Қайднома

Қидирув

Евротур: Мафтункор томошалар давоми

Евротур: Мафтункор томошалар давоми

  13.02.2021 09:59
  0
  271
Евротур: Мафтункор томошалар давоми

Ортда қолган ҳисобот ҳафтасида бир-биридан қизиқарли, сценарийси етти ухлаб тушингизга кирмайдиган беллашувлар шу қадар кўп бўлдики, уларни бевосита трибунадан кузатиш имкониятига эга эмаслигимдан афсусландим. Тез орада бундай неъматдан маҳаллий мухлислар ҳам мосуво эканликлари ёдимга тушгач, енгил тортдим.

Англия. «Сити» - тўла-тўкис пешҚадам

Охирги икки турни 100 фоизли кўрсаткич билан якунлаган «Манчестер Сити» ғалабали серияни давом эттирди ва етакчилик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Боиси, асосий таъқибчилар очко йўқотишди. Қизиғи, «шаҳарликлар» «Бёрнли» майдонида ўйин тақдирини дастлабки 45 дақиқа ичида ҳал қилган бўлсалар, «Энфилд»да чемпионнинг бироз толиқишини кутдилар ва иккинчи бўлимда 4та гол урдилар. Бу эса Гвардиоланинг ҳар қайси ўйинда муайян рақибга қарши ўзига хос тактика қўллашидан далолат беради. Шу кетишда жамоа худди «Ливерпуль» каби муддатидан анча аввал чемпионликни расмийлаштирса, ажабланмаймиз.

Пешқадамни изма-из қуваётган «МЮ» аввалига «Олд-Траффорд»да «Саутгемптон» ўйинчиларини 9та жавобсиз гол билан сийлаган бўлса, кейин «Эвертон» билан сулҳ тузишга (3:3) мажбур бўлди. Қизиғи, меҳмонлар мувозанатни тиклашлари билан ҳакамнинг финал ҳуштаги янгради.

3-ўринда бораётган «Лестер» Лондондаги ишончли ғалабадан кейин («Фулхэм» - 2:0) Вулверхэмптонда «бўрилар»ни енга олмади - 0:0.

Табиийки, қаторасига икки учрашувда мағлубиятини тан олган «Ливерпуль» «Челси» ҳамда «Вест Хэм»нинг яқинлашиб олишларига имкон яратди. «Кўклар» «Тоттенхэм» (1:0) ва «Шеффилд» (2:1) устидан эришган ғалабалари эвазига «Вест Хэм»ни қувиб ўтишди. «Болғачилар» эса, ўз навбатида, «Фулхэм»ни енга олмай (0:0), чемпионни ортда қолдириш имкониятидан фойдалана олмадилар.

Испания. ЮҚорида  ўзгариш йўҚ, Қуйида эса бор

Ла Лиганинг 22-турида кутилмаган натижалар қайд этилмади. «Реал» «Уэска» майдонида жиддий қаршиликка дуч келган бўлсада, Арагондан 3 очко билан қайтишга эришди. Учрашув чемпионнинг фаоллиги билан бошланган бўлсада, томонлар танаффусга 0:0 ҳисоби билан йўл олишди. Боз устига, 2-бўлимда ҳисобни майдон эгалари очишди. Зидан шогирдлари тезда мувозанатни тикладилар. Аммо қимматли очколарни тақдим этган голни анча кутишга тўғри келди. Таажжубки, ҳимоя чизиғида тўп суришига қарамасдан ҳисобни тенглаштирган Рафаэль Варан ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида яна мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олди ва ғалабани таъминлади.

«Барселона» ҳам худди «Реал» сингари аввал ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиб, якунда иродали ғалабага эришди. Рональд Куманнинг иккинчи бўлимдаги ўйинчи алмаштириши жамоага муваффақият келтирди - 57-дақиқада майдонга тушган Месси ва Тринкаулар ўз номларини таблога ёздириб қўйдилар. Мезбонлар вакили Виктор Руис эса автогол муаллифига айлангач, айбини ювиш илинжида олдинга ташланди ва тер Штеген дарвозасини забт этди. Шу тариқа учрашув меҳмонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Етакчи квартетга мустаҳкам ўрнашиб олган «Севилья» «Рамон Санчес Писхуан»да «Хетафе» дарвозасига 3та жавобсиз гол уришга муваффақ бўлди. Ғолиб жамоа таркибидаги Алехандро Гомес алоҳида эътирофга лойиқ ўйин кўрсатди. Узоқ вақт «заявка»дан четда қолиб кетгани боис Жан Пьеро Гасперини билан келиша олмай қолган ва «Аталанта»дан Андалусия жамоасига ўтган ҳужумчи Хорданнинг узатмасини голга айлантириб ғалабани мустаҳкамлади. Эн-Несерининг зарбасидан кейин эса ҳисоб йирик кўриниш олди.

Қизиғи, учрашувда ҳакам 3 марта қизил карточка кўрсатишга мажбур бўлди. 54-дақиқада «Хетафе» вакили Жене Даконам майдондан четлатилгач, Хулен Лопетеги ва Хосе Бордалас ўзаро баҳслашиб қолишди ва ҳакамнинг талабига кўра кийиниш хонасига йўл олишди.

Турнир жадвалини бошқариб бораётган «Атлетико» «Ванда Метрополитано»да «Сельта»ни маҳв эта олмади - 2:2. Натижада жамоа қимматли 2 очкодан маҳрум бўлди. Шунга қарамасдан, Диего Симеоне шогирдлари таъқибчилардан анча илгарилаб кетишган. Қолаверса, улар сов-риндор тўртликдаги рақибларига нисбатан битта учрашув кам ўтказишган.

Хоселунинг ягона голи эвазига «Вальядолид»ни мағлуб этган «Алавес» «қора гуруҳ»ни тарк этиб, ўрнини омадсиз рақибига бўшатиб берди. «Осасуна» - «Эйбар» (2:1) беллашувидан кейин бу жамоалар ҳам айнан шундай «рокировка»ни амалга оширдилар.

Германия. Бир ҳафтада битта ўзгариш

Ноқулай об-ҳаво шароити «Арминия» - «Вердер» учрашувининг ўтказилишига монелик қилган 20-тур натижалари турнир жадвалига аввалги турга нисбатан атиги битта ўзгариш киритди. Яъни, ўз майдонида «Боруссия» Дортмундни енгган (2:1) ва «Майнц» майдонида мағлубиятини тан олган «Унион» ўзаро ўрин алмашдилар. Бошқа барча жамоалар ўз ўринларини сақлаб қолишди. Жумладан, «Бавария» Команнинг голи эвазига Берлинда «Герта»дан 3 очкони тортиб олди, «Вольфсбург» («Аугсбург» - 2:0) ва «РБ Лейпциг» («Шальке» - 3:0) ҳам сафарда зафар қучдилар.

Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си кутилмаганда ўз майдонида «Кёльн»га имкониятни бой берди - 1:2. «Байер» эса Лейпцигдаги мағлубият (0:1) аламини «Штутгарт»дан олди - 5:2. Мезбонларнинг 17 ёшли тўпурари Флориан Виртц эса навбатдаги аниқ зарбаси эвазига мавсумдаги голлари сонини 5тага етказиб, Бундеслига тарихидан жой олди. Унга қадар балоғатга етмаган ҳеч қайси футболчига чемпионат доирасида бундай сермаҳсуллик насиб этмаганди.

«Хоффенхайм» - «Айнтрахт» беллашуви меҳмонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Италия. Ибра иккинчи 500таликни майдалади

Турнир жадвалининг қарама-қарши қутбларида жойлашган етакчи ва аутсайдер ўртасидаги беллашув тақдири аввалдан маълум эди. Кутилганидек, «Милан» «Кротоне» устидан ортиқча қи­йинчиликсиз зафар қучди - 4:0. Бироқ ана шу одатий ғалаба заминида тарихий воқеага ҳам жой топилди. Ломбардияликлар тўпурари Златан Ибрагимовичнинг мазкур учрашувдаги «дубл»и унинг клуб миқёсидаги фаолиятида 500та гол маррасидан ўтишини таъминлади. Шу пайтгача 9та жамоада тўп сурган 39 ёшли ҳужумчи ҳали фаолиятини якунламаган учинчи футболчи сифатида шундай шарафга мушарраф бўлди ва Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналдулар сафидан жой олди. Дарвоқе, португалиялик тўпурар ҳам бу турда «Рома» дарвозасини забт этиб, «Ювентус»нинг ғалабасига (2:0) муносиб ҳисса қўшди.

Флоренцияга сафар қилган «Интер» «Фиорентина»ни 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. «Торино»га қарши баҳсни ўта муваффақиятли бошлаган «Аталанта» 21-дақиқада 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Лекин тез орада ташаббусни меҳмонларга бериб, тайёр ғалабани қўлдан чиқарди - 3:3. Оқибатда бу турда ҳам еврокубоклар ҳудудига кўтарила олмади. «Женоа» ўз майдонида «Наполи»дек «қаттиқ ёнғоқ» устидан камтарона (2:1) ғалабага эришди ва турнирдаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. Енгил жароҳати туфайли Элдор Шомуродов учрашувда иштирок этмади. «Торино»га қарши навбатдаги учрашувда унинг майдонга тушишидан умидвормиз.

Иммобиленинг голи эвазига «Кальяри»ни таслим этган «Лацио» «Наполи»дан ўзиб, «Рома»га етиб олди.

Франция. Етакчи тўртликдан максимал шиддат

Лига 1нинг қўшалоқ турида совринли ўринлар даъвогарлари 100 фоизли натижа қайд этдилар. «Лилль» сафарда «Бордо»ни 3:0, «Нант»ни 2:0 ҳисобларида таслим этди. «Лион» сафарда «Дижон» дарвозасига битта, ўз майдонида «Страсбур» дарвозасига 3та жавобсиз гол урди. Парижда «Ним»ни 3:0 ҳисобида маҳв этган «ПСЖ» Марселда 2та гол билан кифояланди. Бен-Йеддернинг «дубл»и эвазига «Ницца»дан устун келган (2:1) «Монако» сафарда «Ним»ни 4:3 ҳисобида енгди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz