Қайднома

Қидирув

Мносабат: Тезкорлик ҳурматга лойиқ

Мносабат: Тезкорлик ҳурматга лойиқ

  24.02.2021 02:20
  0
  326
Мносабат: Тезкорлик ҳурматга лойиқ

Ўтган ҳафта ўзбекистонлик мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги «Футболиум» каналида кўплаб қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

* * *

- Араб ОАВ хабарига кўра, ЖЧ-2022 саралашининг марказлаштирилган турнирларига мезбонлик қилиш бўйича ОФКга Австралия, Қатар, Саудия Арабистони ва Ўзбекистондан ариза тушди. Сўнгги 2та жамоанинг бир гуруҳдан ўрин олганини инобатга олсак, ОФКнинг қандай қарор чиқариши қизиқ, шубҳасиз. Саудияликлар саралашнинг қолган 4та ўйинидан 3тасини ўз майдонларида ўтказишлари керак эди, Ўзбекистон термасида эса фақат 1та уй ўйини қолганди.

* * *

- Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) талқини бўйича тузилган XXI аср­нинг энг яхши ҳакамлари рўйхатида Равшан Эрматовга жой берилмади. Бу ўзбекистонлик мухлисларда норозилик кайфияти уйғотди. Ваҳоланки, мазкур ҳолат шу тоифа рейтингларни жиддий қабул қилмасликка яна бир ишорадир. Қаранг, асрнинг энг яхши ҳакамларини қандай аниқлашди? Энг яхшиларнинг йиллик рўйхатлари олиниб, биринчи ўриндагиларга 20 баллдан беришган. Энг кўп балл тўплаганлар эса аср рейтингига киритилган. Европа ёки Жанубий Америкадан бўлмаганларда мазкур рўйхатга кириш имконияти бормиди? Йўқ. Чунки Осиё ёки Африка ҳакамлари фақат жаҳон чемпионати пайти эътибор марказига тушадилар. Яъни Эрматов фақат 2010 ва 2014 йилларда топ-ҳакамлар рейтингига кирган. Табиийки, бундай ҳолатда ЕЧЛ ва Европа чемпионатида ишлаганлар билан рақобатлашиш имконсиз. Мисол учун, Эрматов XXI асрнинг иккинчи 10 йиллиги учун тузилган рейтингда 33 балл олиб, 16-ўринни эгаллаганди. 20 йилликнинг энг яхшилари рўйхатига кириш учун эса 33 балл етарли эмас. Шундай экан, ҳар бир рейтингни ўта жиддий қабул қилиш ноўрин.

* * *

- SFI компанияси эндиликда АГМК ва «Узметкомбинат»нинг ишончли бошқарувчиси бўлмайди. Бу икки клуб учун нимани англатади? Эҳтимол, ҳеч нарсани. Шунчаки, SFI тўғридан-тўғри бошқарадиган «Пахтакор» билан алоқалар йўқолиши мумкин. Аммо бу кўп жиҳатдан клубни лицензиялаштириш регламенти масаласидир. Аммо ўтган йил кўрсатдики, Ўзбекистонда мазкур ҳужжат исталганча қўлланади, бир юридик шахсга тегишли клублар лицензияни муаммосиз қўлга киритади. Шундай экан, АГМК ва «Металлург»нинг «ботиши»ни кутиш ўринсиз. Клубларга эгалик қилаётган комбинатлар фаолият юритаверади, молиялаштириш ҳам сақлаб қолинади.

* * *

- Катта эҳтимолки, ЖЧ-2022|ОК-2023 қўшма саралашининг мартдан июнга кўчириш бўйича якуний қарор чиқарилди. 5 мартгача футбол федерацияларига турнирларга мезбонлик қилиш бўйича ариза топшириш таклиф этилади. Гуруҳ босқичи баҳсларини марказлаштирган ҳолда қабул қилиш кимларга насиб этиши 15 мартда аниқ бўлади. Эслатма: кейинги босқичга 12та жамоа йўл олади - гуруҳларда ғолиб чиққан 8та терма ва энг яхши кўрсаткичга эга 4та 2-ўрин эгаси. Қатар термаси кучли 12таликка кирса, учинчи раундга 2-ўринни эгаллаганлардан яна бири йўл олади.

* * *

- ОФК ЖЧ-2022|ОК-2023 қўшма саралашининг март ойига белгиланган тақвимини эълон қилди. Бу ойда режалаштирилган 31та ўйиндан атиги 4таси ўтказилади. Қолган 27та учрашув июнга кўчирилди. Демак, ФИФАнинг июнь ойига белгилаган кунларида икки ҳафта ичида 59та ўйин ташкил этилади. Жуда қизиқ. «D» гуруҳидаги 4та ўйиндан биттаси 25 март куни Ар-Риёдда бўлиб ўтади: Саудия Арабистони - Яман. Яъни Ўзбекистон ва Саудия термалари июнга бир хил ҳолатда - 5тадан ўйин ўтказган тарзда етиб боради. Дарвоқе, Яман - Ўзбекистон ўйини ҳали расман июнга кўчирилмаган.

Гуруҳдаги икки даъвогарнинг июнь ойидаги ўйинлари тақвими

7 июнь

Яман - Ўзбекистон (ўйин мартда ўтказилиши ҳам мумкин)

Сингапур - Саудия Арабистони

11 июнь

Ўзбекистон - Сингапур

Саудия Арабистони - Фаластин

15 июнь

Саудия Арабистони - Ўзбекистон

* * *

- Тошкентнинг «Локомотив» клуби мамлакатнинг келажаги порлоқ футболчиларидан бири Игорь Чикризов трансферини эълон қилди. Қизиғи, бу йигит «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Агар жорий йил қишда Игорь Сергеев, Владимир Козак, Достон Ҳамдамов ва Жавоҳир Сиддиқов «Пахтакор»ни эркин агент сифатида тарк этишганини инобатга олсак, клуб спорт директорининг иш самарадорлиги сўроқ остида эканлиги ойдинлашади.

«Пахтакор» клуби ушбу фикрларимга дарҳол жавоб қайтарди. Орадан ярим соат ҳам ўтар-ўтмас, трансферлар масаласига ойдинлик киритилди. Умумий ҳисобда, вазият қуйидагича кўриниш олган:

1. Сиддиқов «Пахтакор» футболчиси бўлмаган, жамоада ижара асосида ўйнаган.

2. Козак бош мураббийга январь ойи бошида керак бўлган, шу боис таклифлар тушишига қарамай, унинг бошқа клубга трансфери дастлаб тақиқланган. Аммо кейинчалик Питер Хюистранинг фикри ўзгарди ва «Пахтакор» Козак билан хайрлашишга мажбур бўлиб, унга бошқа клубда ўйнаш имкониятини тақдим этди. Бунда футболчининг клуб олдидаги хизматлари ҳисобга олинган ва у билан амалдаги шартнома бекор қилинган. Шу тариқа Козак эркин агентга айланган.

3. Игорь Сергеевни клубда сақлаб қолишни жуда хоҳлашган, аммо жамоада бошқа ҳужумчилар борлиги унинг имкониятини йўққа чиқарган.

Балки барча тушунтиришлар мантиқан тўғридек туюлмас, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам клубнинг тезкор ва конструктив муносабати ҳурматга лойиқ.

* * *

- Ўзбекистон футболчилари касаба уюшмаси раиси Камолиддин Мурзоевнинг «Фейсбук»даги саҳифасида ёзишича, «Нефтчи» футболчилари Тўрақулов ва Тошматов суд залидан озод қилиниб, уйларига кетишган. Улар икки ойдан ортиқ вақтни панжара ортида ўтказишди. Ўйлашимча, бу муддат ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, дисквалификация қилинган футболчилар учун етарли. Ўз нав­батида, умид қиламанки, ўшанда Фарғонага «ўйинни юқори ташкилотчилик даражасида ўтказиш» учун борган бир ташкилотнинг 8 нафар ходими ўзини яхши ҳис қилаётган ва уларнинг виждони қийналмаётган, ҳокимлар билан вип-ложаларда чой ичишда давом этишади.

* * *

- 24 февраль куни Тошкентда Ўзбекистоннинг футбол ва футзал термалари ўртасида ўзига хос учрашув ўтказилади. Бу ўйин ЎФА ва МОҚ собиқ раҳбари Мираброр Усмонов хотирасига бағишлаб ташкил этилади. Чоршанба куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида ўтадиган баҳсни кўриш, шунчаки, учрашув томошабини эмас, хотира акцияси иштирокчиси бўлишга ҳаммани таклиф қиламан. Мираброр Зуфарович нафақат ўз лавозимида ҳаммадан кўп муддат (12 йил) ишлаган президент, балки ЎФФнинг ОФК ва ФИФА олдидаги обрўси ошишига сабабчи шахс сифатида мамлакат футболи тарихига киради. Биргина 2006-2016 йилларда Ўзбекистон мезбонлик қилган 5та Осиё чемпионатини эслашнинг ўзи кифоя. Ушбу турнирларнинг 3таси футзал бўйича ўтказилган. Шу боис хотира ўйинида футзалчиларнинг майдонга тушишлари рамзий маънога эга. Шунингдек, Мираброр Усмоновнинг улкан ишончига сазовор бўлган Вадим Абрамов тузган миллий жамоа иштироки ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Мутахассис ушбу ишончни нечоғли оқлагани эса бошқа масала.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz