Қайднома

Қидирув

Кейинги ёзгача кутинг ёки ЕВРОФУТБОЛ НИШОНИГА ТУШГАН БРАЗИЛИЯЛИКЛАР

Кейинги ёзгача кутинг ёки ЕВРОФУТБОЛ НИШОНИГА ТУШГАН БРАЗИЛИЯЛИКЛАР

  14.02.2021 07:17
  0
  317
Кейинги ёзгача кутинг ёки ЕВРОФУТБОЛ НИШОНИГА ТУШГАН БРАЗИЛИЯЛИКЛАР

Январь - Европа клублари учун таркибдаги кемтикликларни зудлик билан ёпиш ойи. Тўғри, қишки савдолар кўлами жиҳатидан ёзги трансферлар бозори билан асло рақобатлашолмайди. Лекин кўплаб жамоалар ўз олдига қўйилган вазифаларни уддалаш мақсадида январь ойнасидан ҳам унумли фойдаланиб, рисоладагидек келишувларни амалга оширади. Барча соҳаларга иқтисодий томондан кучли зарба берган пандемия даврида айрим жамоалар ноёб иқтидорларни сотиш ҳисобига молиявий ҳолатини бироз яхшилашга интилиши табиий. Еврофутболни истеъдодли кадрлар билан таъминлаш манбаларидан бири саналган Бразилия «А» серияси иштирокчилари ҳам «кўҳна қитъа» сармоясини қадрлайди. Бироқ бу йил Европадан Бразилияга сезиларли пул ўтказмалари кузатилмади. Қуйида эътиборингизга айни паллада уммон кечиб ўтишга шай турган, бироқ камида ёзгача кутишга маҳкум бўлган бразилиялик 4 нафар ёш футболчи ҳақидаги ҳикоя (манба: footballhd.ru) ҳавола этилмоқда.

ПЕПЕ

Ёши: 23

Клуби: «Гремио»

Амплуа бўйича: қанот ҳужумчиси

«Фосс-ду-Игуасу» мактаби тарбияланувчиси - «Гремио» бағридаги энг серхаридор ўйинчи. Шу ой 24 ёшга тўладиган ҳужумчи аллақачон Европада рисоладагидек тўп сурадиган даражага чиқиб улгурган. Ўтган йилнинг мартида Пепега «Бавария»нинг бефарқ эмаслиги, уни «Аякс» ҳам ўз сафига қўшиб олиш режасини тузаётгани хусусида гап-сўзлар тарқалганди. Бироқ якунда Пепе жорий мавсумни жонажон жамоасида ўтказадиган бўлди. Тўғри, «Гремио» мутасаддилари футболчини январда сотиш вариантини кўриб чиқишди. Зеро, у қаторасига икки мавсум ўта юқори савияда ўйнади ва бу тезкор ижрочига нисбатан қизиқишни янада оширди. Қолаверса, «Гремио» молиявий кўмакка муҳтож эди. Хуллас, клуб раҳбарияти мазкур трансфердан камида 20 млн. евро олишни мўлжаллади. Бироқ бу қишки бозор учун катта маблағ, албатта. Хуллас, Пепенинг асосий харидорлари саналган «Порту», «Севилья» ва «Зенит» клубларидан ҳеч бири бразилияликларга шунча беришни истамади. Шунингдек, Тайсон ўрнига муносиб ўринбосар излаган «Шахтёр» ҳам катта харажат қилишга ботинолмади.

Габриэль ВЕРОН

Ёши: 18

Клуби: «Палмейрас»

Амплуа бўйича: қанот ҳужумчиси

U-17 тоифасидаги  жаҳон чемпионати-2019 ғолиби ва турнирнинг энг яхши футболчиси мақомига эришган 18 ёшли Габриэль қадрдон клуби - «Палмейрас» учун ёлчитиб тўп суришга улгурмайдиган кўринади. Уни «кўҳна қитъа» грандлари скаутлари анчадан буён диққат билан кузатмоқдалар. Бироқ ҳозирча «Палмейрас»ни музокара жараёнига тортадиган жазман харидор чиққанича йўқ. Кўринишидан, жамоалар ҳозирги мураккаб шароитда таваккал иш тутишдан чўчимоқда. Зеро, ёш иқтидор соҳибининг келажакда қандай ўйин кўрсатиши номаълум. Ана шу хавотир камтарин клубларга Веронни қўлга киритиш имкониятини беради. Жумладан, Бразилия матбуоти унга «Шахтёр» ва «Фиорентина» томонидан қизиқиш борлигини маълум қилди. Лекин «Палмейрас» кўзлаётган маблағ (60 млн. евро) бундай жамоаларга оғирлик қилиши тайин. Ҳаттоки, transfermarkt порталида кўрсатилган сумма (25 млн. евро) ҳам ҳозирда клубларни жиддий ўйлашга мажбур этади. Тўғри, харидорлар «Палмейрас»ни музокарага жалб этиб, футболчининг баҳоси ва тўлов муддати хусусида келишиб олиши мумкин, фақат энди ёзда...

БРЕННЕР

Ёши: 20

Клуби: «Сан-Паулу»

Амплуа бўйича: марказий ҳужумчи

Бреннер Бразилия «А» серияси жорий мавсумида рисоладагидек тўп сурмоқда, чемпионатнинг етакчи тўпурарлари қаторида бормоқда. Ана шу муваффақияти ўлароқ, «Ювентус», «Милан» ва «ПСЖ» каби грандлар эътиборини ўзига тортди. Аммо воқеалар кутилган даражада ривожланганида, Бреннер «Аякс» либосини эгнига олиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, айни пайт «Сан-Паулу»нинг икки нафар собиқ ўйинчиси Нидерландия гранди сафида тўп сурмоқда. Табиийки, 23 ёшли Давид Нерес ва ундан 3 ёш кичик Антони ҳамюртларини Амстердамга чорлашгандир. Бироқ якунда трансфер амалга ошгани йўқ. Чунки «Аякс» таклиф қилган 12 миллион евро бразилияликларга камдек кўринди.

 

ЛИНКОЛЬН

Ёши: 20

Клуби: «Фламенго»

Амплуа бўйича: марказий ҳужумчи 

2018 йили ёш иқтидорнинг ЦСКА (Москва)га ўтиши хусусида миш-мишлар роса авж олганди. Аммо барчаси гап-сўзлигича қолди ва ҳужумчи «Фламенго»даги фаолиятини давом эттирди. Ҳозирда Линкольннинг жамоадаги кейинги тақдири қил устида турибди, аниқроғи, 20 ёшли йигит Габигол ва Педро билан рақобатлашолмаяпти. «Фламенго» эса ҳужумчини айни идеал спорт формасида турган пайти пуллашдан манфаатдор, албатта. Фақат жамоага Линкольн борасида Европадан таклифлар тушган бўлсада, ҳозирча кутилган натижа йўқ. Жумладан, 2020 йилнинг ёзида Киевнинг «Динамо»си керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуролмаганди. Кейин Кипрнинг «Пафос» клуби таклифини футболчининг ўзи рад этди. Шундай кейин «Фламенго» раҳбарияти билан муносабатига дарз кетди, ҳаттоки, ўринбосарлар сафида тўп суришга маҳкум этилди. Линкольн энди мутасаддилар талабини бажаришга мажбур. Тахмин қилинишича, футболчи ёзда Европага йўл олади. Зеро, «Пафос» ва «Динамо» ундан ҳали бутунлай умид узган эмас.

КУТИЛГАН ТРАНСФЕР

 

Лукас ВЕРИССИМО

Ёши: 25

Клуби: «Сантос»

Амплуа бўйича: марказий ҳимоячи

25 ёшли ярим ҳимоячи «Сантос»да анча муддат тўхтаб қолди. Ҳар ҳолда, бир неча йил бурун келажаги порлоқ ёш иқтидор мақомини олган Лукас қадрдон жамоаси билан хайрлашишга яқин турганди. Жумладан, унга Россиянинг «Спартак» ва «Зенит» клублари жиддий қизиқди. Бироқ якунда келишув амалга ошмади. Айниқса, марказий ҳимоячининг трансфер баҳоси масаласида роса тортишган «Зенит»нинг мақсади анча жиддий эди. Бироқ питерликлар сўралган 10 млн. ўрнига 9 млн. евро таклиф қилишди, «Сантос» эса бунга кўнмади. Ўтган йили Вериссимонинг «Краснодар» сафига қўшилиши хусусида ҳам миш-мишлар тарқалди. Лекин бу ҳам натижа бергани йўқ. Ҳимоячи эса бу даврда «Сантос» либосида 130 мартадан кўпроқ майдонга тушиб, етарли тажриба тўплади. Энди у асосий таркибнинг доимий вакили ва ортиқча «обкатка»сиз бошқа жамоадан жой олишга тайёр. Бразилия матбуоти хабарига қараганда, январь ойи бозорида бразилиялик ҳимоячининг Европага йўл олиши ҳал этилди. Яъни «Сантос» ва «Бенфика» Лукас трансфери масаласида ўзаро келишиб олди. Унга мувофиқ, «балиқлар» 6,5 млн. евро олишади. Вериссимо «Сантос» билан Либертадорес кубоги финалидан кейин хайрлашди. Бироқ Пеле издошлари нуфузли турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида «Палмейрас»га аламли тарзда ютқазиб қўйишди. Хуллас, Лукас Вериссимога «Бенфика» сафини Жанубий Американинг нуфузли соврини соҳиби сифатида тўлдириш насиб этгани йўқ.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz