаранг ва баҳо беринг.
**Фрэнк Лэмпард юлдуз футболчи саналган, Тухелни эса ўйинчи сифатида умуман танишмайди. Ҳа, Лэмпард айнан «Челси»да катта шуҳрат қозонган, футболчилик даврида нақ 13 марта нуфузли совринни боши узра баланд кўтарган, шу жумладан, 2та еврокубокни. Тухель аксинча, ҳаттоки, Бундеслигада ҳам лоақал бир бора майдонга тушмаган, боз устига, жароҳатлар туфайли бутсаларини анча эрта михга илган. У шундан кейин кечаси новвойхонада ишлади, ресторанда официантлик қилди, буфет юргизишдан ҳам орланмади. Қизиқ, агар Лэмпард шунга ўхшаш муаммоларга дуч келганида, нима қиларди? Айтиш қийин. Ҳар ҳолда, Фрэнк футболчилик фаолиятини осонгина буткул якунлашга жазм этолмасмиди...?
**Лэмпард - «Челси» афсонаси, Тухелнинг эса клуб билан умуман алоқаси йўқ эди. Диққат қилинг, Лэмпард - «Челси» либосида 600тадан ортиқ ўйинда майдонга тушган футболчи. Айтиш ўринли, инқироз пайти клуб янги имидж яратадиган мураббийга эҳтиёж сезди ва бу ролда Фрэнкни кўрди. Тўғриси, муносиб танлов эди. Тухель эса Англияда ўйнаш тугул, мураббийлик ҳам қилмаганди. Лекин, АПЛ клублари дастидан сезиларли даражада зарар кўрди: Дортмунд «Боруссия»си билан «Ливерпул»дан ва «ПСЖ» билан «Манчестер Юнайтед»дан енгилиб, Европа ЧЛни эрта тарк этди. Умуман, ҳозирдан маълумки, Тухель Лондонда Лэмпард каби ички кўмакдан умид қилмаслиги керак.
**Лэмпард янги мураббий эди, Тухель эса 20 йиллик иш тажрибасига эга мутахассис. Энг катта фарқли жиҳат шу - Лэмпард катта футболда мустақил мураббий ролида атиги икки мавсум ишлади. У аввалига «Дерби Каунти»ни бошқарди, кейин бирданига «Челси»га кўтарилди. Тухель эса мураббийлик соҳасига 2000 йилиёқ қадам ташлаганди. Аниқроқ айтсак, бошида «Штутгарт» ёшлар жамоасини шуғуллантирган Томас кейинчалик «Аугсбург» ўринбосарлари билан ишлади ва 2009 йилдан Бундеслигада ном қозонишга тушди. Тухель ўшанда «Майнц»да кимсан Юрген Клопп ўрнини эгаллаганди.
**Лэмпард 4-3-3 тактик чизмасидан деярли воз кечмади, Тухель захирасида эса хилма-хил схемалар етарли. Олдинги банднинг давоми: «Челси» ўтган мавсум деярли ҳар доим 4-3-3 тактик чизмасига таянди. Қисқаси, Лэмпард камдан-кам ҳолатлардагина схемани ўзгартирди. Ҳа, Тухель ҳам 4-3-3 схемасига мойил, яъни олдинда 3 нафар футболчи билан ўйин қуришни хуш кўради. Фарқи шуки, германиялик мутахассис арсеналида бошқа тактикалар ҳам бор ва у футболчиларни майдонга янги чизмалар бўйича осонгина жойлаштириши мумкин. Рақамларда айтсак, Тухель Франция элит лигасининг жорий мавсуми ярмига қадар нақ 8 хил тактик схемадан фойдаланди. Балки шу фалсафа миллионлаб долларга тушган германиялик футболчилар (Кай Хаверц ва Тимо Вернер)нинг «Челси»да ниҳоят, ўйнаб кетишларига ёрдам берар? Уларнинг Лэмпард қўл остида қайд этган статистикасига қараш ҳам оғир - Вернер 4тадан гол ва самарали узатма муаллифига айланган бўлса, Хаверц атиги 1та гол уриб, яна 2тасига ассистентлик қилди.
**Фрэнк Лэмпард - «Челси»да келишмовчиликларга йўлиққан мураббий, аммо Тухель ҳам зиддиятлар қиролидир... Британия матбуоти, жумладан, The Athletic маълумотларига қараганда, Лэмпард клуб бош директори Марина Грановская билан трансферлар масаласида зиддиятга борган. Натижада жамоа икки лагерга ажралган: «жиянлар» ва қора ишчилар. Германиялик мутахассис ҳам кўпинча клублар раҳбарияти билан келишолмайди. Дейлик, у «Боруссия»да ҳам, «ПСЖ»да ҳам шундай муаммога учради. Бу ҳаммаси ҳам эмас. «Бизни «Майнц» вакиллари Тухель билан муроса қилиш қийинлиги ҳақида огоҳлантиргандилар», - дея «Боруссия» вакили сўзларини келтирганди Bild нашри. Шунчаки, «Майнц» анча сокин клуб ва унга боғлиқ воқеалар камдан-кам ҳолда достон бўлади. Хуллас, Томас бу жамоада ҳам «ўз характерини кўрсатган»ини тахмин қилиш қийин эмас. Бу борада «ПСЖ» вакили Маркиньоснинг Тухелга таърифини келтириш жуда ўринли: «У шунчаки, мураббий эмас, ҳақиқий менежердир». Оддий айтганда, Тухель клубдаги барча жараёнларда фаол иштирок этиш ва трансферлар сиёсатига таъсир кўрсатишни хоҳлайди. Ҳар доим шундай бўлган.
**Лэмпард футболчилар билан муносабат ўрнатишда мослашувчан эмас, Тухель эса «ПСЖ»да анча ўзгарди. Германиялик мураббий футболчиларга нисбатан ўта қаттиққўл, шу билан бирга ҳамиша уларга қулайлик яратишга жиддий эътибор қаратади. «Томас ўйинчиларнинг шахсий фикрлари ва истакларини тинглайдиган олижаноб инсон ва бундай жараёнларни бошқаришда жуда моҳир» - бу ҳам бразилиялик Маркиньоснинг таърифидан иқтибос. ESPN журналисти Жюльен Лореннинг бу борадаги хулосаси ҳам эътиборга молик: «Тухель шогирдлари уни шунчалик яхши кўришларини истайдики, бу йўлда ҳаттоки, энг қатъий принципларидан ҳам воз кечиб қўя қолади. Оддий айтганда, «ПСЖ» қандай қийинчиликларга дуч келмасин, у ҳар сафар энг кам мунозара келтириб чиқарадиган йўлни танлади». Бу ҳолат «Челси»нинг Лэмпардга ёқмаган футболчилари учун айни муддао, албатта.
Томас Тухель «Челси»да 1,5 йиллик шартнома асосида иш бошлади. Журналист Дэвид Орштейннинг аниқлаштиришича, томонлар айнан 1,5 йил ҳамкорлик қилиш борасида келишишган. Шунинг баробарида мураббий ҳам, клуб ҳам шартнома муддатини яна бир йилга узайтириш имкониятига эга.
Фрэнк Лэмпард эса шартнома муддати бўйича маошини тўлиқ олади. The Athletic маълумотига қараганда, бу истеъфо клуб соҳиби Роман Абрамовичга чамаси 2 миллион фунтга тушади. Умуман олганда, Лэмпард - Абрамович даврида клубни бошқарган 13 нафар мураббий орасида компенсация тўловига эга чиққан 10-мутахассисдир.
**Фақат Рафаэль Бенитес, Гус Хиддинк ва Маурицио Сарри клубдан товон пули олишмаган.
**Жозе Моуриньо жамоадаги ҳар икки даври якунида ҳам ўзи, ҳам штаб учун компенсация ундирган (португалиялик мутахассис одатда клубдан ассистентлари билан алоҳида шартнома тузишни талаб қилади).
**Энг йирик товон пули Антонио Контега берилган - 26,6 млн. фунт. Тўғри, мураббийнинг ўзи йиллик маоши сифатида атиги 9 «лимон» олган, қолгани унинг ёрдамчилари ва суд харажатларига кетган.
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20