Қайднома

Қидирув

Мануэль Нойер: «Олтинчи соврин қўшимча мотивация»

Мануэль Нойер: «Олтинчи соврин қўшимча мотивация»

  13.02.2021 07:37
  0
  270
Мануэль Нойер: «Олтинчи соврин қўшимча мотивация»

Мюнхеннинг «Бавария» клуби 2013 йилнинг декабрь ойида ўз тарихида илк марта Клублар ўртасидаги жаҳон чем­пионати ғолибига айланган эди. Ўшанда «қизиллар» Марокашнинг «Ража Касабланка»сига қарши кечган финалда 2:0 ҳисобида устун келишганди. Ҳал қилувчи учрашув масаласини ҳал қилган голлар муаллифлари - Данте ва Тьяго Алькантара ҳозир Германия гранди сафида эмаслар. Зеро, орадан 7 йил ўтди. ЕЧЛ ва Бундеслиганинг амалдаги ғолиби Қатарда ташкиллаштирилган клублар мундиали-2020га кеча киришди - ярим финалдан. Табиийки, футбол жамоатчилиги «Бавария»га мусобақанинг яққол фаворити сифатида қарамоқда. Дарвоқе, ҳозирги «Бавария» таркибида 2013 йили жамоа билан тахтга кўтарилган 4 нафар футболчи бор. Булар - ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг амалдаги энг яхши дарвозабони Мануэль Нойер, ҳимоячилар Давид Алаба ва Жером Боатенг ҳамда ҳужумчи Томас Мюллер. ФИФА расмий сайти «Бавария» Қатар сафарига йўл олиши арафасида айнан Нойерни суҳбатга чорлаб, унинг турнирга доир фикрлари билан қизиқди.

**«Бавария» ўз тарихида 2-марта Клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқиш ниятида;

**Германия клуби 8 февраль куни (кеча) ярим финал доирасида «Ал-Аҳли» (Миср) билан куч синашди.

- Мануэль, Қатар турнирида қатнашишни нечоғли кутдингиз?

- Албатта, орзиқиб кутдим, бинобарин, мусобақада чемпионлик таъмини бир марта татиб кўрганмиз ва бу қандайлигини жуда яхши биламиз. Ўшанда турнир Рождество арафасига тўғри келган ва йилни ажойиб тарзда якунлаш имконияти туғилганди. Энди Қатарда 2та ўйиндаги ғалаба воситасида яна шоҳсупага кўтарилишимиз мумкин. Йил ҳисобидан олтинчи совринни ютишга қатъий қарор қилганмиз, албатта (эслатма, аслида 2020 йил тақвимига киритилган клублар мундиали коронавирус таҳдиди туфайли қолдирилган эди).

- Умуман, 2013 йилги мусобақадан қандай хотиралар қолган?

- Жуда ижобий: якуний ғалаба завқи, хурсандчилик... Тўғри, ўйин­лар осон кечмаган, улар нисбатан мураккаб тус олганди. Қисқаси, ғалаба қозониш йўлида анча тер тўкишимизга тўғри келганди, айниқса, финал баҳсида. Фақат ҳакамнинг финал ҳуштаги янграганидан кейингина енгил тин олганимиз эсимда. Табиийки, шунга яраша хурсандчилик кучли бўлганди.

- 2013 йилдан кейин ўтган мавсум «Бавария» билан иккинчи марта Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучдингиз. Охирги ютуқда алоҳида ажратиб кўрсатиладиган нимадир борми?

- Тушунарлики, бу - орзу рўёби. Ўйлайманки, Лиссабонда ўтказилган «саккизлик финали»да бирдам жамоа сифатида ажойиб дақиқаларни бошлан кечирдик. Коронавирус туфайли турнир формати ўзартирилгани ўйинларнинг бош­қача руҳда кечишини таъминлади. Асосийси, бизда жамоавий руҳият фантастик даражага чиққанди. Бу  ғалабанинг айниқса, 2013 йили «Уэмбли»да Дортмунд «Боруссия»сини енгган жамоанинг бир қисми бўлган футболчилар учун ўзгача аҳамият касб этгани аниқ. Оддий айтганда, буюк ғалабани такрорлаш асл орзумиз эди.

- Чемпионлар Лига кубоги ўтган мавсум Мюнхен «Бава­рия»­си томонидан қўлга киритилган 5та совриндан бири, холос. Энди Қатарда тарихий, олтинчи совринни ҳам нақд қилишинглар мумкин...

- Шубҳасиз, бу - қўшимча мотивация. Шу нуқтаи назардан ҳам, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини интиқ ҳолда кутдик. Албатта, аниқ мақсадимиз бор ва унга эришиш учун бор имкониятларни ишга соламиз.

- ФИФА декабрь ойи ўрталарида сизни 2020 йилнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этди. Бу мақом шахсан ўзингизга нимани англатади?

- О, алоҳида ютуқ ҳисобланади. Айниқса, 34 ёшда жаҳоннинг энг кучли кипери бўлиш икки ҳисса ёқимли. Тўғриси, кутмагандим. Умуман олганда, дарвозабоннинг муваффақияти ҳамиша жамоадошлари ва мураббийлар штаби танлаган тактикага боғлиқ. ФИФА мени эътироф этдими, демак, биз биргаликда яхши ва самарали ўйнаяпмиз. Шундай экан, дунёнинг энг яхши дарвозабони мақомини олганим учун аввало, клубдошларимга миннатдорчилик билдиришим керак.

- Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ярим финалида «Ал-Аҳли» (Миср) клубига қарши ўйнайсизлар...

- Тан олиш керак, ҳозир бор эътиборни Бундеслигага қаратганмиз, шунинг баробарида халқаро турнирга ҳам олдиндан тайёрландик. Яъни эҳтимолий рақибларни аллақачон ўрганиб чиққанмиз. «Ал-Аҳли» - Африка Чемпионлар Лигаси ғолиби. Шундай экан, ўйин осон кечмайди. 2013 йили ҳам худди шундай бўлганди. Яъни унча таниш саналмаган рақибларга қарши ўйнашда роса қийналганмиз.

- Учрашувларга Қатар-2022 мундиали учун қурилган стадионлар мезбонлик қилмоқда. Шу жиҳатдан алоҳида ҳаяжон борми?

- Жаҳон чемпионати нуқтаи назаридан қарасак, Қатарда майдонга тушиш биринчи навбатда, тажриба, шубҳасиз. Стадионлар билан олдиндан танишиш имкони кейинчалик терма жамоа сафида қўл келиши мумкин. Умид қиламанки, турнирдан сўнг термадош дўстларимизнинг Қатар ҳақидаги саволларига ижобий жавоб берамиз.

- Умуман, Қатар ҳақида нималарни биласиз? Ҳар ҳолда, «Бавария» бу мамлакатда бир неча марта ўқув-машғулотлар йиғинини олиб борган.

- Шароитлар зўр, майдонлар яхши, меҳмонхонадан машғулотлар базасигача масофа анча қисқа. Бунинг футбол сифатига ижобий таъсири катта, албатта.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz