Қайднома

Қидирув

Неймар: “Ширинлик сотиб олишга ҳам пулимиз бўлмаган”

Неймар: “Ширинлик сотиб олишга ҳам пулимиз бўлмаган”

  23.02.2021 08:44
  0
  398
Неймар: “Ширинлик сотиб олишга ҳам пулимиз бўлмаган”

Бир неча кун олдин Бразилия терма жамоаси ва Франциянинг «ПСЖ» клуби етакчиси Неймар ўзининг 29 ёшлигини нишонлади. Унинг фаолияти анчагина мураккаб ўтган. Ёш истеъдоддан дунё юлдузи даражасигача кўтарилди. Умуртқа поғонасидаги оғир жароҳатдан тикланди ва фаолиятини давом эттиришга муваффақ бўлди. Шунингдек, ўзи туғилиб ўсган ҳудуддаги камбағал болаларга ёрдам бериш учун ўз институтини ташкил этди. Париж клуби матбуотига берган интервьюсида бразилиялик суперюлдуз қандай қилиб миллионлар ўйини шайдолари кумирига айланганини, шунингдек, ўз орзусини саъй-ҳаракатларсиз амалга ошириш мумкин эмаслигини айтиб берди.

- Франциянинг нимаси сизга ёқади?

- Овқатлари шунчаки ажойиб. ғайриоддий минораси... Ҳар сафар унинг ёнидан ўтганимда, шу даражада гўзаллигидан ҳайратда қоламан. Баъзан об-ҳавоси панд беради. Чунки совуқни ёқтирмайман, лекин бунга кўникиш мумкин.

- Ҳозир дунё юлдузисиз. Сизни ҳамма танийди ва севади. Дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчилардан бирисиз. Бразилиядан келган камбағал йигитнинг муваффақияти...

- Туғилиб ўсган маконим Бразилияда деярли фавела ҳисобланади. Худога шукр, оч қолмадик, лекин яхшироқ ҳаётни хоҳлагандик. Ота-онам мен истаган бирор кичик нарсани сотиб олишга ҳам пул тополмасдилар. Тўққизтамиз бувим билан унинг уйида яшардик ва биз яшайдиган хона ҳозир суҳбатни ёзиб олаётганимиздан кичикроқ эди. Аммо барибир, ўша ерда ҳаётимнинг энг яхши даврларини ўтказдим.

- Демак, онангизда сизларга қўшимча егулик сотиб олиш учун ҳам пул бўлмаган экан-да?

- Супермаркетга борганимизда, онамдан ширинлик сотиб олишни илтимос қилдим, лекин у олмади, чунки пули йўқ эди. Биз фақат асосий маҳсулотларни харид қилишга қодир эдик. Кейин рози бўлдим ва «Катта бўлсам, шунчалик бойиб кетаманки, қандолат фабрикасини сотиб оламан», дедим ўзимча. У эса кулиб юборди, чунки болалар катта ихтирочилар. Волидам ўша воқеани ҳамон табассум билан эслайди, унга жуда қаттиқ таъсир қилганди.

- Отангиз фабрикада ишлаган ва оиласини қашшоқликдан қутқаришини орзу қилган. Унинг бу орзусини амалга оширдингизми?

- Кўриниб турибдики, ҳар ким ўз оиласи учун яхшироқ ҳаётни ният қилади. Отам бу ҳақда ўзи футболчи бўлган пайтдан бери ўйларди. Афсуски, унинг фаолияти муваффақиятли чиқмади. Бир нечта клубларда ўйнаган, кейин «Сантос»да механик сифатида ишлаган. Клуб автомобиллари ва мотоциклларини таъмирларди. Отам оилани боқиш учун етарли бўлган маошга ишлаган ва менга ёрдам беришни хоҳлаган. Ота-онамдан, синглимдан, дўстларимдан, ҳозирги ҳолатда бўлишимга ёрдам берган ҳар бир кишидан жуда миннатдорман, чунки бу осон йўл эмасди.

- Отангиз доимо фаолиятингизни кузатиб боради. Сизлар жуда яқин муносабатдасиз...

- Ҳа, шундай. Биз нафақат ота-ўғил, балки дўстмиз. Кўп гаплашамиз, баҳслашамиз, ўзаро фикр алмашамиз. Кучимиз ҳам шунда. Кўплаб дўстларим умр бўйи ўғил ва ота ўртасидаги бундай муносабатни кўрмаганликларини айтишади. У ғамгин, зерикарли бўлиши мумкин, лекин мен барибир, уни жуда яхши кўраман.

- Уйингизни жуда эрта тарк этгансиз. Футболдаги муваффақиятингизнинг баҳоси ҳам шу эди.

- Албатта, ҳаётимда кўп марта севимли нарсалардан воз кечишимга тўғри келган. 12-13 ёшда паркда сайр қилишни, синф билан экскурсияга боришни, дўстлар билан кинога боришни хоҳлайсиз. Мен эса буларнинг барчасини тез-тез ўтказиб юборишга мажбур бўлдим, чунки эртаси куни машғулотлар, ўйинлар кутиб турарди ёки тузалишим учун уйда қолишим лозим эди. Албатта, икки ҳафталаб уйда бўлмаганимдан, кўпинча оиламдан хафа бўлганман. Чунки уларни жуда соғинардим. Анчадан бери улардан узоқда яшайман. Онамни, синглимни, отамни соғиндим. Улар вақти-вақти билан меҳмонга келишади. Аммо бу муваффақият қозонишни истаган ҳар қандай инсон ҳаётининг ажралмас қисмидир. Қийинчиликларсиз ҳеч қаерга боролмайсиз. Ўзингиз кўниккан қулай жойни тарк этишингиз керак. Қариндошларингизга яхши ҳаётни таъминлаш учун ҳам узоқроқдан кўпроқ нарсаларни қидирасиз.

- Футбол юлдузининг фаолиятидаги муаммолар ҳақида кўп гапирмаймиз. Энг катта қийинчилик 2014 йилги жаҳон чемпионати эди. Ўша пайт умурт-қангиз синганди. Ногирон бўлиб қолиш ва энди ўйнай олмасликдан қўрқмадингизми?

- Ҳа, бу ҳаётимдаги энг қийин дақиқалардан бири эди. Аммо шу билан бирга, қувончли вақт эди. Чунки орқа мия жароҳати футболчилик фаолиятимга халақит бермаслигини билиб олгандим. Касалхонага борганимда, шифокор: «Менда иккита янгилик бор: яхши ва ёмон. Қайси бирини аввал эшитишни хоҳлайсиз?», деди. Ёмонидан бошлаш яхшидир, деб жавоб бердим. «Ёмон хабар шундаки, сиз ЖЧ-2014ни якунлай олмайсиз», деди у. Мен йиғлаб юбордим ва ўша пайт қандай хушхабар бўлганлигини сўрадим. «Сиз футбол ўйнашни давом эттиришингиз, юришингиз ва нормал ҳаёт кечиришингиз мумкин. Бир неча миллиметр четга чиққанида ногирон бўлиб қолардингиз», деди шифокор. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Ўша пайт чемпионатни соғиниб қолганим учун жуда кўп азоб чекардим, аммо бошқа томондан, Яратган мени ҳимоя қилди, футболга қайтишга эришдим.

- «Сантос» собиқ мураббийи ҳаммаси сизнинг матонатингизга боғлиқлигини айтди. Ҳеч қачон орзуларингиздан воз кечмайсиз. Бу ҳозирги ёшлар билан баҳам кўришни истаган хабарингизми?

- Шундай. Сиз нима қилаётганингизга ишонишингиз керак. Тўпни йўқотиш, ўйинни ютқазиш эҳтимолини рад этадиганлар тоифасиданман. Мен учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса мумкин ва бунга ишонаман. Ўйин охирида гол уришим мумкин, ақлбовар қилмайдиган нарсани бажаришим мумкин. Ҳеч қачон таслим бўлмайман. Ёшларга маслаҳатим - тинимсиз машқ қилишсин, қатъиятли бўлишсин.

- Аммо муваффақиятсизликлардан қочиб бўлмайди. Хуллас, яқинда «ПСЖ» Чемпионлар Лигаси финалида ютқазди. Бу мағлубиятни ҳазм қилиб улгурдингизми ёки унутиб бўлмаяптими?

- Бу оғриқли эди. Кубокни бой бериш, айниқса, Чемпионлар Лигасида, даҳшатли. Менга бу ёқмади. Жуда хавотирландим, йиғладим, чунки Франция учун ғалаба қозонишни жуда хоҳлагандим. Афсуски, ўша пайт ишимиз юришмади. Аммо бу мавсум бизда янги имконият бор ва яна финалда бўлиш, кубокни ютиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Мюнхен «Бавария»си билан бўлган ўйин жуда қийин кечди. Жуда хафа бўлдик, аммо бу футбол, бу ўйиннинг бир қисми. Улар ажойиб жамоа ва ўша учрашувда ҳам буни исботлашди. «Бавария» ғалабага лойиқ эди.

- «ПСЖ»да бахтиёрмисиз? Бу ерда қолишни хоҳлайсизми?

- Бугунги кун учун жуда хурсандман. Нимадир кескин ўзгарди, нималигини аниқ айтолмайман. Жамоага мослашдим, ўзимни енгил ҳис қиляпман. Бу ерда эканлигимдан жуда хурсандман. «ПСЖ»да қолишни истайман. Умид қиламанки, Килиан ҳам шундай қилади. Буни ҳар бир парижлик хоҳлайди. Биз «ПСЖ»ни юқорига кўтаришни хоҳлаймиз. Ҳозир Парижда қилаётган ишим, яъни футбол ўйнаш ва бахтли бўлишда давом этишни хоҳлайман.

- Жамоадошларингиз анча ҳазилкаш эканингизни айтишади.

- Ҳа, йигитларга ҳазил қилишни яхши кўраман. Ҳамма билан дўстман, ўйин-кулгуни ёқтираман. Барча билан ажойиб муносабатдаман.

- Ташқи кўринишингизни мунтазам назорат қиласиз: ки-йим-кечак, соч турмаги, татуировка... Бу ёшлар орасида машҳур бўлишнинг яна бир сабабими?

- Билмайман. Соч турмагимни ўзгартирганимда, одамларнинг менга тақлид қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмагандим. Шунингдек, кўпчилик мен каби кийинишни бошлади. Уларга ёққанидан хурсандман.

- Аммо бағрикенг инсон эканингизни кўпчилик билмайди. Бразилияда ота-онангиз билан ҳамкорликда болалигингиз ўтган жойларда яшовчи кам таъминланган оилалар фарзандлари учун Неймар институтини очдингиз. Ушбу ғоя кимдан чиқди?

- Ушбу фикр болалигимда пайдо бўлган. Ўшандаёқ ушбу институт қандай бўлишини муҳокама қилардик. У биз учун нимани англатишини аниқ англадим. Бугун айнан орзу қилганимиздек бўляпти, ҳатто ундан ҳам яхшироқ. Бундай тадбирларда кўпроқ иштирок этмоқчиман, лекин клуб билан тузилган келишув ва узоқ масофа туфайли имконим камроқ. Аммо бу ҳақиқатан ҳам биз амалга ошира олган оиламизнинг орзуси.

- Кўпчилик сизни ватанидаги қариндошларини унутмаган қаҳрамон деб билишади. Бундан фахрланасизми?

- Бу мен учун катта ғурурдир. Қаердан келганимни ҳеч қачон унутмаганман ва туғилган жойим менга ўргатган ҳамма нарсани эслайман. Ушбу кўча болалиги менга кўп нарсани ўргатди. Бунинг учун албатта, ундан миннатдорман. Институтга ёрдам бериш имконияти мен учун бебаҳодир, бу жуда муҳим. Бу ҳаётимнинг асосий ютуғи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz