Қайднома

Қидирув

Пау – энг зўр ҳимоячими?

Пау – энг зўр ҳимоячими?

  26.02.2021 07:47
  0
  177
Пау – энг зўр ҳимоячими?

Аввал таниш бўлмаган киши учун Пау Торрес майдондаги барча юмушларни ўта осонлик билан уддалаётгандек туюлади. 24 ёшида у клуби ва Испания терма жамоасининг тенгсиз ўйинчисига айланди. Мовий кўзлар, келишган қомат ва юксак техника соҳиби юлдуз бўлиб туғилгандек, гўё. Сўнгги 18 ой ичида Пау яшин тезлигидаги тараққиётни намойиш этди. Примерадаги дебютидан ке-йин уч ой ўтгач, «қизил фурия» таркибидаги ўйиннинг илк дақиқасида гол урди ва қитъанинг ноёб иқтидорли ўйинчилари қаторига кўтарилди.

Лекин доимо шундай бўлавермаган. Ўз вақтида, қачондир барча жамоалар орзусидаги футболчи мақомига эга бўлишига на Пау Торрес, на ота-онаси ва на бошқаларда кафолат бўлганди.

Пау Торрес 1997 йилда Вильярреал шаҳрида дунёга келди. У туғилган пайт шаҳар билан номдош бўлган жамоа ҳатто Ла Лигага ҳам чиқмаганди. Болакай 6 ёшидан футбол сирларини ўрганишга киришди. «Сариқ сув ости кемаси»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Хави Кальеха эса илк кунларидан бошлаб Пауга жиддий эътибор қаратди ва барча тоифалардаги болалар жамоаларида унга устозлик қилди.

«Пау 12 ёшидаёқ скаутлар эътиборини тортадиган болалар тоифасидан эмасди. Унинг ривожланиши шиддатли бўлмасада, доимий эди. Кўпчилик унинг тўп билан муомаласини рисоладагидек, аммо ҳимояда ишончли эмас, деб ҳисобларди. У ярим ҳимоя чизиғида ҳам ўзини синаб кўрди. Бироқ орқа чизиқда нисбатан эркинроқ тўп сурарди. Улғайгани сари ўйини кучайиб борди, шиддати ошди. У бир маромда ривожланди», - дейди Кальеха.

«Вильярреал-Б» мураббийи Пако Лопес ҳам ўсмирга бефарқ эмасди. 2016 йилда у Пауни Испания учинчи дивизионига таклиф этди.

«У жуда уятчан йигитча эди. Шу боис, «иккинчи қават»да устунлик қилиш учун баланд бўйидан фойдаланишга шошмади. Аммо майдондаги феъл-атвори, ўйинни ҳис этиши шаклланиб борди. Тажовузкорлик ва қатъият вақт ўтиши билан келишини мен тушуниб турардим. Биз асосан яккакурашлар, тактика устида ишладик. Пау тўп билан ва усиз қандай ўйнашни яхши ўзлаштирди. Ўзи жуда камгап бўлсада, кўрсатмаларга тўлиқ амал қиларди», - бу ҳозирда «Леванте»ни бошқараётган Пако Лопеснинг эътирофи.

Фран Эскриба - «Вильярреал»нинг ўша даврдаги бош мураббийи - Торресни тез-тез асосий таркиб машғулотларига жалб этиб, Виктор Руис, Альваро Гонсалес ва Даниэле Бонералардан сабоқ олишига имкон яратди. 2016 йилнинг декабрида Пау Испания кубоги турнирининг дастлабки босқичида дебютини нишонлади.

2017 йилда Лопес «Леванте»га ўтиб кетди, ўринбосарлар жамоа-си эса Мигель Альварес тасарруфига ўтди. У бошқа шогирдлари қатори Торреснинг тараққий этишида ҳам бош-қош бўлди.

Туғма иқтидор соҳиби бўлишига қарамасдан, Паунинг барқарор ўйинчи эмаслигини тўғри тушунган мураббий камчиликларни бартараф этиш устида сабр-қаноат билан ишлади: «Торрес ҳимоявий услубда ўйнайдиган жамоаларда ўз ўрнини муаммоларсиз топа олади. Бошқа жамоа ёки мураббий билан ўз истеъдодини тўлиқ намойиш этиши қийин эди».

Ўзининг Ла Лигадаги дебютини Торрес 2017 йилнинг ноябрида амалга оширди, ёши 21га чиққанида эса бир-икки ўйинлари билан мақтана оладиган бўлди. Тўғри, ҳаракатлари лол қолдирадиган даражада эмасди, уятчанлик хислатидан тўла фориғ бўлмаган, тажовузкорлик талаб даражасида эмасди. Омадсизликнинг асосий сабабчиси сифатида Пауни айблаш ўринли бўлмаску, аммо у иштирок этган 5та учрашувнинг 4тасида жамоа мағлубиятга учрагани факт.

Кейинчалик ҳимоячини катталар футболида тобланиши учун «Малага»га «сургун» қилишди. 2018|2019 йиллар мавсумида Торрес бу жамоа сафида 40 марта майдонга тушди, Сегунданинг «плей-офф» босқичида қатнашди. «Малага» Примерага чиқа олмаган бўлсада, элитанинг бир қатор клублари 22 ёшли ҳимоячига ишонч билдиришга тайёр эдилар. Кальеха ҳам шундай тўхтамга келди: «Мен унинг салоҳияти юзага чиққунига қадар сабр қилдим. Тажрибасиз ёшларга ишонч билдириш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Уларда ўзларига бўлган ишончни уйғотиш кўп мулоқотни талаб этади. «Гранада»дан 4та гол ўтказиб юборганимиз Паунинг айби эмас - бунга бутун жамоа сабабчи. Тез орада руҳий тарбия ўз самарасини кўрсатди, Карим Бензема, Лео Месси, Луис Суарес ва Альваро Мората каби «ас»ларга қарши ишончли тўп сурди».

Айнан шу паллада Торреснинг шиддатли парвози старт олди. Сабаби? Шак-шубҳасиз - «Валенсия», «Реал», «Наполи» ва Испания терма жамоаларида муваффақиятли тўп сурган тажрибали ҳимоячи Рауль Альбиолнинг жамоага келгани. Ўз касбини мукаммал эгаллаган ҳимоячи ҳаводан келган тўпларни моҳирлик билан илиб олар, эпчил ва сезгир Торрес эса рақиб тажовузида тўсиқ вазифасини бажарарди. 38 учрашувнинг 31тасида мухлислар дуэтнинг ўйинларидан завқ олишди.

Ўтган йилнинг ёзида мутасаддилар Унаи Эмерини бош мураббий лавозимига таклиф этишди. Тажрибали мутахассис ўтмишдошлари ишини давом эттирмоқда. Унинг раҳбарлигида Пау мунтазам равишда майдонга тушмоқда, 2та гол уришга ҳам улгурди.

«У ҳали ёш, шу йил нисбатан барқарор ўйин кўрсатмоқда, камдан-кам ҳолларда хатога йўл қўяди. Аввалроқ у ўйин қоидасини кўп бузарди. Чунки доимо тўпни тортиб олишни истарди, уни дуч келган томонга тепиб юборишни ўзига эп кўрмасди. Энди бу вазиятдан чиқиб кетишнинг энг яхши усули эканлигини тушуниб етди. Пау тинимсиз улғаймоқда, у учун ҳаммаси ҳали олдинда. Шу бўй (191 см.) билан ҳавода янада самаралироқ ўйнаши мумкин - тез орада бу камчиликка барҳам беришига шубҳа қилмайман. Чунки, камолотга интилиш - Торрес учун туғма чан­қоқлик», - дейди Эмери.

Албатта, Торреснинг ҳозирги асосий мақсади - номдор жамоаларга қарши беллашувларда янада ишончлироқ тўп суриш. Бироқ у ҳозирча деярли барча ўйинларда фаоллиги билан ажралиб турсада, доимо ижобий томондан эмас. «Барселона»га қарши охирги икки учрашувда Пау икки марта ўз дарвозасига гол уриб қўйди, унинг жамоаси эса 4та гол ўтказиб юборди. Аммо бу каби «қовун туширишлар» иқтидорли ҳимоячи тараққиётига тўсиқ бўла олмаслигига Альвареснинг ишончи комил.

Қаҳрамонимиз камолот чўққиси сари шитоб билан интилаётган паллада «қизил фурия»да янги марказий ҳимоячига эҳтиёж юзага келди. Жерар Пике ЖЧ-2018 турниридан кейин халқаро фаолиятига нуқта қўйди, Иньиго Мартинес, Марио Эрмосо ва Диего Льорентелар Луис Энрике талабини қондира олмадилар. Испаниянинг ўсмирлар жамоалари эса ҳеч қачон Пау Торресга қизиқиш билдиришмаган, ҳимоячи фақат бир марта 21 ёшгача бўлган футболчилар жамоаси таркибида майдонга тушганди. «Вильярреал»да асосий ҳимоячи мақомига эришганидан кейин бир неча ҳафта ўтгач, у миллий терма жамоадан таклиф олди ва ўз дебютини «Мальта» дарвозасини ишғол этиш билан нишонлади. Шундан кейин Серхио Рамос билан аҳил жуфтликни ҳосил қилган ҳимоячи «қизил фурия»нинг барча учрашувларида иштирок этмоқда. Энди Торрес «Реал», «Барселона», «Ювентус» ва «Челси»дек грандлар орзусидаги ўйинчи. Бироқ унинг «Сув ости кемаси» билан имзолаган шартномаси 2024 йилда ниҳоясига етади. Товон пули миқдори 50 млн. евродан ошмаган ҳозирги паллада бунинг ортиқча аҳамияти йўқ.

«Футбол оламида унинг савиясида ўйнашга қодир бўлган чап оёқли марказий ҳимоячи унчалик кўп эмас. Пауда қитъанинг энг номдор грандлари талаби даражасида ўйин кўрсатишини таъминлай оладиган барча фазилатлар мужассам. Бироқ ҳозирча у «Вильярреал» билан ЕЛда муносиб тўп сурса, бас. Торрес - бепоён салоҳият соҳиби», - дейди Альварес.

Кальеха ҳам шогирдининг топ-клубга кўтарилиши муқаррар эканлигини таъкидлади. Лекин шу билан биргаликда Пауни шошмасликка даъват этди: «Унинг ихтиёрида улкан салоҳият бор. Бу неъмат ёрдамида истаган чўққини забт этиши мумкин. Унга илҳақ бўлиб турган жамоалар етарли. Аммо Торрес бусиз ҳам жуда бахтиёр - «Вильярреал» нима бўлганда ҳам унинг кўз очиб кўрган жамоаси. Қачондир Пау танловни амалга оширади: қолиш ёки қолмасликни».

Яна шуни алоҳида эътироф этишни ўринли топдик: 2019 йилда ҳимоячи ҳатто Ла Лигадан ҳам йироқда эди. Энди у учун топ-клублар жон олиб, жон беришга шай. 2022 йилда нима бўлишини ҳеч ким айта олмайди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz