Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Идеал келишув ва...

Трансферлар: Идеал келишув ва...

  02.03.2021 04:29
  0
  322
Трансферлар: Идеал келишув ва...

Кучли рақобатчи ҳисобланган «Лейпциг»дан унинг энг яхши ҳимоячиси Дайо Упамеканони реал нархидан бир ярим баробар арзонга сотиб олиш? Ҳа, «Бавария»нинг стратегияси шунақа!

«РЕД БУЛЛ» ИМПЕРИЯСИ ЮЗИ

Жаҳоннинг энг истеъдодли ҳимоячиларидан бири Дайо Упамекано келаси мавсумни қайси жамоада ўтказиш бўйича бир тўхтамга келди. «Бавария»нинг Бундеслигадаги гегемонлигидан зерикканлар афсусланишлари мумкин - у айнан Мюнхенни танлади.

Упамеканонинг иқтидори анча олдин намоён бўлганди. У Франциянинг ўсмирлар ва ёшлар термаларида ўйнаган, U-16 тоифасидаги жамоада бошлаб, U-17 термаси билан 2015 йилда Европа чемпионлигини қўлга киритган.

Ўша пайтда ҳимоячи «Ред Булл»нинг истиқболли, аммо ҳали тезлик олиб улгурмаган тизимига кириб, «буқалар»нинг футбол пирамидаси самарадорлигининг юзига айланди. «Валансьен» тарбияланувчиси Франциядан «Зальцбург»га кўчиб ўтиб, дастлабки ярим йилни «Лиферинг»да ўтказди. Мазкур жамоа Дитрих Матешицга тегишли футбол империясида фарм-клуб мақомига эга, Австриянинг иккинчи дивизионида қатнашади. Бу ерда 17 ёшли профессионал даражадаги дебютини нишонлади, баҳорда эса икки марта асосий жамоа сафида майдонга тушди.

Қаҳрамонимизнинг ривожланиш жараёни шиддат билан ривожланарди. 2016 йилнинг кузида «Зальцбург» «асосий»сида тўп сурди, 2017 йилнинг баҳорида эса «Лейпциг» таркибига қўшилиб, мавсум охирида бош жамоанинг ажралмас қисмига айланди. Бир йил ичида Австрия иккинчи Бундеслигасидан Германия Бундеслигасига ўтиш - ҳақиқатан ажойиб кўрсаткич. «Лейпциг»да Упамекано қойилмақом ўйин кўрсатди, жамоа ҳимоясида катта «девор» ҳосил қилди, «буқалар» билан бирга тўрт йилда уч марта жадвалда кучли учликка кирди, Чемпионлар Лигаси ярим финалига етиб борди (йўл-йўлакай «Тоттенхэм» ва «Атлетико» мағлуб этилди). Буларнинг барчасига Дайо 22 ёшида эришди.

«ПСЖ», «ЛИВЕРПУЛЬ, «ЧЕЛСИ» ВА «МЮ»НИ РАД ЭТДИ

Упамеканонинг Франция термасида атиги учта ўйинда майдонга тушгани ҳеч кимга ғалати туюлмаяпти. Дидье Дешамда мудофаа чизиғида танлаш имконияти юқори (Рафаэль Варан, Преснел Кимпембе, Курт Зума ва Клеман Лангле. Ҳатто Самуэль Умтити ва Лоран Косельни ҳам чақирилмаяпти), қолаверса, ёш Дайо тажриба бобида рақобатчиларидан ортда, барибир. Шунга қарамай, саломатлиги маромида бўлган пайт термадан чақирув олишидан хавотир олмаса бўлаверади.

Шундай экан, шубҳасиз, топ савиядаги ҳимоячи, уни яна камида 10 йиллик фаолият кутиб тургани эса алоҳида аҳамиятга эга. Яъни потенциал харидор кейинги йиллар учун катта замин ҳозирлайди. «Бавария» спорт директори Ҳасан Салихамиджич уни «жамоанинг яқин йиллар учун муҳим қалқони» дегани бежиз эмас, албатта.

Мюнхенликлар мазкур трансфер учун «Ливерпуль», «Челси», «МЮ» ва «ПСЖ» сингари кучли рақобатчиларга қарши курашишди, шундай ноёб футболчини қўлга киритиш йўлида максимум кучларини сарфлашди. Ханс-Дитер Флик шахсан футболчини кўндирди. Айнан шу омил қарор чиқаришда муҳим факторлардан бирига айланди.

Қолаверса, «Бавария»да Упамекано француз тилини биладиган етарлича ҳамсуҳбатларга эга бўлади - 18 ёшли Тангай Ньянзуни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жамоада нақ 6 нафар ҳамюрти бор. Назарий жиҳатдан Флик мудофаани тўлиқ французлардан шакллантириши ҳам мумкин (ўнгдан чапга): Павар, Упамекано, Ньянзу, Эрнандес.

УПАМЕКАНО УЧУН 42 МЛН. - ТОП-ТРАНСФЕР

«Бавария» стратегиясида трансферларнинг французлар фойдасига ишлаши яққол сезилмоқда (авваллари Франциядан бўлганлар кўп эмасди - Франк Рибери, Вилли Саньоль ва Биксант Лизаразю), бу эса футболчиларнинг нарх ва сифати борасида идеал уйғунлик билан изоҳланади. Эрнандес учун 80 млн. евро тўланган бўлса, Павар 35 млн.га, Толиссо 41 млн.га, Коман эса 21 млн.га тушган.

Упамекано бу борада истисно эмас. Унинг «Лейпциг»да тузган шартномасида товон пули 42,5 млн. қилиб белгиланганди. Солиштириш учун, биргина transfermarkt портали ушбу футболчини 60 млн.дан арзон баҳоламаган ва бу ҳақиқатга анча яқин. Айниқса, Дайонинг ёши ва жисмоний имкониятларини инобатга олганда (ҳозирча у жароҳат сабаб фақат бир марта бир ойдан кўпроқ вақтни майдон четида ўтказиб юборган, бу воқеа ҳам қарийб икки йил аввал кузатилган).

Демак, «Бавария» идеал трансферни амалга оширди, деб бемалол айта оламиз - ушбу футболчининг даражаси баланд, ўсиш салоҳияти юқори, нархи имкониятларидан келиб чиқиб айтганда анча арзон. Айни пайт бозорда бунданда қулайроқ вариантни топиш мумкинми?

ЛИГАДАГИ ТЕНГСИЗ  МУДОФААНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯЧИСИ

«Лейпциг» учун эса бу навбатдаги йўқотишдир. Шартномага товон пули киритиш бўйича банд муайян босқичда футболчи учун курашда ғолиб чиқишни таъминлайди, аммо натижада бу ўйинчининг энг ноқулай пайтда кетиб қолишига ҳам сабаб бўлади. Ўтган йилнинг ёзида «буқалар»нинг асосий тўпурари Тимо Вернер «Челси»га худди шу тарзда кетган, бош мерганидан айрилган «Лейпциг»да сермаҳсуллик пасайганди - ҳозир жамоа урилган голлар (37тадан) бўйича «Боруссия» Менхенгладбах билан бирга 6-7-ўринларни бўлишиб турибди.

«Бавария»га энг яхши ўйинчилар топшириларкан, ушбу жамоага қарши қандай курашиш мумкин? Упамекано ҳозир ҳам барқарор тўп сурмоқда. Мазкур ҳолатда Юлиан Нагельсманн ихтиёридаги ҳимоянинг Бундеслига жорий мавсумида энг яхши кўрсаткичга (21 турда 18та тўп ўтказиб юборилган) эга эканлиги яққол мисолдир. Дайо ҳимоячилар учлигида чап томонга муқим жойлашади (Бундеслигада атиги иккита ўйинни ўтказиб юборди - бирини жароҳат сабаб, иккинчисини яқинда, «Бавария» билан шартнома имзолаганда).

Ҳозирча унда яққол кўзга ташланадиган камчилик йўқдек. Орт томондан бирга-бир вазиятда жуда фаол ўйнайди (бир ўйинда 1,5та уринишдан 1,2тасида тўпни рақибидан олиб қўяди), аммо унинг асосий устунлиги тўп билан муомала қилишида - унга дастлабки пасни бемалол ишонса бўлади, шунингдек, олдинга йўлланадиган узатмаларни ҳам (бир ўйинда 9та уринишда тўп оширишлари аниқлиги 69 фоизни ташкил этади). Қолаверса, у яккакурашлардан асло чўчимайди. Шу тариқа, унинг майдонда борлиги жамоанинг ҳимоядан чиқишини анча осонлаштиради.

АЛАБАНИНГ ЎРНИНИ

 ЭГАЛЛАЙДИ

Айни пайт «Бавария» мудофаа чизиғида қийинчиликка учрамаяпти. Таркибда Жером Боатенг, Никлас Зюле ва Давид Алаба бор. Аммо биринчидан, австриялик футболчи - асли чап қанот ҳимоячиси, иккинчидан, у ёзда Мюнхенни тарк этади. Салихамиджич Алабага шартномаларнинг турли вариантини кўп таклиф қилди, лекин Давид келишувни узайтиришни истамади. Июнда унинг «Бавария» тизимига келганига 13 йил тўлади, демакки, Алаба янги чорловларни кутаётгани табиий.

Айтишларича, биринчи навбатда, у Мадриднинг «Реал» клуби либосини кийиш иштиёқида, бироқ бу масала сўроқ остида турибди - австрияликнинг молиявий талаблари (гап-сўзларга кўра, у йилига 20 млн. олмоқчи) ҳатто Флорентино Пересни ҳам ўйлантириб қўймоқда. Шунингдек, унинг агентларига «Челси» томонидан ҳам бир неча марта мурожаат бўлган.

Бундан кўринадики, Упамекано ёзда «Бавария»нинг асосий уч ҳимоячисидан бири бўлади, яқин келажакда эса, эҳтимол, Зюле билан ажралмас дуэт ҳосил қилади (Боатенг сентябрда 33 ёшга тўлади).

Дайонинг ҳужумкорлик кўникмалари деярли ҳар бир ўйинда катта ҳудудий устунликка эга бўлишга одатланган «Бавария»га жуда асқотади, аммо яна бир факт борки, у қаҳрамонимизнинг янги жамоасига мослашишини қийинлаштириши мумкин. Гап шундаки, «Лейпциг»да у марказий ҳимоячилар учлигидан жой олган, Мюнхенда эса уларнинг сони икки нафар, холос. Яъни, ўз дарвозаси олдидаги функциялари билан ўзгаради. Умуман, Упамекано юқори тезликка эга, бўш ҳудудларни ёпишда чаққон, демакки, қарши ҳужумлар уни асло чўчитмайди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz