Қайднома

Қидирув

“Нефтчи”га суперлигада ўйнаш, Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш ярашади!

“Нефтчи”га суперлигада ўйнаш, Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш ярашади!

  06.03.2021 11:33
  0
  372
“Нефтчи”га суперлигада ўйнаш, Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш ярашади!

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати арафасида “Нефтчи” клубининг мавсумолди тақдимоти ўтказилди. Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр ва концерт саройида ташкил этилган тадбирда вилоят футбол федерацияси мутасаддилари, клуб раҳбарлари, футболчилар, фан клуби аъзолари, мухлислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятда профессионал футбол клубларини шакллантириш, мазкур спорт турини ҳақиқий миллионлар ўйинига айлантириш, истиқболли ва иқтидорли ёш футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш муҳим вазифага айланганини таъкидлади.

-Янги мавсумда жамоа олдига қўйилган ягона мақсад – “Нефтчи”ни яна кучлилар сафига қайтариш, бугунги тақдимот эса жамоани янги юксак марралар сари бошлаган тадбирдир. “Нефтчи”га суперлигада ўйнаш, ўйнаганда ҳам юқори ўринлар учун курашиб, Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш ярашади, -дейди вилоят раҳбари.

Жорий йилги миллий чемпионатнинг Суперлига ва Пролигасида “Қўқон-1912”, “Турон“, “Нефтчи”, “Истиқлол” жамоалари вилоят шарафини ҳимоя қилади. Вилоят ҳокимлиги, вилоят футбол федерацияси, ҳокимликлар, соҳага дахлдор бошқармалар томонидан профессионал футбол клубларининг ички ва халқаро мусобақаларда қатнашишлари учун регламент бўйича қандай қоида ва талаблар қўйилган бўлса, уларни жорий этиш, тааллуқли шароитларни яратиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Вилоятда сифатли спорт захирасини шакллантириш бош мақсад қилиб қўйилган.

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси шонли тарихга эга. Жамоа собиқ иттифоқ чемпионатида кучли жамоалар билан тенгма-тенг кураш олиб борган. Мамлакат ички чемпионати ташкил этилган 1992 йилдаёқ “Нефтчи” Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шундан сўнг яна тўрт марта чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, жамоа 9 карра кумуш, бир марта бронза медаллари соҳиби бўлди, 2 марта Ўзбекистон кубогини эгаллади. Тенгсиз ва кучли жамоа сифатида МДҲ, Осиё мамлакатлари чемпионлари кубоги мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ишончли ҳимоя қилди. 1994 йилда асосан “Нефтчи” ўйинчиларидан таркиб топган Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

2010 йилдан бошлаб жамоанинг омадсиз одими бошланди. Кетма-кет мағлубиятлар, футболчиларнинг қўнимсизлигидан сўнг “Нефтчи” 2018 йилда Пролигага тушиб кетди. Клуб раҳбарияти, бош мураббий бир неча маротаба алмашди, тажрибали футболчилар, маҳаллий ёшлар жалб қилинди, аммо вазият ўзгармади. Ҳолбуки, клуб базаси, уни молиялаштириш манбалари мавжуд эди, футболчилар учун етарли шарт-шароитлар яратилганди.

Ўтган мавсумда “Нефтчи”нинг Суперлигага қайтишига қулай вазият вужудга келди. Аммо сўнгги турдаги мағлубиятлар ва ўтиш турнирида ўз майдонида “Андижон”га имкониятни бой бергани аламли бўлди.

Тадбирда “Нефтчи” бош мураббийи Илҳомжон Мўминжонов сўзга чиқиб, эътибор ва яратилаётган шароитлар учун вилоят ҳокимига, ҳомий ташкилотларга жамоа миннатдорчилигини билдирди. Бу йил команда ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қатъий қўйганини, бунинг учун, аввало тартиб-интизомни мустаҳкалаш ва жамоа таркибини кучайтириш борасида мураббийлар штаби ташкилий чора-тадбирларни олиб бораётганини айтиб ўтди.

– “Нефтчи” футбол клубининг моддий-техник базаси мавжуд, энди уни янада мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш каби вазифалар олдимизда турибди. Энг асосийси, бу йил яна чиройли ўйинларимиз билан мухлисларни қувонтирамиз, уларнинг ишончини оқлаймиз,-деди Илҳомжон Мўминжонов.

Тақдимот маросимида “Нефтчи” ПФК мураббийлари штаби, мавсумда майдонга тушадиган футболчилар, шу жумладан, таркибга келиб қўшилган легионерлар, жамоа либоси ва «Нефтчи» ПФК янги логотипи билан таништирилди. Ўтган мавсумда “Нефтчи” жамоаси «Adidas» фирмаси рамзи туширилган либосда ҳаракатланган эди, бу йил «Jako» фирмаси бренди остидаги либосда майдонга тушади.

М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz