Қайднома

Қидирув

Шахс: Нурга чўмган йўл ёхуд яна Икер Касильяс ҳаиқида

Шахс: Нурга чўмган йўл ёхуд яна Икер Касильяс ҳаиқида

  22.02.2021 02:20
  0
  174
Шахс: Нурга чўмган йўл ёхуд яна Икер Касильяс ҳаиқида

Бугун «Реал Мадрид» сафидаги ажойиб «сэйв»­лари билан кўпчилик ёқимтойига айланган, беназир кипер мақомини олган Икер Касильяс фаолиятини бирров ёдга оламиз. Испаниялик камтарин йигит футболда чиндан ҳам, нурли йўлни босиб ўтди. Ҳар ҳолда, ҳам клуб футболи, ҳам терма жамоалар миқёсида қатор нуфузли совринлар соҳибига айланди. Фаолиятининг катта қисмини «Реал»га бағишлаган мостолеслик кипер Испанияда ҳам клуб, ҳам терма жамоа сардори даражасига чиққан саноқли футболчилардан биридир. Тўғри, унга охиригача  «Реал» дарвозасини қўриқлаш насиб этгани йўқ. Яъни Жозе Моуриньо билан келишмовчилик оқибатида «Қироллик клуби»дан вақтли кетиб, охирги мавсумларда «Порту» шарафини ҳимоя қилишига тўғри келди. Кейинчалик инфаркт ҳолатини бошдан кечирган маҳоратли кипер ўтган йилнинг 4 август куни футболчилик фаолиятига нуқта қўйди.

КЛУБ ФУТБОЛИДА

«Реал». Икер Касильяс 8 ёшидан «Қироллик клуби» тизимида шуғуллана бошлаган. Бежиз унга нисбатан «Реал» ўғлони» таърифи ишлатилмайди, худди Рауль каби. Зеро, Икер ҳаётининг катта қисмида «Реал» билан бирга бўлди. Унинг нурли йўли 1999 йили бошланди. Касильяс ўшанда «Меридиан» кубоги ва ёшлар ўртасидаги ЖЧда кўзга ташланган ва ҳар икки турнирда ғолиблик нашидасини сурганди. Хуллас, мавсум-1999|2000гача маълум даражада танилиб улгурган ёш Икер «Реал»да жароҳатланган кипер Бодо Иллгнер ўрнини эгаллайди ва Мадрид клубининг «Вален­сия»га қарши кечган ЧЛ финалида ғалаба қозонишига катта ёрдам беради. Касильяс шу аснода «Мадрид»нинг бошланғич таркибидан жой олади. Хусусан, ЧЛ-2001|2002 финали («Байер»га қарши)дан олдин фахрий ҳамкасби билан яна ўрин алмашади. Асосий таркибда майдонга тушган Касильяс ўйин давомида бир қатор ажойиб «сэйв»ларни амалга ошириб, «Реал»нинг 2:1 ҳисобида устун келишига ҳисса қўшади. 2002|2003 йиллар мавсумида эса тўлиқ биринчи рақамли дарвозабонга айланади - ЧЛда 15та, миллий чемпионатда 38та ўйин! Муҳими, «Реал» Ла Лигада чемпионлик унвонини қўлга киритади. Мавсум-2003|2004да Икер фақат 1та ўйинни ўтказиб юборади, бироқ «Қироллик клуби» чемпионлик рутбасини ҳимоя қилолмайди, шунингдек, Испания кубоги финалида ҳам мувафаққиятсизликка учрайди. Мавсумлар аро яхшигина тажриба тўплаган дарвозабон 2010 йилдан эътиборан жамоа сардори сифатида майдонга тушади. Эсласангиз, «Реал» ЧЛ-2011|2012да ғолиб чиқишга асосий даъвогар сифатида гавдаланган эди. Мадридликлар ярим финалда «Бавария»га тўқнаш келишади. Мюнхендаги даст­лабки ўйин мезбонлар фойдасига ҳал бўлади - 2:1. Жавоб баҳсида эса мадридликлар ғалаба нашидасини суришади - яна 2:1. Шу тариқа финал йўлланмаси тақдирини пенальтилар сериясида ҳал қилишга тўғри келади. Ўшанда Криштиану Роналду ва Кака 11 метрли нуқтадан гол уролмагандилар. Муҳими, Касильяс оғир паллада 2та пенальтини бартараф этиб, мезбонларга умид бағишлайди. Бироқ ҳал қилувчи зарбани амалга оширган Серхио Рамос ҳам гол уролмайди ва финал чиптаси Германия грандига насиб этади. Жамоа учун ўша мавсум Испания чемпионатида олтин медаль қўлга киритилгани таскин бўлганди.

2015 йилнинг июлида «Реал» расмий сайтида клуб Касильясни «Порту»га эркин агент сифатида қўйиб юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берилди. Футболчи хайрлашув матбуот анжуманида кўз ёшларини тиёлмай таъсирли дил изҳорини баён қилди: «Реал»­дек жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушиш шарафига эга бўлганим ва кубокларни бошим узра кўтариш имкониятини тақдим этганингиз учун барчангизга ташаккур. Умидворманки, бу ерда мени нафақат яхши дарвозабон, балки муносиб инсон сифатида эслашади!» 

«Порту». Касильяс Португалия гранди сафидаги дебютини 2015 йилнинг 18 июль куни Германиянинг «Аусбург» жамоасига қарши ўйин (2:0)да нишонлади. Миллий чемпионатдаги биринчи ўйинини эса 15 август куни «Виториа Гимараиш»га қарши ўтказиб, дарвозасини яна дахлсиз сақлаб қолди - 3:0. Испаниялик кипер 2019 йилнинг мартида клуб билан амалдаги шартномаси муддатини узайтирди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай, 1 май куни «Порту» ўқув базасида юрак хуружига учради. Маълум муддат даволанган футболчи 1 июлда жамоа назорати остида мавсумолди тиббий кўригидан ўтди ва тўлақонли машғулотларга қайт­ди. Бироқ юрак тизимига боғлиқ муаммолар тинчлик бермади, барибир. Шу тариқа замонамизнинг тирик афсоналаридан бири Португалиядаги 5 йиллик фао­лиятидан сўнг 2020 йилнинг 4 август куни футболчилик фао­лиятини якунлади...

 

ТЕРМА ЖАМОАЛАРФУТБОЛИДА

Евро-2000. Икер Касильяснинг Испания миллий жамоасидаги тўлиқ дебюти 2000 йилнинг 3 июнь куни Швеция термасига қарши кечган ўйинга тўғри келди. У ўшанда 19 ёшу 14 кунлик эди. Евро-2000га захира дарвозабони сифатида борган ёш иқтидор турнир охирига қадар бирор ўйин­да майдонга тушмади.

ЖЧ-2002. Орадан 2 йил ўтгач, Касильяс Япония ва Жанубий Кореяда ташкиллаштирилган мундиалга «Қизил фурия»нинг асосий дарвозабони Сантьяго Канисарес ўринбосари ролида боришга чоғланди. Лекин турнир стартига оз муддат қолган паллада Канисарес жароҳатланди ва терма жамоанинг асосий дарвозабони мақоми 21 ёшли Икерга топширилди. Алоҳида айтиш керак, у турнирга жамоаларнинг асосий таркиби аъзоси сифатида борганлар орасида энг ёш дарвозабонлардан бири бўлганди. Ирландияликларга қарши кечган нимчорак финал ўйинида Икер пенальтилар сериясида 2та зарбани тўсган ҳолда жамоаси ғалабасини таъминлади. Шундан сўнг терма жамоа ичида, кейинчалик ундан ташқарида ҳам Икер Касиль­ясга «авлиё» лақаби ёпиштирилди.

Евро-2004. Икер навбатдаги қитъа чемпионати саралаш бос­қичида 8та ўйинда майдонга тушиб, атиги 4та гол қўйиб юборди. Шунингдек,  жамоасининг 2та «плей-офф» ўйинида қатнашди. Турнир якунига келиб, Касильяс Испания футболининг биринчи рақамли дарвозабони сифатида тан олинди.

ЖЧ-2006. Германия мундиалида Касильяс миллий жамоанинг асосий дарвозабони бўлибгина қолмай, шерикларини икки марта сардор сифатида майдонга бошлаб тушди.

Евро-2008. Қаҳрамонимиз нав­батдаги Европа чемпионатида терма жамоа сардори бўлиш баробарида турнир доирасидаги барча ўйинларда тўлиқ вақт ҳаракатланди. Энг муҳими, испанларнинг греклар билан «дуэл»да ғолиб чиқиб, олтин медаль ютишларига катта ҳисса қўшди.

ЖЧ-2010. ЖАР майдонларида ҳам терма жамоага сардорлик қилган кипер барча учрашувларда тўлиқ вақт ўйнаш асносида жаҳон чемпионига айланди. ФИФА якунда Икерни турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этди. У финалдан кейин ўз ҳиссиётларини баралла ифода этди: «Болалигимда Лотар Маттеус жаҳон кубогини боши узра қандай кўтарганини кўргандим. Кейин бу ролда Дунга, Дидье Дешам, Кафу ва ниҳоят, Фабио Каннаварони кўрдим. Мана, бундай шараф ўзимга ҳам насиб этди ва кубокни биринчи бўлиб қўлга олиш нималигини энди теран англадим. Эртагаёқ бу лаҳзалар видеотасмасини қайта-қайта кўришим тайин, нафақат эртага, балки кейинги 10 йил давомида ҳам. Ишончим комил, бу ишни такрорлаганимда, ҳар сафар ўзгача ҳиссиётлар оғушида қоламан, чунки ҳозирги ютуқ шунчаки, ақл бовар қилмас даражада катта!»

Евро-2012. Яна жамоа сардори, яна барча ўйинларда тўлиқ иштирок, яна Европа чемпиони!

Евро-2014. «Қора чизиқ» - Касильяс илк ўйиндаёқ қўпол хатоларга йўл қўйиб, нидерландлардан 5та гол қабул қилди.

Евро-2016. Икер Францияда ташкиллаштирилган чемпионат «заявка»сига киритилди, аммо мураббийлар ўсиб келаётган Давид де Хеага ишонч билдириб, уни бирор ўйинда майдонга туширишмади. Европанинг амалдаги чемпиони саналган Испания термаси эса 1|8 финалда италияликларга 0:2 ҳисобида ютқазиб, курашдан четга чиқди. Касильяс шу турнирдан сўнг халқаро фаолиятини якунлади.

Маълумот учун

Икер КАСИЛЬЯС ФЕРНАНДЕС

Туғилган санаси ва манзили: 1981 йил 20 май, Мостолес (Мадрид)

Мамлакати: Испания

Амплуа бўйича: дарвозабон

Футболдаги ютуқлари: жаҳон чемпиони (2010 йил); Европа чемпиони (2008, 2012 йиллар); Испаниянинг 5 карра чемпиони; Испания кубогининг 2 карра соҳиби; Испания суперкубогининг 4 карра соҳиби; ЧЛнинг 3 карра ғолиби; Европа суперкубогининг 2 карра соҳиби; Қитъалараро кубоги|Клублар ўртасидаги ЖЧнинг 2 карра ғолиби

 

Икер Касильясга боҒлиҚ фактлар

 

- Касильяс 11 йил давомида Rееbок компаниясининг махсус бутса ва қўлқопларида ўйнади. Лекин 2012 йили Аdidas билан 5 йиллик шартнома тузиб, ушбу бренд «юз»ига айланди.

- Касильяс Испания термасидаги юбилей  - 100-ғалабасини Евро-2012 финали (Италия термасига қарши)да нишонлади.

- Касильяс 2013|2014 йиллар мавсумида Испания кубоги турнири давомида ўз дарвозасидан бирорта гол қўйиб юбормай, финалга чиқди - бу рекорд натижа.

- Касильяс IFFHS рейтинги бўйича қаторасига 5 марта дунёнинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинди - 2008-2012 йиллар оралиғида.

- Касильяс коллекциясида жаҳон чемпионатининг энг яхши дарвозабони сифатида олган «Олтин қўлқоп» соврини (ЖЧ-2010) алоҳида ўринга эга.

- Касильяс қаторасига 6 мавсум якунида Европа рамзий терма жамоасига киритилган - 2007-2012 йиллар оралиғида.

- Касильяс 2008 ва 2012 йиллардаги Европа чемпионати, 2010 йилги жаҳон чемпионати рамзий терма жамоасига киритилган.

- Касильяс ёшлар ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққан саноқли футболчилардан биридир.

- Касильяс жаҳон ва Европа чемпионатлари ҳамда ЧЛ бош совринини жамоа сардори сифатида қабул қилган 3-футболчидир (Франц Беккенбауэр ва Дидье Дешамдан сўнг).

- Касильяс - ўйинлар сони бўйича Испания терма жамоаси вице-рекордчиси (167та).

Х.ЮСУПОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz