Қайднома

Қидирув

Жаҳонгир Меҳмонов: “Хориждан ҳам таклифлар бўлди”

Жаҳонгир Меҳмонов: “Хориждан ҳам таклифлар бўлди”

  16.02.2021 07:07
  0
  489
Жаҳонгир Меҳмонов: “Хориждан ҳам таклифлар бўлди”

Жорий йил Суперлигада дебют қиладиган Яйпаннинг «Турон» жамоаси мусобақада муносиб иштирок этиш учун ўз сафини бир қатор тажрибали футболчилар билан бойитмоқда. Улардан бири - тажрибали ҳимоячи Жаҳонгир Меҳмоновдир. Биз куни кеча ушбу футболчи билан боғланиб, янги жамоасидаги таассуротлари ва бошқа мавзуларда суҳбат уюштирдик.

- «Турон»нинг янги мавсумга таёргарлик жараёни ва жамоага киришиб кетиш қандай кечмоқда?

- Биласиз, «Турон» янги шаклланаётган клуб. Жамоада ёш футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ўйлашимча, бу йилги чемпионатда бизнинг жамоадан мавсум кашфиётлари етишиб чиқади. Худо хоҳласа, чемпионат бошлангунга қадар бир-биримизни яхши тушуниб олсак, уёғига чиройли ўйинлар ва яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

- «Турон» - хусусий тадбиркорлар томонидан яратилган янги лойиҳа. Бу жамоада футболчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ҳозирги пайт хусусий клубларда «Турон»даги каби шароитларни яратиш жуда қийин масала. Бу борада раҳбариятга миннатдорлик билдираман. Энди табиийки, биз ҳам мана шундай эътиборга яраша натижа қайд этишимиз керак. Янги мавсумда футболчиларга яратилган шароит ва имкониятларни оқлаш учун ижобий натижаларга эришиш ниятидамиз.

- Нима деб ўйлайсиз, клуб бош мураббийи Ислом Исмоилов Суперлига учун рақобатбардош жамоани шакллантира оладими?

- У ёш ва янги авлоднинг салоҳиятли мураббийларидан бири. «Турон»ни дастлаб Про-лигага, кейин эса Суперлигага олиб чиқди. Демак, унда шунга яраша нимадир бор. Ўйлашимча, бу каби ёш мутахассислар ўзбек футболига керак.

- «Турон»га сизни ким таклиф қилди ва жамоа билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- «Турон»га клуб бош мураббийи ва раҳбарлари таклиф қилишди. Жамоа билан мавсум сўнгига қадар мўлжалланган шарт­нома имзоладик. Яширмайман, олдимда хориж клубларидан ҳам таклифлар бор эди. Аммо уйга яқин жойда ўйнаш истаги туфайли «Турон»ни танладим. Бу қарор чиқаришимда муҳим роль ўйнади.

- Айнан қайси давлат жамоаларидан таклифлар бўлди?

- Сингапур, Малайзия ва Бангладешдан.

- «Навбаҳор»-чи? Қадрдон клубингиздан ҳам чақирув бўлдими?

- Йўқ!

- «Навбаҳор»да ўйнаб юрган кезларингиз нимадир бўлдию, мухлислар танқидига учрадингиз...

- Тўғриси, футбол борасида бу спорт турини тушунган инсон билан мулоҳаза юритсангиз ёки алоқа қилсангиз арзийди. «Навбаҳор»нинг айрим «мухлислари» ҳақида гапиришни ҳам, алоқа қилишни ҳам хоҳламайман.

- Арзимаган ходисалар туфайли жамоа учун йиллаб қилинган меҳнатлар қадрсизланишини кўриш ачинарли...

- Тўғрисини айтаман, олдинги раҳбарият билан юзага келган келишмовчилик туфайли клубда ортиқ қолишни истамадим ва жамоадан кетдим. Ўша пайт Азим Аҳмедов иккимиз жуда ноқулай вазиятга тушиб қолдик. Шу туфайли кетишни энг тўғри йўл деб билдим. Ўша даврдаги раҳбариятнинг муносабатидан кўнглим оғриб қолган. Шунинг учун «Нав-баҳор» ҳақида ортиқча гапиришни хоҳламайман. Лекин уларга чин дилдан омад тилайман. Чунки бу менинг она юртим жамоаси.

- «Навбаҳор»да ҳар йилги ўйинларда барчадан кўп иштирок этадиган Аъзам Алиевнинг ҳам клубдан кутилмаганда кетиши кўпчиликни ҳали ҳам ўйлантиради...

- Албатта, қилинган меҳнат қадрига етмаслик учраб туради. Футбол шунақа шафқатсиз спорт тури. Бугун сизни қўллаб-қувватлаб турган «мухлислар» эртага вазият ўзгариши билан бутунлай бошқа одамга айланишади. Албатта, футболни тушунадиган, ўз фикрига эга ишқибозлар бундан мустасно.

- Сўнгги сўз ўрнида наманганлик мухлисларга айтар гапларингиз...

- «Навбаҳор» ва унинг мухлисларига омад тилайман. Улардан сўрайдиганим, клуб учун жон куйдираётган маҳаллий футболчилар шаънига ортиқча гап-сўзлар гапиришмасин. Аслида, клуб учун меҳнат қилаётган йигитлар шулар бўлади. Лекин кўпинча мухлислар томонидан юзага келган босим остида қолиб кетишади. Ҳеч бир футболчи ўз жамоаси салбий натижалар қайд этишини хоҳламайди. Шунинг учун, мухлислар футболчилар тўғрисида ҳар хил бўлмағур гапларни гапиришдан кўра, уларни қўллаб-қувватлаб туришса, яхши бўларди.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz