Қайднома

Қидирув

Зое кетган ишонч ёки «2- МЕССИ» ЁКИ «2- РОНАЛДУ» БЎЛОЛМАГАН ИҚТИДОРЛАР...

Зое кетган ишонч ёки «2- МЕССИ» ЁКИ «2- РОНАЛДУ» БЎЛОЛМАГАН ИҚТИДОРЛАР...

  06.03.2021 18:53
  0
  539
Зое кетган ишонч ёки «2- МЕССИ» ЁКИ «2- РОНАЛДУ» БЎЛОЛМАГАН ИҚТИДОРЛАР...

Ҳозирда янги иқтидор кўзга ташланса, унга дарҳол «Иккинчи Месси» ёки «Иккинчи Роналду» ёрлиғи ёпиштирилади. Бу одатий ҳол, албатта. Аммо ёрқин келажак ҳақидаги башорат бошқаю, барчасини амалда исботлаш бошқа. Дейлик, вақтида Лукас Пиазонни «Янги Кака» сифатида таърифлашган. Амалда бу футболчи январь ойида «Челси»дан кетди - 9,5 йилда атиги 3 марта бошланғич таркибда майдонга тушган «ношуд» ёрлиғи билан. Хўш, яна кимларга афсонавий келажак башорат қилишган ва барчаси нималарга олиб келган?

Одил Таарабт - «Янги Зидан»

Жермейн Женаснинг тан олишича, у Таарабтни «Тоттенхэм» ўйинида илк марта кўргач, беихтиёр ўйлаган экан: «Ана, янги Зайниддин Зидан». Одил «шпорлар» сафига 17 ёшида қўшилди ва ақлни шошириб қўядиган техник қобилияти билан кўпчиликни яхши маънода саросимага солиб қўйди. «Янги Зидан»? Эҳтимол, шундайдир, ахир ноёб иқтидори яққол сезилиб турибди»,- деганди «Тоттенхэм»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Харри Реднапп. Орадан 7 йил ўтиб, унинг фикри мутлақо ўзгарди: «Тўғриси, ҳозирги ҳолатда мен ҳам Одилга нисбатан кўпроқ югуришим мумкин. Жисмоний зўриқишларга тоқати йўқ ва ортиқча вазн тўплайдиганларга таянолмайман». Аслида Марокаш вакили вақти-вақти билан ҳамма таърифлаган истеъдодини намойиш этди, бироқ барқарор равишда эмас. Таарабт энди «Бенфика»да ўртаҳол даражада тўп сурмоқда.

 

Равел Моррисон - «Янги Гаскойн»

Равел Моррисон «МЮ»нинг нав­батдаги юлдуз битирувчиси бўлишга умид бағишлади. Дейлик, 17 ёшидаёқ профессионал шартнома остига имзо чекди, энг истиқболли ёшлар қаторида эътироф этилди. Рио Фердинанднинг айтишича, сэр Алекс Фергюсоннинг шахсан ўзи ундан алоҳида ҳайратланган: «Бу йигитча мен кўрган энг қобилиятли футболчи». Клубнинг собиқ мураббийи Рене Меленстен ҳам шундай фикрда эди: «Равелда Пол Гаскойнга хос кўплаб хусусиятларни кўряпман. Унинг услуби ҳайратланарли, ҳимоячилар таъқибидан худди симёғочлар оралаб ўтгандек қутулади. Ақлга сиғмас даражада ажойиб».

Моррисон «Бирмингем» таркибига қўшилиши билан жамоа бош мураббийи Ли Кларкдан ҳам мақтов эшитди: «Сен «Янги Газза» бўласан». Бироқ йигитча мураббий ҳафсаласини пир қилди: «Тўхтанг, Газза ким ўзи?»Афсус, Моррисон қанчалик иқтидорли бўлмасин, унга профессионаллик етишмади. Балки турли мақтовлардан ўзини йўқотиб қўйгандир... Қисқаси, ёши улғайгани сари мегаистеъдоднинг ўтмиш афсоналаридан анча узоқда эканлиги ойдинлашиб бораверди. Диққат қилинг, вақтида кимсан Фергюсондан юқори баҳо олган Моррисон фаолияти давомида нақ 11 марта жамоа алмаштирди ва яқинда, 27 ёшидаёқ умуман ишсиз қолди.

Боян Кркич - «Янги Месси»

Кичик жуссали, паст бўйли ва тўхтамай гол урувчи Боянга бошидан «Барcелона»нинг бўлажак афсонаси сифатида қарашди. Чунки болакай 16 ёшида академияда энг яхшилардан бирига айланиб, тинимсиз гол ура бошлаганди. Кейин асосий жамоага ўтиб, Мессидан «Барса»да гол урган энг ёш футболчи мақомини тортиб олди. Шунда Хосеп Гвардиола ва бошқалар ўз ҳайратларини яширишмади. Кркич ҳаттоки, сардорлик боғичини тақишга ва 41та гол уришга улгурди. Аммо... Ёрқин стартдан ҳеч нарса чиқмади. Месси 6-«Олтин тўп»­ни ютган паллада Боян «Сток Сити» аъзоси эди. «Янги Лео» бўлолмаган Кркич энди узоқ Канадада «Монреаль Импакт» учун гол урмоқда...

 

Жордан Росситер - «Янги Жеррард»

Иқтидорли Жордан аввалига «Ливерпул»нинг захира жамоаларида роса ўзини кўрсатди. Шу тариқа «Ливерпуль» ёшлар жамоаси ва Англия ўсмирлар термасида сардорлик боғичини қўлига олди. Натижада кўпчилик ҳам ўйин услуби, ҳам етакчилик фазилатларини назарда тутиб, уни Стивен Жеррард билан таққослай бошлади. «Бу йигитчани жуда яхши кўраман, унда Стивига хос хотиржамлик ва характер бор. Катта истеъдод», - деганди Жейми Каррагер 2013 йили. Жордан билан бирга машғулот ўтказган Робби Фаулер ҳам бу фикрни тасдиқлади: «Потенциали юқори болакай, янги Стиви Жи. Аммо Росситер амалда «Ливерпул»нинг асосий таркибида атиги 5 марта кўриниш берди. Стивен Жеррард кейинчалик «Глазго Рейнжерс»да унинг мураббийига айланди, аммо ёрдам беролмади, барибир. Жордан ҳозир учинчи дивизион иштирокчиси - «Флитвуд Таун»да ўйнамоқда, аммо тез орада АПЛга қайтмоқчи. «Агар Стивен Жеррардга лоақал 10 фоиз ўхшасам ҳам, ажойиб фаолият билан мақтанардим», - дейди Жордан Росситернинг ўзи.

 

Керлон - «Янги Роналдиньо»

Кўпчилик Керлонни ...YouTube тармоғидаги қисқа лавҳалардан эсласа керак. Ахир бразилиялик иқтидор 2007 йили drible de foquinha (тўпни пешонада мувозанат билан назорат қилиш) трюки билан машҳурлашди. Дарҳақиқат, бу усулни бошқа ҳеч ким бажаролмасди, ҳимоячилар кўпинча уни юзига уриб, тўхтатиб қолишга уринишарди. Керлон - «Янги Роналдиньо» кейинчалик Бразилия ёшлар лигасидаги 7та ўйинда 8та гол урди ва 20 ёшида «Милан» билан шартнома тузди. Бразилия умиди Италия клуби сафида жами 51та ўйин ўтказди, аммо на терма жамоадан чақирув олди, на катта ютуқларга эришди. 2017 йили эса бутсаларини михга илиб қўя қолди.

 

Вильфрид Заха -

«Янги Роналду»

Вильфрид Заха «Кардифф»да ўйнаганида, ёш мураббий Оле-Гуннар Сульшер назарига тушганди: «У Роналду каби жасур ва ўйлайманки, келажакда португалиялик даражасига кўтарилиш салоҳиятига эга». Ивуарлик футболчи кейинчалик «МЮ» либосини кийди, аммо айтарли каромат кўрсата олмади. Аниқроқ айтсак, атиги 4 марта майдонга тушди ва жонажон клубига айланган «Кристал Пэлас»га қайтди. Эътиборли томони, Заха бу жамоада яна мунтазам гол ура бошлади. Натижада 2016 йили унинг «Янги Роналду» эканлигини эслаб қолишди. Хусусан, футболчига «Тоттенхэм» реал харидор бўлганида, «Пэлас» раиси Стив Пэриш «шпорлар» таклифига шунчаки, кулиб жавоб берди: «Қаранг, «Янги Роналду»ни атиги 12 миллион еврога сотиб олмоқчилар? Нима дердим, омадларини берсин».Мана, орадан яна 5 йил ўтди ва Заха ҳамон «Кристал Пэлас»да тўп сурмоқда. Объектив қараганда, у чакки эмас, бироқ Роналду даражасидан анча орқада...

 

Сулаймон Кулибали - «Янги Дрогба»

Кот-д~Ивуар ёшлар термасининг нотаниш ҳужумчиси Сулаймон Кулибали бразилияликларга қарши ўйинда «хет-трик» қайд этганидан кейин ҳамма у ҳақда баралла гапира бошлади. Табиийки, янги юлдузчага Африка футболи юлдузи шарафига «Янги Дрогба» мақоми берилди. Кейин «МЮ» ва «Реал» каби катта клублар Сулаймонни ўз томонига оғдириш ҳаракатига тушди. Аммо у ҳаттоки, «Тоттенхэм»да ҳам ўз ўрнини тополмади, фақат ўртоқлик ўйинида 1та гол урди, холос. Кулибали ҳозир 26 ёшда ва Туниснинг «Этуаль дю Сахель» клубида сокингина тўп сурмоқда. Энг ачинарлиси, «Иккинчи Дрогба» Кот-д~Ивуар миллий жамоасига чақирилмади ҳам.

 

Дэвид Бентли - «Янги Бекхэм»

Нафақат исми, балки фамилия­сининг бош ҳарфи билан ҳам Бекхэмга ўхшаган ярим ҳимоячи. Вақтида кўпчилик уни Англия футболининг бўлажак юлдузи сифатида таърифлаганди. Жумладан, Англия миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Стив Макларен йигитчани «Янги Бекхэм» сифатида мақтади. Футболчининг ўзи энг юқори марраларни кўзлаётганини яширмади. Бироқ Англия миллий термасидаги дебюти арафасида айтилган бу сўзлар сўзлигича қолди. Чунончи, Бентли мамлакат бош жамоаси либосида атиги 7та ўйин ўтказиш билан чекланди, қолаверса, клуб футболида ҳам ҳеч қандай ютуққа эришгани йўқ. Кейин футболдан кўнгли қолганини англаб, 29 ёшидаёқ бутсаларини михга илди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz