Қайднома

Қидирув

«Нефтчи» — «Турон» учрашувидаги жанжалда иштирок этган шахсларга суд ҳукми ўқилди

«Нефтчи» — «Турон» учрашувидаги жанжалда иштирок этган шахсларга суд ҳукми ўқилди

  22.02.2021 06:06
  0
  170
«Нефтчи» — «Турон» учрашувидаги жанжалда иштирок этган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Футбол бўйича Ўзбекистон Про-Лигасининг 2019/20 йилги мавсуми 20-туридан ўрин олган «Нефтчи» — «Турон» учрашувидаги жанжалда иштирок этган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Ўзбекистон ахборот агентлигининг хабар қилишича, 2021 йил 19 февраль куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида «Нефтчи» — «Турон» футбол ўйинида келиб чиққан жанжал бўйича жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб тамомланган.

Суднинг ҳукмига кўра, иш бўйича судланувчи «Нефтчи» жамоаси футболчилари Достон Тошматов, Жамшид Тўрақулов ва шу куни жанжалда иштирок этган мухлислар, яъни судланувчилар Р. Алимов, А. Маҳкамов, М. Пармонов А. Тўлқинбоев Д. Турсунов ва О. Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «В» банди (безорилик, яъни оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш) билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига айбланган модда санкцияси доирасида 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчиларга сутканинг соат 22:00 дан соат 06:00 гача бўлган вақтда яшаш жойидан чиқиши чекланиб, жазони назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойларини ўзгартирмаслик каби қўшимча тақиқ юкланди.

Судланувчиларга нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

Судланувчиларга жазо тайинлашда муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароити, қилмишидан чин пушаймонлиги, яшаш жойидаги Ёшлар иттифоқи, маҳаллий кенгашлар депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан берилган кафолат хатлари ва тавсифномаларда кўрсатилган ҳолатлар инобатга олинган.

Бундан ташқари, мазкур жанжалда иштирок этган судланувчи Ғ. Муллажонов жиноятни ўта хавфли рецидивист бўлгани ҳолда содир қилганлиги учун унга нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суднинг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб йигирма сутка ичида апелляция тартибида шикоят бермаган ва протест билдирмаган тақдирда қонуний кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи»—«Турон» учрашуви тугаганидан кейин «Нефтчи» футболчилари ва мухлислар ҳакамларга ташланганди. Вазиятларнинг бирида фарғоналиклар ўйинчиси учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга оёқ билан зарба берган. Кейинчалик ҳакамга зарба берган футболчи 98-рақамли Жамшид Тўрақулов эканлиги маълум бўлганди.

Шундан сўнг ўйиндан кейин юзага келган тартибсизликларда иштирок этган беш нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ва олти кишига нисбатан жиноят иши очилгани, улар орасида икки нафар «Нефтчи» футболчилари ҳам борлиги ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ва Ички ишлар вазирлиги «Нефтчи» — «Турон» учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борганди. Суриштирув натижаларига кўра қуйидагича қарорлар қабул қилинганди:

«Нефтчи» клуби футболчиси Жамшид Тўрақулов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФА Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди; «Нефтчи» клуби футболчилари Шерзод Абдураимов, Санжар Зокиров ва Жамшид Қобулов учрашув бош ҳакамига ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири ЎФА Интизом кодексининг 5.48-бандига асосан 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди; «Нефтчи» клуби футболчиси Достон Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Сайлавовга нисбатан тажовузкор ҳаракат қилганлиги учун Интизом кодексининг 5.49-бандига асосан 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди; Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, «Нефтчи» футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун «Нефтчи» футбол клубига нисбатан Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан 3 та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz