Қайднома

Қидирув

Тим Крул: «Ньюкасл»дан кетишим таъсирчан тарсаки бўлганди»

Тим Крул: «Ньюкасл»дан кетишим таъсирчан тарсаки бўлганди»

  10.02.2021 09:09
  0
  143
Тим Крул: «Ньюкасл»дан кетишим таъсирчан тарсаки бўлганди»

Бундан бир йил муқаддам «Норвич» дарвозабони Тим Крул 2та ажойиб сэйвни намойиш этиш орқали «Тоттенхэм»ни Англия кубоги нимчорак финалидан чиқариб юборганди. Ўша беллашувда дарвозабонга пенальтиларни бартараф этиш мақсадида уйида тайёрлаб келган шпаргалкаси қўл келганди. Бироқ ўйиндан кейин кўрсатмалар солинган шиша идиш сирли тарзда ғойиб бўлди ва нидерландиялик посбон муҳим эсдаликни топа олмади. Яқинда хорижлик ҳамкасбларимиз суҳбат қурган маҳоратли кипер шу ва бошқа воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

- Беллашув тугаши билан маъмурни ғалабамиз сабабчиси бўлган ўша машҳур шиша идишни олиб келишга жўнатгандим, - дейди Крул The Guardian вакили билан суҳбатда. - Бироқ у қуруқ қайтди, идиш қаёққадир ғойиб бўлганди. Уни кимдир олиб кетгани аниқ, аммо мен олмаганман. Ўйлашимча, «Тоттенхэм» мухлисларидан бири олган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, у хурсанд бўлмагани аниқ.

Шпаргалкани топишнинг иложи бўлмагач, Along Come Norwich фан-сайтида унга оид ва дарвозабон номи ёнига «тўп ўтказмайдиган» ибораси қўшилган киноя­ли луқма пайдо бўлди.

2014 йилги Бразилия мундиалида Коста-Рикага қарши учрашувнинг «экстра-тайм»ларидан кейин майдонга тушиб, 2та пенальтини қайтариш эвазига терма жамоасини ярим финалга олиб чиққани нидерландиялик посбон фаолиятининг энг ёрқин саҳифаси бўлиб қолмоқда. Кейинги босқичда Крулни майдонга туширишмади ва жамоа Аргентинага пенальтилар сериясида имкониятни бой берди. Энди 5 йиллик танаффусдан ке-йин термага қайтган 32 ёшли пос-бон Евро-2020 турнирида қатнашиш ва жамоани финалга олиб чиқишни мўлжалламоқда.

- 5 йил аввал Евро-2016 саралаши доирасидаги Қозоғистонга қарши учрашувда тиззамдан жиддий жароҳат олиб, узоқ вақт давомида майдонга тушолмадим. Шу сабабли, ёзда менга имконият беришса, адолатли бўларди. Керакли жиҳозларни тахт қилиб қўйдим. Ҳар куни «лоларанглилар» жамоасининг бир қисмига айланиш ҳуқуқи учун курашяпман. «Норвич»да айнан Нидерландия терма жамоаси услубида тўп сурамиз, бу мен учун айни муддао.

- Тотал футболми?

- Худди шундай. «Ньюкасл»да ҳеч қачон бу услубда ўйнаган эмасмиз. Нидерландиядагилар доимо мени фақат дарвозадан тўп олиб чиқишдан бошқасини уддалай олмайди, деб ҳисоблашарди. Лекин ҳозир улар ўзгача фикрдалар. Терма жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиш учун оёқлар билан самарали ўйнашни билиш лозим. Кипернинг функцияси йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, мен Англияга келишимдан аввал давр билан таққослаганда.

4 йил аввал Крул «Ньюкасл»ни тарк этиб, «Брайтон»да ижара асосида тўп суришга мажбур бўлганди. «Ҳаккалар»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Рафаэль Бенитес яқинда жароҳатдан фориғ бўлган посбоннинг ишонч-ли ўйнашига шубҳаланиб, шундай қарорга келганди.

- Бу мен учун ўта таъсирчан тарсаки бўлди. Ахир шикастланишдан сал аввалроқ клуб билан 5 йиллик шартнома тузишни режалаштиргандим. Янги мураббий келгач, менга чиқиш эшикларини кўрсатишди. Буни ҳанузгача ҳазм қила олмаяпман. Бироқ қисматдан қочишнинг имкони йўқ. Ана шу аччиқ тажриба мени дарвозабон сифатида қайтадан шаклланишга мажбур этди. Энди аввалгидан кўра бир неча баравар ақл билан иш тутадиган бўлиб қолдим, футболга муносабатим ўзгарди. Айни пайт ҳар бир учрашувдан чинакам лаззат оляпман. Ҳатто аввалги дам олиш оқшомидаги «Барнсли»га қарши ўйинда (0:1) ҳам мазза қилдим. Ваҳоланки, майдон дабдала, ҳаво совуқ, трибуналар бўм-бўш эди. Аммо бу ҳолат кайфиятимни буза олмади: «Ҳозир бу ерда бўлиш мен учун улкан шараф».

Бўш пайтларида тажрибали дарвозабон ўз касбини ўзгартириб, меҳрибон отага айланади ва 7 ёшли қизалоғи билан шуғулланади. Аммо шунда ҳам футбол барибир ўзини билдириб туради.

- Биз Power Point топшириғини бажаришимиз керак эди. Қизим ўзи туғилган шимол ҳақида маълумот тайёрлаши лозим экан. Мавсум охирида оила аъзоларимиз билан стадионга ташриф буюришимизга рухсат беришгани боис, «Тайнсайд»даги қувончли лаҳзалар ва менинг «Ньюкасл»даги фаолиятим ҳақида кичик қисса яратдик.

«Ньюкасл»ни аламли тарзда тарк этган Крулнинг футболга қайтишида унинг «Брайтон»да Крис Хьютон билан дўстлашиб қолгани муҳим роль ўйнади. Тўғри, қишда «Арсенал»га йўл олган Мэтью Райан ўшанда Тимнинг асосий таркибдан жой олишидаги асосий тўсиқ бўлганди.

- Клубга келган пайтим Мэтью мунтазам равишда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси унвонини қўлга киритарди. Бу менга босим ўтказар ва халал берарди. Лекин дарвозабонлар мураббийи Бен Робертс ва бош мураббий Крис Хьютон бир куни шундай дейишди: «Қулоқ сол, иккинчи дарвозабон ролига кўника олмасанг, майдонга туш ва ўйинга қайтганингни исботла. Шундан кейин икки қадам олға юриш учун аввал бир қадам ортга юришим кераклигини тушундим.

Айни ўша паллада Крул «Норвич» таклифига розилик билдиришга қарор қилганди.

- Бу қарор зараримга ёки фойдамга ишлаши мумкин эди. Бироқ мен таваккал қилишни маъқул кўрдим. Якунда «Норвич» ўйинга қайтишим учун ажойиб имкониятни ҳадя этди. Биз мавсумда ғолиб чиқдик, мен яна АПЛга қайтдим. «Канарейкалар» сафидаги ўйиним туфайли мени ҳисобдан чиқарганларга муносиб жавоб қайтардим. Ўзимга бўлган ишончни қайтадан топдим. Тўғри, мавсум натижаларига кўра яна Чемпионшипга йўл олдик. Аммо мен яшил майдонда эканлигим, ҳеч қаёққа ғойиб бўлмаганлигимни исботлай олдим.

Нидерландиялик посбон фаолиятида кўплаб ғаройиб воқеалар шоҳиди бўлди. Аммо «Мидлс-бро»га қарши сафар учрашувидаги (1:0) пенальти уни ҳайрон қолдирди. Яъни, зарба амалга оширилган паллада Маркус Тавернье сирпаниб кетиб, тўпга икки оёғи билан тегинганди. Шу сабабли ҳакам голни инобатга олмади.

- Чиндан ҳам ажабланарли воқеа бўлганди. Авваллари бунақа ҳолатга дуч келмагандим. У фаолиятимдаги ғайритабиий пенальти эди.

Ҳозир «Норвич» шиддат билан АПЛ сари интилмоқда: охирги 10 учрашувда 8та ғалабага эришиб, ўртамиёналар орасидан пешқадамликка кўтарилди. Қолган ўйинларда мавқеи-ни сақлай олса, йўлланма нақд! Бироқ Тим коронавирус туфайли 2та учрашувни ўтказиб юборди.

- Бу вирус саломатлик - туман бойлик эканлигини, қолган барча мавжудотнинг аҳамияти йўқлигини яна бир карра исботлади,- деди посбон касалликка изоҳ берар чоғида.

Крулнинг фикрича, яқин келажакда Тодд Кентвелл, Эмилиано Буэндия ва Макс Ааронслар ёрқин юлдузларга айланадилар. Лекин Тимнинг ўзи ҳам «Норвич»нинг қайта «туғилишида» муҳим ўрин тутади.

- АПЛда якунига етмай қолган юмушларимиз бор. Ўтган мавсум ёш иқтидорлар шунчалик кўп эдики, буни тасаввур қилиш қийин. «Энфилд»даги «Ливерпул»га қарши старт учрашувини яхши эслайман. Атрофимдаги йигитлар нигоҳидан қуйидаги иборани ўқидим: «Халойиқ, бу ерда нима бўляпти?». Нигоҳларини Салоҳ ва Манедан олишга улгурмасларидан, мен дарвозадан тўп олиб чиқишга мажбур бўлгандим. Бу нормал ҳолат. Чунки мен ҳам футболга шу тариқа кириб келганман. Энди ўша йигитлар ул-ғайиб, қувватга эга бўлишди. Мавсумнинг қолган учрашувларида бир қатор тўсиқларни енгиб ўтишимиз талаб этилади. Буни уддалаб, элитага кўтарила олсак, мухлислар тамоман ўзгача «Норвич»га дуч келадилар.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz