Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: ЎРУНОВ ЯНА «УФА»ДА қолганлар эса...

Легионерларимиз: ЎРУНОВ ЯНА «УФА»ДА қолганлар эса...

  23.02.2021 06:40
  0
  334
Легионерларимиз: ЎРУНОВ ЯНА «УФА»ДА қолганлар эса...

Ўрунов «Уфа»га қайтди. Москванинг «Спартак» клуби 19 февраль куни ҳамюртимиз Остон Ўруновни РПЛ рўйхатидан чиқарди. Жамоанинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Антон Фетисов бу қарор юзасидан баё­нот берди: «Ўрунов спорт тамойиллари, мураббийлар штаби ва клуб қарори асосида «заявка»дан чиқарилди». Ҳамюртимиз жорий мавсумнинг қолган қисмини собиқ жамоаси - «Уфа»да давом эттиради. Уфаликлар уни кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара асосида олишди. Эслатма, Ўрунов «Спартак»нинг 9та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол урди. 20 ёшли футболчи ўтган мавсум айнан «Уфа» шарафини ҳимоя қилган ва 2020 йилнинг августида Москва клуби сафига қўшилганди. Metaratings.ru хабарига кўра, «Уфа» футболчининг 11та тур вақтига тенг ижара сафари учун 5,5 миллион рубль тўлайди. Ўрунов майдонга тушган ҳар бир ўйин (камида 45 дақиқа ўйнасa) ортидан сумма 400 минг рублга камаяди. Агар Остон жароҳатланса, ушбу шарт инобатга олинмайди. Ўруновнинг «Уфа»даги йиллик маоши эса 600 минг еврони ташкил қилади. Бундан таш­қари, клуб футболчини 3 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга. «Уфа» олдинроқ Ўрунов маошини 100 фоиз ўз зиммасига олиш ҳамда уни ўйин амалиёти билан таъминлашга тайёрлигини билдирганди. «Спартак» Ўруновни РПЛ «заявка»сидан чиқаргач, «Уфа» дарҳол яна ижара келишувини ўртага ташлади. Бунда клубимиз Остон маошини 100 фоиз тўлашга ва унга етарли ўйин амалиёти беришга тайёр», - деганди «Уфа» вакили RIA News нашри мухбирига.

 «Ўртоқлик»ларда фаоллик. Янги мавсумга БААда йиғин олиб борган Беларусь чемпиони - «Шахтёр» миллий жамоамизни 3:0 ҳисобида енгишидан олдин маҳаллий - «Сити Дубай» клуби билан ўйнаб, 7та жавобсиз гол урганди. Жамоа голларидан бирига майдонда бир бўлим ҳаракатланган ҳамюртимиз Шаҳзод Убайдуллаев муаллифлик қилди. Эслатма, у «Шахтёр»нинг «Пюник» (3:2), «Родина» (1:0) ва «Лива» (4:0)га қарши кечган ўртоқлик ўйинларида ҳам гол урганди.

Машарипов - Ҳамдамов қарама-қаршилиги. БАА Про-лигаси 17-туридан ўрин олган «Хатта» - «Шабаб Ал-Аҳли» ўйинида меҳмонлар иродали ғалабани тантана қилишди. Жалолиддин Машарипов жамоадошлари 86 ва 87-дақиқаларда 2та гол уриб, 2:1 ҳисобида устун келишди. Машарипов ғалабага тўлиқ вақт давомидаги фаол ҳаракати билан ҳисса қўшган бўлса, мезбон жамоа вакили - Достон Ҳамдамов 62-дақиқагача тўп сурди. Пешқадам «Шаржа» эса «Ал-Дафра» меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисоби билан чекланди. Меҳмон жамоа етакчиларидан бири Отабек Шукуров доимгидек, бошланғич таркибда майдонга тушиб, ўйин охиригача тўп сурди.

Шомуродовдан учинчи гол. Италия «А» серияси 23-туридан ўрин олган «Женоа» - «Верона» ўйинида  жанговар дуранг қайд этилди - 2:2. Мезбонлар вакили Элдор Шомуродов иккинчи бўлимда майдонга тушиб, 49-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу ҳамюртимизнинг чемпионатдаги 3-голидир. Эътиборлиси, Элдор «Женоа» сафида «А» серия доирасидаги баҳсда захирадан майдонга тушиб, тезкор гол урган (2 дақиқа 58 сония) футболчилар рўйхатида 2-ўринга жойлашди. Бу борада энг яхши кўрсаткич 2019 йилнинг март ойида 1 дақиқа-ю 32 сонияда «Ювентус» дарвозасига тўп киритган Стефано Стурарога тегишли. Нуфузли WhoScored нашри ҳамюртимизнинг мазкур учрашувдаги ҳаракатига 7,1 балл қўйди - «Женоа»да иккинчи юқори натижа (энг юқори балл Милан Баделга берилди - 8,0).

Мирзаевдан «хет-трик». «Муангтонг Юнайтед» Таиланд чемпионати 21-турида «Ратчабури» меҳмони бўлиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Диққатга сазовор томони, меҳмон жамоанинг 3та голи ҳам ҳамюртимиз, ярим ҳимоячи Сардор Мирзаев ҳисобига ёзилди.

Дебют ортга сурилди. Польша чемпионати пеш­қадами - «Легия» Экстракласс лига 18-турида «Плоцк»ни қабул қилиб, 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа сафига яқинда қўшилган Жасур Яхшибоев илк марта қайдномага киритилди, аммо майдонга тушмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz