Қайднома

Қидирув

Евротур: Грандларга татимаган «уик-энд»

Евротур: Грандларга татимаган «уик-энд»

  25.02.2021 03:33
  0
  276
Евротур: Грандларга татимаган «уик-энд»

«Ливерпул»нинг АПЛдаги муваффақиятсиз серияси давом этди. «Бавария» билан «Атлетико» ҳам ютқазишди. «Интер» Милан дербисида «россонерилар»ни тор-мор этиб, етакчиликни мустаҳкамлади. «Монако» сафарда «ПСЖ»ни енгиб, Франция чемпионлиги курашига қўшилди. Ўтган дам олиш кунлари Европа яшил майдонларида рўй берган энг муҳим воқеалар шарҳига тўхталамиз.

Англия. «Ливерпул»нинг аянчли аҳволи

АПЛнинг 25-тури асосий ўйини - Мерсисайд дербисида «Ливерпуль» ва «Эвертон» ўзаро ҳисоб-китоб қилишди. Мазкур учрашувда «қизиллар» сардори Жордан Хендерсоннинг жароҳат олгани Юрген Клоппга қўшимча бошоғриқ бўлиши турган гап. Мезбонларнинг хавфли ҳужумлари пайти Жордан Пикфорд жуда фаол ҳаракат қилди. «Ирислар» сафида дастлаб Ришарлисон, кейин эса Гилфи Сигурдссон рақиб дарвозасини ишғол қилиб, «Эвертон» ғалабасини таъминлашди. Шу тариқа «Ливерпуль» 1923 йилдан буён илк марта қаторасига 4та уй ўйинида ютқазди. «Энфилд»да ўтган Мерсисайд дербисида 21 йилдан буён илк марта мезбонлар мағлубияти қайд этилди.

«Манчестер Сити» эса чемпионликни муддатидан аввал ҳал қилиш йўлида навбатдаги қадамни ташлади. «Шаҳарликлар» ўз уйларида «Арсенал»ни кичик ҳисобда (1:0) енгиб, АПЛдаги кетма-кет 13, барча турнирлардаги 18-ғалабани расмийлаштиришди. Ягона гол 2-дақиқада Раҳим Стерлинг ҳисобига ёзилди.

Бу турда «МЮ» «Ньюкасл»ни (3:1), «Лестер» сафарда «Астон Вилла»ни (2:1), «Вест Хэм» «Тоттенхэм»ни (2:1) мағлуб этди. «Челси» эса меҳмонда «Саутгемптон» билан дуранг (1:1) ўйнади.

Испания. «Барселона» яна очко йўқотди

Англияда чемпионлик йўлидаги курашда интрига деярли йўқолган бўлса, Испанияда аксинча, қайта туғилди. Бунинг учун мухлислар «Леванте»дан миннатдор бўлсалар арзийди: бу жамоа Мадридда етакчи «Атлетико» устидан зафар қучди (2:0). Бу «матрасчилар»нинг 14 ойдан буён барча турнирларда қайд этган илк уй учрашувидаги мағлубиятидир.

«Реал» пешқадамнинг очко йўқотишидан унумли фойдаланиб, сафарда «Вальядолид»ни кичик ҳисобда таслим этди (1:0). Каземиро ўйиннинг 65-дақиқасида жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди. Шу тариқа Зайниддин Зидан шогирдлари биринчи ўриндаги жамоа билан орадаги очколар фарқини 3 очкогача қисқартиришди. Тўғри, «Атлетико»нинг захирада яна бир ўйини бор.

«Барселона» эса «ПСЖ»дан қабул қилинган аламли мағлубиятдан сўнг Ла Лига дебютантига ҳам ютқазди ва чемпионатдаги 7 ўйиндан иборат ғалабали серияни тугатди. Эътиборлиси, жорий мавсум каталонияликлар Альваро Сервера шогирдларини мағлубиятга учратишни уддалай олишмади. Биринчи даврадаги ўйинда 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришганди. Бу сафар «кўк-анорранглилар» ғалабага яқин келишганди. Примерада «Барса» сафидаги 506-ўйинини ўтказиб, бу борада клуб рекордини ўрнатган Лионель Месси биринчи бўлимда пенальтидан фойдаланди. Аммо якунда фаворитга Клеман Лангле панд берди. Француз ўз жарима майдончаси ичида қоида бузди ва «Кадис» Алекс Фернандеснинг аниқ зарбаси эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.

«Севилья» сафарда «Осасуна» дарвозасига жавобсиз иккита гол йўллади. «Реал Сосьедад» эса «Алавес»ни тўртта гол билан «сийлади» - 4:0. «Атлетик» ва «Вильярреал» муроса йўлини танлашди - 1:1.

Италия. «Интер»ни тўхтатиб кўринг

Чемпионлик учун кураш олиб бораётган Миланнинг икки жамоа­си - «Милан» ва «Интер» бу турда ўзаро ҳисоб-китоб қилишди. Якшанба кунги баҳсда Антонио Конте шогирдлари нималарга қодирликларини кўрсатишди. 5-дақиқада Лаутаро Мартинес «А» серияда 200-ўйинини ўтказган Жанлуижи Доннарумма дарвозасини ишғол қилди. Учрашувнинг ҳал қилувчи вазияти иккинчи бўлим бошига тўғри келиб, «Милан» бир дақиқада учта хавфли вазиятни кўкка совурди. Бу ҳолат мезбонларга таъсир ўтказди чоғи, 66-дақиқагача яна иккита тўп ўтказиб юборишди. Якуний ҳисоб - 0:3.

Турнинг яна бир учрашувида «Аталанта» ўз майдонидаги қийин ўтган баҳсда «Наполи» устидан зафар қучди (4:2) ва турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди. Эътиборлиси, мазкур баҳсдаги барча голлар иккинчи бўлимда урилди.

«Рома» бу турда «Беневенто» майдонида нурсиз дуранг (0:0)га имзо чеккан бўлса, «Ювентус» Туринда «Кротоне»ни асло аямади - 3:0.

Элдор Шомуродовнинг «Женоа»си Генуядаги «Верона»га қарши ўйинда мағлубиятдан қутулиб қолди - 2:2. Мазкур баҳс ҳамюртимизнинг «А» серияда нав­батдаги голини ургани билан аҳамиятли бўлди. Иккинчи бўлим бошида ўйинга қўшилган Элдор рақиб ҳимоячисининг хатосидан чаққонлик билан фойдаланиб, дарвоза тўрини аниқ нишонга олди.

Шунингдек, «Лацио» «Сампдория»ни кичик (1:0) ҳисобида енгди.

Германия. «Бавария» ҳам мағлуб

Олмон чемпионатида кутилмаганда интрига қайта туғилди. «Бавария» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятдан сўнг кетма-кет икки ўйинда очко йўқотишди. Шанба куни мюнхенликлар «Айнтрахт»дан енгилди - 1:2. Бунга асосан жиддий кадрлар муаммоси сабаб бўлди, зеро сўнгги ўйинларда бирданига 6 футболчи (Александер Нюбель, Бенжамен Павар, Корентен Толиссо, Дуглас Коста, Серж Гнабри ва Томас Мюллер) майдонга туша олишмади. Фаворит сезиларли заифлашган таркиби билан 31-дақиқага келиб иккита гол ўтказиб юборишга улгурди. Дастлаб Даити Камада гол уриб, ке-йин Амин Юнесга ассистент вазифасини бажарди. Иккинчи бўлимда бошида Роберт Левандовски Бундеслига жорий мавсумидаги 26-голини уриб, ҳисобни қисқартирди. Аммо бундан бошқасига Ханс-Дитер Флик шогирдларининг кучи етмади.

Мюнхенликларнинг асосий таъқибчиси «Лейпциг» аутсайдер «Герта»ни 3:0 кўринишида мағлуб этиб, биринчи ўриндаги жамоа билан орадаги фарқни 3 очкогача қисқартирди. Ўтган ҳафта Чемпионлар Лигасида ўйин ўтказган Дортмунд «Боруссия»си ҳам ғалабага эришди. «Сариқ-қоралар» Рур дербисида «Шальке»га умуман имконият қолдиришмади - 4:0. Худди Севильяда бўлгани каби, бу сафар ҳам асосий ишни Эрлинг Холанд бажарди. У тўрт кун ичида иккинчи «дубл»ини нишонлади. Энди норвегиялик ҳужумчининг ҳисобида жорий мавсум барча турнирлардаги 25та ўйинда 27та гол бор, Бундеслигада эса 17та гол билан фақат Левандовски ва Андре Силвадан ортда қолмоқда.

Менхенгладбах «Боруссия»си ўз уйида «Майнц»га ютқазган бўлса (1:2), «Вольфсбург» «Арминия»ни 3:0 ҳисобида енгди. «Байер» эса сафарда «Аугсбург» билан 1:1 кўринишидаги дурангга рози бўлди.

Франция. «ПСЖ» ўзига ўхшамади

Лига 1 26-тури марказий учрашувида «Монако» Парижда «ПСЖ»ни мағлубиятга учратди - 2:0. «Барселона» майдонидан ажойиб ғалаба билан қайтган парижликлар князликлар қаршилигини синдира олишмади. «ПСЖ» жуда ҳорғин кўринди, Бенжамен Леком қўриқлаётган дарвоза олдида деярли хавфли вазият яратмади. «Монако» 6-дақиқадаёқ ҳисобни очганди, иккинчи бўлим стартида ҳам шу ҳолат такрорланди ва меҳмонлар ўйин охиригача икки тўп фарқини сақлаб қолишди.

Монаколикларнинг ғалабаси турнирдаги чемпионлик интригасини кучайтириб юборди. «Лилль» «Лорьян»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, турнир жадвалидаги таъқибчиларидан узоқлашди. Ўз навбатида, «Лион» «Брест»ни енгиб (3:2), «ПСЖ»ни учинчи ўриндан ҳам сиқиб чиқарди. «Ланс» «Дижон» устидан 2:1 кўринишида ғалаба қозонди.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz