Қайднома

Қидирув

Про-Лига – порлоқ лигага айлансин!

Про-Лига – порлоқ лигага айлансин!

  16.02.2021 09:09
  0
  296
Про-Лига – порлоқ лигага айлансин!

Чемпионатнинг мавқе бўйича иккинчи даражали дивизиони яқингача биринчи лига деб аталарди. Кейинчалик унинг Про-лига дейилишига кўникдик. Хўш, бу ўзгаришлар кутилган самарани бердими? Тан олиш керак, лойиҳа ажойиб эди. Унда дастлаб жамоалар имкониятидан келиб чиқиб «A» ва «В» лигаларга ажратилди. Бугун мазкур лига фаолиятини имкон қадар таҳлил қилиб, янги мавсум олдидан фикр-мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз.

Европа миллий чемпионатларининг 2-даражали дивизионларига эътибор қаратсак, иштирокчилар сони элитадаги билан тенг. Италия «В» ва «С» серияларида 20та, Сегундада 22та, Чемпионшипда 20та. Иккинчи Бундеслигада 18та жамоа «олий»га чиқишга даъвогарлик қиляпти. Яқинда Мадриднинг «Aтлетико» ва «Реал» клубларини 3-лига жамоалари кубок баҳсларидан чиқариб юборди. Бунга Европада одатий ҳол сифатида қаралади. Хитойда ҳам қуйи лига вакиллари маблағ, шароит нуқтаи назаридан олий лига жамоаларидан қолишмайди. Кореяда ҳам «Кей лига 1» дебютантлари ҳам нимадир қилишга уриниб кўришмоқда. Бизда ҳам бу борада ўзгаришлар кузатилса, ажабмас.

Про-лига том маънода 2020 йилда ривожланиш босқичини бошлаб юборди. Жонли трансляцияларнинг йўлга қўйилиши ушбу турнир юксалиш йўлидаги каттагина қадам бўлиб хизмат қилади. Чемпионлик ҳам сўнгги турда аниқланиши интригани тақдим этди. Олдинлари биринчи лигадан элитага қайсидир жамоа йўлланма олса, ТВ ва радио янгиликларида бир-икки марта эшиттирилар, газеталар саҳифаларида ҳам фақат натижалар учунгина жой ажратиларди. Суперлига йўлланмасини тақдим этган «Нефтчи» - «Турон» ўйини охирида рўй берган воқеаларни ҳисобга олмаганда, ҳақиқий футбол спектаклига айланди.

Про-лига сўнгги мавсумида ажойиб натижа кўрсатган «Турон» бизда ҳам футболчиларни илғаб, ўйната олса, қуйи лигаларимизда ҳам ажойиб истеъдодлар борлигини кўрсатиб қўйди. Про-лига иштирокчилари рўйхатига бир қаранг! Деярли тенг кучли жамоа-лар. Таркибига таниқли футболчиларнинг қўшилаётгани ҳам савия ошаётганидан далолат. Олдинлари трансфер вақти тугаб, олий лигадан жамоа топа олмаганларгина қуйи лигадан иш қидиришарди. Ҳозир эса Суперлигадаги тайёр жамоасини ташлаб, Про-лига жамоаларини танлаётганлари ҳам бор. Фақат уларга фаолиятида пасайиш бўлди, деб эмас, аксинча, Про-лига янги босқичга чиқ-япти, деб қарайлик.

Саломов, Шихов, Станоевич, Шораҳмедов каби юлдузлар сафи кенгаяди, ҳали Про-лигада. Суперлигага эса 2,5та йўлланма қўйилганидан ҳам бу йилги беллашувлар шиддатли кечишини тахмин қилиш қийин эмас. Ўз нав-батида, Про-лига жамоаларида легионерлар сони сезиларли даражада кўпайиши кутиляпти. Aфрикалик футболчилар олдинлари фақат олий лигамизда ўйнашарди. Айни пайт ҳатто эронликлар ҳам синовдан ўтказиляпти. Демак, бу мавсумда Про-лигадаги ўйинлар шиддати Суперлиганикидан асло қолишмайди.
***

Про-лига-2020да 8та клуб иштирок этганди. Якунда «Турон» Суперлига йўлланмасини қўлга киритди, «Бухоро» эса Про-лигага тушди. Ўз нав­батида, Про-лигада охирги ўринни банд этган «Зомин» ўз жойини Биринчи лига ғолиби «Янги­ер»га бўшатиб берди. Про-лиганинг 7-жамоаси «Хоразм» ва Биринчи лигада 2-ўринни эгаллаган «Пахтакор-2» ўртасида ўтказилиши белгиланган «плей-офф» учрашуви эса бекор қилинди. Чунончи, ЎФА Ижроий қўмитасининг 2020 йил 28 ноябрдаги йиғилишида Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш дастури асосида истисно тариқасида «Арал» клубига Про-лигада иштирок этиш имконияти берилди ҳамда 2021 йилги мавсумдан эътиборан лигада 10та жамоа қатнашиши тасдиқланди. Шунга мувофиқ, «Хоразм» Про-лигадаги ўрнини ўтиш ўйинисиз сақлаб қолди, «Пахтакор-2» эса ўз-ўзидан лиганинг 10-жамоасига айланди. Шу йил 3 февраль куни «Пахтакор-2» клуби Про-лигада иштирок этмаслигини маълум қилди. ЎФА Ижроқўми Бюроси эса 5 февраль куни МОҚ қошида ташкил этилаётган «Олимпик» клубини Про-лиганинг 10-жамоаси сифатида тасдиқлади. Шу тариқа «Олимпик» клуби лицензиялаш ҳамда Мусобақалар ўтказиш регламентларидаги барча талабларни бажариш шарти билан турнирга қўшилади.

Про-лига-2021га қуръа ташлаш маросимини «УзРепорт» билан ҳамкорликда илк марта жонли эфирга олиб чиқиш режалаштирилган. Маросим санаси ҳамда мусобақанинг старти муддати кейинроқ маълум қилинади.

 

Про-лига-2021 иштирокчилари

«Бухоро», «Нефтчи», «Шўртан», «Динамо», «Истиқлол», «Оқ-тепа», «Хоразм», «Янгиер», «Арал», «Олимпик»

Орол НОРБОЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz