Қайднома

Қидирув

Рекордлар: Бегович ўрнига Том Кинг

Рекордлар: Бегович ўрнига Том Кинг

  09.02.2021 04:42
  0
  308
Рекордлар: Бегович ўрнига Том Кинг

Уэльслик дарвозабон футбол тарихида энг узоқ масофадан урилган гол муаллифига айланди. Англия иккинчи лигаси- (даража бўйича тўртинчи дивизион)да Гиннес рекордлар китобига киритилган гол қайд этилди. «Ньюпорт Каунти» дарвозабони Том Кинг тўпни жарима майдонидан чиқариб юбориш илинжида кучли зарб билан тепди. Қарангки, у бутун майдон бўйлаб учиб ўтиб, тўғри рақиб дарвозаси томон борди. «Челтенхэм Таун» дарвозабони Жошуа Гриффитс бу вақтда тўпни қайтаришга тайёр эмасди. 12-дақиқа - 1:0! Тўғри, «Челтенхэм» кейинчалик ҳисобни тенглаштирди, «Ньюпорт» эса бош­қа гол уролмади.

Том Кинг 25 ёшда. Унинг деярли бутун фаолияти «Миллоул»га боғлиқ бўлиб, ижара келишувлари асосида кўп «саёҳат»га чиққан. «Ньюпорт Каунти» билан эса, 2 йил олдин тўлақонли шартнома тузди. Дарвоқе, Томни Уэльс терма жамоасига чақиришмоқда (Англия термасида ўйнашдан бош тортди, гарчи U-17 жамоасининг 1та ўйинида иштирок этган бўлсада). Кингнинг фаолиятида яна бир шов-шувли воқеа 2016 йили кузатилган. Ўшанда кипернинг жамоадоши рақибнинг майдонга қулаганини кўриб, тўпни майдон четига чиқариб юборади. Аммо рақиб «фэйр-плей» узатмаси ўрнига дарвоза томон кучли зарба йўллайди ва Кинг гол қўйиб юборади. Оқибатда яримпрофессионал лигада катта жанжал юзага келганди.

Энди ҳамма Том Кингнинг қудратли зарбасини муҳокама қилмоқда. Гиннес рекордлар китоби бу чиндан ҳам, футбол тарихида энг узоқ масофадан урилган гол эканлигини тасдиқлади. Ҳисоб-китобларга кўра, кипер тўпга зарба берган нуқта ва нариги дарвоза оралиғи 96,01 метр (!) экан. Шу тариқа дарвозабон Асмир Беговичнинг бу борадаги рекорди деярли 8 йилдан кейин янгиланди. Босниялик кипер «Сток Сити» таркибида «Саутгемптон»га қарши учрашувнинг 13-сонияси (!)да нақ 91,9 метр узоқликдан гол урганди. Айтганча, бу АПЛ тарихидаги энг тезкор 10-гол ҳисобланади.

Қизиқ томони, Кинг ва Бегович ҳаттоки, бирга ўйнашган, улар ҳамон қалин дўстлар. Ўйиндан кейин Кинг бу борада алоҳида гапирди: «Бегович «Портсмут»да асосий дарвозабон саналган вақт шу клубда амалиёт ўтагандим. Машғулотлардан бирида дўстим орқали у билан учрашиб, танишдим. Кейинчалик ҳаттоки, битта қўлқопда ўйнашга одатландик. Энди Асмир билан боғланишим, рулетни ким узоқроққа отишини аниқлаш учун мусобақалашишимга тўғри келади. Умуман олганда, унга аввало, рекорди чиппакка чиққани учун ҳамдардлик билдиришим керак».

Рекорд-гол билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат - Кинг уни алоҳида нишонламади. Лекин кейинчалик ҳис-туйғуларини баён этди: «Бундан хурсанд бўлолмасдим. Аксарият дарвозабонлар голни нишонламаслик ҳақида ёзилмаган қоидага амал қиладилар. Тўғри, жамоамга ёрдам берганимдан хурсандман. Учрашув олдидан кучли шамол бошланганини кўриб, бу ҳужумчиларга қўл келишини ўйладим. Қарангки, барчаси менинг фойдамга ишлади. Кейинги Рождество байрамида рекордим қайд этилган Гиннес китобини совға сифатида олишдан умидворман».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz