Қайднома

Қидирув

Терма жамоамизни Навоий мундиалга олиб чиқади

Терма жамоамизни Навоий мундиалга олиб чиқади

  10.02.2021 13:13
  0
  549
Терма жамоамизни Навоий мундиалга олиб чиқади

2021 йилнинг 6 февраль куни Қуёш эрталабдан то шомга қадар булутлар билан қувлашмачоқ ўйнади. Кўкка боқиб ғаройиб баҳс­ни узоқ-узоқ кузатдим. Вадим Абрамов бош­қарувидаги миллий терма жамоамизнинг бўлажак муҳим учрашувларга тайёргарлигидан кўнгил тўлмаётгани, «Насаф»нинг тақдирига алоқадор нохуш хабарлар келаётгани, 2-3та хусусий почта «Репетитор» газетаси таҳририя­ти ҳисоб рақамига пул ўтказмаётганига қарамай, кайфиятим чоғ эди. Кун бўйи яхши ишладим ва «Репетитор» газетаси учун 2та мақола ёздим. Орада Кўкча қабристонида мангу уйқуда ётган қадрдонлар зиёратига борган таниқли ижодкор Темур Тўрабоев қўнғироқ қилди. У ўз даврининг машҳур ўйинчиси Ҳамид Раҳматуллаев қабри қошида туриб, бир дам ХХ асрнинг 60-70-йилларидаги оловли футбол ҳақида сўзлади. Оқшом учрашувлар томошасига вақт ажратолмадим. Нодир Жонузоқ ва Исажон Султоннинг суҳбатини кўриб, оила даврасида Алишер Навоий ғазалларини ўқидик. «Фавойид ул-кибар»нинг 462-ғазалидаги ушбу байт алоҳида эътиборимизни тортди:

Чу давр аҳли жафосидин ичармен бода, эй соқий,

Унутма давр аёғидин, вале ёд этма даврондин.

Ҳа, ҳатто шеърият мулкининг султони ҳам давру-даврон зиддиятлари охирига етолмай, бутун фиғонини қоғозга тўккан.

Муҳтарам мухлис! Яна озгина сабр қилинг. Биласиз, мулоҳазаларим охир-оқибат, барибир, футболга боғланади. Эртасига эса кун бўйи ёмғир ёғди. Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал мактаблардан бирида ўтказилган сўровнома натижалари билан танишдим. Маълум бўлишича, ўша мактаб ўқувчилари орасида Алишер Навоийнинг бирор байтини билиш у ёқда турсин, ҳатто улуғ шоир номини эшитмаганлар ҳам анчагина экан. Йўқ, ҳайратдан ёқа ушламанг: факт­лар ўжар бўлади, муболаға қилмаяпман, ошириб юбормаяпман. Сўзларимдан шубҳаланиб, жаҳли чиққанлар яқинлари даврасида навоийхонлик ўтказиб кўришсин. Икки ойча олдин бир катта йиғинда 11 (ўн бир) рақами русчасини сўраганимда, «один-один» жавоби қайтарган 11-синф битирувчилари ҳақида сўзлагимда амалдорлар «шок»ка тушишганди. Ўқувчи - ўқувчи-да! Ўргатилмаса, талаб қилинмаса, у қаердан билсин...

Яқинда юздан ортиқ адабиёт ўқитувчисидан «Ўткан кунлар» романи матнини тўлиқ ўқиган-ўқимаганлигини сўрадим. Афсуски, ўқиган топилмади. Хўш, нега буларни ёзяпман? Ҳаётимиз зулматдан иборатми? Реаллик ичра позитивлик кўпми ёки негативлик? Президент қарори билан халқаро Алишер Навоий жамоат фонди тузилди, Исажон Султон «Алишер Навоий» романини ёзди, «Алишер Навоий» ордени таъсис этилмоқда... Ҳаммаси позитив хабарлар! Уларни билгач, тафаккурингизда тараққий сездингизми ёки Навоийни ўргана қолдингизми? Йўқ, албатта. Хушхабар тараққиёт асоси бўлолмайди. Алам қилдирадиган танқид, аччиқ ҳақиқат кишини ва жамиятни, жумладан, футболни ҳаракатлантиради.

Гоҳ порлаб, гоҳ булутлар панасида қолаётган Қуёш ва ёмғирли кун ҳақида ёзишнинг маъноси нима? Маъно шуки, футболимизда ҳам бир маромдаги мўътадил об-ҳаво йўқ! Арзирли натижа бўлмасада, аҳамиятсиз ютуқлардан фахрланамиз, аламли мағлубиятларни қандайдир сабаблар билан изоҳлайверамиз. Футболимиз эса жойида қотиб тураверади. Чунки унда билим йўқ, тафаккур йўқ, ҳақиқатни тан олиш йўқ! Айтинг-чи, Алишер Навоий ижоди бирлаштирмаган, улуғ шоир ғазалларини билмайдиган терма жамоа мундиалга чиқиши мумкинми? Юзаки қараганда футбол ва Навоий бир-бирига алоқаси йўқ қутб­лардек таассурот уйғотади. Аслида эса ўзбек футболи тараққиётини Навоий ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Бразилия футболи карнаваллардан ўсиб чиққани ва жозиба топгани каби ўзбек футболи ҳам Навоий ижоди орқали улканлашади, ҳайбат касб этади. Майдонда «Қарокўзим»ни дилида такрорлаб ўйнаган футболчи ўзи сезмаган ҳолда бошқачароқ тўп суради. Буни ҳозир охиригача тушунтиролмайман. Тушунганим шуки, футболимизнинг тараққиёти Навоий ижодини ўрганишдан бошланади.

Ўйлайманки, бу сафарги мавзу ва сарлавҳа учун мени айбламайсизлар. Улуғ шоир руҳи шод бўлсин ва футболимиз ҳам улуғлик сари талпинсин!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz