Қайднома

Қидирув

Машариповдан 2та самарали узатма ва бошқвалар ҳақида

Машариповдан 2та самарали узатма ва бошқвалар ҳақида

  02.03.2021 01:10
  0
  222
 Машариповдан 2та самарали узатма ва бошқвалар ҳақида

Ўрунов 10-рақамни танлади. «Спартак»дан «Уфа»га қайтган ярим ҳимоячи Остон Ўрунов Бош­қирдистон клубида 10-рақам остида тўп суради. Эслатма, ҳамюртимиз мавсум якунига қадар уфаликлар сафида ижара муддатини ўтайди. Келишувга мувофиқ, «Уфа» кейинчалик футболчи трансферини 3 миллион еврога сотиб олиши мумкин. «Қизил-оқлар» собиқ бош директори Шамиль Газизов ўз улушидан воз кечган тақдирда бу сумма нисбатан пасаяди. «Уфа» РПЛ баҳорги босқичини мағлубият билан бошлади. 20-тур доирасида «Химки» меҳмони бўлган уфаликлар ортга 1:2 ҳисоби билан қайтишди. Остон Ўрунов бу ўйинга иккинчи бўлим бошида қўшилиб, охиригача ҳаракатланди. «Уфа» бош мураббийи Рашид Раҳимов учрашувдан сўнг ҳамюртимиз ўйинига яхши баҳо берди: «Остон индивидуал жиҳатдан кучли йигит. У ҳозирча ўйинимиз моҳиятини яхши билмайди. Шунинг учунми, бугун кўп вазиятларда жамоа эмас, ўзи учун ишлади. Бу мутлақо оддий ҳолат. Ўрунов билан ҳали гаплашиб оламиз, агар 90 дақиқа давомида вазифасини яхши бажарадиган бўлса, асосий таркибга қўшилади, албатта». Россиялик таниқли мутахассис Ринат Билялетдинов эса Ўруновнинг «Спартак»да нега ўйнаб кетолмагани хусусида гапирди: «Менимча, Остон «Спартак» бош мураббийига тўғри келмади. Ўрунов — барча жамоаларда бирдек ўйнаб кетадиган ижрочи эмас. У худди «Рубин»даги Хвичага ўхшайди — мухлис кўриши билан унинг футболига кўникиб қолади. Лекин такрорлаш масаласи... Остоннинг дриблинглари ҳам рақиблар томонидан таҳлил қилинди, унга қарши усуллар бор. Қолаверса, «Спартак»да савия мутлақо бошқа. Бир марта ёрқин ўйнаш бошқаю, буни мунтазам такрорлаш бошқа».

Сергеевдан дебоча гол. Қозоғистоннинг «Актобе» клуби Туркия йиғинидан ўрин олган охирги назорат ўйинида Украина биринчи лигаси иштирокчиси «Николаев»га 1:3 ҳисобида ютқазди. Қозоқ клубининг ягона голи таркибга яқиндагина қўшилган Игорь Сергеев ҳисобига ёзилди. Учрашувда тўлиқ вақт тўп сурган собиқ «пахтакорчи» охирги дақиқаларда бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Маълумот учун, «Актобе» 13 март куни Қозоғистон ПЛ 1-тури доирасида «Каспий» билан тўқнаш келади.

Дебют кейинга сурилди. Польша чемпионати 19-туридан ўрин олган «Гурник» - «Легия» ўйинида меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди ва очколари сонини 39тага етказиб, пешқадамлик мавқеларини мустаҳкамлашди. «Легия» билан яқинда шартнома тузган ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев илк марта ўйин қайдномасига киритилди, аммо майдонга туширилмади. Шунингдек, Украинанинг «Рух» клуби сафига қўшилган Бобур Абдухолиқов миллий чемпионатнинг 16-туридан ўрин олган «Колос»га қарши баҳс «заявка»сига тушдию, майдонда кўриниш бермади. Ўйин эса Львов жамоасининг иродали ғалабаси билан тугади - 2:1. «Рух» ушбу ғалаба эвазига турнир жадвалининг охирги ўрнидан 11-қаторга кўтарилди.

10 дақиқада ассистентлик бобида «дубль». Отабек Шукуровнинг клуби - «Шаржа» БАА Про-Лигаси 18-турида асосий рақиби - «Ал-Жазира»га 0:3 ҳисобида ютқазди, боз устига, ўз майдонида. Миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси бу сафар ҳам майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Ушбу натижадан сўнг «Ал-Жазира» 1-ўринга кўтарилди (40 очко), «Шаржа» эса кейинги поғонага сурилди (37 очко). «Шабаб Ал-Аҳли» - «Хорфаккан» ­ўйини 4:3 ҳисобида якунланди. Эътиборлиси, мезбонлар учрашув тугашига 10 дақиқа қолган паллада ҳам 2:3 ҳисобида ортда қолаётгандилар. Хуллас, 81-дақиқада майдонга тушган Жалолиддин Машарипов қисқа вақтда барчасини ўзгартириб юборди. Яъни миллий жамоамиз етакчиларидан бири ўйинга қўшилиши ҳамоно голга ассистентлик қилди. 89-дақиқада Эдуардо томонидан урилган ғалаба голига ҳам айнан Машарипов ҳаммуаллифлик қилди. «Шабаб Ал-Аҳли» шу тариқа ўз очколари сонини 32тага етказиб, 5-ўринга чиқиб олди. Достон Ҳамдамовнинг янги жамоаси «Хатта» эса сафарда «Ал-Наср»га қарши ўйнаб, охирги дақиқаларда 2та гол қўйиб юборди - 0:2. Эслатма, аслида «Ал-Наср»га тегишли Достон «Хатта»да ижара муддатини ўтамоқда. Қисқаси, клубларнинг ўзаро шартига мувофиқ, ҳамюртимиз ўзининг асл жамоасига қарши майдонга тушгани йўқ.

Денисов жамоасида иродали ғалаба. Россия Миллий футбол лигаси (ФНЛ) жамоалари ҳам қишки танаффусдан чиқди. Чемпионатнинг 27-турида таркибида Виталий Денисов тўп сураётган «Томь» Владикавказда «Алания»ни 3:2 ҳисобида доғда қолдирди. Ҳамюртимиз тўлиқ вақт ҳаракатланган баҳсда томскликлар ғалаба голини 90-дақиқада уришганини ҳам айтиш керак, ваҳоланки, улар иккинчи бўлим ўрталарида ҳам ҳисобда орқада эдилар. Бобур Давлатов ва Вагиз Галиулиннинг жамоаси - «Нефтехимик» ҳам сафардан 3 очко билан қайтди - Омскда «Иртиш»ни 2:1 ҳисобида доғда қолдирди. Тўғри, Галиулин майдонда тўлиқ вақт тўп сурган бўлса, Давлатов захирада қолди.

Яна захирадан. «Женоа» «А» серия 24-турида «Интер»га жиддий қаршилик кўрсатолмади. Буни 0:3 ҳисоби ҳам англатиб турибди. Генуя жамоаси сафидаги вакилимиз Элдор Шомуродов бу сафар 62-дақиқада майдонга тушди. Бу вақтда «Женоа» 0:2 ҳисобида орқада бораётганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz