Қайднома

Қидирув

Шаҳзод Убайдуллаев: «Мақсад – ЕЧЛда муносиб иштирок этиш»

Шаҳзод Убайдуллаев: «Мақсад – ЕЧЛда муносиб иштирок этиш»

  11.02.2021 06:06
  0
  458
Шаҳзод Убайдуллаев: «Мақсад – ЕЧЛда муносиб иштирок этиш»

Яқинда Солигорскнинг «Шахтёр» клубига трансфер қилинган косонсойлик Шаҳзод Убайдуллаев БААда янги жамоаси билан мавсум-олди йиғинни ўтказмоқда. Мураббийлари ҳамюртимизни «Динамо» (Киев)га қарши назорат ўйини (0:2)да майдонга туширишмаган бўлса, «Зенит» (Санкт-Петербург)га қарши баҳс (0:2)нинг иккинчи бўлимида ўзбек ҳужумчисига имконият беришди. Учинчи учрашув БААнинг «Лива» клуби билан ўтказилди ва Убайдуллаев бошланғич таркибдан жой олди. Мазкур ўйиннинг 11-дақиқасида легионеримиз «Шахтёр» таркибидаги биринчи голини урди. Биз Шаҳзод билан боғланиб, янги жамоасидаги таассуротлари ва бошқа мавзуларда суҳбат уюштирдик.

- Дастлаб янги жамоага кўникиш ва йиғин жараёнидаги таассуротлар билан ўртоқлашсангиз.

- Аста-секин жамоага кўникяпман. Йиғинлар еврофутболга хос, оғир жисмоний юкламалар остида ўтмоқда. Бунга кўникиш бироз қийин кечмоқда, насиб қилса, чемпионат бошлангунга қадар жамоага киришиб кетаман. «Шахтёр» бу мавсум ЕЧЛда иштирок этади, мазкур турнирда муносиб қатнашмоқчимиз.

- «Шахтёр» таклифи қандай пайдо бўлди?

- Ушбу жамоадан таклиф тушишидан аввал олдимда Саудия Арабистони клубларига ўтиш варианти ҳам бор эди. Бироқ «Металлург» директори Шавкат Саи-дов Беларусь чемпиони - «Шахтёр»дан таклиф бўлаётганини маълум қилди. Ўйлаб ўтирмай, рози бўлдим.

- Ўтган йил Жасур Яхшибоев шу жамоада тўп сурди. Ундан маълумот сўрадингизми?

- Тўғриси, Жасур билан гаплашмадим. Бу борада фақат отам билан маслаҳатлашиб, розилик олгач, «Шахтёр» аъзосига айландим.

- Сизга футбол сир-асрорларини ўргатган устозларингиз билан яқиндан таништирсангиз.

- Футбол билан дастлаб Косонсойда, Зокир ака қўл остида шуғулланганман. Кейинчалик Наманган футбол мактабида Умархон Атахонов ва Отабек Отабоев устозлик қилишган.

- «Шахтёр» ҳақидаги дастлабки тасаввурларингиз қандай?

- Жамоанинг кучлилиги, ўтган мавсум чемпионликни қўлга киритгани бежиз эмаслиги кўриниб турибди. «Шахтёр» ўртоқлик учрашувларида Россия клублари билан тенгма-тенг беллашди. Насиб қилса, бундай салоҳият билан ЕЧЛ­да яхши иштирок этамиз.

- Собиқ жамоангиз «Металлург» ҳақида ҳам гапирсангиз.

- Бекобод жамоасида ажойиб дамларни ўтказдим. «Металлург» сўнгги йилларда анча ўсишга эришди, чиройли ғалабалар қайд этди. Ўйлайманки, бу клуб кейинги мавсумларда ҳам ўзидан яхши таассурот қолдиради.

- «Шахтёр»дагилар Жасур Яхшибоев тўғрисида гапиришадими?

- Ҳа, албатта, Яхшибоев бу ерда етакчилардан бири бўлган. Унинг клуб учун қилган хизматларини эслаб, эътироф этишади.

- Ўтган мавсум «Шахтёр» чемпионликни қўлга киритгач, жамоани айрим етакчилар тарк этишди. Клубнинг айни дамдаги потенциали қай даражада деб ўйлайсиз?

- Тўғриси, жамоадан кимлар кетгани ва улар қандай савиядаги футболчилар бўлгани менга қоронғу. Улардан фақат Жасурни биламан, холос. Ҳозир «Шахтёр» сафига 7-8 нафар яхши савиядаги футболчилар қўшилган.

- Яхшибоевнинг Беларусдаги муваффақияти ўзингизга бўлган ишончингизнинг ортишига турт­ки бўла оладими?

- Албатта, Жасур бу чемпионатда нималарга қодирлигини кўрсата олди, унинг ютуқлари эътирофга лойиқ. Мен ҳам яхши ниятлар билан жамоа сафига қўшилдим. Худо хоҳласа, астойдил меҳнат қилиб, жамоа муваффақиятига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Мақсадим - Беларусь лигаси тўпурари бўлиш.

- Клуб билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз? Ҳужумдаги рақобатчилар хусусидаги фикрингиз қандай?

- Жамоа билан 3 йилга мўлжалланган битим туздик. Ҳужумдаги рақобатчиларим эса анча савияли. Лекин шунга қарамай, маш­ғулотларда астойдил шуғулланиб, жамоада ўз ўрнимни топа оламан.

- Сизнингча, «Шахтёр» Ўзбекистон чемпионатидаги қайси жамоаларимиз билан рақобатлаша олади?

- Ҳозирча фақат ўртоқлик учрашувларини кўрганим сабабли, аниқ фикр билдиролмайман. Расмий ўйинлардан кейин «Шахтёр»­нинг тўлиқ кучига баҳо бериш имкони бўлса керак.

- Ўртоқлик учрашувида бўлсада янги жамоангиз сафида гол уришга эришдингиз. Маш­ғулотлар жараёнида максимал имкониятларингизни намойиш эта оляпсизми?

- Тўғриси, ҳали машғулотларга тўлиқ киришиб кетганимча йўқ. Насиб қилса, чемпионат бошлангунга қадар имкониятларимни намойиш этиб, жамоа ўйинига мослашаман.

- «Шахтёр»даги мураббийлар сизни «Металлург»даги позициянгизда ўйнатишадими ёки янгилик кўрамизми?

- Ҳозир асосан қанотларда ўйнатишяпти. Бу мен учун ортиқча ноқулайлик туғдирмайди, чунки «Металлург»да ҳам кўпинча шу чизиқда тўп сурганман.

- Беларусь ва ўзбек футболининг фарқли томонлари нимада экан?

- Ўзбек футболи индивидуал жиҳатдан Осиёда энг кучлиларидан бири саналади. Беларусь футболида эса жисмоний устунлик бор.

- Ўзбек футболчиларининг Европа жамоаларида камчиликни ташкил этишлари, сизнингча, нима билан боғлиқ?

- Биласиз, ўзбек футболи азалдан истеъдодларга бой бўлиб келган. Лекин уларга бўлган ёндашув талаб даражасида эмас. Масалан, ажойиб истеъдодга эга айрим ёшлар оилавий шароити туфайли футболдан йироқлашиб, ўзини бошқа соҳада синаб кўраётганига гувоҳ бўлганман. Афсуски, шу туфайли ўзбек футболи иқтидорларидан маҳрум бўлади. Иккинчи масала - ёшларга ишонч билдириш ва уларни қўллаб-қувватлашдаги камчиликлар. Оддий мисол, баъзи клубларда хато қилган ёш футболчига жиддий танбеҳ беришади ва у ўзини йўқотиб қўяди. Натижада, ўзининг нималарга қодирлигини тўлиқ кўрсатолмайди. Тўғриси, шундай кунлар менинг ҳам бошимдан ўтган. Биринчи лигада ўйнаб юрган кезларим ёши каттароқ футболчилар биз каби ёшларга жиддий дакки берардилар, оқибатда чўчиб ўйнардик. Онгимизда фақат шу нарса айланарди. 2019 йил «Андижон»га борганимда ҳам худди шундай ҳолат рўй берган. Иккинчи даврада клуб бош мураббийлигига Александр Хомяков келгач, вазият ўзгарган. Бу мутахассис футболчиларга ёши каттами, кичикми, бир хил муносабатда бўлишни талаб қилган ва шундан кейингина ўйнаб кетганман. Европада эса ундай эмас. Бу ерда ёшнинг аҳамияти йўқ, барчага бирдек муносабат. Бир киши барча учун, барча бир киши учун ҳаракат қилади. Демакки, агар ўсиб келаётган ёш футболчиларга нафақат майдонда, балки унинг таш-қарисида ҳам руҳий далда бериб, унга кўмакчи бўлишса, қўллаб-қувватлашса, ўйлайманки, ажойиб ўйинчилар етишиб чиқади. Мисол тариқасида «Насаф»ни олайлик, бу жамоада ҳар йили кўплаб иқтидорлар кашф этилиши бежиз эмас. Чунки у ерда Европа тизимига амал қилинади. Ёшларга имкон берилади, ишонч билдирилади ва улар ўзларини кўрсатишади.

- Сизга танлаш имконияти берилса, «Шахтёр»га «Металлург»­дан кимни тавсия қилган бўлардингиз?

- Шукур Сатторовни! Эҳтимол, унда ўйин амалиёти етарли эмас, деган фикр туғилиши мумкин, лекин у Беларусь футболида бемалол ўзини кўрсата олади. Сатторов ўзимизнинг чемпионатда ҳам муваффақиятли ўйнаб кета оларди, лекин унга нима учун кам имконият беришаётганини тушунмайман.

- Янги клубингизнинг янги мавсумдаги мақсади ва ўзингизнинг режаларингиз ҳақида гапирсангиз.

- Жамоамизнинг асосий мақсади - ЕЧЛда муносиб иштирок этиш. Менинг ниятим эса «Шахтёр»даги фаолиятим орқали мамлакат тўпурари бўлиш ва келгусида Европанинг кучлироқ жамоа­лари сафида тўп суришдир.

- Европанинг аксарият футболчилари орзу қиладиган турнир - ЕЧЛда қатнашишга яқин турибсиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Ажойиб, албатта. Тўғрисини айтсам, ёшлигимда қачондир ушбу турнирда ўйнашни мақсад қилгандим, лекин бу кутилмаганда содир бўлди. Тўғри, ҳали бу мусобақада иштирок этганим йўқ. Бироқ ЕЧЛда майдонга тушиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Насиб қилса, мақсадим амалга ошади.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz