Қайднома

Қидирув

Бемаврид йиғинни кимга кераги бор ёки...

Бемаврид йиғинни кимга кераги бор ёки...

  18.02.2021 04:54
  0
  303
Бемаврид йиғинни кимга кераги бор ёки...

Ўзи бажарадиган ишларни муҳим ва номуҳимга ажратиб оладиган, шундай ёндашув асосида режа тузадиган одамларни ҳаётда кўп учратганман. Уларнинг аксарияти билан яхши муносабатдаман. Бизни фақат бир жиҳат фарқлайди, яъни мен ишларимни муҳим ва номуҳимга ажратмайман. Шундай йўл тутсам, қайсидир юмушни ўкситгандай бўлавераман. Қисқаси, тамойилим ажратиш эмас, балки маврид. Хуллас, мавриди келган ишни тўхтатмай бажаришни маъқул кўраман. Яна шуниси борки, мен мавриди келган деб ҳисоблаган иш бошқа биров учун бемаврид туюлиши мумкин. Бу борада ҳақ ноҳақни баҳолаш вақт ҳукмида, ҳаёт измида.

14 февраль куни эрталаб Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ва Саъдулла Сиёевнинг «Дашти қипчоқ лочини» романларидаги тасвирлар, ижодий қарашларни ўзаро солиштираётгандим, тўсатдан телефон жиринглади. Мониторга қарадим - номаълум рақам. Албатта, қўн­ғироқни бемаврид ҳисобламадим ва алоқага чиққан киши билан суҳбатлашдим. Очиғи, анчадан буён бундай тутоқишни кузатмагандим. Сирдарёлик ашаддий мухлис Аҳмад оға Казаков терма жамоамиздаги ҳолатдан ёниб-куйиб кетибди. Аҳмад оға каби куюнчак мухлисларга тасалли бериш жуда қийин. Суҳбат жараёнида шуни яна бир бор ҳис қилдимки, миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинларга муҳимлик ёки номуҳимлик ёрлиғини ёпиштириш мутлақо мумкин эмас. Назорат учрашувими ёки «ўртоқлик» - фар­қи йўқ, терма жамоамиз фақат ғалаба учун майдонга тушиши даркорлиги нечанчи мартадир исботини топди.

Ҳа, Вадим Абрамов ўт билан ўйнашди, мухлис психологияси билан ҳазиллашди. Қош қўйишга уриниб, кўз чиқаришнинг нима кераги бор?! «Зенит» билан назорат учрашувида қайд этилган йирик ҳисобли мағлубият ва арзимас тажриба ёш футболчилар руҳиятидаги «синиш»дан, мухлислар безовталигидан афзалми?! Мазкур мулоҳазалар Иордания термасига қарши ўтказилган «ўртоқлик»дан аввал ёзилди ва бу учрашув натижаси вазиятни ўзгартирмайди.

Вадим Абрамов ўзини руҳшунослар каби тутиб, мухлислардаги ранж-аламни тўғри тушунишини таъкидламоқда. Мухлислар талаби эса бутунлай ўзгача: йўқ, Вадим Абрамов донишмандлик қилмасин, уларни тўғри тушуниш ўрнига Ўзбекистон миллий жамоасини қайсидир клуб билан ўйнатмасин, яна ҳам аниқроғи, ўқув-машғулотлар йиғинини бемаврид ташкилламасин! Вадим Карленович учун натижаси аҳамиятсиз, номуҳим учрашувлар мухлисларни асабийлаштирмоқда. Унинг йирик ҳисобли мағлубиятни изоҳлаш учун довдираб топган баҳонаси мухлисларни беш баттар қуюшқондан чиқарди. «Манчестер Сити»дан 0:3 ҳисобида енгилган «Тоттенхэм» бош мураббийи Жозе Моуриньонинг пенальти билан боғлиқ баҳонасини ҳам тўғри тушунишди ҳатто. Аслида ҳаммаси «Беназир»га аён. У пенальти белгиланмаган ва «Тоттенхэм» гол урган тақдирда ҳам, Хосеп Гвардиола шогирдларини тўхтатиш қийинлигини яхши билади. Ҳозирги ҳолатда «Тоттенхэм» оғир аҳволда, «Сити» аксинча, авжида. Бироқ буни Жозе ошкора тан олишни истамайди. Ундаги шу ўжарлик мухлисларга ёқади. Лекин Вадим Абрамовнинг баҳонаси ўжарлик ёки қайсарлик эмас, аксинча, алдаш, ҳашпўшлашга уриниш ва шунинг учун ҳам ёқимсиздир. У мухлислар барчасини унутиб юборишади, деб ўйлайди, шекилли. Йўқ, бу чучварани хом санашдир. Бугунги мухлисни алдаб бўлмайди. Дейлик, ўша Аҳмад оға Казаков ҳам Вадим Абрамовнинг Жасур Яхшибоев ҳақидаги фикрларини ҳалигача унутмайди. «Лутфулла Тўраев мос тушадиган, Жасур Яхшибоев мос тушмайдиган услуб - терма жамоага керак эмас!» - дейди Аҳмад оға куйиниб. Унинг фикрича, Вадим Абрамов ёш ва истеъдодли футболчини терма жамоада кўришни астойдил хоҳламаяпти. Агар хоҳлаганида, ҳужум чизиғида рақобатни кучайтириш учун унинг имкониятларидан фойдаланиш йўлини изларди. Арзимас сабаб билан ёш футболчи учун терма жамоа эшигини ёпиш осон, аммо ундаги рақибни енгишга қодир кучни, қатъиятни кўриш ва юзага чиқариш - анчайин мушкул вазифа. Вадим Абрамов мана шу мушкул вазифани бажаришдан ўзини олиб қочмоқда. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz