Қайднома

Қидирув

Рейтинг: Ўзбек футболи-2020: 30 нафар ёрқин «фигура»(2-қисм)

Рейтинг: Ўзбек футболи-2020: 30 нафар ёрқин «фигура»(2-қисм)

  12.02.2021 04:14
  0
  375
Рейтинг: Ўзбек футболи-2020: 30 нафар ёрқин «фигура»(2-қисм)

«УЗБЕКСКАЯ КУХНЯ» ВА SPORTS.RU САЙТИНИНГ ЖАНЖАЛЛИ РЕЙТИНГИ ИККИНЧИ ҚИСМИ (24-19-ЎРИНЛАР). Рейтингнинг биринчи қисмини газетамизнинг аввалги сешанба сонида ҳавола қилгандик. Демак, давом этамиз, навбат 2020 йил якунларига кўра, 19-24-ўринларга жойлашган шахсларга келди.

Рейтинг қуйидаги мезонлар асосида тузилган:

***Ўзбек футболи ривожланишига таъсири (қонуний);

***Европа, Осиё ва Россия ОАВ янгиликларида эслатиб ўтилганлар;

***Sports.ru янгиликлари лентасида эслатиб ўтилганлар;

***Google ва Yandex қидирув тизимларидаги сўровлар;

***Ижтимоий тармоқлардаги обуначилар, шунингдек, фан-клубларнинг мавжудлиги;

***Чет эл ва маҳаллий лигада муваффақиятли ўйин (футболчи ёки мураббий);

***Ўзбекистоннинг нуфузли ОАВ ва «Узбекская кухня»даги интервьюлар;

***Бошқарув корпусида юқори маъмурий лавозим мавжудлиги (ОФК ёки ЎФАда);

***Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги муваффақиятлар.

24-ўрин. Аваз БЕРДИҚУЛОВ, ОФК Терма жамоалар мусобақалари бўлими бошлиғи (2019 йили sports.ru рейтингида - 10-ўрин). Аваз Бердиқулов - Ўзбекистоннинг Осиё футбол конфедерациясидаги асосий вакилларидан бири. Бундай ходимлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Бердиқулов ОФКда Мусобақалар бўлимини бошқаради ва унинг иши тасдиғи шундан иборатки, ташкилот коронавируснинг жорий фавқулодда шароитида ўз ҳаракатини тезда мувофиқлаштириб олди. Дейлик, чемпионатлар бекор қилинган, айримлари муддатидан олдин якунига етказилган паллада ОЧЛ мавсуми айтарли талафотсиз финиш маррасига қадам босди. Тўғри, Қатар эшиклари ланг очилмаганида, турнир буткул тўхтаб қоларди. Ҳамюртимизнинг коронавирус юқиши авж олган Таиландда ташкиллаштирилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олиб борган иши ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Агар бундай фавқулодда вазиятлар юзага келмаганида, Аваз эҳтимол, ушбу рейтингда пастга тушмасди. Асосий факт шуки,  ўзбекистонликларнинг бундай юқори даражали ташкилотларда фаолият юритишлари - жуда яхши.

 

23. Драган ЧЕРАН, «Пахтакор» клубининг сербиялик ҳужумчиси (2019 йили sports.ru рейтингида - 29-ўрин). Сербиянинг шимолида жойлашган улуғвор Кикинда шаҳри фуқароси узоқ вақтдан буён ўзбек футболида нималарга қодирлигини юқори даражада кўрсатиб келмоқда. Охирги мавсумни ҳам унинг ҳисобига қалин плюс билан ёзиб қўйсак бўлади. Бинобарин, Черан ўз клуби билан барча ички турнирларда ғалаба нашидасини суришдан ташқари, қаторасига иккинчи мавсум Ўзбекистон Суперлигаси дарвозабонлари учун асосий «уйқу бузувчи» ролини бажарди. Серб шунингдек, «Пахтакор»нинг ОЧЛда тетик қатнашиб, чорак финалга чиқишига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон чемпионати тўпурарлар пойгасида 2 бора ғолиб чиққан охирги футболчи - бу Шуҳрат Мирхолдиршоев (иккинчи марта - 2004 йили). Бу борада на Ривалдо, на Анвар Бердиев ва на Марат Бикмаев мақтана олади. Чераннинг Ўзбекистон миллий жамоасига жалб этилиши эҳтимоли тез-тез муҳокама қилинаётгани бор гап. Бу тўғрими ёки йўқ - билмадик. Аммо миллий чемпионатимиз Драган мисолида ўзининг ёрқин юлдузини топгани айни ҳақиқат.

 

22-ўрин. Сервер ЖЕПАРОВ, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи, ЎФА қошидаги Мураббийлар таълими бўлими бошлиғи (2019 йили sports.ru рейтингида - 20-ўрин). Жепаров азалдан ўзбек футболи учун шунчаки, юлдуздан ҳам юқори даражада тан олинади. Мана, у футболчиликдан сўнг спорт функционери ва мураббийи сифатида ҳам кўп қиррали истеъдодини намоён эта бошлади. Сервер 2019 йили Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош­қарувини қўлга олиб, унинг савия­сини кўтаришга улгурди. Айнан Жепаров ва Темур Кападзе боғламига миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовнинг потенциал ўринбосари сифатида қаралаётгани ҳам бор гап. Ҳар ҳолда, терма жамоанинг собиқ сардори мураббийлик фаолиятининг бошланғич қисмидаёқ бу соҳада ҳам келажаги порлоқ эканлигини исботлашга тушди.

 

21-ўрин. Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ, Россиянинг «Локомотив» ва «Тамбов» клублари футболчиси (2019 йили sports.ru рейтингида - 27-ўрин). Тан олиш керак, Жасур Москванинг «Локомотив» клуби билан шартнома тузиши ортидан Россия матбуотида алоҳида муҳокама «персона»сига айланди. Унинг «темирйўлчилар» сафида ўйнаб кетолмаганию, «Тамбов»да ҳам ўзини кўрсатолмагани бошқа масала. Факт - айнан Жалолиддинов туфайли Россияда футболимиз ҳақида бот-бот ёзилди...

 

20-ўрин. Алишер НИКИМБАЕВ, Қатар футбол ассоциацияси Турнирлар техник эксперти (sports.ru рейтингига 6 йилдан кейин қайтди). Хорижда ишлаётган яна бир ҳамюртимиз. Унинг мақолалари бутун ўзбек ОАВ бўйлаб тарқалмоқда, «Телеграм» тармоғидаги канали футбол жамоатчилигини ўзига жалб этишда бардавом. Кўпинча Никимбаевнинг фикри тингланади, муҳокама қилинади, қораланади ва ҳоказо... Умуман, унинг энг катта ютуғи фақат Қатар билан боғлиқ эмас,  гарчи ЖЧ-2022 ташкилий қўмитасига катта таъсир кўрсатаётган бўлсада. Никимбаев кўпинча ўзбек футболидаги камчиликлар ҳақида бонг уради, билвосита ЎФА ва ПФЛ раҳбариятини қайсидир пости учун ОАВ орқали жавоб беришга мажбур қилади. Айтганча, Никимбаев 2020 йил ўрталарида «Узбекская кухня»га катта интервью берди. Шу аснода у нафақат Воркутада ўтган ҳарбий хизмати, балки ўзбек футболининг ҳал қилиниши зарур асосий муаммолари ҳақида гапирди. Насиб этса, келаси йили Ўзбекистон вакилини жаҳон кубогини ташкиллаштиришга ҳисса қўшган функ­ционерлардан бири сифатида кўрамиз. Шуниси эътиборга моликки, бутун дунё у ёки бу мусобақани қайси муддатда қандай ўтказишни ўйлаб турган паллада Қатар Осиёда тўлақонли мусобақани ташкиллаштирган ягона мамлакатга айланди.

 

19-ўрин. Фарҳод АБДУЛЛАЕВ, ФИФА Ҳакамлар департаменти инструктори (sports.ru рейтингида янги). Фарҳод Абдуллаев анчадан буён ўта масъулиятли ва катта ишларни зиммасига оляпти. Унинг иши туфайли VAR тизими Ўзбекистонда аста-секинлик билан жорий этилмоқда, ҳакамлар савияси ошмоқда. Абдуллаев 2020 йил бошида БАА футбол ассоциацияси сўрови билан мамлакат ҳакамлари учун семинар ўтказди. Қисқаси, мутахасисга талаб катта. У яна «Телеграм» тармоғида шахсий каналга эга. Саҳифада асосан ҳакамлик қоидалари ва баҳсли вазиятлар муҳокамаси билан шуғулланади. Энг муҳими, Равшан Эрматовдан кейин ўзбек ҳакамлар мактабини айнан Фарҳод Абдуллаев тарғиб қилмоқда.

Евдоким РАИМОВ, «Узбекская кухня» блоги


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz