Қайднома

Қидирув

Лука Йович: «Мадрид»га боғлиқ хотираларим зўр»

Лука Йович: «Мадрид»га боғлиқ хотираларим зўр»

  12.02.2021 07:17
  0
  294
Лука Йович: «Мадрид»га боғлиқ хотираларим зўр»

Франкфуртнинг «Айнтрахт» клубига қайтгач, яна куч-қувватини ҳис қила бошлаган сербиялик Лука Йович дастлабки 3та ўйинда 3та гол урди. Таққослаш учун айтсак, у «Бернабеу»даги 1,5 йиллик хира фаолияти давомида рақиблар дарвозасини атиги 2 марта нишонга олди. Лука яқинда Германияга қайтганидан кейин илк марта матбуот анжуманида қатнашди ва «Реал»да машаққатли, аммо бебаҳо тажриба орттиргани, яна Франкфурт клубида эканлигидан мамнунлигини таъкидлади. Истиқболи баланд ҳужумчи шунингдек, ҳар икки жамоа бош мураббийлари Зайниддин Зидан ва Ади Хюттерга алоҳида тўхталди.

Франкфуртга қайтиши

- Севимли жамоамга қайтганимдан бағоят хурсандман, бу ерда ўзимни ҳамиша қулай ҳис қилганман, ҳозир ҳам шундай. Барчасини майдондаги ҳаракатимдан ҳам пайқашингиз мумкин. Дейлик, «Реал»да ҳаммаси бўлиб атиги 2та гол урдим, «Айнтрахт»да эса 3та ўйинда 3та! Менимча, бу ерда шаҳар, клуб ва биринчи навбатда, жамоавий муҳит менга тўлиқ мос келади.

Асосийси - ишонч

- Айтишим керак, «Реал»да менга шунчаки, омад кулиб боқмади: жароҳатлар заифлаштирди, шахсий ҳаётим ҳам умуман ўнгланмади. Франкфуртга қайтиш имконияти туғилгани - бу омадим келгани. Муҳими, жамоада мени илиқ кутиб олишди ва яна ишонч билан қарашмоқда.

«Мадрид»да тўпланган

тажриба

- Дунёнинг энг яхши футболчилари билан ҳар куни бирга шуғулланиш имконияти ҳаммага ҳам насиб этмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Шундай экан, «Реал»даги омадсиз даврдан нолишим тўғри эмас. Зеро, жамоада чексиз тажриба орттирдим, футболчи сифатида янада шаклландим. Қисқаси, майдонга кам тушганимга қарамай, «Мадрид»га боғлиқ хотираларим жуда яхши.

«Айнтрахт»га таъриф

- Жамоанинг ҳозирги ҳолатини кўриб ажабландим - ҳаммаси зўр. Ҳаттоки, кетганимдан кейин янада кучайибди. Ҳозир кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Фақат умумий хулосамни айтишим мумкин: жамоа жуда яхши савияда.

Франкфуртдаги ҳаёт тарзи

- Ҳозирча меҳмонхонада яшаяпман, ахир тезда квартира топиш осон эмас. Бошқа томондан қарасак, турмуш тарзида ҳеч нарса ўзгармаган. Дейлик, шаҳар ўша-ўша. Умуман, Франкфурт ҳаётига қайта мослашишим қи­йинчилик туғдирмайди асло.

Зидан ва Хюттер ўртасидаги фарқ

- Мураббийларнинг иш услуби тафсилотларига тўхталишни истамайман. Ҳамма билади, ҳар иккиси - феноменал мутахассис. Яккама-якка мулоқот бобида Зидан ҳам яхши, лекин менга Ади билан гаплашиш осонроқ. Чунки у инглиз тилини яхши билади. Зидан билан эркин мулоқотга киришишимга эса испан тилини унча тушунмаслигим тўсқинлик қилди. Ҳа, бу майда жиҳатдек, лекин тил тўсиғи ҳам футболчи ишини оғирлаштириши турган гап.

Ҳозирги спорт формаси

- Яширмайман, 100 фоиз мослашиш ва тўлиқ куч билан ўйнаш учун менга маълум вақт керак. Дейлик, ҳали ҳам мушакларимга боғлиқ айрим ноқулайликлар бор ва бу ўйинларда сезилмоқда. Аммо вақт ўтиши билан барчаси изга тушишига шубҳам йўқ. Ҳозирдан мураббийнинг ишончини ҳис қиляпман ва умидворманки, яқин орада асосий таркибдан жой оламан. Тўғри, ҳаммаси аввало, ўзимга боғлиқ, демак, режа асосида ишлашим керак.

Тўғри ташланган қадам

- «Айнтрахт» нафақат Франкфурт, балки бутун минтақа учун нақадар муҳим эканлигини яхши биламан. Қайтиш қадами? Менимча, энг тўғри қарор шу, бунга мутлақо аминман. Мана, футболчилар ҳам ҳар куни биргаликда ажойиб натижаларга эришишимиз мумкинлиги ҳақида гапириш­япти.

«Мадрид»даги муаммолар

- «Мадрид»да етарли ўйин амалиётига эга бўлмаганимни айта оламан, холос. Тушунарлики, «Реал»дек ўзгача услубга таянадиган ва ҳар доим кучли босим остида ўйнайдиган жамоада ҳеч кимга осон бўлмайди. Шундай экан, афсус-надоматдан соч юлишимга ҳожат йўқ. Такрор айтаман, нолишдан кўра, бир қадам орқага чекиниб, Франкфуртга қайтишни маъқул кўрдим.

«Реал»га қайтиш умиди

- Келажакка қарашни хоҳламайман. Ҳозир бор эътиборни Франкфуртдаги ҳаётим, «Айнтрахт»га қаратишим муҳим. Демоқчиманки, аввало, яна 100 фоиз тайёр бўлишим ва тўлиқ 90 дақиқа ўйнай бошлашим керак. Кимгадир ниманидир исботлашим шарт эмас. Бундай тушунча фақат зараримга ишлайди. Асосийси, савияли футболчи эканлигим ва ҳали қўлимдан кўп нарса келишини биламан.

Испан тили дарслари

- Дарслар тўхтаб қолди. Мадридда испан тилини ўрганишга астойдил киришгандим, аммо ҳозир вақт йўқ. Энди дарс олмаяпман, лекин вақти келса, ўйлаб кўраман, албатта.

«Айнтрахт» билан музокара жараёни

- Ўзи ўтган ёзда ҳам қайтишим ҳақида миш-мишлар тарқалганди, аммо «Реал» вакиллари барчасига чек қўйишди. Энди асл хоҳишим инобатга олинганидан ва Бундеслигага қайтганимдан хурсандман. Бошқа гап йўқ.

«Айнтрахт»даги вазифаси

- «Айнтрахт»да нечта гол уриш борасида олдимга аниқ вазифа қўйганим йўқ. Ишончим комил, агар охирги учрашувлардаги шиддатни ушлаб қолсак ва шу руҳда ўйнашда давом этсак, якунда Европа Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишимиз мумкин.

Андре Сильва билан

ҳамкорлик

- Тўхтанг, бу ҳақда баландпарвоз гап айтишга ҳали эрта: қанча кўп бирга ўйнасак, бир-биримизни шунчалик тушуниб оламиз, менимча. Кўриниб турибди, Андре қобилиятли йигит ва ўйлайманки, майдонда ҳали кўп ишларни бирга бажарамиз.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz