Қайднома

Қидирув

УЕФА Суперлига тузади: Бу сафар ҳаммаси жиддий

УЕФА Суперлига тузади: Бу сафар ҳаммаси жиддий

  11.02.2021 08:18
  0
  389
УЕФА Суперлига тузади: Бу сафар ҳаммаси жиддий

Суперлига руҳи анчадан буён Европа футболи бўйлаб кезиб юрибди. Бир қарасангиз, яққол кўзга ташланади, яна бир назар солганингизда эса, соя ортига йўқолади. Аммо унинг эртами-кеч амалга татбиқ этилишига шубҳа йўқ - ҳамма гап унинг формати ва лойиҳани ким бошқаришида. Энди ушбу янгиликни қўллаш бўйича конкрет сана ҳам аниқланди - 2024 йил. Бу ҳақда Испаниянинг нуфузли AS нашри хабар берди. Гап шундаки, УЕФА президенти Чемпионлар Лигасида ислоҳот ўтказади, саъй-ҳаракатлар эса якунда Суперлиганинг ташкил этилишига сабаб бўлади.

Мана асосий тезислар:

- экспертлар ва техник мутахассислар гуруҳи анчадан буён янги лойиҳанинг норматив, структура ва логистик жиҳатлари бўйи-ча ишлашмоқда;

- уларга қўшимча равишда Чеферин қарор чиқарадиган махсус гуруҳ ҳам тузган. Унга УЕФАнинг икки вице-президенти - испаниялик Луис Рубиалес ва португалиялик Фернандо Гомеш, иттифоқ ғазначиси - англиялик Дэвид Гилл ҳамда бош котиб - грециялик Теодор Теодоридис;

- Чефериннинг ўзи Европа клублар ассоциацияси (ЕСА) вакили ҳисобланган бешта клуб билан музокаралар ўтказмоқда. Булар - «Реал», «Ювентус», «Манчестер Юнайтед», «Фенербахче» ва «ПСЖ». Эътиборлиси, «Ювентус» томонидан музокараларда клуб президенти Андреа Аньелли қатнашмоқда. Ушбу функционер мос равишда ЕСАни ҳам бошқаради;

- Чеферин Европа футболининг инқирозга юз тутиши, УЕФА ўз таъсир доирасини йўқотиши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис, «ҳаракатга қарши туролмасанг - уни бошқар» принципини қўлламоқчи;

- УЕФА ва клубларга тегишли бўладиган янги бошқарув компанияси ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда;

- лойиҳа 9 йилга (2024-2033) мўлжалланган. Мабодо, келишувлар тезлашиб кетса, Суперлига старти эртароқ - 2023, ҳатто 2022 йилда ҳам амалга ошиши мумкин;

- лойиҳани ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам қўллаб-қувватлади. Ваҳоланки, аввалроқ ушбу мавзуда ФИФА ва УЕФА ўртасида жиддий қарама-қаршилик мавжуд эди - Инфантино ўзининг йирик клублар турнирини йўлга қўймоқчи бўлганди;

- музокараларнинг барча қатнашчилари етакчи миллий лигалар иштирокчилар сони 18 ва ҳатто 16тагача қисқариши тарафдори. Шу тариқа Суперлига ўйинлари учун бўш кунлар кўпроқ бўлиши таъминланади.

АS ахборотига ишониш мумкин. Биринчидан, лойиҳа реализациясида Испания футбол федерацияси президенти Рубиалес ҳамда «Реал» вакиллари қатнашишмоқда. Яъни, АS улардан маълумот олиш имкониятига эга. Иккинчидан, сўнгги кунларда шунга ўхшаш хабарлар Европанинг бошқа нашрларида ҳам чиқиб, уларда ҳам ўша 5 клуб номи тилга олинди.

Яна бир муҳим жиҳат - Аньеллининг лойиҳадаги фаол иштироки. Айни пайт рўй бераётган воқеалар икки йил аввал бошланган, ўшанда ғоя айнан «Ювентус» раҳбаридан чиққанди. У 2019 йилнинг март-апрель ойларида Европа футболини ислоҳ қилиш масаласида гапирганди. Ўшанда бу фикр катта қизиқишга сабаб бўлган, аммо кейинчалик аста-секин эътибор марказидан йўқолганди. Буни оддий қабул қилиш мумкин - сўнгги 15 йил мобайнида Суперлига тузиш ҳақида жуда кўп гапирилди, мазкур ҳолатда G-14 гуруҳини эслаш кифоя. Лекин барчаси шунчаки сўзлигича қолиб кетди. Буни қарангки, УЕФА қаршиликларни енгиб ўтишга куч топа олди.

Бироқ Аньеллининг ҳолати мутлақо фарқли. 2019 йилнинг баҳоридаёқ унинг ислоҳотлари Чеферин томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилганди. AS нашри уни деярли ислоҳотлар ташаббускори сифатида кўрсатди. Умуман олганда, УЕФА ва ЕСА етакчилари ҳаммани максимал даражада қаноатлантирадиган вариантни ишлаб чиқишга интилишмоқда.

Асос сифатида айнан Аньелли ва ЕСАнинг лойиҳаси олинганини бошқа бир факт ҳам исботлаб турибди. AS мақоласида ислоҳотларнинг спорт билан боғлиқ моҳияти - Суперлига иштирокчилари сони, унга кириш критериялари, тақвим ва шунга ўхшаш нарсалар хусусида гап бормайди. Фақатгина миллий лигалардаги қатнашчилар 16-18та жамоагача қисқартирилиши айтилган, холос. Аньеллининг лойиҳасида ҳам худди шундай эди.

Ундаги спорт тамойилларига тааллуқли асосий тезислар қуйи-дагича:

- турнирда аввалгидек 32 клуб қатнашади, аммо улар 4 гуруҳга 8тадан бўлинади. «Плей-офф»га ҳар бир гуруҳнинг тўрттадан энг яхши жамоаси чиқади. Яъни, ҳар бир клуб камида 14тадан ўйин ўтказади;

- барча гуруҳларда юқори кўрсаткич қайд этган 6 клуб Чемпионлар Лигасининг кейинги мавсумида ҳам қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади;

- қолган 8 иштирокчи номи қандай аниқланиши тушунарсиз. Тахминларга кўра, ўринларнинг тўрттаси Европа Лигаси ярим финалчиларига тегади, қолган тўрттаси миллий чемпионатлар вакилларига берилади. Аслида, Европа клубларининг 95 фоизига Европа Лигаси ва мавсум-2021Ғ2022дан старт оладиган УЕФА тасарруфидаги учинчи даражали турнир (ўша Конференциялар лигаси) билан кифояланиш таклифи берилди;

- ЧЛ ўйинлари дам олиш кунларига белгиланади, миллий чемпионатлар эса ҳафта ўртасида ўтказилади.

2019 йилнинг июнида ЕСА УЕФАга ислоҳотлар лойиҳасини тақдим этди. Мақсад - Европада футбол пирамидаси ташкил қилиб, Чемпионлар Лигасини унинг олий дивизионига айлантириш. Кейинги даражадаги турнир - Европа Лигаси ва ҳоказо. ЧЛ саралаши ҳам миллий чемпионатлар эмас, айнан шу пирамида орқали амалга оширилади. Янги лойиҳа старти 2024 йилга режалаштирилган.

Кўриниб турибдики, гап ҳозир айнан шу ислоҳотлар ҳақида бормоқда.

Ўшанда Европа футболининг қайта ташкил этилишига қарши чиққанлар миллий лигалар бўлганди. Айниқса, Испания Ла Лигаси раҳбари Хавьер Тебас бу борада фаоллик кўрсатганди. «Европа футбол клублари ассоциацияси ва УЕФА берган таклиф Европа футболи учун ҳақиқий фалокат бўлади. Улар миллий лигаларни барбод қилиб, тўртинчи даражали мусобақага айлантиришади. Улар бойликларини янада кўпайтириб, «юқори»га чиқиб, биздан яширинишади. Бунга йўл қўёлмаймиз», - деганди Тебас Financial Times нашрига берган интервьюсида. Мутасаддини тўғри тушуниш мумкин: «Реал» ва «Барселона»си бўлмаган Ла Лига кимга керак?

Аммо воқеалар шу зайл ривожланишда давом этса, Тебас ютқазади - вазият анча жиддий кўринмоқда. Қолаверса, лигаларнинг телешартномалари бир неча йиллар аввал чўққига чиқиб бўлган, келгусида улар пасаяди. Масалан, АПЛнинг амалдаги келишуви муддати 2022 йилда якунланади, янгиси ҳали имзоланмаган - демак, Англия клубларига янги лойиҳанинг жиддийлигини тушунтириб, улар билан келишиб олиш мумкин. Пандемия нафақат янги даромад манбаларини излаш, балки эскиларини кўриб чиқишга ҳам мажбур қилди. Шундай экан, 2024 йилда янги Суперлиганинг старт олиши ҳақиқатга яқин.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz