Қайднома

Қидирув

«Ташландиқлар» фабрикаси ёхуд ижарага беришни хуш кўрадиганлар ҳақида

«Ташландиқлар» фабрикаси ёхуд ижарага беришни хуш кўрадиганлар ҳақида

  10.02.2021 11:00
  0
  291
«Ташландиқлар» фабрикаси ёхуд ижарага беришни хуш кўрадиганлар ҳақида

Биласиз, Европада машҳур клублар футболчиларни ижарага бериш бўйича анча фаоллар. Хусусан, «Реал»нинг бошқа жамоаларга вақтинча берган ўйинчиларининг умумий нархи 200 млн. еврони ташкил этади. Қуйидаги ўнлик айнан ижарага футболчи берадиганларга бағишланади.

10-ўрин. «Рома» (Италия) - 82,6 млн. евро (19 футболчи, ўртача ёш - 22,3)

Бегона «уя»ларга тарқаб кетган «бўрилар»га эътибор қаратсангиз, машҳур номларга кўзингиз тушади: Жастин Клюйверт «РБ Лейпциг»га, Ченгиз Ундер «Лестер»га, Алессандро Флоренци «ПСЖ»га, Стивен Н`Зонзи «Ренн»га, Робин Ульсен «Эвертон»га, Мерт Четин «Верона»га ижарага берилган. Умуман, ҳозирча ушбу футболчиларнинг ҳеч бири ўзини яққол намоён этиб, «Рома» бошланғич таркибига киришга тайёр эканлигини исботлаганича йўқ. Айниқса, Ундер ва Клюйвертдан кўп нарса кутишмоқда.

9-ўрин. «Бенфика» (Португалия) - 84,1 млн. евро (13 футболчи, ўртача ёш - 22,8)

«Бенфика»даги муаммо ҳам шунга ўхшаш: Жедсон Фернандеш ва Карлос Винисиус «Тоттенхэм»­да деярли ўйнашмаяпти, албатта, Гарри Кейннинг жароҳатидан сўнг бразилиялик форвардда тажриба тўплаш имконияти ошиши мумкин. Ўнг қанот ҳимоячиси Тавареш «Леганес»да ўзини кўрсатолмади, ўйин амалиётига эга бўлиш учун «Фаренсе»га кетди. «Бенфика»нинг «Бавария»да ҳам футболчиси бор, бироқ 20 ёшли Тиагу Данташ ҳозирча фақат Мюнхен грандининг захира жамоа­си таркибида Германия учинчи лигасида тўп сурмоқда.

8-ўрин. «Арсенал» (Англия) - 87,7 млн. евро (6 футболчи, ўртача ёш - 23,2)

Маттео Гендузи «Герта»да, Лукас Торрейра «Атлетико»да — бу «канонирлар»нинг энг қимматбаҳо ижараси, ахир яна Салиба, Колашинац ва Мавропанос ҳам бор. Гендузи Бундеслигада чакки ўйнамаяпти, Торрейра —Симеоне учун ротация футболчиси, январда «Ницца»га кетган Салиба эса аста-секин француз клубининг асосий ўйинчисига айланди. Бу ҳимоячининг ёши 19да, у ҳали «Эмирейтс»га совринлар билан қайтиши ҳам мумкин.

7-ўрин. «Атлетико» (Испания) - 91,1 млн. евро (13 футболчи, ўртача ёш - 23,8)

«Атлетико» ижарага берган футболчилар орасида Альваро Мората яққол ажралиб турибди - «Ювентус» сафида сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда, ҳужумда Криштиану Роналдуга шериклик қилмоқда. Мадриддагилар Луис Суареснинг голлари «матрасчилар»ни чемпионлик сари яқинлаштираётганидан мамнунлар, ўз навбатида, Моратанинг Туриндаги муваффақиятли иштирокидан ҳам. Ахир шу тариқа «кекса синьора»дан мўмайгина даромад ундириш мумкин.

6-ўрин. «Манчестер Сити» (Англия) - 92,05 млн. евро (17 футболчи, ўртача ёш - 21,5)

«Шаҳарликлар» ижарага берган футболчилар рўйхатига назар солсангиз, у ерда турли миллат - Колумбия, Бразилия, Аргентина, Сербия, Хорватия ва Испания, Косово, Япония, Австралия вакиллари ўрин олганига гувоҳ бўласиз. Бу ерда биринчи рақам сифатида, албатта, «РБ Лейпциг»да порлаётган чап қанот ҳимоячиси Анхелиньони кўрсатиш мумкин. Хосеп Гвардиола кейинги мавсум испанияликка имконият бериши керак, зеро, ҳозир «Манчестер Сити» мудофаасининг чап томонида муаммолар мавжуд.

5-ўрин. «Ювентус» (Италия) - 95,5 млн. евро (11 футболчи, ўртача ёш - 24,2)

Дуглас Коста эски таниш - «Бавария»га йўл олди, Кристиан Ромеро эса Чемпионлар Лигаси «плей-офф» босқичига чиққан бошқа бир клуб — «Аталанта»да ўйнаяпти. Аргентиналик ҳимоячи келгусида «кекса синьора» таркибини кучайтириши мумкин, ҳозирча у «Юве» ижарага берган футболчилар рўйхатида «ишлов берилган маҳсулот» бўлиб турибди. Умуман, «Женоа»даги 19 ёшли ярим ҳимоячи Николо Ровеллани ҳам алоҳида кўрсатиш мумкин. Турин жамоаси яқинда бу футболчи билан шартнома имзолаб, уни қадрдон клубида қолдирди.

4-ўрин. «Интер» (Италия) - 114,68 млн. евро (31 футболчи, ўртача ёш - 21,6)

«Нерадзурри»нинг «меҳнат таътили»даги ўйинчилари умумий нархи 115 қарийб миллион еврога тенг. Ушбу таркибдаги етакчилар сифатида Валентино Лазаро, Жоау Мариу, Эдди Сальседо, Себас­тьян Эспозито, Дальберт, Ража Наингголан ва Антонио Кандревани кўрсатиш мумкин.

3-ўрин. «Фиорентина» (Италия) - 117,03 млн. евро (31 футболчи, ўртача ёш - 22,3)

«Фиорентина»нинг мазкур рейтингда юқори ўринни эгаллашига бош сабабчи - Федерико Кьеза. Ушбу футболчи 2022 йилнинг 30 июнигача «Ювентус»га ижарага берилган. Мазкур трансферга «ниқоб тақилгани» кўриниб турибди, Кьезани Флоренцияга қайтиш истаги қийнамаслиги турган гап. Аммо факт шуки, у қолган 30 ҳамкасби сингари ижарада ўйнаяпти.

2-ўрин. «Челси» (Англия) - 168,03 млн. евро (19 футболчи, ўртача ёш - 25,1)

Бакайоко, Лофтус-Чик, Баркли, Томори, Батшуа­йи, Маланга Сарр, Ампаду, Кенеди, Заппакоста, Дринкуотер ва Виктор Мозес... Мазкур футболчилар яқин-яқингача «кўклар»га ижарага берувчилар рейтингида етакчиликни таъминлаб келишаётганди. Кейинчалик орага «Арсенал», «Реал» ва Эдегор суқулишди.

1-ўрин. «Реал» (Испания) - 183,5 млн. евро (9 футболчи, ўртача ёш - 22,9)

Бошқа жамоада ижарада ўйнаётган футболчиларининг умумий нархи бўйича яна «Реал» пешқадамлик қилмоқда. Яқинда 40 миллионлик Мартин Эдегорни мавсум охиригача «Арсенал»га берган «қаймоқранглилар» шу тариқа рўйхатда «Челси»ни қувиб ўтишди.

Диққатга молик факт: 16 клубнинг ижарадаги футболчилари умумий нархи 50} миллион еврога тенг. Топ-10га кирмаганлар орасида «Аталанта» (82,53 млн. евро), «Лион» (82,25), «Монако» (66,35), «Барселона» (59,5), «Порту» (55,7), «Наполи» (54,1) ҳам бор.

Диққатга молик факт: «Аталанта» ижарага берилган футболчилар сони (50 нафар) бўйича етакчи ҳисобланади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz