Қайднома

Қидирув

«Қора қаҳрамон» Луиз...

«Қора қаҳрамон» Луиз...

  13.02.2021 05:25
  0
  373
«Қора қаҳрамон» Луиз...

«Челси»нинг собиқ футболчиларига «Арсенал»да осон эмас: Давид Луиз 3 бора қизил карточка олишдан ташқари, рақиблар фойдасига 6та (!)та пенальти ишлади, Виллиан эса гол уришни унутди, чоғи... Микель Артета бошқарувидаги «Арсенал» АПЛнинг 14-туридан кейин турнир жадвали «қора» чизиғига яқин турганди. «Канонирлар» ке­йинчалик бир силкиниб, қаторасига 7та ўйинда мағлубият нималигини билишмади ва еврокубоклар ҳудудига анча яқинлашишди. Бироқ жамоанинг ажойиб серияси «Вулверхэмптон»га қарши кечган сафар ўйинида ғоят аламли тарзда узилиб қолди. Боз устига, «бўрилар» АПЛда нақ 1,5 ой давомида ғалаба нималигини билишмаётганди.

Аслида ўйин «Арсенал» учун яхши бошланди: сезиларли устунлик, гол, тетик ҳаракат... Бироқ биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар поёнига етаётган бир паллада ҳаммаси бирданига чаппасига кетди. Бунда Давид Луиз яна «қора қаҳрамон» ролида гавдаланди. Бразилиялик ҳимоячи Виллиан Жозега нисбатан охирги умид чорасини қўллади ва бош ҳакам Крэйг Поусон «икки карра жазо» қоидасини қўллади - қизил карточка ва пенальти.

Ақлга сиғмайди, - дея вазиятга изоҳ берди Луиз ўйиндан кейин «Инстаграм» тармоғида ғазабли ишора билан.

- Такрорий лавҳани турли ракурслардан 10 марта кўрдим, аммо ўша ҳолатда аниқ тўқнашув бўлганини тасдиқлолмайман, барибир - буниси «Арсенал» бош мураббийи Микель Артетанинг эътирози.         

- Қизил карточка - хато. Ҳакам «сариқ» бериш билан чекланиши керак эди, - деди таниқли рефери Марк Клаттенбург.

Қизиқ, Давид Луиз чиндан ҳам, қоидани бузганмиди? Вазиятни таҳлил қилган Клаттенбургнинг айтишича, агар футболчи рақиб эмас, тўпга ўйнаган бўлса, «икки карра жазо» қоидасини қўлламаслик керак. Тасодифий «фол» эса сариқ карточкага тортади (аслида тасодифий тўқнашув борасида ҳам мунозара бор). Тушунарлики, ҳакамнинг қарори ўзгармайди. Факт битта: «Арсенал» сафига 2019 йилнинг ёзида қўшилган Давид Луизнинг жамоадаги статистикаси янада ёмонлашди.

***Давид Луиз ортда қолган вақтда 3та «қизил» олди ва «Арсенал» дарвозаси томон 6та пенальти белгиланишига сабабчи бўлди.

***Давид Луиз сабабчи бўлган пенальтилардан 5таси мавсум-2019|2020га тўғри келади. Бу АПЛ антирекордидир.

***Таққослаш учун айтсак, шу бир ярим мавсум давомида Давид Луизнинг собиқ клуби «Челси» дарвозаси томон 4 мартагина пенальти белгиланди. Қаранг, биргина Луиз бу борада бутун клубдан «устун». Қолаверса, агар бразилиялик ҳисобидаги «қовун»ларни ҳисобга олмасак, «Арсенал» дарвозасига ҳам айнан 4 бора 11 метрли жарима зарбаси тепилди. Хуллас, Давид туфайли бу сон ошиб кетди - 10та!

***Давид Луиз 3та ўйинда пенальти келтириш баробарида майдондан четлатилди. Боз устига, «қора қаҳрамон» роли «Манчестер Сити» ва «Челси»га қарши кечган принципиал учрашувларга ҳам тўғри келди.

***Энг қизиғи, Давид Луиз 2016 йили «Челси»га қайтгач, «аристократлар» сафида бирор марта пенальтига сабабчи бўлган эмасди.

***Давид Луиз апрель ойида 34 ёшга тўлади. Унинг «Арсенал» билан шартномаси эса, июнь ойи­гача мўлжалланган.

Умуман олганда, «Челси»нинг собиқ футболчилари «Арсенал»да ўзларини кўрсатишолмаяпти. Дейлик, Давид Луиздан ташқари, унинг ҳамюрти Виллиан ҳам танқидлар остида. Зеро, у «канонирлар» сафидаги дастлабки 22та ўйинда лоақал 1та гол урмади. Яна таққослаймиз: Виллиан «Челси»даги охирги мавсумида рақиблар дарвозасини 9 марта нишонга олганди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz