Қайднома

Қидирув

Миллионга сотилмаган футболка

Миллионга сотилмаган футболка

  12.02.2021 02:22
  0
  195
Миллионга сотилмаган футболка

«Ноттингем Форест» клуби ва Англия терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Стив Хож Диего Марадонанинг футболкасини 1 млн. еврога сотишни истамади. Мексика мезбонлигида ўтган ЖЧ-1986 чорак финалидаги Аргентина - Англия учрашувидан (2:1) кейин Хож аргентиналик қирол билан футболка алмашган ва Манчестердаги футбол музейига топшириш орқали авайлаб-асраб келганди. Яқинда 58 ёшли собиқ футболчи нима учун буюк касбдошининг футболкасидан жудо бўлишни истамаганлигини тушунтириб берди.

Аргентинадан қабул қилинган мағлубият инглизларни мусобақадан чиқариб юборган бўлсада, Стив Хож ҳеч қачон Марадонани қўл билан гол урганликда айб-лаган эмас. Дарвоқе, айнан англиялик ярим ҳимоячининг оёғига текканидан кейин ҳавога қўтарилган тўпни Диего қўли билан дарвозага йўллаганди.

«Марадона билан либос алмашганим учун кўпчиликдан таъна-дашномлар эшитдим. Ҳатто айрим жамоадошларим ҳам қаттиқ хафа бўлишди. Бироқ ўша ўйин футбол тарихидан абадий ўрин олди. Марадонани ўша голи учун айбламадим. У шердек жасур йигит эди. Рақиблари доимо оёқларига тепишсада, ҳеч нарса бўлмагандек ўйнайверарди», - дейди Хож.

Ҳозирда ВВСда радиорепортажларга масъул бўлган собиқ футболчи Марадонанинг футболкасини бебаҳо ёдгорликка қиёслайди: «Бу либосни 34 йилдан бери авайлаяпман. Уни сотиб юбориш фикри хаёлимга ҳам келган эмас. Чунки бунақа ноёб эсдаликни қайта топиб бўлмайди. Бир неча марта интернетдаги хабарларга кўзим тушди. Уларда футболка учун 1 млн. евро, ҳатто ундан ҳам кўпроқ сўраётганлигим ёзилган. Булар ҳақиқатдан йироқ, ёлғон хабарларни ёзиш пасткашлик эканлигини расман маълум қиламан. Тўғри, Диегонинг вафотидан кейин бу ноёб ёдгорликни сотишимни сўраб юзлаб қўнғироқлар бўлди».

«Илоҳий қўл» билан урилган, кейинчалик «аср голи» мақомини олган аниқ зарба муаллифининг либосини коллекционерлар чиндан ҳам миллион еврога баҳоламоқдалар. Бироқ Хож ён бермаяпти. Либос эса ҳамон Манчестер музейини безаб турибди.

Марадонанинг футболкаси халқ манфаати хизматида

Ўтган йилнинг апрелида «Наполи» ва «Ювентус»нинг собиқ ҳимоячиси Чиро Феррара аргентиналик даҳо футболкасини хайрия аукционида 55 минг еврога сотиб, маблағни Фабио Каннаваро ҳамкорлигида ташкил этган хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказди. Жамғарма пандемия даврида Неаполга моддий кўмак кўрсатмоқда. Либоснинг сотилгани ҳақида Диего ўз «Инстаграм»и орқали хабар берганди: «Чиро билан яна битта учрашув ўтказдик ва биргаликда Неаполь ва неаполликлар учун ғалаба қозондик. Менга шу ажойиб шаҳарнинг бир бўлаги эканлигимни эслатганинг учун менга раҳмат, Чиро. Ҳозирги оғир дамларда шаҳар фуқаролари учун зарур маҳсулотларни харид қилишга ҳисса қўшганим билан фахрланаман. Феррара|Каннаваро жам-ғармаси аъзоларига ҳам ташаккур. Доимо сизларнинг ёнингиздаман!».

Ярим йилдан кейин Диего Марадона 60 ёшида ёруғ дунёни тарк этди. Маълумотларга кўра, даҳонинг ўлимига сурункали юрак етишмовчилиги таъсирида келиб чиққан ўпка шиши хасталиги сабаб бўлган. Марадонанинг юраги одатдагидан икки бараварга катталашиб кетгани боис, шифокорлар уни касаллик сабабларини аниқлаш мақсадида олиб қолишди. Ҳа, айрим бахтли кишиларга ҳатто вафотидан кейин ҳам эл манфаатига хизмат қилиш насиб этади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz