Қайднома

Қидирув

Танганинг иккинчи томони

Танганинг иккинчи томони

  23.02.2021 03:34
  0
  207
Танганинг иккинчи томони

Матбуотда Қатар-2022 тайёргарлигига тааллуқли ижобий фикрлар жуда кўп. Айниқса, ФИФА расмий сайтига интервью бераётган таниқли футболчилар бўлажак мундиал тарихда алоҳида ўрин эгаллашини башорат қилишмоқда. Аммо gol.ru сайти мақоласида келтирилишича, ЖЧ учун стадионлар қурилишида катта муаммолар бор: одамлар ҳалок бўлишмоқда, ишчиларга етарли ҳақ тўланмаяпти, улар ифлос сув истеъмол қилишяпти, даҳшатли иссиқ ҳавода ҳам тер тўкишди...

Умумий ҳолат. ЖЧ-2022 стартига 2 йилдан озроқ вақт қолган пайт Қатарда турнир учун мўлжаллаган объектлар қурилиш майдонида иш ҳамон қизғин. Энг негатив хабарлар - бу ишчиларнинг ҳаётдан кўз юмишаётгани. Мисол учун, 2020 йилнинг июль - ноябрь ойлари оралиғида непаллик 67 нафар мигрантнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳаммаси эмас: 2019 йил июль ва 2020 йил июль оралиғида қурилиш объектларида 104 киши ҳаётдан кўз юмди. Янада даҳшатга солувчи рақам - Қатар-2022 кампанияси бошланганидан буён биргина Непалдан чақирилган ишчилардан 1400 нафари ҳалок бўлди (боз устига, бу 2019 йилнинг ёзида берилган маълумот). Айнан 2019 йилнинг ёзида Германия­нинг WDR телекомпанияси «Қатарда қопқонга» номли ҳужжатли фильм ишлади. 1400 нафар непалликнинг қурилиш ишлари қурбонига айланганини айнан германиялик телеҳужжатчилар маълум қилишган. Шунингдек, Непал ҳукуматининг расмий вакили ҳам мамлакатнинг кўплаб фуқаролари Қатардаги қурилиш майдонларида ҳалокатга учрашганини тасдиқлаган. Фильмда яна оғир иш шароити ҳақида атрофлича ҳикоя қилинган.

Ҳалокатлар. Fair|Square ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти вакиллари Қатарнинг аянчли оқибатларга олиб келувчи тизимга қарши тура олишига шубҳа билан қарашмоқда. «Мамлакатда ишчилар ўлимига доир статистика шунчаки, даҳшат уйғотади. Энг ёмони, талаб даражасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган тизим мавжуд эмас, - дейди ташкилот директори Ник Макгихан. - Аслида Қатарда бу борада катта муаммолар борлиги аллақачон маълум бўлганди».

Одамлар ҳалокати тафсилотлари ҳақида аниқ маълумот йўқлиги - эътироз келтириб чиқараётган яна бир ҳолат. Daily Mail нашрида ёзилишича, 24 ёшли қурувчининг уйқу пайти юрак хуружи туфайли ҳаёт билан видолашгани қайд этилган. Унинг турмуш ўртоғига ўлим сабаби сифатида шуни кўрсатишган, аммо ҳеч қандай текширув олиб борилмаган. Макгиханнинг айтишича, бундай ҳолатлар жуда кўп: «Қурувчи жасадини ортга қайтаришади ва барчасини табиий ўлим сифатида баҳолашади. Қатарда сабаби аниқлаштирилмаган минглаб ўлим ҳолатлари бор. Тўғри, ҳамма ҳам ўта иссиқ ҳаво ёки хавфсизлик таъминланмагани туфайли ўлмаган, бироқ савол шуки, ким қандай ҳалок бўлганига аниқ жавоб йўқ». Ҳаётдан кўз юмган яна бир ишчи ўлимига сабаб сифатида нафас олиш тизимининг ўткир хасталиги ёзилган. Қайд этилишича, у нафас олишга қийналган ва шифохонада кўз юмган. Бироқ ўша қурувчи Қатарга йўл олишига қадар тиббий кўрикдан ўтган ва саломатлигига доир ҳеч қандай муаммо аниқланмаган. Ҳа, ишчилар Қатарга йўл олишдан олдин икки марта тиббий тест топширишади.

2019 йилнинг ёзида непаллик қурувчиларнинг ўлими юзасидан тафтиш олиб борилди. Бунда охирги 8 йилда рўй берган ҳолатлар ҳисобга олинди. Ўлим ҳолатларининг кўпи ёзнинг жазирима ойларига тўғри келган ва уларга асосан юрак-томир хасталиклари сабаб бўлган. Баёнот муаллифларининг хулосаларига кўра, ишчиларни иссиқ таъсиридан эффектли ҳимоялаш тизими воситасида бу муаммолар олдини олиш мумкин эди. Бироқ яхлит тизим мавжуд эмас...

Иш ҳақи муаммоси. Қатар-2022 мундиали доирасидаги кўнгилни хира қиладиган яна бир ҳолат - бу маош тўлаш тартиби. Бу ҳақда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Amnesty International гуруҳи ўтган йилнинг ёзида алоҳида бонг урди. Ташкилот баёнотида айтилишича, 2019 йилнинг сентябридан кейинги йилнинг баҳоригача кўплаб ишчиларга маош тўланган эмас. Бу масалада пул ўтказмаларини кечиктирган Qatar Meta Coats компаниясига саволлар етарли. Amnesty International ҳаракати ушбу масалани ҳатттоки, Қатар ҳукумати ва ФИФА раҳбарияти олдига кўндаланг қўйди. Шундан кейингина ижобий томонга силжиш кузатилди, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ўзгаришлар кўламидан қониқмади, барибир. Таъкидланишича, ЖЧ ташкилотчилари маош тўлаш бў­йича камчиликлар борлигини била туриб, қандайдир чора кўришмаган. «Пул йўқ экан, нега қурувчиларнинг ишни давом эттиришларига йўл қўйилган?» - қабилида катта саволни ўртага ташлади Amnesty гуруҳининг иқтисодий ва ижтимоий адолат масалалари бў­йича раҳбари Стив Кокберн. Кўплаб ишчилар Қатарга йўл олишдан олдин ўз мамлакатлари банкларидан кредит олишгани вазиятни янада таранглаштирмоқда. Ахир улар катта иш ҳақини мўлжаллаб сафарга чиқишган, энди қарзни белгиланган муддатда қайтаришлари талаб этилади. Бироқ маош тўланмаса...

Оғир шароит. Ҳа, Қатарда ишчилар оғир шароитда меҳнат қилишади. Зеро, мамлакатда кундузи ҳаво ҳароратининг 20 даража иссиқдан пастга тушиши камдан-кам кузатилади. Йилнинг ярмидан кўп вақти эса, ҳаво ҳарорати 30 даражадан юқори бўлади. Ишчиларга мўлжалланган ичимлик суви - ифлос ва истеъмол учун яроқсиз. Яна ҳаво таркиби унча яхши эмас. Орада ишчиларга фуқаролик паспортини беришмаётгани, улар таътилга чиқишмаётгани ва ҳаттоки, яқинлари билан боғланишлари тақиқлангани хусусида шикоятлар ҳам тушди. Қурувчилар 2019 йилнинг ёзида айни шу туфайли тўполон кўтаришганди.

2015 йилнинг ноябрида Қатарда деярли 70 минг ишчига мўлжалланган Labour City лагери тантанали тарзда очилганди. Ушбу марказ таркибида театр, бир неча кинозал, полиция ҳудуди ва масжид бор. Мамлакатда шунингдек, хорижлик ишчиларга тааллуқли қатор қонунлар амалга татбиқ этилди. Мисол учун, уларга иш берувчининг рухсатисиз мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқлаб қўйилди. Бироқ қонунда кўрсатилган имтиёзлар ва берилган ваъдаларга амал йўқ. Германияликлар ҳужжатли фильмида WDR журналисти Бенжамин Бест яширин камерани ёқиб, бир қатор қурувчилар билан учрашган ва Қатардаги оғир шароитларни рўй-рост очиб ташлаган. Жумладан, унинг суҳбатдошларидан бири қурувчиларга фақат нон ва сув берилаётгани, вазият тобора мураккаблашаётгани, Непалга қўн­ғироқ қилолмаётгани, умуман пул тўланмаётгани ҳақида гапирган.

Стресс. Бундай шароитдаги оғир меҳнат ишчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Маошнинг кечиктирилиши эса уларни руҳан эзади. Ахир мигрантлар оила боқиш илинжида Қатарга йўл олишган ва пул жўнатолмаслик уларни кучли ташвишга солади. Депрессия хавфининг кучайишида яна бир сабаб бор. Бу ҳақда Қатарда ишчилар учун очилган махсус клиникада фаолият юритаётган непаллик шифокор Ражеш Паудель алоҳида жон куйдириб гапирди: «Бу ерга келган кўплаб одамлар ўз мамлакатларида алданганлар. Яъни уларга муайян иш билан шуғулланишларини айтишган, аммо бу ерга келгач, зиммаларига мутлақо бошқа юмушлар юклатилган...».

Балки ҳаммаси жойидадир? 2020 йил бошида ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор Дохада бўлиб, 2,5 соат давомида янги қурилаётган объект­даги ҳолат билан танишди. «Сафар чоғи ишчилар билан меҳнат шароити, маош тўлови юзасидан бафуржа гаплашдим, яшаш учун ажратилган манзил, қўшимча иншоотлар, дам олиш ҳудудини текширдим. Қатар томони меҳнат ва ҳаёт учун талаб даражасида шароитлар яратиш ҳамда вақтида муносиб иш ҳақи тўлашга ҳаракат қилмоқда», - дея ўз хулосасини билдирди Гилмор сафар якунида. Қолаверса, ФИФА 2016 йилиёқ иш шароитини тартибга солишни назорат қилиб борувчи гуруҳ тузган эди. «Махсус гуруҳ Қатардаги барча жараёнларга боғлиқ ўзгаришлар эффектлилигини текшириб боради», - деганди ташкилот раҳбари Жанни Инфантино.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz