Қайднома

Қидирув

«Арсенал»да Аристотель номини олган Хадзипанагис

«Арсенал»да Аристотель номини олган Хадзипанагис

  07.03.2021 09:59
  0
  317
«Арсенал»да Аристотель номини олган Хадзипанагис

«ПАХТАКОР»НИНГ БИРИНЧИ ЛЕГИОНЕРИ. Греция футбол федерацияси 2003 йили уни мамлакатнинг сўнгги ярим асрдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олди. Гап Тошкентда туғилган ва 20 ёшида собиқ иттифоқ олимпия термаси сафида 4та ўйин ўтказган Василис Хадзипанагис ҳақида кетмоқда. «Пахтакор» вакили олимпия жамоасидаги илк учрашувидаёқ Югославия термаси дарвозасини ишғол қилганди. Шунингдек, уни «Црвена Звезда»нинг 22 ёшли ҳимоячиси Славолюб Муслин алоҳида қўриқлаганини ҳам эслатиш жоиз. Шундан 9 йил ўтгач, Василис жаҳонга машҳур Кевин Киган, Франц Беккенбауэр ва Марио Кемпес қатори жаҳон терма жамоаси сафида майдонга тушди. «Очликдан қийналаётган африкалик болалар учун пул йиғиш мақсадида майдонга тушгандик», - дея эслайди ўша ўйинни Хадзипанагис. Василиснинг ота-онаси ўтган асрнинг 40-йиллари охирида Грециядаги фуқаролар уруши туфайли Тошкентга кўчиб келишган. «Иккинчи жаҳон урушидан кейин Грецияни собиқ иттифоқ, Буюк Британия ва АҚШ ўзаро бўлиб олди. Отам кипрлик. Ўз навбатида, бу мамлакат Буюк Британия мустамлакаси ҳисобланарди, шунинг учун у Англияга кўчиб кетди. Отам коммунист эди ва Грецияда фуқаролик уруши бошлангач, ёрдамга ошиққан. Урушда коммунистлар мағлуб бўлишганидан кейин 30 минг юнон социалистик мамлакатлар лагерларига жўнатилган. Жумладан, Венгрия, Чехословакия, Польша, Болгарияга... 20 минг нафардан иборат энг катта оқим биргина Тошкентга йўл олган», - дея ҳикоя қилади Василис. Ўзбек футболида ёрқин из қолдирган Хадзипанагис ва matchtv.ru сайти мухбири ўртасидаги мароқли суҳбат шу тариқа бошланди.

- Тошкентда қандай яшадинг­лар?

- Болалигим жуда қувноқ ўтди: кўчада ялангоёқ югурардим, маҳаллий таомлар - палов, кабоб, яна қовун-тарвуздан чинакамига лаззатланардим. Отам асли бош ошпаз эди, тўғри, кейинчалик бу ишдан зерикиб, қурувчига айланган, гарчи иш ҳақи тенг бўлсада. 17 ёшда «Пахтакор» сафига қўшилдим. Жамоа жуда яхши маош берарди, ҳаттоки, Москва клублари ҳам Тошкентдаги шароитларга ҳавас қилган. Мухлислар бизни қандай ардоқлашганини билсангиз эди: Ўзбекистоннинг 18 миллион аҳолиси учун юқори лигада 1та жамоа! Клуб кейинчалик менга «Жигули» автомобили берди, шунингдек, квартира ҳам ажратди, лекин дангалини айтдим: «Уйни нима қиламан, кетаман-ку, барибир».

- Иттифоқдан илк марта қачон ташқарига чиққансиз?

- 19 ёшда. Ўшанда Валентин Николаев бошқарган ёшлар термаси сафида Туркияга боргандим. Ўйиннинг биринчи бўлимида гол урдим, аммо якунда 1:2 ҳисобида ютқаздик. Ҳимоя чизиғида Александр Бубнов ўйнаганди. Кейинги йили ушбу жамоа ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиқди. Аммо менсиз....

- Ҳарбий хизмат, яъни ЦСКАга жалб қилинишдан қандай қутулиб қолгансиз?

- Жисмоний тарбия институтида яхши баҳолар олдим. Ўзбекис­тон республикаси раҳбари Рашидов жамоадан ҳеч кимни қўйиб юбормади. Ваҳоланки, мени ёшлар жамоасидан тўппа-тўғри ЦСКАга олишни хоҳлашганди, яна Юрий Чесноковни ҳам. Якунда фақат Юрани олишди. Дарвоқе, ҳозир унинг ишлари қандай?

- ...1999 йили саратон хасталигидан вафот этди.

- Чесноков?! Наҳотки? Ахир биз тенгдошмиз-ку. Эҳ, босиқ йигит эди. Олимпия термасида мен билан бирга ўйнаган Давид Кипианининг бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмганини эшитгандим. Бисотимда Бесковнинг «Футболдаги ҳаётим» номли китоби бор. Унда мураббий биз ўйнаган олимпия жамоасини ҳам эслаган: «Украиналик Буряк, россиялик Ловчев, грузиялик Кипиани, юнон Хадзипанагис бир оиладек аҳил яшадилар». Бесков жуда тўғри ёзган, чиндан ҳам, ўта аҳил эдик. Агар собиқ иттифоқда қолганимда, бу йигитлар билан Монреаль Олимпиадасига борардим. Уларнинг турнирда бронза медали ютишганини ҳам биламан, албатта.

- Сизни олиб қолишга уринишмаганми?

- Бесковнинг гапи эсимда: «Бекор кетяпсан. Сени бош жамоага чақирмоқчилар». Қолаверса, отам орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилишди, лекин қатъий қарор чиқариб бўлгандим. Шундай бўлсада, омадим нечоғли чопганини бир тасаввур қилинг - иттифоқ юқори лигасида атиги 4 мавсум ўйнадим, аммо қандай мураббийлар қўл остида! Константин Бесков (олимпия термаси), Гавриил Качалин («Пахтакор»), Валентин Николаев (ёшлар термаси) ва футболдаги отам Вячеслав Соловьёв... Соловьёв мени 17 ёшимда «Пахтакор»га қабул қилди. Ундан олдин отамга айтган экан: «Агар ўғлингиз иттифоқ фуқаролигини олмаса, катта истеъдод бой берилади».

- Ота-онангиз иттифоқ фуқаролигига эгамидилар?

- Аввалига ўтган асрнинг 40-йиллари охирида иттифоқ ҳудудига кирган юнонлардан ҳеч кимга фуқаролик берилмаган. Улар фақат фарзандлари коллежга боришлари керак бўлган пайт фуқаролик олишган. Фуқаролик мақомисиз яшашнинг мураккаб томони ҳам йўқ эмасди - Тошкентдан ташқарига чиқиш учун махсус рухсатнома талаб этиларди. Менга эса бир зумда паспорт беришган. Ахир «Пахтакор»га керак эдим-да. Соловьёв кейинчалик юрак тизимидаги муаммолар туфайли «Пахтакор»дан кетди ва унинг ўрнига Олимпиада-56 ва Евро-60да терма жамоани ғалаба сари етаклаган энг совриндор мураббий Гавриил Качалин келди. Киев «Динамо»сини 5:0 ҳисобида енгганимиздан сўнг Качалиндан ўзгача мақтов эшитгандим: «Тўғриси, сен жаҳон даражасидаги футболчисан». Аммо миямга чуқур ўрнашиб олган фикр мени Грецияга тортаверди, барибир. 1975 йилнинг 1 ноябрь куни «Спартак»ка қарши кечган сўнгги тур ўйинида майдонга тушдим ва 21-санада Грецияга етиб келдим. Ўшанда мени «Киевский» вокзалидан Вячеслав Соловьёвнинг шахсан ўзи кузатиб қўйганди.

- Нима, Грецияга поездда келганмисиз?

- Ҳа. Салоникига авиарейс йўқ эди. Аслида юнон сиёсий эмигрант­лари Одесса орқали пароходда қайтишарди, лекин мен поездни танладим ва 2,5 кунни йўлга сарфладим. Салоникида Саввас Кофидис ва «Ираклис» мухлислари кутиб туришган экан. Саввас Қозо­ғис­тонда, Пахтаарал туманида туғилган, 4 ёшида ота-онаси билан Салоникига қайтган. Кейин ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарига қадар Греция термаси ярим ҳимоя­сида ўйнаган.

- Умуман, Грецияга қайтиш имкониятини қанча кутгансиз?

- Эҳ, агар бу ерда нималар рўй бераётганини билганимда эди, қайтишга унча шошилмасдим. Кўчиб кетиш мавзуси иттифоқдаги юнонлар орасида ҳар доим алоҳида муҳокама қилинарди. Айниқса, 25 март - Греция турклардан озод бўлган куни. Бундай муҳокамаларда битта хулоса янграрди: «Кейинги йили Грецияга!» «Пахтакор» билан Греция чегарасидан унча узоқ бўлмаган Болгариянинг Хасково шаҳрида йиғин олиб борганимизда, йигитлар қўполроқ ҳазиллашгандилар: «Юнон тупроғидан бир ҳовуч ол, отангга берасан».

Чемпионат пайти «Пахтакор» бирданига 2та учрашув учун Москвага борди ва ўйинлар орасида «Россия» меҳмонхонасидан чиқиб, Греция сиёсий эмигрантлари жамиятига бордим. Ўшанда ташкилот котиби Акоб Мкртчян миямга «Ираклис»га ўтиш ғоясини қуйди. Бундан олдинроқ, олимпия термаси сафида исландлар билан ўйинга тайёргарлик кўраётганимда, жамоа бошлиғи Андрей Старостин мени ўз хонасига чақириб, футбол федерацияси «Олимпиакос»дан трансферим бўйича таклиф олганини айтганди. 1975 йили футболчини хорижга қўйиб юборишни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Аммо Старостин мени яхши кўрарди, шунинг учунми, Киевга боришимни маслаҳат берди: «Олимпиакос» Чемпионлар кубоги доирасида «Динамо» меҳмони бўларди. Боришга бораман, лекин «Пахтакор»да Киевга саёҳатни қандай тушунтираман? Шу тариқа «Олимпиакос»га бормадим ва тез орада Мкртчян бутун хаёлимни «Ираклис» билан шартнома тузиш ғоясига буриб юборди: «2 йилча ўйнасанг, сенга кучли чемпионатлар эшиклари очилади». Ваҳоланки, бу жамоа номини ҳам эшитмагандим. Афсус, алдандим. Кейин тушундим, у ортимдан катта пул ишлаган. Ҳозир Афинада шахсий квартираси ва сайёҳлик агентлиги бор. Чиқиш рухсатномасини олаётганимда ҳам, менга мулойимгина маслаҳат беришди: «Майли, Грецияда 1 ой дам ол, бувинг, амакинг ва холанг билан кўриш. Аммо мамлакат сенга ёқадими-йўқ, бу ҳали номаълум. Ахир ҳеч қачон у ерга бормагансан». Бу маслаҳатга ҳам бепарво ёндашдим. Хуллас, ҳаммасини ташлаб, ота-онам билан йўлга тушдим...

- Жуда саёз қарор...

- Аслида онам кўчишга қарши чиқди. Тошкентда унинг биринчи турмушидан икки фарзанди қолганди. Яъни онам биринчи турмуш ўртоғи вафотидан кейин отам билан оила қурган. Отам ҳам аҳдимдан қайтаришга уринди: «Ахир терма жамоадасан. Бу ерда бироз ўйнаб ол...». Аммо қайтдик, барибир. Онамнинг биринчи никоҳидан туғилган фарзандлари эса 1991 йилигина Грецияга кўчиб келишди.

- Уларни қандай кутиб олдинглар?

- 70-йиллар ўрталари - 80-йиллар охирига қадар Тошкентга 10 мартача бордик, албатта, таътил вақтида. Тўғриси, қўмсардик, қайтишни хоҳлардик. Яхшики, иттифоққа қайтишда ҳеч қандай муаммо чиқмаган. Чунки Тошкентдаги 4 йиллик фаолиятим давомида мени яхши кўриб қолишганди. Доим Москва орқали учардик ва ҳар сафар Вячеслав Со­ловьёв билан кўришардим. Тошкентда эса ҳар гал қабристонга борардим - 1979 йили авиаҳалокатда вафот этган дўстларим зиёратига...

- Машъум воқеани қаерда ва қандай эшитдингиз?

- «Ираклис» Нидерландияда мавсумга тайёргарлик кўраётганди ва юнон журналисти хабар берди: «Собиқ жамоангиз ҳалокатга учраганга ўхшайди. «Пахтакор». Бир вақтнинг ўзида барча дўстларим - Володя Фёдоров, Миша Ан...

- Лондоннинг «Арсенал» клубига қандай бориб қолгандингиз?

- 1977 йили тиззам жароҳатлангач, мени «Арсенал» клуби ва Англия термаси физиотерапевти Стрит олдига юборишди. У менга Аристотель деб мурожаат қиларди. Стрит бир ой давомида эрталаб фақат ўзим билан шуғулланди. Шундан сўнг «Арсенал»да Лиам Брейди ва Малколм Макдоналд каби юлдузлар билан машғулотларни бошладим. Бир неча машғулотлардан кейин мураббий ниҳоят, Стритдан сўради: «Ким ўзи бу?» Собиқ иттифоқда таҳсил олган юнон эканлигимни билгач, муддаога ўтди: «Техникаси анча мукаммал, буни олиб қолиш керак». Хуллас, лондонликлар эркин агент сифатида шартнома тузишимни исташди, аммо «Ираклис» йўл қўймади: «Йўқ, бу осон эмас, у бизники». «Штутгарт», «Порту» ва «Лацио» клубларига ҳам худди шундай жавоб берилган. «Ираклис»даги фаолиятим давомида клуб президенти 5 марта алмашди, аммо ҳеч бири мени қўйиб юбормади.

- Нима учун?

- Шартнома ғайриинсоний эди. Бир томондан - атиги 2 йиллик, бошқа томондан - клуб ўз хоҳиши билан муддатни 10 йилга узайтирди. Охир-оқибат, «Ираклис» устидан судга мурожаат қилдим ва ютиб чиқдим. Шу тариқа шартнома муддати 5 йилга тушди, аммо фаолиятимни айнан «Ираклис»да якунлашимга тўғри келди, барибир. 1984 йили чемпионликка яқин эдик, бироқ «Панатинаикос»дан 3 очко ортда қолдик. Ўшанда германиялик Фридель Рауш бошқарувида ўйнагандик. У вақтида қўпол ҳимоячи бўлган экан. Айтишича, «Шальке» сафида «Боруссия»га қарши баҳсда полиция ити уни тишлаб олган, аммо укол олиб, майдонга қайтган ва охиригача ўйнаган. Ажойиб инсон. Тўғри, Раушнинг ёрдамчиси Батакис бир давра давомида гол уролмаган исландиялик ҳужумчи Гретарссонни атайин заҳарлади. Кейин Гретарссон иккинчи даврадан гол уришни бошлади, якунда Рауш билан Швейцарияга йўл олди. Бу мураббий ўтган йили тери саратонидан вафот этди.

- Янги аср бошида сизни Грециянинг охирги 50 йилликдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олишди, аммо ушбу юрт терма жамоасида атиги 1та ўйин ўтказдингиз. Қанақасига?

- Салоникига келишим билан миллий жамоага чақиришди. Биринчи ўйин - Польша термасига қарши. Поляклар мураббийи Казимеж Гурски мени дарҳол таниди: «Ахир сен ярим йилча олдин собиқ иттифоқ термаси сафида бизга қарши ўйнагандинг-ку». Дарҳақиқат, социалистик мамлакатлар ўртасидаги мусобақада учрашгандик. Шундан сўнг УЕФА Греция термасида ўйнашимни тақиқлади. Муҳими, «Ираклис» учун муносиб тўп суришда давом этдим, дейлик, рақиблар мухлислари бирор марта менга нисбатан ҳуштакбозлик қилишмади, ўйиним ҳаттоки, уларга ҳам ёқарди.

- Наҳотки, юнонлар 15 йил давомида мамлакатнинг энг яхши футболчисига терма жамоада ўйнаш учун рухсат олиб беришга ҳаракат қилмаган бўлсалар...

- 100 марталаб уринишди. Жумладан, иттифоқ футбол федера­циясига хат жўнатилди: «Илтимос, Василис Олимпиада саралаш турнирида терма жамоага техник хато туфайли олинганини ёзиб беринглар». Аммо менимча, собиқ иттифоқда Олимпиада-76 бронза медали тортиб олинишидан чўчишган.

- 6 йил олдин агентлик ишини бошлашни режалаштирган экансиз.

- Ўхшамади. ПАОКнинг собиқ футболчиси, бразилиялик Нето Гуэрино билан бирга иш бошламоқчи бўлдик, аммо якунда ушбу ғоядан воз кечишга тўғри келди.

- Шахсий ёшлар академиянгиз ҳақида нима дея оласиз?

- Уни ёпдим ва хотиржам торт­дим. Самарасиз иш. Сармоям увол кетди. Майли, асосийси - саломатлик. Энди бошқача тартибда ишлаяпман - болалар жамоаларига бориб, ПАОК, «Арис» ва «Ираклис» клубларига тортадиган истеъдодларни танлайман. Шуниси тинчроқ.

- «Ираклис» ҳозир инқироздами?

- Ҳа, мен тўп сурган пайт яхши футболчилар ўйнашарди, мухлислар етарли эди, пул ҳам. Энди эса «Ираклис» чуқур қарзга ботди ва клуб ҳеч кимга керак эмас. Футболчиларга маош беролмагач, клубни тўртинчи лигага тушириб юборишди. «Ираклис» ҳозир иккинчи лигада, аммо пули йўқ, ҳаттоки, мавсумга тайёргарлик кўриш учун ҳам.

- ПАОКка эса омад кулиб боқди, тўғрими?

- Ҳа, бу жамоани Саввиди таназзулдан қутқариб қолди! Агар у бўлмаганида, ПАОК худди «Ираклис»дек пастга шўнғирди. Клуб Саввиди даврида юқорига кўтарилиб, ЧЛга ҳам йўл олди, тўғри, таркибида атиги 3 нафар юнон ўйнаганди. Албатта, Саввиди майдонга тўппонча билан югуриб тушиб, хато қилди. Ёнидаги одамлар ҳам фикридан қайтаришмади. Саввиди югуриб тушиб, қичқира бошлади. Болаликдаги дўстларимдан бири ҳайратини яширмаганди: «Нима, у ақлдан озганми?» Буларнинг барчаси сўнгги дақиқада ҳисобланмаган гол туфайли юзага келганди.

- Мана, чеккада жойлашган сокин кафеда ҳам кимлардир олдингизга келиб-кетишяпти. Машҳурлигингизнинг энг но­одатий намойиши нима?

- 10 йилча олдин самолётда стюардесса сўз қотди: «Кечирасиз, сизни қаердадир кўрганман. Қаерда кўргандим-а...?» Бир неча дақиқадан кейин унинг ўзи югуриб келди: «Эсладим! Сариёғ рекламасида кўрганман!»

- Реклама бўйича яна қандай таклифлар олгансиз?

- 100 минг эвазига сочимни олиб ташлашимни таклиф қилишди. Бунга шундай жавоб бердим: «Тур, йўқол... Ҳатто миллионга ҳам сочимни олмайман».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz