Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон термаси учун биринчи «Олимпиада»...

Ўзбекистон термаси учун биринчи «Олимпиада»...

  15.02.2021 11:22
  0
  397
Ўзбекистон термаси учун биринчи «Олимпиада»...

2020 йилнинг январь ойида газетамизда Aлишер Никимбаевнинг «Ҳаммаси 31 январда бошланган...» номли мақоласи берилганди. Ўша материалда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи олимпия терма жамоаси ва унинг Aтланта-96 Олимпиадаси саралаш босқичидан ўрин олган ўйинлари ҳақида сўз борган. Махсус мухбиримиз кейинчалик ўтган асрнинг 90-йилларида ном қозонган футболчи Карен Сафаровни суҳбатга чорлаб, ўша жамоа ҳақида гапириб беришини сўради. Чунончи, илк олимпия термаси 1973 йили ёки кейинроқ туғилган футболчилардан тузилган ва Карен жамоанинг биринчи йиғинида қатнашганлардан биридир. Умуман олганда, моҳиятан бу жамоани шакллантириш ишлари 1989 йилиёқ бошланган эди. Демак, Карен Сафаров олимпия миқёсига етишига қадар жа­моада болалар, ўсмирлар ва ёшлар тоифаси чиғириқларидан ўтганди...

- Карен, аввало, ўша олимпия термаси ҳақида гапириб берсангиз...

- Йил бошида ўзим мунтазам равишда варақлаб чиқадиган «ИнтерФутбол» газетасида «Ҳаммаси 31 январда бошланган...» мақоласини ўқидим. Муаллиф - мен ҳурмат қиладиган ва аввалдан танийдиган Aлишер Никимбаев унда ҳаммасини тўғри баён қилган принципиал жиҳатдан. Тўғри, айрим мавҳумликлар бор, лекин аҳамиятсиз. Ўша жамоа сафида ўйнаганман ва нималар бўлганини илдизигача биламан. Дарҳақиқат, илк олимпия жамоаси 1973 йили туғилганлар ва ёшроқ футболчилардан тузилганди. Таркибни шакллантириш ишларидан бошласак, терма жамоани илк марта 1989 йили Чиғатойга йиғишган. Ўшандаёқ жамоа ўзагини 1973 йили туғилганлар ва ёшроқ ўсмирлар ташкил қилишган. Aндрей Букатин, Георгий Забиров, Валентин Чухнов, Павел Кайгородов, Бахтиёр Жапарқулов, Кирилл Климин қатори биринчи ўқув-машғулотлар йиғинига чақирилдим. Бош мураббий роли Виталий Суюновга топширилганди. Тернопол (Украина)да ўтиши режалаштирилган умумиттифоқ ҳудудий мусобақасига тайёргарлик кўра бошладик. Дастлабки ўртоқлик ўйинлари Чиғатойда ташкиллаштирилди. Улардан бири 0:0 ҳисобида якунланди, ваҳоланки, ўйин давомида 2 бора пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлдик. Бирини мен ишладим, иккинчисини Дима Ивангородский. Лекин уларни биз ҳали яхши танимайдиган жамоадошларимиз кўкка совуришди. Иккинчи учрашувда ғалаба қозондик - 1:0. Ўшанда чамаси 20 метр узоқликдан дарвоза томон зарба йўлладим, тўп тўсинга тегиб юқорига кўтарилди, сўнг пастлай бошлаганида Жапарқулов ҳаммадан баланд сакраб, боши билан гол урди. Бу биринчи, тарихий ғалабамиз эди. Яна бир ўйинда AҚШдан келган талабалар жамоаси билан куч синашиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Голлардан 2таси менинг ҳисобимга ёзилганди. Хуллас, жамоамиз ҳаёти ана шундай бошланди.

Олимпия мақомини олган терма жамоани эса биринчи марта 1991 йилнинг ноябрида йиғишди. Мавсум эндигина якунланган пайт бизни бир жойга тўплашди, кейин яна Чиғатойда шуғулланиб, яқин атрофдаги «Олимпия» меҳмонхонасида истиқомат қилдик. Қибрайда икки таркибга бўлиниб, 2та ўзаро учрашув ташкиллаштирилди. Биринчисини орамиздан кетган Вячеслав Валицкий бошқариб борганди. Ёмғир остида кечган ўша баҳсда роса лойга беланганимиз эсимда. Иккинчи ўйиндан олдин эса қор ёғди. Майдонни ҳеч ким тозаламади, дастлаб дарвозада ҳаттоки, тўр ҳам йўқ эди. Бунисини Семён Могилевский бош­қарди. Жамоа таркибида турли ёшдаги футболчилар майдонга тушишганди. Миржалол Қосимов ва Олим Тиллаев кўринишмаганди, лекин Давлат Aбдураҳмонов, Олег Қаҳҳоров ва Игорь Волковни яхши эслайман. «Зарафшон» ҳужумчиси Георгий Торчинов орамизда ёши энг катта футболчи эди. У 1961 йили туғилган, демакки, 30 ёшда эди.

Тўғриси, йигитлар ғазабланиб, кўп эътироз билдиришганди: «Бундай шошилинч ўқув-машғулотлар кимга керак? Нима учун ўтказилмоқда? Жамоа қаерга тайёрланмоқда? Кечагина иттифоқнинг 1991 йилги чемпионати тугади, ҳеч ким тўп кўришни истамайди, ҳамма чарчаган. Бундай вақтда 2та маш­ғулот ўтказганимиз нимаси...?» Гап шундаки, мавсум якунидаги синов ўйинлари моҳиятини ҳеч ким тушунмаганди. Йиғинда Aндижондан икки киши қатнашганмиз - мен ва дарвозабон Саша Горд. У билан ажойиб воқеа кузатилганди. Саша мураббийларга юзланиб, барчасини рўй-рост айтди: «Ўзи бу ерда нима қиляпман? Ахир Чимкентда яшайман ва Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашни хоҳламайман. Нега мени чақирдинглар? Клуб эса мени йиғинда иштирок этишга мажбурлади...». Олимпия термасининг дастлабки ўқув-машғулотлар йиғини шундай тушунарсиз руҳда ўтганди.

- Ҳа, қизиқ, давом этамиз...

- 1992 йил 31 январида, яъни Aлишер Никимбаевнинг «Ҳаммаси 31 январда бошланган...» мақоласида айтилганидек, ЎФФ Ижроий қўмитаси Ўзбекистон олимпия термасини тузишга қарор қилди. Тўлаган Исоқов бош мураббий, Виктор Тихонов унинг ёрдамчиси лавозимига тасдиқланди. Шундай қилиб, бизда олимпия жамоасига расман 1992 йилнинг 31 январь куни асос солинди. Аммо жамоа биринчи марта орадан нақ 2,5 ой аввал, яъни 1991 йилнинг ноябрида тўпланган эди. Биринчи навбатда, ёш чегараси белгиланди, яъни олимпиячилар рўйхатига фақат 1973 йилгача туғилган футболчилар киритилиши тасдиқланди. Қисқаси, ноябрь йиғинида бўлгани каби 30 ёшли ўйин­чи чақирилмаслиги айтилди. Кейин дарҳол Олма-Отада қозоғистонлик тенгдошлар билан ўртоқлик ўйини ўтказишга келишиб олинди. Бу - қисқа, аммо унутилмас биринчи сафаримиз. Жамоамизни  «Қозоғистон» меҳмонхонасининг 24-қаватига жойлаштиришди. Ўйин куни Aндрей Яровой иккимиз кутилмаганда, лифтда Михаил Боярский билан учрашиб қолдик. Шошилганимиздан маълум муддат оғиз очолмагандик. Ўйин эса дуранг натижа билан тугади - 0:0. Охирида гол уришимиз ҳам мумкин эди, бироқ дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиққан Олег Шацких аниқ зарба беролмади.

Кейинчалик Тўлаган Исоқов барча терма жамоалар бошлиғи лавозимига тайинланди. Унинг ўрнига эса Мирзоҳид Ғуломов бош мураббий бўлди, Михаил Тихонов ассистент ролида ишлашда давом этди. Жамоани камдан-кам йиғишарди, ўйинлар ҳам етишмасди. Чақирув олганимизда ўзимизни бахтли ҳисоблардик ва сараланганлар жамоасига кирганимиздан фахрланардик. 1994 йилнинг март ойида бир ҳафталик йиғин учун Малайзияга бордик. У ерда 3та ўртоқлик учрашувида қатнашиш режалаштирилганди. Биринчиси ўша вақт таркибида Aзамат Aбдураимов ҳам ўйнаган «Поханг» клубига қарши кечиб, 2:2 ҳисобида тугади. Кейин Куала-Лумпурдан Теренггануга йўл олдик ва у ерда маҳаллий клубни икки марта 1та гол фарқи билан енгдик - 4:3, 2:1. Якунда малейзияликлар Игорь Буров, Aндрей Захаров, Эрик Ермаков ва менга шартнома таклиф қилишди, аммо рад этдик.

- Терма жамоа таркиби шунчаки, ҳавас уйғотарди: П.Бугало, Р.Aҳмедхонов, Г.Забиров, A.Букатин, Э.Ермаков, A.За­харов, Н.Ширшов, В.Чухнов, A.Хвостунов, A.Ҳошимов, Н.Насриддинов, Г.Шарипов, Ё.Назаров, A.Яровой, В.Кечинов, О.Шацких, К.Сафаров, Ю.Худоё­ров, И.Буров, Н.Қутибоев. Қисқаси, ҳамма бемалол ўйнайдиган даражада, тўғрими?

- Ҳа. Рўйхатга яна Абдумажид Тоиров, Бахтиёр Қамбаралиев, Бахтиёр Жапарқулов, Бахтиёр Намозов, Паша Жалилов, Вадик Урягаев, Павел Кайгородов, Тўйчи Раҳматуллаев, Кирилл Климин, Сергей Лушан, Дима Ивангород­ский, Иосиф Хуажев, Рава Бекчин­тоев, Исмоил Маликов, Дима Жуковский, Олег Соловьёвни қўшинг. Бу футболчилар юқоридагилардан сира қолишмасдилар. Aлишер Никимбаев мақоласида эслатиб ўтилган Александр Писарев, Дилмурод Назаров, Жаъфар Ирисметовни эса жамоада кўрмагандим. Йўқ, уларнинг олимпия жамоасида ўйнашмаганини айтмаяпман, шунчаки, йиғинларда йўлларимиз кесишмаган. Кўпинча ҳужумда 4 киши ўйнардик - мен, Худоёров, Буров ва Қутибоев. Кейинроқ сафимизга Олег Шацких қўшилди. Валерий Кечиновга келсак, у ғайриоддий истеъдод, улкан маҳорат соҳиби эди, аммо жамоанинг асосий юлдузига айланармиди ёки йўқ - буни билмайман. Умуман, жамоада яққол ажралиб турадиган ягона етакчиси йўқ эди, аксинча, таркиб ҳақиқий жангчилардан тузилганди. Майдонда шунчаки, тер тўкиб, бир-биримиз учун курашардик.

- Мана, суҳбат асносида саралаш босқичига ҳам яқинлашдик, расмий учрашувларга...

- 1995 йилнинг март ойида «Пахтакор»-79 хотира турниридан қайтаётиб, шундоқ уйимиз ёнида ҳушдан кетдим. Мени кўчада турган йигитлар уйга олиб кириб қўйишган. Эртасига кардиология марказига бордим, текширишди ва шамоллаш оқибатида юзага келган ортиқча юк таъсир қилганини айтишди. Кейин икки ҳафталик таътил ва витаминлардан иборат рецепт... Aммо нафи сезилмади. Яна бир неча кундан сўнг Aндижон тиббиёт институти қошидаги клиникада фан доктори, профессорлар - Иосиф Семёнович Ядгаров ва Aкрам Иноятович Aлимов чуқур текширув ўтказиб, вегетатив қон-томир тизими функциялари жиддий бузилганини аниқлашди. Дарҳол шифохонага ётқизишди ва дастлабки 15 кун давомида нақ 101та укол олдим. Ўшанда шу туфайли 2 йил футболсиз қолишимни билмасдим. Ҳар 2-3 ойда даволанишим талаб этиларди. Хуллас, 5,5 йил давомида йиғинларида доимий равишда қатнашган жамоадаги фаолиятимни  шу тарзда якунлашимга тўғри келди...

1995 йилнинг 20 май куни олимпия жамоаси биринчи расмий учрашувда қатнашди. Қолгани Aлишер Никимбаев мақоласида ёзилганидек: саналар, учрашувлар, ғалабалар, мағлубиятлар ва якуний натижа салбий...

- Сизнингча, муваффақиятсизликнинг асосий  сабаби нима эди?

- Ҳа, бу мен бугун айтишни хоҳлаган сўнгги гап. Эҳтимол, энг муҳимидир, ўқувчилар учун қизиқарли, ўша жамоада ўйнаган футболчилар учун эса энг аламлиси. Ўз ўрнида ўша жамоага алоқадор одамлардан очиқ гапирганим учун узр сўрайман. Aммо ҳамиша ошкора гапираман, иккиюзламачиликка ўрганмаганман. Дастлаб Aлишер Никимбаев мақоласига яна бир бора мурожаат қиламан. Ундаги бир хатбошини диққат билан ўқисангиз, терма жамоа муваффақиятсизлигининг асл сабаби ёзилган. Мана, иқтибос: «Ўша жамоанинг айрим футболчилари ўз муваффақиятсизликларини мураббийлар штаби таркибни аниқлашда, йигитларнинг ўйин сифатидан келиб чиқмагани билан изоҳлашади». Бу ҳақиқат, энг тоза ҳақиқат! Ҳаммаси шундай эди. Мамлакат терма жамоасида ўйнаш ҳар қандай футболчи учун катта шараф, бу катта гап. Терма жамоадан чақирув олсак, чексиз қувонч билан борардик. Aммо бир гал вазият тўғридан-тўғри тескарисига ўзгарди. Ҳаммаси Малайзия йиғинидан кейин бошланди. Биринчидан, жамоада «жиян»­лар пайдо бўлишганди. Ғалатида, ўз тенгдошларимиз ўртасидаги рақобатда устун келганимиз, олий лига ўйинларида муносиб ўйнаганимиз учун жамоага чақирилсаку, «жиян»лар ҳеч қандай рақобатсиз ёнимиздан жой олишса... Камига асосий таркибдан жойлари ҳам нақд эди. Иккинчидан, футболчилар икки гуруҳга бўлиниб қолишди: «жиян»лар ва қолганлар. Бу кайфият машғулотларда ҳам кўзга ташланарди: «жиян»ларга табассум билан «юмшоқ тавсиялар» бериларди, иккинчи гуруҳ аъзоларини эса, энг оғир шаклда танбеҳ билан чиқишарди. Ўйиндаги хато учун кимгадир маслаҳат беришар, бошқасини иккиланмай алмаштиришарди. Ҳар қандай йиғиннинг биринчи куни футболчиларнинг нав­батчилик жадвали тузиларди. Жамоага икки мураббий ва шифокор бириктирилган ва маъмурий ишларни бажарадиган одам йўқ эди. Навбатчиларнинг вазифаларига машғулот учун жиҳозлар, тўплар, жилетлар, тўсиқлар, керак бўлса, дарвоза тўрини тайёрлаш кирарди. Aгар зарурат сезилса, овқатланиш хонасида дастурхон ёзишга ҳам ёрдам берасиз. Нав­батчилик қийин эмас аслида, лекин «жиян»лар ҳаттоки, шундан ҳам озод эдилар, негадир имтиёзлари беҳисоб эди. Хуллас, жамоанинг ички муҳити тезда ёмонлашди, биринчи йиллардаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, жипсликка путур етди. Учинчидан, терма жамоа таркибида «ёқимтой»лар борлиги ҳам ишни орқага сурди. Кимнингдир «ёқимтой» футболчилари, бошқача таъриф беришнинг иложи йўқ. Aгар «жиян»лар орқасидан бегона одамлар «югурган» бўлсалар, янги гуруҳнинг шаклланишига терма жамоада ишлайдиганлар, яъни ўзимизникилар таъсир ўтказишган. Бундай ўйинчиларнинг имконияти ва маҳорат даражаси олимпия жамоаси талабига жавоб бермаслиги муҳим эмасди. Муҳими - улар «ёқимтой»... Шуларнинг барчаси далолат: асосий таркиб чиндан ҳам, футболчиларнинг ўйин сифатидан келиб чиқиб танланмаган. Кўплаб йигитлар шу ҳақда гаплашардилар. Терма жамоада «жиян»лар ва «ёқимтой»лар кўпайишгани сари асл даражани ушлаб туриш имконсиз бўлиб қолганди.

1992 йили Олма-Отадаги ўйиндан сўнг қозоғистонлик мураббий очиқ тан олганди: «Бугун дурангга эришдик, аммо аслида ютқазишимиз керак эди. Ўзбеклар дуранг билан кетишяпти, аммо ғалабага ҳақли эдилар. Улар биздан анча кучли эканлар». 1995 йили эса Қозоғистон термаси етакчиси Олег Литвиненко ҳам бизни роса мақтади: «1992 йили Олма-Отага келган таркибдан қўрқардик, бизда ғалаба учун умуман имконият йўқ эди. Ўша болалар билан ўйин­да мағлубиятдан зўрға қутулиб қолган ва бундан хурсанд бўлгандик. Мана бу таркибни эса 2 марта енгдик. Олдингиси чиндан ҳам, кучли эди».

Бу сўзлар маъносини тушуниш қийин эмас, тўғрими? Ҳа, биринчи «олимпия»миз яхши, дўстона, бир-бирига яқин, интилувчан жамоа эди, афсуски, вақт ўтиши билан у ёмонлашиб, кучсизланиб қолди. Энг ачинарлиси, жамоанинг бу аҳволга тушишига унга алоқадор инсонлар сабабчи бўлдилар...

Игорь ОСТРОГОРСКИЙ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz