Қайднома

Қидирув

Испаниялик бир қўлли футболчи

Испаниялик бир қўлли футболчи

  22.02.2021 04:42
  0
  169
Испаниялик бир қўлли футболчи

Алекс Санчес турли ҳақоратларни мардонавор енгиб ўтди, юридик фанлар доктори бўлди, энди болаларга ёрдам бермоқда. Кўпчилик испаниялик бу футболчи ҳақида деярли эшитмаган. Алекс Санчес - фаолиятининг 3та лаҳзаси алоҳида ажралиб турадиган 31 ёшли ҳужумчи.

**У «Сарагоса» таркибида ўйнаган;

**У «Осасуна» таркибида ўйнаган;

**У Ла Лига доирасидаги 3та ўйинда иштирок этган.

Асосий факт: Алекс Санчес ўнг қўлсиз туғилган. Хуллас, у Испания чемпионатида майдонга тушган ягона бир қўлли футболчидир.

***

Алекс Санчес футбол туфайли нафратга тўғри муносабатда бўлишни ўрганди. «Одатда мухлисларнинг ҳақоратларига жавоб бермайман. Зеро, яхши ўйин кўрсата бошлаганимда, уларнинг ўзлари жим бўлиб қолишади», - дейди бир қўлли ҳужумчи. Алекс Санчеснинг болалиги унча яхши ўтмаган: доимий калакалар, турли ёқимсиз лақаблар, шахсни камситувчи тавсифлар... Дейлик, сафар учрашувларида бечора Алекснинг кўпинча ҳуштакбозлик билан қарши олишар, ҳаттоки, майдонда рақиблар ҳам унинг устидан кулишарди: «Бундай совуқ муносабатга ақл билан ёндашишни анча олдин ўргандим. Мухлислар ҳақорат ёғдиришса, шунчаки, бепарво қарайман. Уларга бошқача жавоб бериш маъқулроқ. Ҳа, фаолиятим унча ҳавас уйғотмайди. Энг муҳими, қаерда ўйнаган бўлсам, бор кучимни сарфладим. Кейинчалик яхши ўйнай бошлаганимда, мухлисларнинг ўзлари жим бўлиб қолишди. Эсимда, «Туделано» иштирокидаги  ўйинлардан бири якунлангач, рақиб жамоа мухлислари ҳам мени алоҳида олқишлагандилар».

***

«Сарагоса»даги дебют Санчес ҳаётида алоҳида аҳамият касб этган. Аммо унинг ўзи камтарин «Туделано»даги фаолиятини муҳимроқ санайди. Алекс бу жамоа таркибига илк марта 2012 йили қўшилган ва 3 йил мобайнида 100тадан ортиқ ўйинда майдонга тушган. Клуб мухлислар унга атаб, ҳаттоки, қўшиқ ҳам куйлашган: «Оёқлари билан ақлни шошириб қўядиган сеҳргаримиз Алекс». У кейинчалик «Осасуна»даги муваффақиятсиз ижара муддатидан сўнг «Туделано»га қайтди. Жамоадаги учинчи даври эса 2017 йилга тўғри келди. Эътиборлиси, Алекс ўтган йили яна «Туделано» либосини кийди: «Бу жамоа - қадрдон оилам. Мени ҳеч қаерда ушбу клубдагидек илиқ кутиб олишмаган. Жамоада жисмоний нуқсонимни бирор марта юзимга солишмаган. Шундай экан, «Туделано»ни чинакамига яхши кўраман, ахир бу клуб, шаҳар ва унинг тарихининг бир қисмиман». Санчеснинг айтишича, энг ажойиб ҳазил ҳам айнан «Туделано» вакиллари томонидан ўйлаб топилган. Футболчининг туғилган куни шарафига жамоадошлари унга манекеннинг ўнг қўлини совға қилишганди: «Мендан ясама қўлни улаб олишимни сўрашди. Кейин ҳамма бирма-бир ёнимга келиб, протез қўлни самимий сиқиб қўйди. Жуда ёқимли ҳазил, ха-ха-ха...».

Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак, Алекс ногиронлик туфайли катта муаммоларга дуч келгани ҳақидаги фикр­ларга асло қўшилмайди. Ахир у туғилганидан буён шундай, кундалик юмушларни бир қўли билан бажаришга аллақачон ўрганиб улгурган ва ҳаттоки, бунда айрим афзалликларни ҳам топган: «Масалан, кўчада одамлар билан учрашганимда, улар аввало, бир қўл билан профессионал фаолиятни қандай бошлаганим ҳақида сўрашади. Бу эса суҳбатга киришишни анча осонлаштиради».

***

Алекс Санчеснинг Испания Примеросидаги дебюти - бир тарих. Унаи Эмери тузган даҳшатли «Валенсия»га қарши ўйин, боз устига, 50 минг мухлис қаршисида. «Сарагоса» 2009 йилнинг 8 ноябрида шовқинли «Месталья»да «Валенсия» меҳмони бўлди. Ўшанда Алекс Санчес ҳам жамоа қайдномасига киритилган эди. 75-дақиқада, «Валенсия» 3:1 ҳисобида олдинга ўтиб олган паллада «Сарагоса» бош мураббийи Марселино Тораль ярим ҳимоячи Анхель Лафита ўрнига айнан Алекс Санчесни майдонга туширди. Бир қўлли футболчи шу тариқа «Мес­талья» майдонида 16 дақиқа югуриб, «Валенсия» дарвозаси томон икки марта зарба йўллади, яна сариқ карточка олиш асносида ўйин баённомасига ҳам кирди. Sportbible портали кейинчалик Санчесни суҳбатга чорлади ва у Примеродаги дебютини эслади: «Тўғри, майдонга тушишдан олдин роса асабий эдим, роса! Ахир элитадаги дебютни 50 минг мухлис қаршисида нишонлаш осонми? Хуллас, аввалига хато қилиб, жамоам ва мураббийга панд бериш қўйишдан чўчидим. Кейин бирдан ўзимни тутиб, бундай лаҳзалардан шунчаки, завқланишим кераклигини ўйладим. Шу хаёл ортидан дадиллик келиб, анча тинчландим. Ўйиндан кейин қўл телефонимга бир талай ёқимли хабарлар тушди. Ўзим эса дастлаб оиламга қўнғироқ қилиб, бахтиёрликни яқинларим билан баҳам кўрдим. Эсимда, онам йиғлаб юборганди».

***

Алекс Санчес 30 ёшида ўзи учун муҳим хулоса чиқарди: футболчилик фаолиятидаги энг асосий миссияси - бошқаларга ўрнак кўрсатиш. 2018 йили Алекс кутилмаганда, узоқ Австралияга жўнаб кетди. Чунки янги ҳаётий тажрибага эҳтиёж сезганди. Эътиборли томони, ҳужумчи «Сидней Атлетик» билан шартнома тузишидан 6 ой олдин инглиз тилини ўрганишга тушди. Кейин «яшил қитъа»га хотиржам йўл олди, хушмуомалаликни унутмади ва дарҳол маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланди. Якуний натижа - Алекс Санчес «Сидней»нинг мавсумдаги энг яхши тўпурари. «Аслида аввалига роса қийналдим, ишларим унча яхши эмасди. Бинобарин, Авс­тралия ОАВда менинг бир қўлим йўқлигига кўп эътибор қаратилди. Кейинчалик ногирон болалар ота-оналари олдимга келиб, фарзандларига кучли мотивация бағишлаётганимни айтиб, миннатдорчилик билдиришди. Шу аснода одамларга ўрнак бўлиш имкониятига эгалигимни англадим. Инсон ҳаётий муаммолар олдида ҳеч қачон бош эгмаслиги керак. Эҳтимол, фаолиятимни тугатганимдан сўнг ногирон болаларга ёрдам бериш учун алоҳида жамғарма очарман... Футбол мени шундай ажиб ғоя билан сийлаганидан бахтиёрман».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz