Қайднома

Қидирув

Садоқатингизга тасанно!

Садоқатингизга тасанно!

  01.03.2021 07:07
  0
  326
Садоқатингизга тасанно!

МУАЙЯН КЛУБЛАРГА ЭНГ СОДИҚ ФУТБОЛЧИЛАР. Клубга садоқат - бу тушунчанинг қадри баланд. Хоҳ Европанинг кучли 5та лигаси, хоҳ Гибралтар чемпионати, ҳаттоки, Араб кўрфазидаги биринчиликларда бўлсин, содиқлик алоҳида қадрланади. Замонавий футболдаги энг садоқатли 10 нафар футболчини бир-бирига боғлаб турадиган яна бир жиҳат - уларнинг ёши. Диққат қилинг, чамаси икки 10 йилликдан буён жамоасини алмаштирмаётган 10 нафар футболчи ёшининг жами суммаси 378га тенг (!!!). Энг каттаси 43 ёшда, энг кичиги 34 ёшда. Шу энг «ёш йигитча» - ЦСКА (Москва) голкипери Игорь Акинфеев.

№ 10. Давид ЦИБУНГ

Фуқаролиги: Швейцария

Ёши:  37

Клуби: «Люцерн»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 17 йил 8 ой

Цибунг - «Люцерн» академияси тарбияланувчиси. У биринчи профессионал шартномасига 2003 йилнинг 1 июль куни имзо чекди. Дарвозабон ортда қолган деярли 18 йил давомида барча турнирларда 507та ўйин ўтказиб, 702та гол қўйиб юборди. Давид ҳисобида 132та «қуруқ» ўйин ва ҳаттоки, 1та гол ҳам бор.

 

№ 9. Хидэкацу ООТАНИ

Фуқаролиги: Япония

Ёши: 36

Клуби: «Кашива Рейсол»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 18 йил 1 ой

Оотани фаолиятини айнан «Кашива Рейсол»нинг ёшлар жамоасида бошлади. 2003 йилнинг 1 февралидан бош жамоа вакили. Амалдаги шартномаси эса 2022 йилнинг 31 январигача мўлжалланган. Хидэкацунинг «Кашива»даги умумий статистикаси: 596та ўйин, 28та гол, 32та самарали узатма.

 

№ 8. Игорь АКИНФЕЕВ

Фуқаролиги: Россия

Ёши: 34

Клуби: ЦСКА (Москва)

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 18 йил 2 ой

«Ҳарбийлар» мактабида таҳсил олган дарвозабон 2003 йилнинг 1 январида биринчи расмий шартномага эга бўлди. Тажрибали кипернинг ЦСКА билан ҳозирги битими 2022 йилнинг 30 июнида якунланади. Акинфеев фаолияти давомида Москва клуби дарвозасини 662та ўйинда қўриқлаб, 582та гол қўйиб юборди. «Қуруқ» ўйинлари сони - 283та.

№ 7. Денис СИНЯЕВ

Фуқаролиги: Россия

Ёши: 36

Клуби: «Авангард» (Курск)

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 18 йил 2 ой

Синяев - Курск футболи тарбияланувчиси. У бутун фаолиятини жонажон шаҳри клуби - «Авангард»га бағишлади. Оддий айтганда, 2003 йилнинг 1 январидан буён жамоада тўп сураётган фахрий камида 30 июнгача унинг сафида қолади.

 

№ 6. Исмед СОФИАН

Фуқаролиги: Индонезия

Ёши: 41

Клуби: «Персия Жакарта»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 18 йил 2 ой

«Персия Жакарта» Софиан фаолиятидаги 4-клубдир. У 2003 йилнинг 1 январь куни пойтахт жамоаси сафига қўшилишига қадар «Лангса», «Персирая» ва «Персията»да тўп сурган. Исмед ва «Персия Жакарта» ўртасидаги ҳозирги шартнома эса жорий йилнинг 31 декабригача амалда бўлади.

 

№ 5. Дин ЛЬЮИНГТОН

Фуқаролиги: Англия

Ёши: 36

Клуби: «МК Донс»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 18 йил 8 ой

Льюингтон амплуа бўйича чап қанот ҳимоячиси бўлсада, марказий ҳудудда ҳам бемалол тўп суради. У  2002 йилнинг 1 июлидан буён Бакингемшир графлиги шарафини ҳимоя қилувчи «МК Донс» билан бирга. Дин «қизил-қоралар» сафида 793та ўйин ўтказиб, 23та гол ва 53та самарали узатма муаллифига айланган. «МК Донс»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушадиган Льюингтон шартнома бўйича кейинги йилнинг 30 июнигача жамоада қолади.

 

№ 4. Исмоил МАТАР

Фуқаролиги: БАА

Ёши: 37

Клуби: «Ал-Ваҳда»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 19 йил 3 ой

Матар ҳам фаолиятини ҳозирги клубида бошлади. 2001 йилнинг 1 декабригача «Ваҳда»нинг U-17 жамоасида ўйнаган ҳужумчи кейинчалик профессионал шартномага имзо чекди. Унинг ҳозирги келишуви шу йил 30 июнда тугайди. Айтганча, мавсум-2008|2009да Исмоил фаолиятида қизиқарли ижара сафари кузатилди. У 2009 йилнинг 6 май куни «Ал-Садд» (Қатар)га йўл олиб, 30 июнда ортга қайтди. Қисқаси, атиги 55 кунга чўзилган хизмат сафари...

 

№ 3. Кози ХОММА

Фуқаролиги: Япония

Ёши: 43

Клуби: «Мито Холлихок»

Клубдагифаолиятидавомийлиги: чамаси 21 йил 8 ой

Ушбу рўйхатдаги энг қария футболчи. Япония «J-2» лигаси иштирокчиси «Мито Холликох» Хоммани 1999 йилнинг 1 июль куни ўз сафига олганди. У бундан олдин 3 мавсум давомида машҳур «Урава Редс»да ўйнаган. Кози «Мито» сафидаги 596та учрашувда 811та гол қўйиб юборган, 158та ўйинда эса  дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган.

 

№ 2. Петр ЛИТЕРАК

Фуқаролиги: Чехия

Ёши: 39

Клуби: «Фридек Мистек»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 21 йил 8 ой

Литерак фаолиятининг бошланғич қисмида «Фридек» U-19 сафида ўйнаган ва 1999 йилнинг 1 июлидан эътиборан асосий жамоага ўтган. Петр - универсал ҳимоячи, яъни марказда ҳам, чап ёки ўнг қанотда ҳам бирдек ўйнайверади.

 

№ 1. Ли КАСЬЯРО (суратда)

Фуқаролиги: Гибралтар

Ёши: 39

Клуби: «Линкольн Ред Импс»

Клубдаги фаолияти давомийлиги: чамаси 22 йил 8 ой

Касьяро - клубга садоқат борасида бутун жаҳонда рақобатдан холи ўйинчи. У яна Гибралтар футболининг тирик афсонасидир. Ҳар ҳолда, Ли 2015 йилнинг 29 март куни мамлакат миллий жамоасининг биринчи расмий голига муаллифлик қилиб, номини тарихга ёзиб қўйди. Ўшанда гибралтарликлар Глазгодаги «Хэмпден Парк» стадионида Шотландия термасига қарши ўйнагандилар. Дарвоқе, Касьяро профессионал футболчи эмас. У - Гибралтар полицияси ходими.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz