Қайднома

Қидирув

Можаро: Бу нимаси, Онана?

Можаро: Бу нимаси, Онана?

  19.02.2021 02:20
  0
  325
Можаро: Бу нимаси, Онана?

2020 йилнинг 30 октябрь куни «Аякс» дарвозабони Андре Онана ўзини лохас сезгани сабаб, рафиқасининг дорисидан ичди. Унда эса фуросемид моддаси бор экан. Кейинчалик у кипернинг таҳлилларида ўзини намоён этди. Турмуш ўртоғи бу дориларни шифокор рецепти билан олган экан.

«Аякс»нинг маълум қилишича, ўтган вақт мобайнида муҳокама комиссияси билан ҳамкорлик қилган. УЕФА тартиб-интизом органи ҳатто Онана дори ичаётганда ёмон фикрда бўлмаганини ҳам тан олди. Дарвозабоннинг ўзи эса рафиқасининг дориларини оддий аспирин билан адаштириш юборганини айтди. Чунки уларнинг қадоғи бир-бирига ўхшаш эди.

«Аякс» Онанани қўллаб-қувватлаяпти. Клуб ва футболчи биргаликда Спорт арбитраж суди (CAS)га йиллик дисквалификация масаласида апелляция бермоқчилар. «Аякс» бош директори Ван дер Сар клуб ҳалол спорт тарафдори эканлигини таъкидлади. Қоидабузарлик атайин қилинганига ҳеч ким ишонмаяпти: «Биз шартли четлатиш ёки қисқа муддатли дисквалификациядан умид қилгандик, 12 ойлик жазо берилишини кутмагандик».


Фуросемид нима? Нега у спортда тақиқланган?

Ўз-ўзидан фуросемид допинг ҳисобланмайди. Одатий ҳаётда бу пешоб ҳайдовчи препарат ҳисобланиб, юрак ёки буйрак етишмвочилигида, жигар билан боғлиқ муаммоларда ишлатилади. Фуросемид - кучли таъсир қилувчи дори, шу боис, одатда, унга ўхшаш бош-қа препаратлар қўлланади. The Village нашри фуросемиддан озиш мақсадида фойдаланадиган аёллар ҳақида катта мақола чоп этганди.

WADA эса ушбу дори воситасини допингга тенглаштиради, чунки у организмдан тақиқланган моддаларни чиқаришга сабаб бўлади. Фуросемид турли препаратларда учраши мумкин. Вазн камайтириш эффекти - фуросемидга хос, уни профессионал спортчилар яхши кўришади. Фуросемиднинг нархи арзон, бироқ шифокор рецептига кўра чиқарилади. У организмни ортиқча сув ва туздан халос қилади.

«Ъ» нашри допинг бўйича дисквалификацияларни таҳлил қиларкан, фуросемиднинг таъсирига қуйидагича тавсиф берганди: «У организмдан K}, Ca2}, Mg2} каби моддаларни чиқариб ташлаш жараёнини кучайтиради. Препарат сезиларли миқдорда сув йўқолишига олиб келиши мумкин, лекин мушаклар фаоллигининг пасайиши ва анаэроб юкламаларига чидамлилик камайишига сабаб бўлмайди».

Одатда, организмда фуросемид асоратлари аниқланиши бир ёки икки йиллик дисквалификацияни келтириб чиқаради. Кўпинча фуросемид билан боғлиқ можароларга гимнастикачи ва фигурали учиш вакиллари йўлиқишади. Фигурали учиш вакили Анас­тасия Шакун фуросемидни шишлардан азият чеккани сабаб қабул қилганини таъкидлаганди. 2002 йили гимнастикачилар Алина Кабаева ҳамда Ирина Чашина ҳам расман дисквалификация қилингандилар. Улар истеъмол қилган маҳсулот таркибида кутилмаганда фуросемид борлиги аниқланган.

17 ёшли фигурали учиш вакили Оксана Нагалатий ҳам фуросемид қабул қилганликда айбланган. Буни болалар ва ўсмирлар мактаби директори қуйидагича изоҳлаганди: «Бизда «фигурачилар» допинг истеъмол қилишмайди, қолаверса, Оксана жуфтлик баҳсларида қатнашади, бу унга ҳеч қанақасига ёрдам бермайди. Аммо фигурали учишда вазн - оғриқли мавзу. Ўтиш ёшида қизлар ортиқча таом ейишмаса ҳам қўшимча килограммлар тўпланаверади».

Фуросемид қабул қилганликда гумонланганлар орасида енгил атлетикачи Сергей Шубенков ҳам бор. Ўшанда «Чемпионат» сайти спорт шифокори Михаил Бутовский билан суҳбатлашганди. Ушбу тиббиёт ходими фуросемид қабул қилишда ҳар доим ҳам спортчиларнинг айбдор бўлмасликлари ҳақидаги фаразни тасдиқлади: «У ифлосланган препарат ёки қўшимча овқат - спорт таомлари орқали организмга тасодифан кириб қолиши мумкин».


Нега Онананинг дисквалификацияси шунчалик муҳим?

Андре Онана - «Аякс»нинг барча турнирлардаги асосий дарвозабони. Мавсум-2020Ғ2021да у Нидерландия чемпионатида 20та ўйин ўтказиб, 15та гол ўтказиб юборди. Шунингдек, у Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги барча олти ўйинда дарвозани қўриқлаган. Онана сўнгги паллагача «Аякс» асосий таркибида майдонга тушди. Дисквалификация арафасидаги сўнгги ўйинни у 31 январь куни ўтказган, ўшанда «Аякс» АЗни 3:0 ҳисобида енгганди.

Онана 24 ёшда. 2015 йилнинг январида «Аякс» уни «Барселона» ёшлар жамоасидан жалб этганди. Кипернинг катталар даражасидаги фаолияти тўлиқлигича «Аякс»да ўтди ва жаҳон даражасида машҳурликка эришди. Мунтазам равишда Камерун термасига чақирилади, трансферлар билан боғлиқ хабарларда унинг номи тез-тез қулоққа чалинади. 2020 йилнинг баҳорида Онана оммавий равишда «Аякс»дан кетмоқчилигини билдирди. Ўшанда унга «ПСЖ», «Барселона» ва «Челси» қизиққанди.

«Аякс» атиги икки сутка ичида Европада энг кўп муҳокама қилинадиган жамоага айланиб қолди. Онананинг дисквалификацияси эълон қилинишидан бир сутка аввал клуб Европа Лигаси «заявка»сига Себастьян Аллерни киритишни унутганди. Маҳоратли ҳужумчи қишда «Вест Хэм»дан сотиб олинган, клубдаги энг қимматбаҳо харидга айланганди. Энди Онана дисквалификация қилинди. Унинг позициясида 38 ёшли Стекеленбург ва ёшлар жамоаси посбони Схерпен бор.

The Athletic Онананинг «Аякс»га ўтгунига қадар бўлган фаолияти ҳақида сўзлаганди. Ёшлар даражасида ҳам унинг иқтидори юксак баҳоланганди. «Барса» уни асосий жамоа голкипери сифатида кўрган. «Аякс» устози Эрик тен Хаг эса кейинроқ Онана жаҳоннинг энг яхши дарвозабонларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz