Қайднома

Қидирув

Қашшоқликдан рўшноликка...

Қашшоқликдан рўшноликка...

  13.02.2021 02:44
  0
  213
Қашшоқликдан рўшноликка...

АПЛнинг бугунги ёрқин юлдузларидан бири - Раҳим Стерлинг юксак мақомга эришиш йўлида мисли йўқ қийинчиликларни бошдан кечирди. «Баъзан ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллашади: «Раҳим, футболчиларнинг ақлга сиғмас даражадаги маоши сени хижолатга қўймайдими?» Баъзан ўзим ҳам шу хусусда ўйлаб қоламан ва кўз олдимда машаққатли машғулотларга сарфланган умрим, мен воз кечган бу дунёнинг хурсандчиликлари гавдаланади. Истаган пайт хоҳлаган жойга боролмаганим, ўзим ёқтирган қиз билан сайрга чиқолмаганим каби қатъий чекловлар қанчалик азоб бергани ёдимга тушади. Бошқа касбдошларим борасида фикр билдиришга ожизман. Лекин шахсан ўзим ҳозирги маошга мутлақо муносибман, менимча» - бу «Манчестер Сити» етакчиларидан бирининг футболчилар ҳаддан ортиқ кўп пул топишлари хусусида янграйдиган фикрларга муносабати. Аслида Раҳим Стерлинг болалик даври ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Касбдошларимиз ундан ўтмиши хусусида сўрасалар, юзидаги табассум ўрнини дарров маъюслик эгаллайди, нигоҳи бирданига хиралашади...

***

Оддий айтганда, Раҳим Стерлинг юлдуз мақомига эришиш йўлида умрини ҳисобсиз синовлар ва қийинчиликларни енгиб ўтишга сарфлади. Раҳим вақтида ўзини тарбиялаган бувисига фаровон ҳаёт ваъда қилганди. Чунки у бор куч-қуввати ва топган маблағини айнан бўлажак футболчининг камолотига сарфлаган. Мана, Стерлинг энди қашшоқлик оламини бутунлай тарк этди ва ҳозир АПЛнинг энг кўп маош (йилига 15 млн. евро) оладиган футболчиларидан бирига айланди. Табиийки, Раҳим бувисига берган ваъдасини аллақачон бажарди.

***

Раҳим 2 ёшида отадан етим қолади, онаси доимо иш билан банд эди. Чунки тирикчилик ташвишлари ёлғиз унинг зиммасига тушганди. Стерлинг ўз интервьюларидан бирида Англия терма жамоасидан таклиф олмаган даври қайси жамоада ўйнаш ҳақида бош қотиргани хусусида очиқ гапирганди. Бинобарин, унда Ямайка термасини танлаш варианти ҳам йўқ эмасди. Ямайкаликлар Раҳимни 16 ёшидан эътиборан ўз жамоаларига чорлай бошлашган, бироқ унинг ўзи ҳамиша Англия термасини устун қўярди. Қизиқ, Стерлинг ва олис Ямайкани нима боғлаб туради? Ҳаммаси оддий - Раҳим айнан шу ўлкада туғилган, улғайган. 2 ёшли пайти отаси отишмалар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Болакай кейинчалик африкалик қочоқлар бошпанасига айланган ва гиёҳвандлик ҳамда жиноятчилик авж олган ҳудудда яшайди. Раҳим 5 ёшни қаршилаган паллада онаси Англиядан иш топади. Табиийки, аёл узоқ ўйлаб ўтирмай, фарзандларини ёнига олиб, Европага юзланади. Бегона ўлкада ишлаш қўшимча билим талаб қиларди ва аёлнинг бошқа юмушларга сира вақти қолмасди. Натижада Раҳим ва ака-укаларининг тар­бия­си бувиси зиммасига тушади. У болаларни ҳар куни мактабга олиб борар, шунингдек, уй вазифаларини бажаришларида кўмаклашарди. Раҳим Англияда аввалига 2 йилча кўча футболида тўп тепади ва бора-бора миллионлар ўйинига чинакамига қизиқиб қолади. Якунда болакай мактабнинг футбол секциясига ёзилади. «Болаликка доир энг ёрқин хотирам - бувим билан «Уэмбли»га борганимиз. Йўқ, қайсидир учрашувни томоша қилиш эмас, шунчаки, стадионни кўриш мақсадида. Ўша сайр бир умрга хотирамга муҳрланган. Ўшанда бувимга қачондир шу стадионда ўйнашга ваъда бергандим», - дейди футболчи.

***

Стерлинг учун дастлабки паллада ҳаммаси аъло эди: ноёб иқтидор, маҳорат бобида бошқа тенгдошларидан устунлик. Аммо мигрантларнинг фарзандлари билан сира чиқишолмасди. Шу туфайли ҳам дарслар ва машғулотларда тўлиқ қатнашолмасди. Раҳим кейинчалик бу борада алоҳида тўхталган ҳам: «Ҳа, ўсмирлик чоғи характерим анчайин оғир эди. Футболни жондан ортиқ севардим, лекин дўстларим билан кўнгилхушлик қилишдан асло қайтолмасдим. Бир сафар жисмоний тарбия фани  ўқитувчиси дарсдан кейин қолишимни тайинлади. Ҳамма болалар кетиб бўлишгач, у мендан майдондаги, машғулотлардаги муваффақиятларим ҳақида сўради. Шунда ўйиним, урган голларим ҳақида гапира бошладим. Бироқ устозим сўзимни бўлди: «Тўхта, қулоқ сол, Раҳим. Сен ҳақингда ҳаммасини биламан. Аслида АПЛнинг етакчи футболчилари қаторидан жой олиш салоҳиятига эгасан. Аммо ҳозир боши берк кўча остонасида турибсан. Эс-ҳушингни йиғиб олишинг лозим. Акс ҳолда...». Стерлинг ўқитувчининг айни шу ўринли ўгити фаолиятини тўғри йўналишга буриб юборганини мамнуният билан эътироф этганди.

Шунингдек, Раҳим The Players Tribune саҳифасида болалик йилларига очиқ-ойдин таъриф берган: «Ёшлигимда онам дийдорига тўймай улғайдим. Чунки у доимо ишда бўларди. Доимо! Тунда меҳмонхонада фаррошлик қилса, эрталаб қандайдир кафеларни тозаларди. Кундузи ўқиш билан бирга яна қандайдир юмушларни бажарарди. Бўш вақт топилса, имкон қадар унга кўмаклашардим, қўлимдан келганича ишларини енгиллатишга уринганман. Тасаввур қилинг, миттигина болакай пул топиш учун ҳожатхонани ювмоқда. Тушунинг, шунчаки, онамга ёрдам беришни истардим»

***

- Эҳтимол, Ямайкадан кўчиб келганимиз ҳам табиатимга салбий таъсир кўрсатгандир. Англия­га келгач, анча одамови бўлиб қолган ва ҳеч ким билан айтарли гаплашмасдим. Дейлик, дастлабки ойларда бирор бола билан яқин дўстлашмаганман. Айниқса, мактаб йўлида қатнайдиган автобусни ёмон кўрардим. Чунки унда ҳамма болалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтиришар, фақат ўзим ёлғиз қолардим. Кейинчалик ўзимга савол бердим: «Ҳой, нима учун ва нимадан хафасан? Ахир ҳаммаси жойида-ку. Телба эмассан, шунчаки, жим юришни тўхтат ва болаларга қўшил». Шундан кейин аста-секин кўпчилик ичига кира бошладим, дўстлар орт­тирдим... - бу ҳам Раҳим Стерлингнинг болалик хотиралари.

***

Раҳим Стерлинг иқтидорини биринчи бўлиб, «Арсенал» скаутлари пайқашган. «Арсенал» вакиллари мен билан боғланишган вақт неча ёшда бўлганимни аниқ эслолмайман. Билганим, Лондоннинг энг йирик клубларидан бири эътиборига тушгандим. Ўшанда нима қилганим қизиқми? Эсимда, тўппа-тўғри ташқарига отилган ва туман кўчалари бўйлаб югурган ҳолда, роса мақтангандим: «Ҳой, тез орада «Арсенал»да ўйнайман!» Онам - чин қаҳрамоним. Мени айнан у тўхтатиб қолди: «Ўғлим, менимча, «Арсенал»га боришинг тўғри эмас. Бу жамоада сенга ўхшаганлар жуда кўп. Ўғлим, унутма, ҳамиша энг зўр футболчи мақомида ўйнашинг керак». Унинг маслаҳатига қулоқ солдим ва кейинчалик камтаринроқ «КПР»га йўл олдим. Онам ишдан бўшамаслигини унутмадингиз-а... «Хитроу»га ҳар куни опам ҳамроҳлигида борардим. У ерда ўзгача ҳаёт ҳукмрон - келгиндилар кўп. Уларнинг менга нисбатан муносабатлари ҳам ўзгача эди. Ҳа, шундай шароитда улғайганман», - дейди «Манчестер Сити» вакили.

***

Раҳим «Ливерпуль» сафига қандай қўшилгани ҳақида ҳам ҳамиша тўлқинланиб гапиради: «Ливерпул»­дан чорлов? Ҳаммасини жуда яхши эслайман, албатта. Ўша пайт Англия ёшлар термасида ўйнардим. Ливерпулга етиб олиш учун поезд­да 3 соат йўл босиш талаб этиларди. Биз яшаган «Уэмбли» яқинидаги ҳудуд мигрантлар, жиноятчилар макони саналиб, баъзан ҳаттоки, қотилликлар ҳам учраб турарди. Шу боис  у ердан кетишга қарор қилдим».

***

Стерлинг «Ливерпул»да маълум муддат ўйнагач, «Манчестер Сити»га йўл олди. Ўшанда «шаҳарликлар» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоани қайтадан шакл­лантиришга киришганди. Ҳар ҳолда, испаниялик мутахасис аввалги мавсумга таққослаганда, тамоман ўзгача жамоа тузишга аҳд қилди. Ҳозир «Сити»нинг қудрати янада ошганига далил йўқ, аммо сезиларли ўзгаришлар юз бергани тайин. «Бир куни ўсмирлар терма жамоаси билан «Уэмбли» сари сафарга чиқдик. Йўлда мен яшаган туман шундоқ кўриниб турарди. Шу паллада кўз ўнгимда ўтмишим гавдаланди: «Мана, биз роликларда сайр қилган автомобиллар майдончаси шу. Буниси - болалар билан чопиб юрган кўчамиз. Анави уйда ўртоғим яшайди. Шу муҳитда улғайдим ва футбол туфайли қашшоқликдан рўшноликка етишдим».

***

Раҳим Стерлингнинг бадани татуировкалар билан тўла. Уларнинг сони 15та. Шулардан бири марҳум отаси хотирасига бағишланган. Бошқалари ҳам ўз аҳамия­тига эга, айримлари футболчининг ўтмиши билан боғлиқ. «Оила» ибораси атрофида учиб юрган қушлар галаси тасвири ҳам бор. Танасининг елка қисмига битилган KGN ҳарфлари футболчи туғилган Кингстон шаҳрини англатади. Чап қўлида «Уэмбли» фонида болакай сурати тасвирланган. Бу - машҳур стадионда ўйнашни орзу қилган Раҳим Стерлингнинг ўзи. Футболчининг ўнг оёғида автомат тасвирлангани учун Раҳимни роса танқид қилишганди. Хусусан, 2012 йилги отишма чоғи ҳаётдан кўз юмган ўғли фироқидан халос бўлолмаётган Люси Коуп («Оналар замбаракларга қарши» жамияти раҳбари) АФАга мурожаат қилиб, Стерлингни терма жамоадан четлатишни талаб қилди: «Стерлингдан ушбу татуни ўчириши ёки бошқа нақш билан автомат суратини ёпиб ташлашини сўраймиз. Акс ҳолда, унинг терма жамоадан четлатилишини истаймиз. Футболчи барчага намуна бўлиши лозим. У эса совуқ қуролни хуш кўради...». Стерлинг, албатта, ўзини оқлашга уриниб кўрди: «Йўқ-йўқ, қуролни яхши кўрмайман, аксинча, ундан нафратланаман. Зўравонлик ҳалокатга олиб келади. Бу нақшни 2 ёшда йўқотган отам шарафига чиздирганман. Яна бир қатор нақшлар оғир қийинчиликларга тўла болалигимни эслатиб туради».

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz