Қайднома

Қидирув

Ажабтовур фактлар гулдастаси

Ажабтовур фактлар гулдастаси

  21.02.2021 09:59
  0
  306
Ажабтовур фактлар гулдастаси

Янги йил байрамининг зерикарли кунлари (Буюк Британияда навбатдаги карантин тартиби жорий этилганди) «Лестер»нинг Izzetwicked никли мухлиси Reddit сервисида «Клубингизнинг шон-шуҳратга буюк эътирози» сарлавҳаси остида тред бошлади. Унинг кириш қисмиёқ ҳаммаси «олов»ли бўлишига нишона эди: «Ҳозиргина «Данди Юнайтед» атамаси нигерияликлар тилида «телба» маъносини англатиши ҳақида ўқидим. Бу мени «Лестер»га тааллуқли ғалати фактларни эслашга ундади». Мана, тред доирасида мухлислар паради ҳамон давом этмоқда, уларнинг ўзига хос «ихтиро»лари 600тадан ошди. Championat.com сайти эса, улар орасидан энг қизиқарли ва ажабтовур фактларни ажратиб кўрсатди.

«Лестер» мухлиси

- Биз 1981 йили Йохан Кройфф билан шартнома тузишга жуда яқин келгандик, токи, у қанчалик ношуд жамоага розилик берганидан хабар топгунича. Бироқ буюк футболчи сўнгги паллада фикридан қайтган ва ўз юртида «геге­мон»­ликни давом эттириш учун «Аякс» ихтиёрига кетиб қолган.

2008 йили эса «Лестер» Чемпионшипда иккинчи ишончли ҳимоя чизиғига эга бўла туриб (атиги 45та гол қўйиб юборган), қуйи лигага тушиб кетган. Буниси соф телбаликдан ўзга нарса эмасди. Ўшанда жамоа ҳужуми қанчалик нўноқ ўйнаганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг...

«Тироль» мухлиси

- Биз Австрия Бундеслигасида қаторасига 3 марта (2000, 2001 ва 2002 йиллар) зафар қучдик. Ке­йин бирданига инқирозга юз тутдик. Шунчаки, ақлга сиғмайдиган ҳолат...

«Кардифф Сити»

мухлиси

- Бизнинг жамоа 4 йил бадалига «Уэмбли»да 3та финални бой берди. Оқибатда Англия ва Лига кубоклари ҳамда элита йўлланмасини қўлдан чиқардик. Жуда ношуд жамоами, аммо унинг 3та финалга қандай чиққанини ўйланг. Йўқ, ўша мағлубиятлар ажабланарли эмас, аммо «Уэмбли»дан ҳалигача наф­ратланаман.

«Блэкберн»

- Аслида бу жамоа мухлиси эмасман. Лекин Роберт Левандовски 2010 йили «Блэкберн» сафига нега қўшилолмагани хусусидаги воқеани хуш кўраман. Ўшанда польшалик ҳужумчининг Англия парвозига Исландияда отилган вулқон монелик қилган экан. Ҳа, унинг номи ҳам ёдимда қолган - Эйяфьядлайёкюдль. Очиғи, бу мураккаб атама нима учун хотирамга ўрнашиб қолганини ҳанузгача билмайман.

«Дерби Каунти» мухлиси

- Биз Англия олий дивизионида очко тўплаш бобида энг паст натижани қайд этганмиз. Бу - янги стадион қурилиши туфайли бошпанасиз қолган лўлилар қарғишининг оқибати. Жамоамиз Англия кубоги турнирида ҳам худди «Уотфорд» каби тавқи-лаънат қурбонига айланган. Ахир 4та финалдан 3тасида мағлубиятга учраганмиз. Ваҳоланки, ўша вақт Европа Чемпионлар кубоги доирасида «Реал»ни 4:1 ҳисобида енгган, ярим финалда эса фақат ҳакамлар сотқинлиги туфайли «Ювентус»дан енгилгандик...

НАК мухлиси

- Жамоамиз ўта узун номга эга. NAС қисқартмаси NOAD ADVEND0 Combinatie ибораларини ифодалайди. NOAD қисқарт­масининг маъноси - «ҳеч қачон таслим бўлма, доимо олға интил!», ADVENDOники - «ўйин-кулги учун ёқимли, дам олиш учун фойдали». Хуллас, клубнинг тўлиқ номи - «Ноит Опгевен, Алтийд Дорцеттен, Аангенам Дор Вермаак Эн Нуттиг Дор Онтспаннинг Комбинатие Бреда»

«Лидс» мухлиси

- Жамоамиз нуфузли мусобақалар - ЕЧК|ЕЧЛ, Англия|Лига кубоклари, Ярмаркалар кубоги, УЕФА кубоги|ЕЛ ва Кубок эгалари кубоги турнирлари финалларида имкониятни бой бериш борасида «Арсенал» билан бир хил натижага эга. Энди УЕФА янги мусобақа - Конференциялар лигасини ташкил этмоқда. Ўзаро қувлашмачоқ давом этади, омадсиз финаллар рўйхати тўлиқ бўлиши учун бу турнирда ҳам финалга чиқиб, мағлубиятга учрашимиз керак...

«Саутенд Юнайтед» мухлиси

- «МЮ»дек номдор жамоага нисбатан 100 фоиз устунликка эгамиз - «қизил иблислар» билан 2006 йили Лига кубоги доирасида куч синашиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз.

Вақтида жамоамиз бир қатор ёш футболчиларни харид қилиш имкониятига эга бўлган. Масалан, 1995 йили Андрей Шевченкони таклиф этишган, бироқ клуб раҳбарияти уни тан олмаган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида жамоа футболчилари Dior компаниясининг ипак либосларида тўп суришарди. Кейинчалик бу юмуш Jacques Fash зиммасига юклатилган.

1965 йилги ЕЧК чорак финалида «Кёльн» ва «Ливерпуль» ўзаро ўйнаган ва икки учрашув натижасига кўра, ғолиб аниқланмагач, ярим финал йўлланмаси тақдирига танга ташлаш орқали ойдинлик киритишга тўғри келган. Бироқ танга майса устига вертикал ҳолатда санчилиб қолган, фақат такрорий уринишда омад «Ливерпул»га кулиб боққан...

«Астон Вилла» мухлиси

- 1938 йил. «Вилла» Берлинда минглаб мухлислар қаршисида майдонга тушган. Шундан 1 ҳафта муқаддам Англия терма жамоаси бу ерда бўлиб, мухлислар билан нацистлар усулида саломлашган. Бирмингем клуби вакиллари эса, бундай саломлашишни исташмаган. Ўшанда жамоа Штутгартда ҳам ўйнаши лозим эди. Бироқ ФА раҳбарияти уруш хавфи кучайиб бораётганлигини инобатга олиб, «Вилла» футболчиларидан нацистлар талабини бажаришларини сўрайди. Ўйинчилар ҳам шундай қилишга ваъда беришади. Ўйин тугаганидан ке­йин эса марказий айлана атрофида саф тортишади ва трибунадагиларга нафрат ишорасини йўллашади.

«Белененсеш» мухлиси

- Жамоанинг асосий либоси кўк рангда. Шу боис ҳам, Португалияда кўк кўзлиларни «Белененсеш»га қиёслайдилар: Olho a Belenenses (olho - кўз).

«Норт Каролина» (АҚШ)

мухлиси

- Ўртамиёна натижалар билан мақтанолмаймиз, албатта. Лекин эски номимиз белгиси - Railhawks бир неча йил аввал eBay аукционига  қўйилган. Савдо 500 доллар билан бошланган эди. Бошқа томондан олсак, аёллар жамоамиз мамлакатда етакчилардан биридир.

«Глазго Рейнжерс» мухлиси

- «Глазго» пенальтилар сериясидаги мағлубиятдан кейин ғолиб, деб топилган ягона жамоа бўлса керак. 1972 йили Лиссабонда Кубок эгалари кубоги доирасида «Спортинг»дан пенальтилар серия­си бўйича енгилдик. Бироқ футболчилар майдондан чиқиб кетишганидан кейин журналистлардан бири ҳакамга «Рейнжерс» сафарда урилган голлар эвазига ғолиб бўлгани ва пенальтилар серияси асоссиз ўтказилганини айтади. Шунда ҳакам пенальтилар серияси натижасини бекор қилади.

«Валюр» (Исландия) мухлиси

- Сэр Алекс Фергюсон бир пайт­лар «Валюра» логотипи туширилган ёзги шляпа кийиб юрарди.

«Данди Юнайтед» мухлиси

- Ўз тарихимизда «Барселона» билан 4 марта куч синашиб, барчасида ғолиб чиққанмиз. Қизиқ, нигериялик мухлислар олдида қандай айбимиз борки, улар бизни «Овсар» дейдилар? Эҳтимол, Нигерияда «Барселона» мухлислари кўпдир...

«Ноттингем Форест»

мухлиси

- Ўйлашимча, «Ноттингем» ҳамон ЕЧК турнирида ички чемпионатдагидан кўпроқ зафар қучган ягона жамоа бўлса керак.

«Реал» мухлиси

- 2007|2008 йиллар мавсумида жамоамизда Ройстон Дренте тўп сурганди. Бироқ бу ҳол Ла Лигада ғолиб чиқишимизга халал бермаган.

«Тоттенхэм» мухлиси

- «Шпорлар»нинг «тўпчилар»дан енгилишлари - томоққа тиқилган суяк. Жамоамиз охирги 21 йил бадалига илк марта АПЛ мавсумини «Арсенал»дан юқорироқ ўринда якунлаш имкониятига эга бўлиб турибди.

«Галатасарой» мухлиси

- Биз УЕФА кубогини қоқ ўртасидан синдириб қўйгандик. Лекин буни ҳеч кимга сездирмадик. Воқеа 2000 йили юз берган. Айнан ўша йили еврокубоклар соҳибларининг бош ҳомийси ҳисобланган Adidas махсус турнир ташкил этиб, «Галатасарой» ва «Реал»дан совринларни олиб келишини сўраган. Мусобақа рисоладагидек ўтди. Аммо уйга қайтаётганимизда, УЕФА кубоги самолётнинг юкхонасида синиб қолди. Кейин уни Истанбулга, «Катта бозор»даги тажрибали устага олиб бордик. Қўли гул уста совринни шу қадар моҳирлик билан таъмирладики, ҳаттоки, УЕФА вакиллари ҳам ҳеч нарсани сезмадилар. Орадан 5 йил ўтгач, туркиялик журналист «Катта бозор» усталарининг нуфузини ошириш мақсадида бу воқеани ўз асарида ошкор қилганди. Ўша кубок кейинчалик «Севилья»га абадий сақлаш учун берилди. Хуллас, шунчаки, жамоа мухлисларига кубок қисман Туркияда қайта тайёрланганини билдиришни лозим топдим.

«Яро» (Финляндия) мухлиси

- Биз жамоамиз таркибида 4 нафар Ерёменко тўп сургани билан алоҳида мақтанишга ҳақлимиз.

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz