Қайднома

Қидирув

Уддабурон агентлар ёхуд “Пихини ёрганлар”

Уддабурон агентлар ёхуд “Пихини ёрганлар”

  17.02.2021 11:00
  0
  376
Уддабурон агентлар ёхуд “Пихини ёрганлар”

Жамоалар ёки спортчилар ўртасидаги соғлом рақобат тараққиётнинг муҳим омилларидан эканлиги барчага маълум. Лекин мақсадга эришиш йўлида қўлланилаётган нопокликлар ҳам йўқ эмас. Биргина 2019|2020 йиллар мавсумининг ўзида АПЛ клублари футбол агентларига 263 млн. фунт сарфладилар.

«Ливерпуль» бошқа жамоаларга нисбатан кўпроқ - 30,3 млн.дан воз кечди, «МЮ» ва «Челси» 26 млн.дан, энг тежамкор «Бёрнли» 3,9 млн.ни агентлар хизматига тўлади. Чемпионшип вакиллари ҳаммаси бўлиб 49 млн.дан, биринчи ва иккинчи дивизион жамоалари 5 млн.дан сарфлашди. Хуллас, «суперагентлар»нинг мавсумий даромадлари 320 млн.дан ошиб кетди. Шу боис, уларнинг ҳар бир янги мижоз учун жон олиб, жон беришга тайёр эканликларидан ажабланмаса ҳам бўлаверади.

Олий табақадаги «суперагентлар» биринчи навбатда Вильфрид Захага ўхшаган юлдузларни ўз мижозлари сафига тортишга уринишади. «Кристал Пэлас» ҳужумчиси 2019 йилда Unique Sports Management билан алоқани узиб, ўз вақтида Мино Райоладан Ромелу Лукакуни «ўғирлаган» Федерико Касторелло билан ҳамкорликни йўлга қўйганди. Аммо ҳамкорлик узоққа чўзилмади - яқинда Заха АҚШнинг RosNation фирмаси тасарруфига ўтди. Бу муассаса Маркус Рэшфордга сиёсий фаолият бобида фаол ёрдам кўрсатганди. Раҳим Стерлинг эса кўп йиллик ҳамкори Эйди Уорддан воз кечиб, ўзига янги агент изламоқда.

Шунга ўхшаш воқеалар жамоатчилик эътиборидан четда қолади. Аслида қимматбаҳо имзолар учун футболда аёвсиз кураш кечади. Ўта кескин, мураккаб курашда агент мислсиз тарзда бойиб кетиши ёки ҳеч вақосиз қолиши мумкин.

Идеал шароитда футболчи билан агент ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятининг охиригача давом этиши лозим. ФАнинг амалдаги қоидалари агентларга 16 ёшдан кичик бўлган футболчилар билан шуғулланишни тақиқлайди. Улар ҳатто ўзаро учрашишлари, «смс», электрон почта ва ижтимоий тармоқлар орқали боғланишлари ҳам мумкин эмас. Шунингдек, ёш футболчининг ота-онаси, ўртоқларига таъсир кўрсатиши ҳам. Бундан ташқари, 16-18 ёш оралиғида ота-она ёки васийнинг розилигисиз бирор-бир келишувни амалга ошириш ҳам ман этилган. Ўтган йили шу қоидаларга амал қилмаган 6 нафар агент дисквалификация билан жазоланди. Лекин аслида қоидабузарлар сони бир неча бараварга кўп эканлигини ишонч билан таъкидлаш мумкин.

«Биз ўз вазифамизни ҳалоллик билан адо этишни истаймиз. Лекин бунинг иложи йўқлигидан виждон азобида қийналамиз. Айрим агентларнинг клублар билан алоқадорлигига ишонтирадиган сабаблар етарли. Кимнингдир дўсти - 14 ёшгача бўлган ўсмирлар жамоаси мураббийи. Балки уларда ёшлар ўртасидаги учрашувларга кириш ҳуқуқи бордир. Баъзан агентларнинг ота-оналар билан автомобиллар тўхташ жойидаги «тасодифий» суҳбатлари устидан чиқиб қоламиз. Бир пайтлари ёшлар жамоалари ўйинига кирганимда, майдон четида 10 нафар агентга кўзим тушганди. Улар клуб вакиллари билан визиткалар алмашганларига гувоҳ бўлганман. Айрим клубларда кутилмаган меҳмонларни таниб олиш учун махсус ускуналар ўрнатилган. Аммо кўпинча истаган киши қайсидир футболчининг отаси ёки акаси сифатида ўзини таништириб, бемалол кириб кетаверади», - дейди агентлардан бири.

Иккинчи агент мавзуни давом эттирди: «Ота-оналарнинг рухсатисиз балоғатга етмаган футболчилар билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилган агентлар рўйхати эълон қилинган. Улар ўзларини қизиқтирган ўйинчининг телефон рақамини жамоадошларидан билиб олишга уринадилар. Ақлли болалар уларга қулоқ солишмайди. Аммо арзимаган пул эвазига керакли маълумотни берадиган болани доимо топиш мумкин. Жамоадошининг тақдири уни мутлақо қизиқтирмайди».

Футболчиларнинг ота-оналари билан доимо клуб орқали боғланишга уринамиз. Дейлик, «Челси»нинг ўсмирлар бўлимига қўнғироқ қилиб, қайсидир футболчини харид қилиш хусусида сўз очсак, ҳеч қандай маълумотни ололмаймиз. Лекин клуб тизимидан танишни топиш мумкин. Ўта ноинсоф агентлар қоидаларни писанд қилмаган ҳолда ижтимоий тармоқлардан фойдаланадилар».

Ўзаро мулоқот чоғида бир неча агентлар бу мавзуни сунъий равишда шов-шув даражасига кўтариб юборилганини таъкидладилар: «Бу масалада ҳукумат коррупцияга қарши курашдагидан ҳам кўпроқ жон койитмоқда. Ҳар қайси агентда қоидабузарлик учун жазоланган танишлар етарли. Агентликдагиларнинг арзимас хатоси бегуноҳ кишиларнинг 6 ой ишсиз қолишига сабаб бўлиши мумкин».

Футболчининг агентлик билан шартномага имзо чеккани келишув абадий дегани эмас. Англияда ҳамкорлик икки йилдан узоққа бормайди. Шу боис, кўпчилик агентлар рақобатдан қўрқиб қолишган. Уларнинг касбида руҳий хасталикка чалиниш эҳтимоли жуда юқори.

«Футболчилар орасида фақат ўзини ўйлайдиганлари ҳам йўқ эмас. Агар мижозинг қайсидир касбдошинг билан алоқани узиб, сенга келган бўлса, бу қилиғини такрорламаслигига кафолат йўқ. Ҳатто сен туфайли Лига 1дан АПЛга ўтган ва 10 йилдан бери ҳамкорлик қилаётган футболчи ҳам истаган пайтида сендан воз кечиши мумкин. Одатда, икки йил оралиғида мижозинг ижара шартномаси, трансфер ёки шартнома муддатини узайтириши мумкин. Шунингдек, ҳаммаси барбод бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Футболчи ишончли агент билан ишлашни хоҳлайди. Лекин тез орада «тергов»ни бошлаб юборади: футбол оламидаги нуфузинг қай даражада, қанақа келишувларни амалга ошира оласан, нечта ёш футболчини иш билан таъминладинг?..

Футболчилар огоҳлантиришсиз иш юритадиган агентларни ёқтирмайдилар. Агар агент клубдан 1 млн. фунт олишини ва маблағнинг 45 фоизи мижози ҳисобидан бўлишини олдиндан айтса, футболчи бунга эътироз билдирмайди. Сюрприз мақомидаги тўловлар эса ҳамкорликнинг барбод бўлишига олиб келади».

Агентликлар учун энг самарали рекламани шу агентлик мижозлари амалга оширадилар. Масалан, Жерард Пикенинг фаолиятига «беш» кетадиган Иван Ракитич охир-оқибат Пикенинг агенти Артуро Каналес билан ишлай бошлади. Эшли Коулнинг Дэвид Маннаса шаънига йўллаган мақтовлари таъсирида Никлас Бендтнер ўз агентини алмаштирди.

Баъзан агент билан футболчи ўртасида, айниқса, маблағ масаласида муаммолар бўлиб туради. Бироқ кўпчилик ҳолларда мижозлар уларни ўзларининг ишончли вакиллари, яқин маслаҳатчилари, устоз ва кўмакчилари сифатида ҳурмат қиладилар. Шунга қарамасдан, агентларнинг кўпчилиги касбларига нисбатан салбий муносабатдан норозилар.

Жангда дуч келган воситадан фойдаланиш мумкин деганларидек, агентлар ўзларига ёқадиган ўйинчиларни мижозларга айлантириш илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдилар. Масалан, Бендтнерга агенти кровать совға қилган дейишади. Бошқалар бундан рақобатчиларни ёмонлашда фойдаланишди.

Таниқли брендлар билан ҳомийлик шартномаларига эга бўлиш - деярли барча футболчининг орзуси. Аммо бу фақат жаҳон миқёсидаги юлдузларга насиб этиши мумкин. Айрим агентлар эса футболчининг қизиқишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади: «Ҳомийлик шартномаларини ваъда қилиш - агентларнинг севимли қуроли. Лекин уларнинг ҳаммаси самимий бўлавермайди. Қайсидир агент дўкондан бутса харид қилиб, мижозига компаниянинг совғаси сифатида бериши мумкин».

Касбдошлари орасида ҳалолликдан йироқ бўлганлари йўқ эмаслигини агентлар инкор этишмади. Бунинг асосий сабаби - йирик маблағ!

О.АТАБОЕВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz