Қайднома

Қидирув

Изоҳи ғалати ёндашув ёки ПФЛ мухлислар ташрифига сунъий тўсиқ қўймоқда-ми?

Изоҳи ғалати ёндашув ёки ПФЛ мухлислар ташрифига сунъий тўсиқ қўймоқда-ми?

  26.02.2021 10:10
  0
  447
Изоҳи ғалати ёндашув ёки ПФЛ мухлислар ташрифига сунъий тўсиқ қўймоқда-ми?

Сўнгги йилларда футбол тобора мураккаблашиб, шахмат каби чигаллик касб этмоқда. Бу масалада еврофутбол карвонбоши, албатта. Ҳеч бир мухлис инкор этмайдиган хулоса бу. Зўрнинг зўрлигини тан олиш - мард­лик нишонаси. Бироқ ҳозирги якдил хулоса «Еврофутбол билан рақобатлашиб бўлмайди. «Кўҳна қитъа» футболи билан ҳисоблашишимиз шарт» қабилида маъно бермайди асло.

Очиғи, Диёр Имомхўжаев нима сабабдан рақобат ва ҳисоблашиш ҳақида сўзлади - бу бизга қоронғи. Бир ўйлаб кўринг, Суперлига ва Ла Лигани савия бобида солиштириш мумкинми? Миллий чемпионатимиз ўйинларига мухлислар ташрифини савия ўртасидаги фарқ белгилайдими? Умуман олганда, рақобатнинг футболимиздаги предмети савиями ёки ўйинларнинг ҳалол ўтишию, драматизмми? Фикримизча, мана шу нуқтада чалкашлик кўзга ташланмоқда. Йўқ, еврофутболнинг «зангори экран» орқали намойиш этиладиган юқори савияли учрашувлари туфайли мухлислар стадионларга бормай қўйишмайди. Мухлислар айнан дам олиш кунлари стадионларга бориш ва севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашни исташади. Уларни еврофутболнинг юқори даражаси эмас, балки ўзларининг савияси бундайроқ жамоалари кўпроқ қизиқтиради. Агарда  Пешқўрғондаги 22-мактаб стадионида Тўпқайрағоч ва Бозорбоши маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари ўртасида учрашув ўтказилса, телевидениедаги ҳар қандай ўйин нари сурилади. Бу борада савия аҳамиятсиз. Ишонаверинг, маҳаллалар ўйини олдида еврофутбол ҳам чекинади. Тўғри, еврофутбол бу билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Ҳисоблашмаса ҳисоблашмасин! Бунга муҳтож эмасмиз. Аксинча, еврофутбол биз каби мухлисларга муҳтож. Тушуниб турибсизки, бир қишлоқдаги ҳолатни мисол сифатида келтирдик, холос. Ўйлаймизки, бошқа юзлаб шаҳар ва қишлоқларимизда ҳам аҳвол - шу!

Энди савол туғилади: хўш, ПФЛ нима учун Суперлиганинг кўплаб учрашувларини дам олиш эмас, иш кунларида ўтказиш тарафдори? Жавобдан аввал ПФЛнинг эзгу мақсадига шубҳа қилолмаслигимизни алоҳида таъкидлаймиз. Лекин ҳамма эзгу мақсадлар ҳам мухлисларга маъқул келавермайди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланадиган 2021 йили корхона ва ташкилотлар иш вақтига қатъий амал қилиш, юксак марраларни эгаллаш режаси билан яшамоқда. Демак, айни шу сабабга кўра, мухлисларнинг стадионларга ташрифи камаяди. Бош­қача айт­ганда, ПФЛ ўзи сезмаган ҳолда мухлислар ташрифига сунъий тўсиқ қўймоқда. Масалага яна ҳам чуқурроқ ёндашсак, иш кунларида ўтказиладиган қайсидир ўйин келишилган бўлса ва бундан мухлислар хабар топишса, ҳаммасини стадиондаги бўм-бўшлик билан изоҳлаш осон. «Нима қилиш керак, иш куни бўлгани учун мухлислар стадионга келишмади!» - деб қўя қолишади. Моҳиятан футболимиздаги келишилган ­ўйинларни хаспўллаш ва танқиддан қочиш сиёсати эмасми бу каби ёндашув?! «Оч қорним - тинч қулоғим» қабилидаги ғалати «сиё­сат» натижасида Суперлига ­ўйинлари бир маромда ўтиши таъминланади. Мухлислар ташрифи масаласи иккинчи даражали. Балки кимдир «Жуда унчалик эмасдир», деб айтар. Ҳақиқатан ҳам, кимлардир иш вақтини якунлаб-якунламай, футбол томошасига ошиқар. Аммо ўша ташкилот раҳбарияти ходимининг кетишига қандай муносабатда бўлади? Қолаверса, 9 март куни ўйинларнинг иш вақтидан кейин бошланиши қай даражада маъқул? Ҳамма ҳам стадион ўриндиқлари аро кўрпача кўтариб юрмайди. Март ойида қуёш ботгач, ҳарорат анчагина пасаяди ва мухлислар футбол томошасида қийналишади. Футбол томошасини чидаганга чиқарган - бундай ноўрин юпанч излаш ўзимизни алдаш билан баробар. Қачонгача шу тахлит муаммолардан қочамиз?! Бугуннинг талаби - муаммолардан қочиш эмас, аксинча, улар сари дадил бориш. Шундай экан, Суперлига ўйинларини кўпроқ иш кунларида ўтказиш ғоясини вақт борида ўзгартириш даркор. Умид қиламизки, еврофутбол томошаси туфайли мухлислар манфаатига қарши борилмайди. Бу - ПФЛ учун ярашмайдиган баҳона!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz