Қайднома

Қидирув

Тақдир: «Эйбар»нинг фидойи маъмури

Тақдир: «Эйбар»нинг фидойи маъмури

  11.02.2021 03:33
  0
  309
Тақдир: «Эйбар»нинг фидойи маъмури

Испаниянинг «Эйбар» клуби 1940 йилдан буён мавжуд. Анхель Сапико эса 1969 йилдан буён шу жамоада. У бош директор ёки афсонавий футболчи эмас. Шунчаки, экипировкалар бўйича менежер. Тасодиф туфайли клубга келиб қолиб, 27 минг аҳолиси бор шаҳарнинг афсонасига айланган.

«Барса»га мухлислик ва опа илтимоси

1958 йил. Анхель Сапико 18 ёшда эди. Опасининг тўйида қатнашиш учун Эйбарга борганди. Ўша пайт Сапико мактабни якунлаган, эҳтиётсизлик туфайли озиқ-овқат дўконидаги ишидан айрилганди. Директор унинг хурмача қилиқлари (кеч қолиб келиш ва бошқа камчиликлар)дан чарчаб, ишдан ҳайдаганди. Сўнг-ра маълум муддат қуроллар ишлаб чиқарувчи фабрикада фаолият юритди, аммо у ердан ҳам тезда бўшади.

Сапико ўша дамларни ёдга оларкан, жумладан шундай деди: «Опам менга таклиф билан чиқиб, «Эйбар»дан иш сўради. Ҳозир бу олий дивизиондаги кичик клуб, у пайтлари минтақавий лигада қатнашарди. Ўзим «Барселона»га мухлислик қилардим, ҳар бир ўйинни дарвоза ортидаги секторда кузатардим, фан-клуб аъзоси бўлганман. Поччамнинг дўсти «Эйбар»да ишларди. Клубдан таклиф тушгач, ўйлаб қолдим: «Майли, жамоа ранглари ҳам севимли клубимникидек, «Барса» ва «Эйбар» ўртасида ғанимлик йўқ, қолаверса, Барселонагача машинада етти соатлик йўл бор - ойда бир марта уй учрашувларини кўргани боравераман». Эсимда, даст-лабки икки йил «Барса» ўйинларига боролмадим - илк фикрларим хато бўлиб чиқди».

Аввалига Сапикога клубда тайинли лавозим берилмади - у ерда ҳар қандай ишни бажараверди. «Эйбар» - шаҳардаги спорт жамияти. Шу боис, Сапико мактабларга бориб, болалар ўртасида турнирлар ташкил этди. Маълум муддат клуб офисида, бухгалтерия қоғозлари билан ишлади. Бир неча марта ҳатто, «Эйбар» спорт директорини ишдан бўшатиб, ўрнига ўринбосар қидираётганда, унинг вазифасини бажарди.

«Ишимдан роҳатланардим. Вақт ўтгани сари «Эйбар» қадрдонимга айланди, у юрагимда алоҳида ўринга жойлашди. «Барселона»да шунчаки Анхель эдим. Бу ерда эса мени ҳамма танирди. Аҳоли шаҳар кўчаларида учратиб қолишса, «Ҳой, Анхель, яхшимисан? Сенга омад ёр бўлсин, футболчиларга салом айт» ёки «Қалайсан, оғайни? Астойдил бўл, жамоамизнинг кейинги ўйинда ғалаба қозониши учун ёрдам бер», дейишарди.

Асосий иши - экипировкалар бўйича менежерлик

1980 йилдан буён Сапико «Эйбар»да экипировкалар бўйича менежер вазифасида муқим ишлаб келмоқда. 41 йил мобайнида клуб Терсерадан Примерагача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Сапиконинг кун тартиби ўзгармайди. Ҳар куни тонгги соат 5да уйғониб, соат 05:45гача ҳозирланади (душ, нонушта дегандек), сўнгра шахсий автомобилида «Ипуруа»га боради. У ерда барча либосларни йиғиштиради. Раҳбарият унинг ёшини (бу йил 70га тўлади) инобатга олиб, ёнига ёрдамчи олиши кераклигини айтганди, бироқ Сапико рад этди - «Ишимни ўз қўлларим билан бажаришдан роҳатланаман», дейди қаҳрамонимиз.

«Ипуруа»дан клубга тегишли машинада аррасате-Мондрагон (Эйбардан 30 км. узоқликда жойлашган аҳоли яшаш пункти)га боради - «Эйбар»нинг машғулотлар базаси айнан шу ерда. Соат 08:30да футболчилар дастлабки машқларни бажариш учун келишади - бу пайтда Сапико барча либос ва бутсаларни шай ҳолга келтирган бўлади.

«Роботга ўхшайман. Мазкур жараён миямга муҳрланиб қолган. Баъзида бу нарса менга панд ҳам беради. «Эйбар»да экипировкалар менежери бўлиб иш бошлаганимга 5-6 йил бўлганда, ҳаётдаги бошқа юмушлар эътиборсиз қолди. Бир сафар мавсумлар оралиғида эрталаб соат 5да уйғондим, қаҳва ичиб, «Ипуруа»га бордим ва у ерда либосларнинг йўқлигини кўрдим. Жуда қўрқиб кетдим - ўғирлашди, деган хаёлга бордим. Ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўриш учун базага бордим: балки уни бошқа бирор киши олиб боргандир. Қўриқчилар ҳайрон бўлишди: «Эсингни едингми? Ҳамма таътилда-ку! Бор, сен ҳам дамингни ол, Анхель».

Сапиконинг айтишича, 40 йилдан буён шундай тартибда яшайди - бундан роҳатланади. Ишидан оладиган қўшимча завқи - ажойиб одамлар билан суҳбатлашади, мунтазам севимли клуби ичида юради (ҳа, у «Эйбар» «Барселона»дан ҳам устун эканлигини айтишга улгурди).

Аммо ҳозир ёши 70га яқинлашганда, «Эйбар»даги фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдиради: «Бу клубни тўлиқлигича биламан, унинг тарихи ва ҳар бир жиҳатидан хабардорман. Аммо 70га тўляпман. Энди вақтимни қолган ҳаётимга бағишлашим керак. Бу мавсум «Эйбар» хизматчиси сифатидаги сўнггиси бўлади. Кейин-чи? Кейин нима бўлади? Шунчаки, «Ипуруа»га ташриф буюриб, севимли жамоамга мухлислик қиламан».

Тарих... хаёллар...

** Сербиялик ҳимоячи Вукашин Йованович «Эйбар»да ярим йил ижарада ўйнаганда, Сапикони жуда «қийнаган» экан. «Вука (Йовановични жамоада шундай чақиришган) ёнимга келиб, инглизчада нималардир деди. Нега? Ахир бу тилни билмайман-ку. Уни тингладим, ҳеч нимани тушунмадим, сўнгра айтганларини тахмин қилишга киришдим - бармоғим билан либосларга, бутсаларга ва бошқа буюмларга ишора қилдим. Агар жилмайиб, бошини тасдиқ маъносида ирғаса, демак ҳаммаси яхши. Эсимда, бир сафар нимадир қаттиқ жаҳлимни чиқарган пайт Йованович ёнимга келиб, инглизчада нималардир деди. Мен эса асабийлашиб: «Аҳмоқмисан? Сени тушунмаяпман», дедим. У эса: «Си, си (ҳа, ҳа)», деди. Жуда ғалати вазиятга тушгандим», - дея эслайди Сапико.

** «Экипировкалар бўйича маъмур ёки менежер дегани нимани англатади? Бу одамлар шунчаки либосларни ташиш билан шуғулланишади, деса адашган бўлади. Биз - оила аъзоларимиз. Футболчи жароҳат олса, мураббий уни захирага олади. У ким билан суҳбатлашади? Тўғри, мен билан. Легионерлар учун биз деярли отадекмиз: ёрдамлашамиз, кўрсатамиз, ўргатамиз. Баъзан бундай одамларни клубдагилар унча қадрлашмайди».

** «Биласизми, «Эйбар»нинг таровати нимада? Унинг ўзига хослигида. Футболчи фаолияти давомида миллионлаб клубларни алмаштириши мумкин. Бироқ у «Эйбар»даги йигитлар (раҳбарият, ходимлар ва менежерлар)ни умрбод ёдда сақлаб қолади. Бу ерда ҳаммага ўзининг яқин кишисидек муносабатда бўлишади».

** Анхель ҳар мавсум бошида бир одатий ишни амалга оширади. Унга «АЗ» ҳарфлари битилган янги форма беришади. Қаҳрамонимиз эса «А» ҳарфини ўчириб ташлайди: «Барча футболчилар учун мен Сапикоман. Ҳамкасбларим учун ҳам шундай. Фамилиям исмимга қараганда яхшироқ эшитилади».

Х.ЮСУПОВ тайёрлади

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz