Қайднома

Қидирув

Лутфулла Тўраев: “Халқимиз орзуси амалга ошса, бас”

Лутфулла Тўраев: “Халқимиз орзуси амалга ошса, бас”

  18.02.2021 07:37
  0
  401
Лутфулла Тўраев: “Халқимиз орзуси амалга ошса, бас”

Фарғонада ташкиллаштирилган анъанавий «Ҳоким кубоги» турнирида бу сафар бош соврин «Бунёдкор»га насиб этди. Эътиборли томони, финалда «Истиқлол»га заррача имконият қолдирмаган (4:1 ҳисоби далолат) «қалдирғочлар» мусобақа дебютанти эдилар. Улар якунда ғолиб сифатида 50 млн. сўм миқдорида пул мукофотига ҳам эга чиқдилар. «Бунёдкор» ғалабасига катта ҳисса қўшган жамоа сардори Лутфулла Тўраев айни пайт Ўзбекистон миллий термаси йиғинида қатнашмоқда. У билан суҳбатимиз Фарғонадаги турнир ҳақида бошланиб, терма жамоа мавзуси билан якунланди.

-  «Бунёдкор» Фарғонада «Ҳоким кубоги» турнирида тетик қатнашиб, бош совринни қўлга киритди. Мазкур мусобақа қандай таассурот қолдирди, ўйинлар ва ташкилотчилик савияси қониқтирдими?

- Ўзига яраша қизиқарли турнир. Тўғриси, аслида мусобақага бориш хоҳишимиз унча юқори эмасди. Клуб раҳбарияти ташкилотчилар таклифини қабул қилгач, Фарғонага бордик, лекин шунда ҳам бош совринни қўлга киритиш ҳақида ўйламагандик. Фақат гуруҳ босқичидан чиққач, йигитлар билан ўзаро гаплашиб, кубок учун курашишга келишиб олдик. Якунда ўйиндан-ўйинга ҳаракатни кучайтириб бордик ва финалда «Истиқлол»ни енгиб, мақсадга эришдик. Албатта, ҳал қилувчи учрашув олдидан «Бунёдкор»ни яққол фаворит ўрнида кўришди, шунга яраша, барчасини ҳисобда ҳам акс эттирдик. Ўз ўрнида айтиш керак, «Истиқлол» гарчи Про-лига вакили бўлсада, шахсан менда яхши таассурот қолдирди. Ҳар ҳолда, бизга муносиб қаршилик кўрсата олди. Тўғри, ҳисоб йирик кўриниш олди, чунки биз вазиятлардан оқилона фойдаландик. Умумий хулосани айтсам, майдонлар ҳолати ва айрим кичик камчиликларни ҳисобга олмаганда, мусобақа бинойидек савияда ташкиллаштирилди.

- «Бунёдкор» бу йил ҳам кўплаб етакчи футболчилар билан хайрлашди. Ҳозир кетганлар ўрни асосан ёшлар ҳисобига тўлдирилмоқда. Боз устига, бош мураббий ҳам алмашди. Бундай ҳолат жамоа мухлисларини бироз хавотирга солиши турган гап. Хўш, «Бунёдкор»нинг тайёргарлик жараёнидан кўнглингиз тўляптими? Ўзи клубнинг янги мавсум учун қўйган мақсади қандай?

- Ҳа, «Бунёдкор» тақдирига бефарқ қарамайдиган ҳар бир мухлисда турли саволлар бўлиши табиий ҳол. Ҳар ҳолда, кўпчиликнинг клуб учун қайғураётгани сезилиб турибди. Лекин ортиқча хавотирга ўрин йўқ, менимча. Мавсумга тайёргарликни 5 январь куни Тошкентда бошлагандик, машғулотларда кўтаринки кайфият ҳукм сурди. Кейин «Ҳоким кубоги»да иштирок этдик, деярли ҳар 2 кунда ўйин ўтказдик. Очиғи, бундай тиғизликка ўрганмаган эдик. Ўйлашимча, жамоа шу ўйинлар воситасида яхши спорт формасига кириб олди. Ахир бежиз айтишмаган - 10та машғулотдан 1та ўйин яхши...

-  Сизнингча, «Бунёдкор» янада ёшарган таркиб билан Суперлигада муносиб иштирок этишга қийналмайдими?

- Агар эсласангиз, 2019 йили ҳам худди шундай ҳолга тушгандик. Якунда чемпионатнинг бронза медалига эга чиққанмиз. Жамоада Вадим Абрамов йўлга қўйиб кетган ўйин услуби ҳамон амалда. Қолаверса, такрибдаги ёш йигитлар ўзига яраша салоҳиятга эгалар. Ўйлайманки, янги мавсумда ҳам қийинчиликларни енгиб ўтиб, мухлисларимизни уялтириб қўймаймиз.

-  Жамоаларнинг селекция ишларидан хулоса чиқарсак, бу йил совринлар учун жиддий кураш кечади. Сизнингча, қайси клубларни фаворитлар гуруҳига қўшиш мумкин?

- Барчасини вақт кўрсатади. Ҳа, ҳозир ҳар бир жамоа ўз таркибини иложи борича кучайтиришга интилмоқда. Амалдаги чемпион «Пахтакор» БАА йиғинида қатор ўртоқлик ўйинларида иштирок этди, лекин уларнинг натижасига қараб, баҳо бериш тўғри эмас. Чунки «Пахтакор» 3та ўйинни ҳам кучли жамоаларга қарши ўтказди. Бу яхши, албатта. Зеро, футболчилар шундай кучли рақиблар билан ўйинлар ор­қали тажриба орттиришади. Демоқчиманки, «Пахтакор» бу йил ҳам миллий чемпионатимизда фаворит бўлса керак. Яна «Локомотив»нинг ҳаракати жиддий - таркибини савияли футболчилар билан тўлдирмоқда. АГМК ҳам селекция масаласида анча фаол. Умуман олганда, бу йил совринлар учун шу 3та жамоадан таш­қари, «Навбаҳор» «Насаф» ва «Бунёдкор»  қаттиқ курашса керак. Тўғри, «Бунёдкор» 5 нафар етакчи футболчи билан хайрлашди, муҳими, бизда кетганлар ўрнини тўлдиришга қодир йигитлар бор. Ўйлайманки, бу йил чемпионат олдинги мавсумларга нисбатан қизиқарлироқ кечади.

-  Яқинда Улуғбек Мирзаев клуб раҳбариятига қайтди. Молиявий масалаларда олдинга силжиш бошлангандир...

- Албатта, ўзгариш бор, маош аста-секин тўланмоқда. Улуғбек ака яқинда қайтди. Ўйлайманки, муаммолар вақт ўтиши билан ўз ечимини топади.

-  Клуб сардори сифатида ёшлар билан тил топишишда қийналмаяпсизми?

- Йигитларга қўлдан келганича кўмаклашяпман, тажрибам билан ўртоқлашяпман. Биласизми, аслида клуб билан тузган шартномам муддати якунланган. Тўғри, қолишимни сўрашди. Кўрамиз, эҳтимол, қоларман ёки кетарман... Бошқа жамоалардан ҳам таклифлар йўқ эмас. Барчаси яқин орада ҳал бўлса, ажабмас.

-  Футболчи сифатида каттагина йўлни босиб ўтдингиз. Шундан келиб чиқиб, фаолиятингиз бошлаган даврдаги футбол ва ҳозиргисини таққослай оласизми?

- Ҳозирги футбол тезкорлиги билан ажралиб туради. Умуман, ҳар бир давр футболида ўзига яраша устун томонлари бўлади. Дейлик, олдинлари футболда жозибадорлик муҳим саналган. Масалан, «Бунёдкор»нинг гуллаган даврини эслайлик, қандай легионерлар ўйнашганди-я... Ҳозир эса Суперлиганинг ҳеч бир клубида ўша даражадаги легионер йўқ.

- Олдинлари футболчилар ўйин­га чанчоқ бўлишгани ҳақидаги фикрга қўшиласизми?

- Эҳтимол... Лекин ҳозир ҳам футболчиларимизда касбга нисбатан муносабат ёмон эмас.

- Оғриқли мавзу: сўнгги йилларда терма жамоага чақирилаётганингиз мухлисларга ёқмаяпти, бу борада танқидлар кўп...

- Очиғи, нима учун танқид қилиш­япти, буни сира тушунмайман. Ахир танқидга арзирли сабаб кўрмаяпман. Муҳими, бу каби гап-сўзларни эътиборга олмайман ва ҳеч кимдан ранжимайман ҳам. Аксинча, тан­қид кучлироқ мотивация беради.

- Яқинда Ўзбекистон футзал термаси Тошкентда жаҳоннинг амалдаги чемпиони - Аргентина жамоаси билан 2та ўртоқлик ўйини ўтказди. Қизиқ, футбол жамоасининг ҳам шундай нуфузли рақиблар билан кўпроқ ўйнаши учун нима қилиш керак?

-  Футзалчиларимизнинг аргентиналикларга қарши ўйинларини кўрдик. Жуда яхши, кўз тегмасин, зўр. Вакилларимиз донгдор рақибга муносиб кураш таклиф этишди. Албатта, футбол термаси ҳам шундай номдор рақиблар билан тез-тез ўйнаса, яхши бўларди. Лекин бу бирданига амалга ошадиган иш эмас. Мисол учун, айни пайт Испания ёки Аргентина термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш қийин масала. Бунинг учун жамоамиз рейтингини кўтаришимиз талаб этилади. Боз устига,  ҳозирги пандемия шароитида бирор мамлакатга бориш ёки қайсидир терма жамоа­ни юртимизга чақириш қийин. Ҳа, олдинлари Эстония, Босния ва Герцеговина даражасидаги жамоаларга қарши ўйинларда иштирок этганмиз. Лоақал яна шундай учрашувлар ташкил этиб турилса, фойдадан холи бўлмасди.

- Сизнингча, Осиёда миллий жамоамизнинг кучи яққол етмайдиган рақиб борми?

- Ўйлайманки, барчасига кучимиз етади, шунчаки, қўрқмасдан ўз футболимизни кўрсатишимиз керак. Ҳар ҳолда, ўша Япония, Эрон ёки Жанубий Корея термалари билан ҳам тенгма-тенг ўйнай олганмиз. Тўғри, тан олиш керак, орада озгина пасайиш кузатилди, мураббийлар алмашди. Шукрки, энди савияли футболчиларимиз сафи кенгаймоқда. Менимча, ҳозирги жамоанинг бирлашиши ва бош мураббий талабини теран тушуниши учун бироз вақт керак. Агарда мураббий кўрсатмаларига амал қилиб, у хоҳлагандек тўп сурсак, Осиёда бемалол катта натижаларга эришамиз.

- Якунда мухлисларга айтар сўзингиз бўлса, марҳамат...

 - Уларга аввало, саломатлик, хотиржамлик тилайман. Яна ўзбек футболига иштиёқ билан мухлислик қилишларини сўрайман. Насиб этса, яқин орада азалий орзулари амалга ошади.

Хуршид Юсупов суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz